21.01.2015

Қўлланма-I

Ҳалқ хокимияти, инсон ҳуқуқлари заминидаги, озод ва фаровон Ўзбекистон учун!

Birdamlik9

Қўлланма (биринчи)

“Бирдамлик”Ҳалқ Демократик Ҳаракати Фуқаровий фаоллик учун амалий қўлланма

АҚШ “Бирдамлик” нашри 2010 йил 2013 йил қайта ишланиб, тўлдирилди

Муқаддима Ўзбекистондаги зўравонлик, пораҳўрлик ва адолатсизликка таянган диктатурани улоқтириш ва ҳалқ хокимияти, инсон ҳуқуқлари заминида, адолатли, ҳур ва фаровон давлатни, жамиятни барпо этиш кўпчилик юртдошларимизнинг орзуси бўлиб келмоқда. Ислом Каримовнинг якка хокимликка асосланган диктаторлик тузимини, деярли чорак аср хукумронлик қилиши давлат, жамият ва инсон ҳаётининг ҳамма жабҳаларида юртимизни инқрозга, қолоқликка, қашшоқликка олиб келди. Мустамлакачи Шўролар даврида ҳалқимизнинг беқиёс матонати, улкан ақли, тинимсиз меҳнати ва забардас иродаси натижасида барпо этилган юртимиз саноати, қишлоқ хўжалиги, фани, техникаси ва маданияти топталди, талон тарож қилинди. Ҳалқимизнинг мустақиллик шарофати билан дунёнинг тараққий этган Ғарб мамлакатлари сари ривожланиш умиди пучга чиқарилди. Диктатор, унинг оила аъзолари, бир тўда унга яқин тўралар ва куч ишлатар вазирликларнинг раҳбарлари учунгина бозор иқтисоди, тадбиркорликка йўл очилди. Бозор иқтисоди, тадбиркорлик тизим сифатида Ўзбекистонда жорий этилмади. Бунинг оқибатида мулкдорлар синфи шаклланмади. Демократик муҳолифат қатоғон этилгандан сўнг, ҳар қандай дунёвий, диний ўзгачафикирловчилар тақиб этилди ва этилмоқда. Сиёсий махбуслар сони, инсон ҳуқуқларини поймол этиш, тадбиркорлик имкониятлари чекланганлик бўйича Ўзбекистон дунё мамлакатлари ичида биринчи ўнликда. Бундай аянчли аҳволни нозўравон фуқаровий бўйсинмаслик, фаоллик амалиёти билан тубдан ўзгартириш Сиз ва бизнинг қўлимизда! Умидимиз,ушбу қўлланма билан танишиб чиққач, Сиз азиз ватандошларнинг ҳаётга ва ўз тақдирингизга бўлган қизиқишингиз ортади ва зўравонлик, порахўрлик, адолатсизлик асосида қурилган давлатда яшаш на қадар мусибат эканини янада чуқурроқ тушиниб етасиз. Ҳамда бу оғир шароитни ўзгартириш учун масъулликни ўз елкангизга олишга ўзингизда ички эҳтиёж сеза бошлайсиз. Биз ўз тақдиримизни кимларнинг қўлига бериб қўйганмиз? Ўз келажагимиз учун, фарзандларимиз тақдири учун масъул эканлигимизни биламизми? Ўз оиламизда, маҳалламизда, жамоамизда, қолаверса мамлакатимизда адолатли, фаровон ва бахтли ҳаёт қуриш учун бизга нима тўсқинлик қилмоқда? Ўзбекистон Конституциясига, қонунларига риоя қилинувчи давлат, жамият барпо этиш учун, ҳар биримизнинг адолатли, фаровон, ҳур ва бахтли тақдиримиз учун қандай ва кимлар билан бирга курашсак мақсадга мувофиқ бўлади? Бу қўлланма ўз тақдирига ўзини жавобгар деб билган, фуқаровий фаоллик амалиёти сари қадам ташлаётган инсонлар учундир! Ўқинг, ўрганинг биз билан бирга бўлинг!

Сиз сиёсат билан шуғулланмасангиз, сиёсат сиз билан шуғулланади!

На фақат сиёсатшунослик фанида, балки кундалик ҳаётда урф бўлиб қолган бу содда кўринган ибора, барчамизнинг жиддий этиборимизга молик моҳиятга эга. Сиз сиёсат билан шуғулланмасангиз, сиёсат сиз билан шуғулланади! – иборасининг нақадар ҳаққонийлиги жаҳон халқлари тарихидан маълум. Сиёсат ўзида турли синфлар, ижтимоий гуруҳлар, давлат ва унинг органларини вужудга келиши, ривожи ва инқирозини мужассамлаштиради. Дунёда ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий эркинликларга эришган бой, фаровон, ҳур Ғарб давлатлар фуқаролари ўз ҳаётларининг озодлиги, тўкинлиги, фарзандлари келажаги учун кўп йиллар сиёсий кураш олиб боришган. Жамиятдаги сиёсий жараёнларда мунтазам ва фаол қатнашганлар. Лўнда қилиб айтганда, улар сиёсат билан эринмай, вақтлари, молиявий имконларини аямай шуғулланганлар. Натижада уларнинг ҳаёти эркин, фаровон ва гўзалдир. Тарих ва замонамиз диктаторлик тузимларининг зўравонлиги, пораҳўрлиги, адолатсизлиги сабабли сиёсатдан узоқлаштирилган мамлакат фуқароларини яшаш шароитлари мусибатларга тўла бўлган ва бўлиб қолмоқда. Юқоридаги сабаблар оқибатида қўрқиш, лоқайдлик ва ёлғонга ишониш тузоқларига тушиб, сиёсатдан узоқлашган кишилар, моҳиятан ўз тақдирини бошқалар қўлига бериб қўйган инсонлар бўлиб, уларнинг аҳволи аянчли, турмуши ночор ва руҳи тушкундир. Буни Ўзбекистоннинг техника, фан, маданият ва маориф чўққиларини эгаллаган, индустриал-аграр мамлакат яратган ва Ғарб демократик ўлкалари сари интилаётган ҳалқимизнинг, деярли йигирма беш йил ичида Каримовни диктатураси сабаб тушиб қолган аянчли аҳволи мисолида кўриш мумкин. Дунёдаги демократия қарор топган АҚШ, Канада, Германия, Франция, Англия, Италия, Испания, Япония, Шведция, Шведцария, Жанубий Корея ва бошқа қатор мамлакатларда фуқаролар ўзлари истаган парламент ва ҳукуматни Конституция ва қонунлар асосида сайлайдилар. Фуқароларнинг ўзлари ҳам жамоатчилик, партиялар қўллови билан хукумат тизимларининг турли олий, ўрта ва маҳаллий органларига сайланишлари мумкин. Парламентга сайланган халқ ноиблари, миллат вакиллари умумдавлат қонунчилигини амалга оширадилар ва бу билан жамиятда мавжуд бой, ўрта ҳол (энг кўп) ва кам таъминланган (жуда оз) қатламлар ўртасидаги манфаатлар мувозанатини сақлайдилар. Улар мамлакат ривожи ва халқ фаровонлигига асос бўла оладиган қонунлар қабул қиладилар. Демократик давлатларда иқтисодий ва сиёсий муаммолар бўлса ҳам, уларни ҳукуматлар халқнинг талаби билан тезда ижобий ечишга ҳаракат қилишади. Агар ҳукумат халқнинг талабини амалга ошира олмаса, муаммосини ҳал этмаса исътефога чиқади ва унинг ўрнига янги хукумат келади. Ҳамда муаммоларни хал этади. Диктатурага,зўравонликка асосланган мамлакатлар фуқаролари ўзлари истаган ҳукумат ва парламентни сайлай олмайдилар. Шу боис бундай мамлакатлар аҳолисининг қашшоқликдан, ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилишдан, адолатсизликлардан боши чиқмайди. Зулмкор ҳукуматлар эса халқ хоҳиш-истагини назар-писанд қилмайдилар. Ўзбекистон ҳам минг афсуски, ана шундай яккаҳоким, зулмкор, диктатура ҳукм сураётган мамлакатдир. Ватанимизда тобора қутириб бораётган Каримов диктатурасининг халқимиз келажагига кўрсатадиган салбий оқибатлари ҳақида ўйласанг даҳшатга тушасан киши. Ўзбекистонда деярли йигирма беш йил давомида ҳукм суриб келаётган яккаҳокимлик, диктатура шароитида мамлакатда мавжуд бўлган моддий бойликлар ўғриланди, талон-тарож этилди. Ҳалқимизнинг азалий инсонпарварликка, уятга, ор-номсга, меҳнаткашликка, билимга чанқоқликка таянган маънавий бойликлари эса топталди, деярли йўқ қилиниш арафасида. Шўролар давридан қолган барча корхоналар ҳукуматнинг эътиборсизлиги,узоқни кўра билмай юритган иқтисодий, ижтимоий, молиявий, кадрлар сиёсати сабабли йўқ бўлди. Янги, замонавий ишлаб чиқариш корхоналарини қуришга эса мамлакатда авж олган коррупция, порахўрлик, таниш – билишчиликлар ва энг муҳими Каримовнинг юртимиз, халқимиз манфаатларига туфириши имконият бермади. Ўзбекистон фуқоролари аллақачон 30 миллиондан ошганлиги, аммо республика аҳолиси 22 – 23 миллионни ташкил этиши маълум. Сабаблари диктатор республиканинг минг-минглаб, дуруст маҳсулот бераётган саноат корхоналари, завод, фабрикаларини, қишлоқ хўжалик жамоаларининг, ерларини ва моддий-техникавий ашёларини талон-тарожига йўл қўйганидадир. Диктатор Мустақиллик берган бозор иқтисодини, мулкдорликни, тадбиркорликни ва бошқа мамлакатлар билан эркин савдони йўлга қўйишдек нодир имкониятидан фойдаланмади. У, унинг оила аъзолари ва бир гуруҳ унга яқин тўралар юртимизни ўзларининг томорқаларига айлантирдилар. Бу эса фуқароларнинг иқтисодий, ижтимоий ҳаёти ва маънавияти сифат жиҳатдан ёмонлашиб, улар оммавий ишсизлик, хору-зорлик ва ижтимоий мухофазадан маҳрумлик ботқоғига ботишларига сабаб бўлди. Каримов 18 январь 2013 йил куни Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида, сўнг шу йил 19 июнда Жиззах вилоятига қилган сафарида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини “дангасага” чиқариши, диктаторнинг фуқороларнинг муаммоларидан жуда йироқда эканини ва республика аҳолисини боқаётган кимлигини билмаслигини ёки яшираётганини кўрсатди. 5 миллиондан зиёд ўзбекистонлик муҳожир “дангасалар” Россияда, 1 миллиондан зиёд – Қозоқистонда, яна 1 миллиондан кўпроғи бошқа хориж мамлакатларда. Бу қўштирноқ ичида ёзилиши шарт – дангасалар фақат Россиядан 2012 йил Ўзбекистонга 6 миллиард 241 миллион доллар юборганлар ва бу Ўзбекистон Хукуматининг пахта ва газ сотишидан келган даромадидан кўп эканлиги иқтисодчилар томонидан такидланмоқда. Мамлакатда олий ва ўрта таълим деярли издан чиқди. Йигирма беш йил ичида мамлакат келажаги учун етиштирилиши керак бўлган илмли,зиёли ёшларнинг бир қисми пахта далаларида кун ўтказиб, коррупция, порахўрлик авж олган мактаб ва олий ўқув даргоҳларида олган сифатсиз таълим натижасида саводсиз оммага айланиб қолдилар. Бугун Россия, Қозоғистон, Европа, АҚШ ва Осиё мамлакатларида, асосан қора ишларда ишлаётган ёшларимиз, мана шу деярли йигирма беш йиллик иш жойларининг ташкил этилмасликнинг, таълимни ва ижтимоий ҳимояни йўқлигини фожиавий маҳсулидир. Аҳвол шундай экан, келажакда бизни нималар кутмоқда? Пахта далаларида ўз келажагини йўқотиб, деярли саводсиз бўлиб қолган ёшлар, бизга нималарни ваъда қила олишади? Камбағалчиликдан, иложсизликдан турли диний оқимларга ўзини ураётган ёки жиноий гуруҳларга қўшилиб кетаётган минглаб фарзандларимиздан, биз нималарни кутишимиз мумкин? Бизни, фарзандларимизни, миллатдошларимизни тақдири, Ватанимиз келажаги учун ким масъулиятни ўз зиммасига олади? Ўз келажагимиз учун фақат ўзимиз масъулмиз! Биз ўз келажагимизни ўзимиз яратишимиз лозим. Акс ҳолда бошқалар бизни тақдиримизга хўжайинлик қила бошлайдилар. Ўтган тарихимизга назар ташланг. Шу вақтгача сиёсат билан шуғулланишдан қочиб яшадик. Фақат тинчлик бўлсин, майли машаққат бўлса ҳам чидаймиз, дедик. Бир кун келиб Ўзбекистонимизда ҳам яхши ҳаёт бўлади, деб ўзимизга ўзимиз далда бердик. Афсус, биз сиёсатдан қанчалик узоқлашишга ҳаракат қилмайлик,бошқалар бундан ўз манфаатлари йўлида яхши фойдаланишди. Улар бизни қандай аҳволга солгани мана бугун барчамизга маълум. Келажагимизнинг фаровон бўлиши ва ҳаётимизнинг яхши тус олиши учун афсуски, юртимиздан зулм, зўравонлик қўлланиб қувилган, бир неча демократик мухолифат гуруҳларидан бошқа ҳеч ким қайғурмайди. Қани айтингчи, сиёсатдан ўзоқлашиб қандай яхши натижаларга эришдик? Бу саволни ҳар ким ўзига бериши керак. Азиз ватандошлар! Биз сизларни ўз тақдирларингизни ўзингиз ҳал қилишга чақирамиз. Сиёсатдан қочманг, аксинча сиёсатни яхшилаб ўрганишга ҳаракат қилинг. Зеро, ҳар бир жамиятда сиёсатни яхши билганларгина ўз тақдирларини ўзлари ҳал қила оладилар. Сиёсатни яхши тушунган, мамлакат сиёсий ҳаётида фаол иштирок этган кишилар ҳаёти билан, сиёсатдан қочиб юрган одамлар жамияти ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Масалан, Ғарб давлатларини олайлик. Бу давлатлар фуқаролари сиёсат билан шуғилланишдан эринмайдилар, юртларидаги, вилоятларидаги, шаҳарларидаги ва қишлоқларидаги сиёсий партиялар, гуруҳлар ҳақида етарлича маълумотга эгалар. Шу сабабли уларда Конституция ва қонунлар асосида, халқнинг бевосита (сайловлар орқали) иштирокида ҳукумат ва президентлар тез- тез алмашиб туради. Бирор бир ҳукумат ёки президент халққа озгина “қарши” иш қилса ёки халқнинг бойлигига “кўз олайтирса”, дарҳол халқ жунбушга келиб, уни саройдан қувиб чиқаради. Президент ҳам, парламент ҳам, ҳукумат ҳам муддати битгач, ўз ўрнини ҳеч қандай муаммосиз янгиларига бўшатиб беради. Жамоатчилик ҳукумат ва парламент фаолиятини кучли назорат қилади. Уларда шунақа қонунлар механизми яратилган. Бу тартиб- қоидаларни, уларга риоя этишни халқнинг ўзи яратган. Бу фуқаровий жамиятнинг ҳаётбаҳш эканини кўрсатиб турибди. Албатта биз турли илғор мамлакатлар тажрибасини инобатга олишимиз ўзимиз учун катта фойда келтиради. Деярли йигирма беш йил давомида Каримов, агар Конституцияни бузмаса, уни бир парча кераксиз қоғоз даражасига туширмаса, Ўзбекистонда хокимиятни, президентликни ушлаб туриши мумкинмиди? Албатта йўқ. Мамлакатимиз асосий қонуни – Конституциямизнинг қуйида келтирилган моддаларига эътибор беринг: “Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган,давлат тилини яхши биладиган,бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти бўлиши мумкин эмас. Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари томонидан умумий,тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан беш йил муддатга сайланади. Президентни сайлаш тартиби Ўзбекистон Республикасининг қонуни билан белгиланади”. (90-модда).

“Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Давлат,унинг органлари,мансабдор шахслар,жамоат бирлашмалари,фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар”. (15-модда). Хўш,бизни бошимизга деярли йигирма беш йилдан ортиқ вақт давомида мусибатлар ёғдираётган Ислом Каримовни президентлик саройидан қувиб чиқаришга яна қанча муддат керак? Хўш, қанча муддат? Каримов ўлгунича мансабини бошқага бермайди кетса ҳам, у ўрнига ўзига ўхшаган яна бир диктаторни қўйиб кетишга интилади. Тарих шоҳид диктаторлар меросхўри камдан кам демократ бўлади. Каримовни Оқ Саройдан қувиш, унинг ўрнига бошқа диктатор келмаслигига эришиш фақат Сиз ва бизнинг фаоллигимизга боғлиқдир! Биз қанчалик сиёсатни яхши тушунсак, сидқидилдан нозўравон фуқаровий бўйсинмаслик курашига қўшилсак ва бошқаларни ҳам шунга жалб қилсак, билингки Каримовнинг саройдан қувилиши тезлашади. “Бирдамлик” сафларига киринг, ўз ватанпарварлигингизни амалда кўрсатинг! Акс ҳолда яна йигирма беш йил ўтганда ҳам, бизнинг юртдошлар, акаларимиз, укаларимиз, болаларимиз, мардикор бўлиб, қийинчилик остида бошқа давлатларда хору зор юраверадилар. Бу ҳақда ўйлаб кўриш, руҳиятимиз, иродамиз, бутун имкониятимизни шу йўналишга қаратиш, ҳаётий ва тарихий муҳим хулосага келиш пайти келди.

Фуқаровий фаоллик сиёсат билан шуғулланишнинг бошланишидир!

Бугунги кунда қарийб 7-8 миллион ўзбекистонликлар Россия, Қозоқистон, Ғарбий Европа, Жанубий Корея ва бошқа мамлакатларда асосан қора ишларда фаолият кўрсатиб, топган пулларини оила аъзоларига жўнатишмоқда. Хўш, Ўзбекистон республикасининг президентига, у тасдиқлаган ҳукуматга аҳолининг барча қатламига, қонунга кўра нормал ўқишлари, ишлашлари ва яшашлари учун ҳаётий шароитларни яратиб бериш маъсулиятини, Конституция белгиланганлиги, унитилганми? Ишсиз кишиларга нафақалар бериш, уларнинг ижтимоий ҳимояси кафолатланиши шу Бош қонунда аниқ ёзилганку? Ўзбекистоннинг барча ер ости ва ер усти (олтин, газ, уран, пахта, пилла,қора кўл ва бошқа) бойликлари солиқлар ва бошқа даромадлар биринчи ўринда аҳолининг ижтимоий ҳимояси учун сарфланиши лозим. Хозирчи? Минг афсуски, на фақат унитилган балки кимки эслатишга уринса, ҳақиқатни айтса, соҳта жиноий иш очилиб қамалади, калтакланади кўплаб қийноқларга солинади. Ўзбекистон Конституциясига мурожаат қилсак: “Ҳар бир шахс меҳнат қилиш,эркин касб танлаш,адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир.Суд ҳукми билан тайинланган жазони ўташ тартибидан ёки қонунда кўрсатилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади”. (37-модда). Мамлакат аҳолисининг ишга яроқли, ёш, кучга тўла 7-8 миллиони турли ўлкаларда иш излаб юриши, юртимиз ичкарисида қолган қисмининг деярли ярми ишсиз юрган шу кунларда, диктатор Каримов, буларга қандай ёрдам бермоқда? Давлат, ишсизлар қатламини ҳимоя қилиб, ўз зиммасидаги вазифаларини қандай бажараяпди? Бу саволга жавоб аниқ: президент, хукумат ва парламент ўз вазифасини мутлақо бажармаяпти. Айни пайтда Ўзбекистоннинг барча ер ости ва устки бойликлари фақат Каримов ва унинг икки қизи, ҳамда унга яқин саноқли тўраларга қарашли бўлиб қолди. Ушбу бойликлар диктатор ва унинг атрофидаги бир тўда кишиларнинг банкларга яширинча қўйган хисобларини янада кўпайтиршга хизмат қилмоқда. Холбуки Бош қонунимизда ёзилганидек: “Ер,ер ости бойликлари,сув,ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий заҳиралар умуммиллий бойликдир,улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир”.(55-модда). Бу тўда томонидан Ўзбекистоннинг барча бойликлари инсофсизларча талон – тарож қилинмоқда. Барча ҳуқуқларидан маҳрум этилиб, қашшоқ ҳолга келтирилган фуқаролар эса кун кўриш мақсадида олис ўлкаларга иш излаб чиқиб кетишларлари давом этмоқда. Уларнинг муҳожирликда кечираётган оғир ҳаётлари ўта аянчлидир.Турмуш кечиришнинг оғирлиги сабаб халқимизнинг азалий одатларига хилоф иш тутаётган, ўғрилик, қотиллик, фирибгарлик ва бошқа жиноятларни айтмайсизми? Иқтисодий ночорлик, қашшоқлик сабаб фоҳишалик йўлига ўтишга мажбур бўлган аёлларимиз тақдири учун ким масъул? Ишсизлик,ночорлик,оғир турмуш тарзи сабаб, аҳоли орасида турли касалликлар тарқалмоқда, жамиятимиз ахлоқ меъёрлари тубан инқироз даражасига алла қачон тушган. Лекин давлат ва жамият ҳаётида юзага келган барча муаммоларга амалдаги ҳукумат кўз юмиб келади. Гўёки мамлакатда ҳеч қандай муаммо йўқдек. Буларнинг барчасига, бизнинг ўз тақдиримизни бошқалар қўлига ишониб, топшириб қўйганимиз сабабли эмасми? Каримов режимининг тазйиқ ва босимлари сабабли кўплаб мухолифат вакиллари, дунёвий ва диний ўзгачафикирловчилар Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлишди.Уларнинг асосий қисми шу кунларда Ғарбий Европа, АҚШ ва Канада давлатларида яшашмоқда. Улар демократик давлатлар тажрибасини яхши билишади. Бундан ташқари кўплаб меҳнат муҳожирлари ҳам ривожланган мамлакатлар ҳаёти билан яхши таниш. Таққослаб кўрган инсон, Ўзбекистонни бу мамлакатлардан ҳар томонлама орқада қолиб кетгани ва бунинг асосий сабабчиси юртимиздаги сиёсий тузум – диктаторнинг хокимлиги экани ойдинлашади. Шу билан бирга, диктаторни устомонлик билан ўз зулм, пораҳўрлик ва адолатсизликка таянган хукумронлигини “барқарорлик” рамзи деб дунё бўйлаб жар солиши маънавий тубанликдир. Бунинг ҳукукий жиҳатдан миллатга қарши амалга оширилаётган жиноят экани кўпчиликка сир эмас. Диктаторлик тузимини оқлаш учун ўзбек миллатини фаолсизликда, “азалий” қолоқликда, маънавий ва сиёсий қарамликда айблаш тизим сифатида амалга оширилмоқда. Бу элимиз учун жуда оғир шароитда, Сиз ва биз ўз фуқаровий бурчимизни англашимиз, “Бирдамлик” диктатурага қарши олиб бораётган нозўравон бўйсинмаслик амалиётига қўшилишимиз, ўзимиз, оиламиз, қариндош-уруғларимиз, жамоамиз ва миллатимиз учун зарурдир. Шу йўл билангина хозирда мавжуд халқимизни аянчли аҳволидан қутқаришимиз мумкин. Харакатимиз Дастурида ўқиймиз: “Бирдамлик” ҳаракати диктатурага барҳам бериш учун қўллаётган нозўравон, тинч фуқороларнинг бўйсинмаслик кураш усули қадимдан фуқоролар тарафидан, зулмга барҳам бериш учун фойдаланилган. Бунга мисол сифатида, Горбачевнинг қайта қуриш даврида Ўзбекистон ҳалқини мустақиллик ва ўзбек тилига давлат мақомини бериш талаби билан ўтказган кўп минглик тинч норозилик митингларини; Маҳатма Ганди бошчилигидаги ҳинд халқининг Буюк Британия мустамлакачиларига қарши мустақиллик учун кураши; АҚШ қора танли аҳолисининг Мартин Лютер Кинг раҳномолигида ирқий камситиш ва сегрегацияга қарши амалиётини; Польша ва бошқа Шарқий Европанинг бир қатор давлатлари халқларининг Тоталитар Шўролар империяси зулмидан ҳалос бўлиши;Филиппин давлати икки миллион аҳолисининг мамлакат президенти истеъфосини талаб қилган намойишлари; Болтиқбўйи республикалари,Грузия, Озорбайжон, Украина ва Молдавияда халқнинг нозўравон ҳаракатлари оқибатида улкан сиёсий, ҳуқуқий ўзгаришлар ва хатто режим алмашиши содир бўлганини келтириш мумкин”. Шунинг учун фуқаровий фаоллик сиёсат билан шуғулланишни бошланиши эканини тушиниб, биз ўн йил давомида олиб бораётган нозўравон бўйсинмаслик курашига қўшилинг. “Бирдамлик” сафларида диктатурага барҳам бериш ва юртимизда ҳур, фаровон, адолатли ҳаёт барпо этишга ўз хиссангизни қўшинг!

Мулкдорларни кўпайтириш, тадбиркорликни қўллаш!

АҚШ, Канада, Германия, Франция, Англия, Италия, Испания, Япония, Шведция, Шведцария, Жанубий Корея ва бошқа қатор мамлакатларда демократия амалда жорий бўлиб, шу ўлкалар фуқаролари озодлиги, фаровонлиги учун хизмат этади. Бу мамлакатлардаги демократия моделлари турлича бўлишига қарамасдан, улар моҳиятан халқ хокимиятларидир. АҚШ, биз яшаётган давр жаҳон сиёсатида энг қудратли давлат ва дунё етакчиси рўлини бажарувчи мамлакатдир. У демократия тизимининг ҳаётбаҳшлиги ва ривожланганлиги, фуқаролари, умуман аҳолисини юқори даражадаги турмиш тарзига эгалиги сабаб, кўп мамлакатлар аҳлини кўчиб келиш ва яшаш орзусига айланган ўлкадир. 237 йиллик улуғ тарихга эга АҚШнинг демократия тизими, улкан сиёсий мактабдир. АҚШ фуқаролари ўз келажакларини ўзлари, манфаатлари, ёқтиришлари ва ишонишлари асосида сайлов жараёнида иштирок этиб белгилашади. Улар сиёсатчилар қўлида қўғирчоқ бўлиб қолмасдан, ўзларини сафларидан яхши сиёсатчилар етиштириб чиқарадилар. АҚШ аҳолисининг барча қатлами ҳар қандай сиёсий тадбирларда, сайловларда фаол қатнашади ва ўз тақдирлари учун ўзлари курашадилар. Демократиянинг моддий замини, суяк-склет тизими мулкдорликни ривожланган кўриниши эканини, сиёсатшунослик такидлайди. Бу иддаонинг ҳақиқатлигини АҚШ жамияти мисолида яққол кўриш осон. Американинг барча ерлари хусусийлаштирилди. Барча ер ости ва ер усти бойликлари америка халқи манфаатларига хизмат қилади. АҚШда “Каримов тўдаси”га ўхшаган жиноятчиларга йўл берилмайди. Чунки эркинлик, озодлик ва назорат, текшириш етарли даражада. Кўрганингиздек америка халқи сиёсий фаол, бағри кенг, ўта маълумотли, ўта билимдон, инсон озодликлари, ҳуқуқларини олий даражада тутувчи, ҳақиқатда улуғ элатдир. Демократия устивор мамлакатларда ўз ҳаётининг фаровонлиги, иқтисодий ва сиёсий эркинликлар учун курашни мақсад қилиб олган кишилар, аввало бирор бир сиёсий гуруҳларга, ташкилотларга бирлашиб фаолият бошлашади. Ривожланган демократик мамлакатларда кўплаб сиёсий партиялар,ҳаракатлар,нодавлат ташкилотлар бор. Улар бир бутун бўлиб фуқаролик жамиятини ташкил қилганлар. Фуқаролик жамияти ҳар бир фуқарони давлат ва жамият ишларига фаол иштирок этишини таъминлайди. Фуқаролар сиёсийдан узоқлаштирилган, диктатура хукумрон бўлмаган давлатларда, жумладан Ўзбекистонда, халқ тақдири бир гуруҳ кишилар, “Каримов тўдаси” тасарруфига ўтиб қолган. Аслида, Ўзбекистон Конституциясида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўғрисида муҳим демократик моддалар бор. Масалан, мамлакат Бош қонунининг 34-моддасида шундай дейилган: “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари касаба уюшмаларига,сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш,оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Сиёсий партияларда,жамоат бирлашмаларида,оммавий ҳаракатларда,шунингдек ҳокимиятнинг вакиллик органларида озчиликни ташкил этувчи мухолифатчи шахсларнинг ҳуқуқлари,эркинликлари ва қадр-қимматини ҳеч ким камситиши мумкин эмас”. Афсуски,бу каби эркинликлар фақат қоғозда қолиб кетмоқда. Амалда эса тамоман тескариси. Ўзбекистон фуқароларининг ҳамма сиёсий, иқтисодий ва виждон эркинлиги зулм оқибатида йўқ қилиниб келинмоқда. Фуқароларнинг уюшиш, норозилик намойишлари қилиш ҳуқуқлари топталиб келмоқда. Келинг қисқа муддат атрофимиздаги ҳаётга назар солайлик. Сиз Ўзбекистондан ташқарида яшаяпсиз. Бегона юрт,бегона шаҳардасиз. Бу ерга сиз пул топгани,қўполроқ қилиб айтганда ўз кучингизни сотгани келгансиз. Сизни ҳеч ким бу давлатга таклиф қилган эмас. Сиз бу ерга йўқчилик, ишсизлик ва қашшоқлик сабаб бўлиб келгансиз. Демак, Сиз ўз хоҳишингиз билан шу йўлни танладингиз. Сиз меҳнат қилиб келаётган жойдаги завод, фабрика, иморатлар ва бошқа иншоотлар, Сиз ишлаётган мамлакат фуқароларининг мулки,бойлигидир. Улар Сизни ишлатиб, моддий эҳтиёжингизни бир қисмини қондириш учун пул беради. Аслида улар Сизнинг меҳнатингиз ортидан янада бой – бадавлат бўлишади. Бу эркин бозорнинг талаб, таклифидан, эҳтиёжидан келиб чиқади. Ўзга юртда бировнинг қўлига, ишига қарам бўлмоқдасиз? Яратганга шукрлар бўлсинки, Сиз ҳозир соғ- саломатсиз. Худо кўрсатмасин, йиқилиб ёки бирор бир касаллик ортириб олсангиз, Сизни ким ҳимоя қилади? Ким Сизни бошингизни силаб, доимий моддий, тиббий ва бошқа ёрдамларни узлуксиз бериб туради? Сиз учун энг яқинларингиздан бошқа, ҳеч ким ёрдам қўлини чузмайди. Бунинг сабаби Сиз Каримов режимининг фуқаросисиз. Бу режимга инсонларнинг кўпайиши ёки касал бўлиши ёқмайди. Агар ривожланган демократик давлатнинг фуқароси бўлганингизда, Сизни давлатингиз, Сизга ҳатто яқин қариндошларингиздан ҳам ортиқроқ ёрдам ва эътибор қилар эди. Афсус Сизнинг тақдирингиз билан ўз давлатингиз заррача қизиқмайди. Аслида инсонлар бир хил дунёга келсаларда, аммо турли шароитда вояга етадилар. Ўсиб – улғайиш мобайнида атроф – муҳит, инсонлар хати-харакатлари бола онгига ижобий, салбий таъсир қилади. Минг афсуски, биз ўзбеклар, оталаримиз банд бўлишлари сабабли, кўпича онамизни тарбияси билан, ёшлигимиздан қўрқитув, катталарга бўйсуниш, итоаткорлик, ўз фикримизни айтолмасдан бошқалар фикри билан юриш каби иллатларга ўргатиламиз. Сифатли овқатдан кўра пул йиғиш ва катта тўй қилиб йиллаб йиғилган пулни совириш масалалари ҳаётимиз ва тарбиямизнинг катта жумбоғлари десак янглишмасак керак. Мулкдор бўлиш, мустақил бўлишдан бошланади. Буни тарбия жараёнимизни мукаммаллаштириш натижасида, ёшларимизни ҳақиқий мустақил шахслар этиб ўстириш, бой-бадавлат яшашга ўргатиш, жамоа ишлари, сиёсий фаолликка тортиш билан демократия жори этилгач ҳал қилиш мумкин. Мана шу атрофимизда, бизни ўз завод ва корхоналари билан ўраб олган иш берувчилар ҳам бир вақтлар биз каби қашшоқ ва камбағал бўлган бўсалар ажаб эмас. Улар замон келишини, дунё ўзгаришини олдиндан ҳис қилишган, ўз вақтида сиёсий ва иқтисодий фаоллик қилишган. Шу сабабдан ҳам бу “янги бойлар” замон билан ҳамнафасдирлар. Улар ҳозиргача сиёсат билан шуғулланадилар. Акс ҳолда рақобатга дош бермасликлари мумкин. Ютиш ва ютқазиш бу жараёндир, буни тадбиркорлар яхши тушинади. Ўзбекистон келажакда тўлиқ ва ҳақиқий бозор иқтисодиётига, эркин бозор муносабатларига, мулкдорликка, тадбиркорликка ўтади. Каримов диктатураси томонидан эркин бозор муносабатларига қарши қўйилган барча тўсиқлар олиб ташланади. Ўзбеклар азалдан тадбиркорликга, билимга ўч миллат сифатида танилган. Бу дегани мамлакатда жуда кўплаб янги бойлар пайдо бўлади, ишчилар албатта бозорга қараб ишга ёлланадилар. Бугун Сизнинг олдингизда ҳам маълум имкониятлар пайдо бўлмоқда. Танлов эса Сиздан – Ўзбекистоннинг янги бойлари сафида бўлишни истайсизми ёки оддий ишчи бўлиб қолишними? Бу Cизнинг танловингиздир. Бугун Cиз қайси сиёсий ташкилот аъзосисиз, деб сўрашга ҳақлимиз. Сиз ўз келажагингиз, фарзандларингиз учун қайси сиёсий гуруҳлар билан ҳамкорликда кураш олиб бораяпсиз? Сиз қайси партияни қўллаб- қувватлайсиз? Қайси партиянинг ёки қайси сиёсий ҳаракатнинг мақсад ва вазифалари,кураш услуби сизга маъқул? Шу ҳақда ўйлаб кўрганмисиз? “Бирдамлик”нинг энг муҳим мақсадларидан бири юртимизда мулкдорчиликка таянган ҳур, фаровон, адолатли давлат барпо этишдир. Мулкдорларни кўпайтириш ва тадбиркорликни қўллаш, бизнинг Ҳаракат Дастури кўрсатмаларини амалга ошириш борасидаги табиий ҳолдир. Бизнинг сафларга қўшилинг, ёлғонга ишонишни, лоқайдликни ва қўрқувни улоқтиринг!

Сиёсий фаоллик муаммоларни ҳал этишнинг калитидир!

АҚШ, Канада, Германия, Франция, Англия, Италия, Испания, Япония, Шведция, Шведцария, Жанубий Корея ва бошқа қатор демократия давлатларда яшайдиган аҳолининг кўп қисми ўз ҳақ- ҳуқуқлари учун курашиш учун қайсидир сиёсий ташкилотга аъзо бўлиб киришади. Кўп кишилар бир вақтнинг ўзида бир қанча сиёсий ташкилотлар ва ҳаракатлар аъзоси бўлишлари мумкин. Албатта уларнинг дастурлари ва мақсадлари бир йўналишга қаратилган бўлса. Масалан, ишчиларнинг аксар қисми касабауюшмалари, ўзаро ёрдам ташкилотларига аъзо бўлиб киришади. Бу ташкилотлар ишчилар ҳақ -ҳуқуқларини иш берувчи ва турли давлат идоралари олдида ҳимоя қилади. Бундан ташқари фуқаролар сиёсий партиялар фаолиятида маълум рўл ўйнашади. Улар аъзо бўлган ташкилотлари орқали ўзларини ва фарзандларини келажакда яхши яшашлари учун кураш олиб боришади. Маҳаллий коммуналар, вилоят маъмурий бошқармаси ва парламентда ўзларини муаммоларини кўтариб чиқадиган, вакиллари бўлиши учун ҳамиша ҳаракат қилишади. Ўз ишончларини оқламаган вакилларга ишончсизлик билдириб,ўрнига бошқа одамни сайлашади. Ўзбекистонда эса туман, шаҳар, вилоят ва республика даражасидаги бошқарув идораларига шахсан Каримов, мўмайгина кўкидан олгандан сўнг, у ёки бу амалдор тайинланади. Буни “сайлов” тарзида ёки бевосита тайинлаш тарзида амалга ошишининг фарқи йўқ. Ўзи президентлик сайловини сиёсий фирибгарлик ўйинига айлантириб келаётган диктатор Каримов, наҳот бошқа сайловларни нормал ўтказса? Ўзбекистонда мавжуд қўғирчоқ партиялар жамоатчилик ишончини қозона олмади. Улар бугунги кунда ҳеч кимга кераксиз ташкилотлар каби, жамият ҳаётидан тобора ажралиб ўз-ўзидан этибордан қолиб, йўқолиш йўлидан кетмоқдалар. Шунинг учун биз ҳозирданоқ қайсидир партия ва сиёсий ташкилотлар билан бирга фаолият олиб боришимиз мумкинлигини аниқлаб олишимиз даркор. Ўзбекистонда “Бирдамлик” Халқ Демократик Харакатидан бошқа, ўзбек халқи орзу умидлари, дарду армонларини теран ҳис қилиб,мамлакат ва жамият ҳаётидаги муаммоларни чуқур ўрганадиган,уларни ҳал қилиш йўлида кураш олиб борадиган партия ва ташкилот йўқ. Ўзбекистонда фаолияти таъқиқланган “Бирлик”,“Эрк”, “Озод деҳқонлар”каби мухолифатдаги ташкилотларнинг хорижда туриб амалга ошираётган ишларини самарали дейиш қийин. Бу партиялар ҳам Каримов режими қулашини узоқдан томошабин бўлиб кутиб туришгандек, тасурот уйғонади кишида. Агар биз бу каби аянчли вазиятга қул бўлиб, индамай томошабин бўлиб қараб турсак,аҳвол борган сари ёмонлашиб бораверади. “Бирдамлик” режа асосида, нозўравон фуқаровий бўйсинмаслик курашини давом этмоқда. Агар бошқа, халқ учун куюнадиган сиёсий ҳаракатлар, партиялар маълум иттифоқ тузиб биргаликда, элимиз келажаги учун кураш олиб борсак ва бу фаолиятдан кўнглимиз тўлиб, бир-биримизга ишончимиз ортса мақсадга мувофиқ иш бўлар эди. Бу тарих, хозирги кун ва келажак учун, бизнинг энг юксак муваффақиятимиз бўларди. Агар бугун биз сиёсат билан шуғулланмасак, келажагимизни,фарзандларимиз бахти ва иқболини бой бериб қўямиз. Сиёсий фаоллик муаммоларни ҳал этишнинг калитидир! – дейди сиёсийтехнологлар. “Бирдамлик” сафларига қўшилинг, Ўзбекистонни “Зулмистон”га айлантирган диктаторлик тизимини нозўравон фуқаровий кураш услублари билан енгайлик. Ҳалқ хокимияти, инсон ҳуқуқлари заминидаги, озод ва фаровон Ўзбекистонни барпо этилиши, Сиз ва бизнинг сиёсий ва ижтимоий фаоллигимизга боғлиқ!

Унутманг – бугунги мухолифат эртанги ҳукуматдир!

Тараққий этган демократик мамлакатларда кўплаб сиёсий партиялар, ҳаракатлар, касабауюшмалари, нодавлат ташкилотларини бўлиши табиий ҳол деб билинади. Муҳолифат амалдаги хукумат кўра олмаган, муаммоларни ёритувчи ойна, – дейишади сиёсатшунослар, сиёсийтехнологлар. Амалдаги хукуматни муаммолар, уларни ҳал этишга ёндашиши борасида, қайсиси бирламчи, қайсиси иккиламчи мавзуларида танқид қилади. Бунга хокимият ва уни ушлаб турган партия жавоб беради, мухолиф партия, гуруҳни ўз дастури асосида танқид қилади. Ўзбекистон, Туркманистон, Шимолий Корея, Белоруссия, Куба, Зимбабва ва бошқа диктатура хукумрон мамлакатлар сингари, улар қатоғон қилинмайди. Биз, ўзбекистонликлар кўпинча қайсидир сиёсий ҳаракат ёки партияларга қараб, сиёсат билан шуғулланиш уларнинг иши, яхшиси сиёсатга аралашмаган маъқул, деган фикрда бўламиз. Кўплаб кишилар мухолифатдаги ҳаракатлар ёки мухолиф кишиларга қўрқув билан, баъзида шубҳаланиб қарайдилар. Бунинг боиси ҳукуматнинг мухолифларга нисбатан тоқатсизлиги ва узоқ йиллар давомида мухолифатни халқимиз кўзига ёмон кўрсатиб келганлигидир. Ривожланган демократик мамлакатларда амалдаги ҳукуматга қарши мухолифатдаги партиялар фаолият олиб бориши табиий бир ҳолдир. Мухолиф партия, харакат ва гуруҳлар жамият учун ҳаётий зарур қисм деб қабул қилинади. АҚШда иккита асосий, Демократлар (1828 й.) ва Республикачилар (1854 й.) партиялари, ҳамда бошқа бир нечта кичик таъсирга эга, Либертариан (1971 й.), Багранг (1980 й.), Конституциячилар (1992 й.) ва бошқа партиялар фаолият олиб боришади. Уларнинг газеталарини, сайтларини ўқисангиз, радиосини тингласангиз ва телевизорини кўрсангиз, бир-бирларини аямай танқидини тушиниб, сочингиз тикка бўлиши мумкин. Лекин бу амалдаги ҳақиқий демократиянинг кўринишидир. Ҳеч ким мухолифларга бегона ва ўгай кўз билан қарамайди. Чунки,мухолифат шу халқ манфаати ва мамлакат келажаги учун ишлашини жамоатчилик, ҳар бир фуқаро яхши билади. Унутманг – бугунги мухолифат эртанги ҳукуматдир! Ўзбекистонда ҳукумат томонидан халқаро жамоатчиликни чалғитиш, элдошларимизни алдаш мақсадида ташкил қилинган қўғирчоқ сиёсий партиялар эмас, ҳақиқий мухолиф партиялар ташкил топиши керак. Мухолифатнинг мамлакат сиёсий саҳнасига чиқиши осон кечадиганга ўхшамайди. Каримов ҳукумати ҳар қандай йўл билан ўз мухолифларини эзиб, янчиб ташлашга тайёр турибди. Агар мухолифат фаолияти учун озгина имкониятлар яратиб берилганда эди, халқимиз тезда мухолифат сафларига қўшилиб, ўз ҳақ–ҳуқуқлари учун кураш бошлашини, бу ҳукумат жуда яхши билади. Ҳозирги энг мураккаб ва муҳим масала ҳам ҳақиқий мухолифатдаги сиёсий партияларнинг мамлакат ичидаги эркин фаолиятини йўлга қўйиш ва ҳукуматга муқобил сиёсий кучларни шакллантиришдир. Хукумат хозиргачан Ўзбекистон ичида мухолифатга фаолият кўрсатишга имконият бермасдан келди, шунинг учун мухолифат ўз фаолияти учун ўзи шароит яратиши зарур. Ўзбекистонда халқ дарду муаммоларини чуқур таҳлил қилиб, уларни бартараф этишга қодир бўлган мухолифатдаги партиялар ва сиёсий ҳаракатларни ташкил этиш фуқароларнинг сиёсий фаоллигига боғлиқдир. Бир-икки киши ҳукуматни айрим ишларини номига “танқид” қилиб, ўзини мухолиф деб атагани билан аҳвол ўзгармайди. Ҳеч бўлмаса аҳолининг юздан бир фоизи, сиёсий фаол бўлгандагина қандайдир ўзгаришлар қилишга умид қилса бўлади. Бунинг учун биз ва Сиз бирга ишлашимиз, элдошларимизни уюштиришимиз даркор. Бунинг учун мамлакат ва халқимиз руҳиятига мос, анъаналаримизга содиқ ва ҳар қандай зўравонликка қарши бўлган сиёсий кучлар атрофида бирлашмоғимиз зарур. Биз ўзимиз танлаган сиёсий ҳаракат ёки партия билан нималарга эриша оламиз? Бу ҳаракат ёки партиянинг мақсад ва вазифалари халқимизга маъқулми? Уларни амалдаги ҳукумат ва қўғирчоқ партиялардан устун томони нимада? Энг муҳими – узоқ ва машаққатли сиёсий кураш йўлида, биз ўзимиз бош қўшган сиёсий ташкилот билан қанчалик узоқ манзилга бора оламиз? Шунга ишончимиз комилми? Биз очиқ юз билан Ўзбекистонда умумхалқ ишончи, эътибори ва ҳурматига лойиқ сиёсий ҳаракат бор деб баралла айта оламиз. Чунки “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати ўн йил давомида олиб борган тинимсиз нозўравон фуқаровий кураши билан ўзининг инсонпарвар, ҳалқпарвар ва юртпарвар эканини кўсатган. Ҳаракатимиз ўнлаб, юзлаб, минглаб ватандошларимизга бевосита ёрдам қўлини чўзиб, улар ва уларнинг яқинларини меҳри, ҳурмати ва олқишига сазовор бўлди! Бизга қўшилинг ва диктатурани чил-парчин қилишдек олижаноб ва тарихий ишга ўз хиссангизни қўшинг!

Халқимиз ишончини кучайтириш!

Birdamlik ilon rasmiМухолифатдаги ўзбек рассоми Каримов режими қиёфасини тасвирлаш учун жуда яхши ўхшатиш топган. У Ўзбекистон харитасига чирмашиб, уни ўраб олган катта илон суратини чизиб, илон тасвири устига “диктатура”деб ёзиб қўйган. Бу – Каримов диктатурасининг Ўзбекистонни илондек ўраб,чирмаб ташлаганига ишорадир. Аслида мусаввир хаёллари халқимиз қўз ёши, тўккан ва тўкаётган талофатлари, шу “илон – диктатор” сабабли эканини, элдошларимиз юрагидаги дардни очиқлаган, холос. Ўзбекистон ҳукумати дунё жамоатчилиги ва ўз халқини мамлакатда демократия қураяпмиз, деб алдашга уриниб келмоқда. Мамлакат ичида яшаётган демократия ва эркинликлар ҳақида етарли тасаввурга эга бўлмаган кўплаб содда кишилар олдинлари ҳукуматнинг тарғибот-ташвиқотига ишониб, демократия ҳақиқатдан шундай бўлса керак, деган фикрга боришган бўлса ажаб эмас. Вақт ўтган сари халқимиз Каримов режими юртимизни, элдошларимизни аёвсиз зулм, пораҳўрлик ва адолатсизликка таянган диктатура исканжасига олганини кўриб, тушиниб турибди. Аҳвол шундай экан, диктатура балосидан қутилишнинг йўли борми? Агар бўлса у қандай йўл? Диктатурадан қутилиш баъзилар ўйлагандек жуда қийин иш эмас. Чунки ҳар қандай тана каби илон тасвиридаги диктатурани ҳам бош қисми бошқаради. Илонни бошини узсангиз, унинг тана аъзолари ҳаракатдан тўхтайди. Шунингдек,Ўзбекистонда диктатура бошида турган бир гуруҳ кишилар фаолиятига барҳам берсангиз,ўз -ўзидан диктатура фалажланади ва уни осонлик билан бартараф этиш имконияти юзага келади. “Бирдамлик”халқ ҳаракати шу боисдан, ўз фаолиятини нозўравон йўл билан диктатор Каримов бошчилигидаги зулимкор тузумга барҳам бериш,Ўзбекистонни демократик йўлга олиб чиқишга,мамлакатимизда эркин сайловларга йўл очиб беришга қаратган. Шу пайтгача кўплаб мухолиф партиялар, диний – сиёсий ҳаракатлар турли йўллар билан Каримов режимига қарши курашиб келдилар. “Бирдамлик” Дастурида ўқиймиз: “Мухолифат − бугунги кунда Ўзбекистон ҳалқининг, давлатчилигининг стратегик ресурсидир ва умидидир! Унда миллат тақдири ва шаъни учун тинимсиз ва беомон курашиб келаётган шахслар саф тортгандир. Айнан мухолифат Каримов режимини холсизланишида,унинг ҳақиқий қиёфаси очилишида катта ишлар қилди ва қилмоқда”. Аммо баъзи бир мухолифатчилар қуролли инқилоб йўли билан диктатурани ағдаришни ният қилган бўлса,диний-исломий гуруҳлар ҳам қурол кучи билан режимни йўқотиш учун самарасиз ҳаракат қилишди. Уларнинг кураш услублари Каримов режимига ҳеч қандай таъсир қилмади,қайтанга диктатурани кучайишига туртки бўлди. Сабаби дунё бўйлаб диний экстремизмга қарши кураш кетаётган бир паллада диндорларнинг қурол ўқталиб туриши халқаро жамоатчилик кўз ўнгида Каримов режимини хокисор ва ёрдамга муҳтож қилиб кўрсатди. Шу боис режим террорчилик ва диний экстремизмга қарши кураш баҳонасида, халқаро ташкилотлардан салмоқли молиявий ёрдам олишга эришди. Айрим мухолифат лидерларининг узоқни кўра олмай, шошқалоқлик билан қилган хуфёна ишлари ҳам ўзбек мухолифатига қимматга тушди. Мухолифат гурухлари шу сабаб кучсизландилар ва оғир аҳволга тушиб қолдилар. “Бирдамлик” мухолифат ичида нозўравон фуқаровий бўйсинмаслик кураш йўлининг амалиётчиси ва тарғиботчисидир. Бизнинг айни пайтдаги асосий мақсадимиз халқимизнинг мухолифатга бўлган ишончини қайта уйғотиш, жамоатчилик қўлловига эришиш йўлларини излаб топиш ва қолаверса ҳалқпарвар ҳукумат мулозимларини ҳам ўз тарафимизга тортишга эришишдир. “Бирдамлик” тадбирларига қўшилинг, бизнинг диктаторни йиқитиш ва халқ хокимиятини ўрнатиш курашимизга кўмаклашинг!

“Бирдамлик” ҳалқ хизматида!

Юртимиз аҳлининг, ўзбек миллатини, шаҳар ва қишлоқ жамоатчилигини, ҳамда ҳукумат фитрати, феъл атворидан келиб чиқсак, бизга нозўравон кураш услуби жуда мос келади. Сабаби юртдошларимиз ҳамма нарсадан тинчликни юқори, биринчи ўринга қўйишади. Бу халқимиз бошидан кечирган қадимий, турли ходисаларга бой, давомли тарихидан келиб чиқади. Ватанимиз жамоатчилиги қон тўкишларсиз, тинч йўллар билан ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар бўлиши тарафдори. Инқилобий қуролли таҳдидлардан кўра нозўравон йўл билан ҳукуматга юзма юз келиш у қадар хавфли эмас. Буларнинг ҳаммасини чуқур таҳлил қилган “Бирдамлик”ҳаракати диктатурага қарши нозўравон кураш усулини қўллашни мақсадга мувофиқ деб топди ва ташкил топган илк кунларидан бошлаб ҳозиргача, шу йўл билан курашиш маъқуллигини халқимизга тушунтиришга уруниб келмоқда. “Бирдамлик”ҳаракaти юртимизда Каримов диктатурасининг зўравонлик, пораҳўрлик ва адолатсизлик тизимини синдиришда амалдаги Ўзбекистоннинг Конституцияси, Умумжаҳон инсон ҳуқуқлари Декларацияси тарафидан фуқаролар ва инсонларга берилган озодликлар, ҳақ-ҳуқуқлар асосида, нозўровон бўйсинмаслик услублар билан курашади. Ҳар бир ватандошимизнинг бахтли ва фаровон яшаш ҳуқуқи, барча инсоний, фуқаровий ҳуқуқлари, шу жумладан, виждон эркинлиги ҳукумат томонидан ҳурмат қилинишини талаб этади. Соҳта жиноий ишлар заминида сиёсий ва диний экстримизда, террорчилик, давлатга қарши фаолият ва умуман ноҳақ қамалганларни, зудлик билан текшириш ва озод қилиш Харакатимизни дастурий вазифаларидандир. Ўзбеклар ҳақиқатдан ҳам ривожланган давлатларда яшовчи миллатларга қиёсланганда ҳар томонлама оғир ва бўғилган турмуш шароитларида яшайдилар. Бунинг сабаблари кўп. Асосий сабаби – Ўзбекистонда бошқарувнинг, юртимиз бойликларини яккаю ягона, битта шахс Каримовнинг қўлида ноқонуний тарзда жамланганлигидир. Диктатор хизматидаги соҳта ёки “жўжа” сиёсатшунослар буни авторитаризм, давлат ўсишининг “зарурий” босқичи деб тарифлайдилар. Амалда президент Н.Назарбоев бошчилигида, гуллаб яшнаётган, ажойиб ривожланиш чўққиларига кўтарилган, қўшнимиз Қозоқистонни авторитар давлат десак янглишмаймиз. Чунки Н.Назарбоев сиёсий бошқарувни ўз қўлида тутган ҳолда, иқтисодий эркинликларни, бозор иқтисодини, мулкдорликни, тадбиркорликни, техника ва илм эгаллашни жорий этди. Мухолифатни ва унинг лидерларини юртдан хайдамади, уларга катта амаллар бериб, улардан фойдаланди. У энг иқтидорли иқтисодчи ва ташкилотчиларга хукуматни бошқартирди. Порахўрликни жиловлади. Фуқароларнинг фаровон, эркин яшашларига эришди. Каримовнинг тузимини эса, сиёсатшунослик, деспотизмга таянган диктатура, тоталитар режим деб белгилайди. Чунки у Н.Назарбоевдан фарқли бутун соҳалар бошқарувини ўз қўлига олди. Ўзбекистонда ҳақиқий бозор иқтисоди, мулкдорликка ўтиш ислоҳатлари амалга оширишга қодир забардас хукумат бошлиғи, иқтидорли иқтисодчи ва ташкилотчи Ш. Мирсаидовни, ишдан олди ва таъқиб этди. Натижа эса бутун дунёга маълум, Ўзбекистон аянчли аҳволда, Қозоқистон гулламоқда. Каримов ўз диктатурасини куч ишлатар тизимларига таяниб ушлаб турибди ва улардан ноқонуний фойдаланиб келмоқда. Ҳар қандай янги ва мусаффо фикр, ҳамда жамиятдаги фикрловчи инсонлар фаолияти, шу тизимлар томонидан қатоғон этиб турилади. Ўз инсоний ҳуқуқларини талаб этиб чиққан кишилар, овози ўчирилади. Сўз эркинлиги бўғилиб, диктатурага хизматдаги оммавий аҳборот воситалари кўмагида одамларнинг миялари “ювилиб”, манқуртларга (зомбиларга) айлантирилди. Аҳолининг деярли 90% ўзи билган ёки билмаган ҳолда диктатор, унинг оила аъзолари ва бир тўда, унга яқин тўралар манфаати учун куну тун меҳнат қилмоқдалар. Шуларни ҳисобга олган ҳолда “Бирдамлик” диктатура хизматкорларига эмас,балки диктаторнинг ўзига қарши курашиш шиорини кўтариб чиқди. Бизнинг таянчимиз –миллатимиз, бутун Ўзбекистон аҳлидир. Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган давлат идоралари, ҳокимликлар, милиция ва хафсизлик хизмати ходимлари, ҳарбийлар ва бошқа тоифадаги амалдорлар ҳокимият танасининг қисимларини ташкил этадилар. Улар диктатор топшириғини бажарувчилардир холос. Афсуски кўпчилик кишилар тузум моҳиятини тушунмай, ҳамма қонун бузарликларни пастдаги амалдорлар қилишяпти, деб ўйлайди. Аслида тузумни бир организм деб оладиган бўлса, уни ҳаракатга келтириб турган нарса бу бошдир. Тана аъзолари-бошнинг буйруғидан чиқа олмагани каби,амалдорлар ҳам Каримов чизиб берган чизиқдан ташқарига чиқа олишмайди. Буни Каримов ва Назарбоевни таққослаш аниқ кўрсатади. Бизнинг асосий мухолифимиз режим боши Каримовдир, режим хизматкорлари эмас. Биз ана шу режимбошига қарши курашишимиз керак. Агар режим бошини мавҳ этсак, уни хизматкорлари ўз- ўзидан биз томонга ўтади. “Бирдамлик”ҳаракатининг Ўзбекистон ичида, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларидан Россия,Украина,Қирғизистон, Тожикистон,Қозоғистонда, Ғарбий Европа давлатларидан Германия, Норвегия, Щвеция, Францияда, АҚШ, Канада ҳамда Жанубий Кореяда ўз бўлимлари фаолият кўрсатмоқда. Ҳаракатнинг АҚШ, Шведция, Норвегия ва Россиядаги бўлимлар расмий рўйхатдан ўтган. Айни пайтда Қозоғистон ва бошқа ҳамдўстлик мамлакатларида давлат рўйхатидан ўтиш арафасида турибди. “Бирдамлик”нинг тўлиқ ўтказилишига Каримов режимининг куч ишлатар органлари томонидан имкон берилмаган, биринчи Қурултойи 2009 йилнинг ноябрь ойида Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида бўлиб ўтганди. Лекин шу пайтгача бир неча бор қилинган расмий мурожаатларга қарамай “Бирдамлик” ҳаракати Ўзбекистонда рўйхатга олинмади. Ўзбекистон хукумати “Бирдамлик”ка қарши аёвсиз курашиб келмоқда. Шу сабаб Ўзбекистонда харакатни рўйхатдан ўтказиш ва унимли сиёсий фаолият олиб бориш имконияти мавжуд эмас. Бугун сизнинг кўнглингизда Каримов режимига нисбатан норозилик бор бўлса, демак Сиз сиёсий фаолият учун биринчи кичик қадамни ташлаб бўлдингиз. Чунки инсоннинг ҳақиқатни тан олиши, зулмга, адолатсизликка, порахўрликка қарши курашни бошлаш учун турткидир. Сизга ўхшаган минглаб, ўн, юз минглаб,миллионлаб инсонлар бор. Демак, Сиз сиёсат майдонида ёлғиз эмассиз. Кураш майдонида ёлғиз қолмасликни ва атрофингиздаўзингиз каби инсонларнинг кўпайишини истасангиз,бошқалар билан биргаликда, ҳамфикр ва ҳамқадам бўлиб “Бирдамлик”ҳаракатининг фаолиятига қўшилинг, биз билан диктаторни еқитиш ва халқ хокимиятини ўрнатишда бирга бўлинг!

Каримов диктатурасини қулатиш учун нима қилиш керак?

Каримов ва унинг тўдаси на дунёдаги кучли давлатлардан, на сиёсий ва на диний ташкилотлардан қўрқади. Диктатор ва унинг тўдасини бирдан бир қўрқўви ўзбек миллати, Ўзбекистон халқидир. Ватандошларимизнинг оз бўлсада сиёсий фаоллигини ошиши ортидан – юз минглаб кишиларнинг нозўравонлик йўли билан тинч намойишларга чиқиб, Каримов истеъфосини талаб қилишидир. Бир вақтнинг ўзида барча вилоят ва туманларда нозўравон йўл билан режимга қарши норозилик намойишлари ташкил қилинса, албатта бу ноинсоний тузумга барҳам бериш мумкин. Ундан кейин юртдошларимиз орзу қилган, истаган халқпарвар ҳукуматни давлат тепасига келишига имконият пайдо бўлади. “Бирдамлик”ҳаракатининг асосий мақсади кучли ташвиқот ва тарғибот ишларини йўлга қўйиб,ўз аъзолари сонини юз минглаб кишилардан ошириш, ҳамда бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон бўйлаб барча кўчаларга,майдонларга,ҳокимият бинолари олдига фақат диктатор Каримов истеъфосини талаб қилиб чиқишдир. Бу оз сонли кишиларнинг қўлидан келадиган иш эмас. Бу минглаб, юз минглаб, миллионлаб фуқароларни бир вақтда, бир “Диктатор Каримов – истеъфога кет!” шиори билан, бир йўналишда амалга ошириш зарур фаолиятдир. Ўзбекистонда зўравонликсиз, қон тўкилмасдан, анархия, тўс-тўполонларга йўл қўймасдан Каримов режимини ағдариб ташлаш учун, биз жойларда ўқув гуруҳлари, курсларини ташкил қиламиз. Бу гуруҳлар, курсларда нозўравон кураш амалиёти, хавфсиз алоқа воситалари,янги информацион технологиядан унумли фойдаланиш, намойишлар пайтида қилинадиган ишлар,тартиб –интизом,ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳиссиётларга эрк бермаслик каби масалалар муҳокама қилинади. Сиёсий акциялар пайтида ҳеч нарсага чалғимаслик, асосий зарбани ҳукумат амалдорлари,хафсизлик кучлари ёки ҳуқуқ тартибот ходимларига эмас,балким фақат бир нуқтага – президент Каримов истеъфосига қаратиш муҳимдир. Бирор нуқтада адашиш, саросимага тушиш,эътиборни бошқа нарсага қаратиш кучларни бўлинишига, парокандаликка олиб келишини ҳамиша ёдда сақламоқ лозим. Сиз ва биз эртага халқимизни ортимиздан эргаштириб кўчаларга, майдонларга чиқамиз. Озгина хатолик инсонлар умрига зомин бўлиши мумкин. Ҳар бир инсоннинг ҳаётини хавф остига қўймасдан, имкон қадар инсонларнинг бир томчи қони тўкилмасдан, ОҚ рангли, пахта инқилобини қилиш ҳаммамизнинг бурчимиздир. Бу эзгу мақсадларга эришиш учун Сиз билан биз бугундан бошлаб замин тайёрлашимиз,ёрқин келажак сари шаҳдам қадамлар ташлаб, сиёсий фаолиятимизни давом эттиришимиз керак. Сиёсий фаолият учун эса биз Сизга тавсия этаётган Қўлланма (биринчи), Қўлланма (иккинчи) ларни диққат билан ўқишингиз, Харакатимиз Дастури ва Низоми билан яқиндан танишиб чиқишингиз ва сафимизга кирсангиз, улардаги талабларга тўлиқ амал қилишингиз керак. Келажакда “Бирдамлик” Халқ Демократик Харакат негизида ташкил этиладиган «Бирдамлик» Либерал Иқтисод Партиясига аъзо бўлиб киришингиз ва фаолият кўрсатишингиз мумкин. “Бирдамлик” олиб бораётган нoзўравон фуқаровий кураш амалиётига қўшилинг, Ватанимиз, Миллатимиз тақдири Сиз ва бизнинг фаоллигимизга боғлиқ!

Сиёсий ҳаракатдан асосий мухолиф партияга!

“Бирдамлик” Либерал Иқтисод партияси (БЛИП) логоси
Бирдамлик Либерал Иқтисод Партияси

“Бирдамлик” Халқ Демократик Харакатига аъзо бўлиб кирганлар ўз истакларига кўра янги ташкил этиладиган «Бирдамлик» Либерал Иқтисод Партияси (БЛИП)га қўшиладилар. Чунки,келажакда асосий мухолиф партия бўлиб қоладиган БЛИП асосан “Бирдамлик”ҳаракатидан ўсиб чиқади. “Фуқаролар ўз ижтимоий фаолликларини Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ митинглар,йиғилишлар ва намойишлар шаклида амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳокимият органлари фақат хавфсизлик нуқтаи назаридангина бундай тадбирлар ўтказилишини тўхтатиш ёки тақиқлаш ҳуқуқига эга”. (33-модда). БЛИП келажакда Ўзбекистон Парламенти сайловларида тўлиқ қатнаша оладиган, ҳамда ушбу дастурлар, ғоялар, шахслар мусобақасида ғолиб бўла оладиган сиёсий партия бўлишига ишонамиз. Шу партия орқали илм ва салоҳиятли ёшлар, албатта президентлик ва парламент сайловларида сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга бўладилар. Фақат БЛИП гина мамлакатимизни кучли демократик,ривожланган, иқтисодий барқарор давлатлар сафига олиб чиқа олади. Келажакда БЛИП ташаббуси билан мамлакатимиздаги барча ерлар хусусийлаштирилиб,деҳқон ва фермерларга эркин фаолият кўрсатишлари учун катта имкониятлар яратилади. Пахта ва ғалла ўсимликларига нисбатан қўйилган давлат буюртмаси ва назорати олиб ташланади. Туркистон худудидаги Қозоқистон, Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон давлатлари билан чегаралар очилиб, фуқароларни эркин сафар қилишлари, савдо- сотиқ, илм, техника, маориф ва маданият борасидаги азалий алоқалари тикланади. “Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли. Банкка қўйилган омонатлар сир тутилиши ва мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланади”.(36-модда). Келажакда қиладиган барча эзгу ишларимиз халқимиз ҳаётининг фаровонлиги, биринчи навбатда бўлажак партия аъзоларининг иқтисодий жиҳатдан тўкин яшашига қаратилади. БЛИП партияга аъзо фаолларнинг иқтисодий томондан оёққа туриб олиши учун сармоялар ажратади. Аъзоларнинг иқтисодий билимлари ва ташаббускорликларини ўстириш мақсадида, бепул ўқув курслари ташкил этади. Ушбу курсларни яхши битириб чиққан фаолларимиз, олган иқтисод, тадбиркорлик ва бошқарув ҳақидаги билимлари, партиянинг қўллови остида, уларнинг сиёсий ўсишлари (каръералари) учун хизмат қилади. Ҳамда ўзлари учун янги завод ва фабрикалар қўришга, ёки бошқа бир ширкат очишга имкониятлари даражасида ҳаракат қиладилар. БЛИП ёрдами “янги ўзбеклар”номини олган аъзоларимиз дунё бўйлаб замонга мос турли туман маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва сотиш каби иқтисодий ва тижорат ишларини йўлга қўядилар. Улар шу билан бирга ўзларини бойишларига,партиямизни кучайишига,ҳамда Ватанимиз –Ўзбекистонни янада равнақ топишига ҳисса қўшадилар. Бундай фаолиятдан ҳеч биримиз зён кўрмаймиз,аксинча халқимиз,бутун жамоатчилик катта фойда кўради. Бу режаларимиз Ўзбекистонда Каримов диктатураси қулаши ортидан амалга ошириладиган ишлардир.

Мулкдорликка асосланган давлат барпо этиш!

“Бирдамлик” Халқ Демократик Харакати ўн йил давомида элдошларимизга яратиладиган демократик давлат ва жамиятнинг cуяк-склет тизими оммавий мулкдорлик эканини тушинтириб ва тарғиб этиб келмоқда. Биз ватанимиз Ўзбекистонда тинч нозўравон кураш олиб бориш натижасида хукумат тепасига келиб, вақтли хукуматни тузар эканмиз, аввалом бор, давлат қурилишида таянаётган ғоя, мафкура ва йўналишимизни ҳалқимизга тез ва тушинарли қилиб етказишимиз керак. Биз халқимиз, ўлкамиз ривожига қаратилган улкан лойиҳамизни танлаши, қўллаши асосида, келажакда, мавжуд зўравонлик, порахўрлик, адолатсизлик амалиётига таянган Каримовнинг диктаторлик режимини ўрнига оммавий мулкдорликка асосланган давлат қурамиз. Чунки фақат мулкдоргина мустақил, ўз ҳаёт йўлини ўзи белгиловчи, мустахкам оила қурувчи етук шахс бўлишини тараққий этган АҚШ, Канада, Германия, Франция, Англия, Италия, Испания, Япония, Шведция, Шведцария, Жанубий Корея ва бошқа қатор мамлакатларда кўриб турибмиз. Бу ҳамма бирданига задогон, бой бўлиб қолади деган гап эмас, лекин ҳар бир оддий ишчи, деҳқон, фермер, хизматчи ўз пулига, уй-жойига, машинасига эга бўлишини барпо этиладиган мулкдорликка асосланган давлатдаги шароит таъминлайди. Юқорида номлари келтирилган давлатларга ўхшаш. Фуқароларнинг мулкдорлигига асосланган давлати – бу очиқ жамият, сўз ва матбуот эркинлиги, инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинишига асосланган, адолатли, ҳақиқий, демократик давлат бўлиб, мамлакатимизда эркин ва либерал иқтисодни йўлга қўйиш билан чамбарчас боғлиқдир. Асосий ислоҳатлардан бири, Ўзбекистондаги барча ерларни халқимизга бепул хусусийлаштириб берилишидир. Ер эгаларига, ўз ерларини сотиш, совға қилиш, ижарага бериши, қўшма корхоналар очиши, завод, фабрикалар қуриш ва умуман қонунда тақиқланмаган барча амалиётни бажариш мумкинлик ҳуқуқи берилади. Бу эса жуда кўп ватандошларимизни мулкдор бўлишлари ва мустақил хўжалик юритишларига асос бўлади. Кичик ва ўрта тадбиркорликни қўллаш тизим сифатида амалга ошрилади. Уларга турли енгилликлар туғдирилади. Пахтага, ғаллага, шолига, пиллага кўп йиллар давомида бериб келинган давлат буютмаси бекор қилинади. Ерлар фуқароларга хусусийлаштирилиб берилгач, давлат иқтисод ва тадбирколик ишларига умуман аралашмайди. Ўзбекистонда порахўрликка йўл бермаслик учун, жуда кам солиқ ставкалари жорий этилади. Мамлакатимизда янги пул бирлиги  “ Турон ”  муомалага киритилади ва бу пул дунёнинг барча мамлакатларида бемолол юришини давлат таъминлайди. Ўлкамиз атрофидаги чегаралар очилади, дарвозалар кўтарилади. Ўзбекистонда янги тадбиркорлар, янги ўзбеклар оқими вужудга келади. Россия ва бошқа давлатларда юрган меҳнат мухожирлари “Бирдамлик” сафларида бўлсалар, тадбиркорликни амалга оширишлари, ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун имкониятлари катта бўлиши тушинарлидир. Улардан тутли-туман ширкатлар, катта заводлар, фабрикалар эгалари ва бошқарувчиларининг чиқиши табиий ҳол бўлади. Барча меҳнат муҳожирлари уйларига, ватанлари Ўзбекистонга қайитишларига ва ҳаммаларини иш топишларига имконият яратилади. Уларга турли туман ёрдам кўрсатиш жамғармалари тузилади ва дастурлари амалга оширилади. Келажакда Ўзбекистон фақат юқори малакали мутаҳассисларни катта маошлар эвазига четга чиқаради. Биз режалаштирган фуқароларнинг оммавий мулкдорлигига таянган давлат, уларни ҳимоя этади ва ўсишини ҳар бир соҳанинг етук мутахассиси, у ёки бу касб соҳиби бўлиб етишишига имкониятлар яратади. Ўзбек миллатининг, умуман республикамиз аҳлини ижтимоий, иқтисодий мухофазаси, уй- жой таъминоти, билим олиш, техникавий, тадбиркорлик, тиббиёт ва бошқарув мутахассисликларини эгаллаш ва ўз малакаларини доимий ошириб бориш имкониятини мулкдорлик заминига қурилган давлатдаги шароит таъминлайди. Ўзбекистонни сиёсий жиҳатдан тез ва талофатларсиз ислоҳи ва ривожини таъминлашда, демократияни амалда жорий бўлишида, шу шакиллантиришимиз зарур бўлган мулкдорликка таянадиган давлатни ўрни ва рўли ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Худди шу жамиятимиздаги амалий реаллик ўлкамиз фуқароларини озодлиги, фаровонлиги учун хизмат этади. “Бирдамлик” Халқ Демократик Харакати Дастурида ёзилгандек: “Азиз ватандошлар, тадбиркорлар ва хунармандлар, деҳқонлар ва фермерлар, ишчилар ва ишсизлар, давлат амалдорлари ва ходимлари! Қўрқувни, лоқайдликни, ёлғонга ишонишни улоқтиринг ва ўз фуқоровий бурчингизни ёдга олинг! Ҳалқ дарди “Бирдамлик” дарди, шу боис бизга ҳамдард бўлинг! Бизнинг сафларга қўшилинг, нозўравон, фуқоровий бўйсинмаслик кураши билан диктатурани ағдариш ва демократияни барпо этиш сингари, улуғ тарихий амалиётга ўз хиссангизни қўшинг! Озод, фаровон инсон, оила ва ҳалқ бўлишимиз, ҳар биримизнинг қўлимизда!” Муҳтарам юртдошлар, Сиз ушбу Қўлланма (биринчи) ни ўқиб чиқиб, келажакка йўлланма олгансиз деган умиддамиз! Энди Сиз ўз сиёсий фаолиятингизни фаоллаштириш учун Қўлланма (иккинчи) ни ўқиб чиқсангиз, фуқаровий нозўравон кураш услубларини бевосита амалга ошириш ҳақида маълумотлар оласиз. Ўқинг, ўрганинг ва биз билан бирга жафокаш Ўзбекистонда эркин, фаровон, адолатли ҳаёт яратишга ўз хиссангизни қўшинг! Ҳамкорликка ишонч ва умид билан, Сизга ҳурмат ила
“БИРДАМЛИК” ҲАЛҚ ДЕМОКРАТИК ҲАРАКАТИ

Мурожаат учун манзиллар:

 

birdamlik@gmail.com

birdamlikusa@yahoo.com

“Бирдамлик”нинг интернетдаги хос саҳифаси –

WWW.birdamlik.info

WWW.facebook.com

Birdamlik Harakati

WWW.twitter.com

@Birdamlik

http://www.odnoklassniki.ru/birdamlik

«Бирдамлик»нинг Бош қароргоҳи манзили

Birdamlik Movement

1813 Peach st., Saint Peters, MO 63376, USA

http://birdamlik.info/%d2%9b%d1%9e%d0%bb%d0%bb%d0%b0%d0%bd%d0%bc%d0%b0-i/

Read also:

Бобомурод Абдуллаевни Салай Мадаминов сотди!
«Мен шерлар қўшинидан қўрқмайман, агар бу қўшинни қўй бошқараётган бўлса, мен шер бошчилигидаги қўшиндан қўрқаман, агар бу қўшин ҳатто қўйлардан ташкил топган бўлса ҳам!» Искандар [...]
Баҳодир Чориев: «Мирзиёевни Ўзбекистон элитаси бошқармоқда»
август 28, 2017 Сарвар Усмон/Озодлик Баҳодир Чориев – Бирдамлик халқ демократик ҳаракати лидери Ўртоқлашинг Шарҳларни кўринг Принт қилиш Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Brand Investment Group [...]
ГУЛНОРА КАРИМОВА СИЁСИЙ ӮЙИН ҚУРБОНИ
 «Бирдамлик» Халқ-демократик ҳаракатининг раҳбари Баҳодир Хон Туркистон билан суҳбат.  — Ҳурматли Баҳодир Хон Туркистон, рости, Сизнинг сиёсий қарашларингиз кӯпчилик сиёсатчиларнинг қарашларидан тамомила фарқ қилади. Қандайдир [...]
2015 ЙИЛ ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИМИЗ
БАҲОДИР ЧОРИЕВ 2015 ЙИЛ ПРЕЗИДЕНТЛИК САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИ
Қўлланма-I
Ҳалқ хокимияти, инсон ҳуқуқлари заминидаги, озод ва фаровон Ўзбекистон учун! Қўлланма (биринчи) “Бирдамлик”Ҳалқ Демократик Ҳаракати Фуқаровий фаоллик учун амалий қўлланма АҚШ “Бирдамлик” нашри 2010 йил [...]
Қўлланма-||
  Халқ хокимияти, инсон ҳуқуқлари заминидаги, озод ва фаровон Ўзбекистон учун!   Қўлланма (иккинчи) “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати ФУҚАРОВИЙ ФАОЛЛИК УЧУН АМАЛИЙ ҚЎЛЛАНМА   АҚШ [...]