20.01.2015

Қўлланма-||

 

Халқ хокимияти, инсон ҳуқуқлари заминидаги, озод ва фаровон Ўзбекистон учун!

 Birdamlik9

Қўлланма (иккинчи)

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати

ФУҚАРОВИЙ ФАОЛЛИК УЧУН АМАЛИЙ ҚЎЛЛАНМА

 

АҚШ

“Бирдамлик” нашри

2013 йил

Азиз Ватандошлар!

Қўлингизда биз, “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати раҳбарлари, фаоллари томонидан тайёрланган қўлланма иккинчини тутиб турибсиз. Бу иккинчи қўлланма Ҳаракатимизнинг навбатдаги тинч, нозўравон, фуқаровий бўйсинмаслик кураши орқали диктаторни ағдаришга ва Ўзбекистонда халқ ҳокимияти, инсон ҳуқуқлари заминига таянган, озод ва фаровон жамият, давлат барпо этишга чақириғидир.

Бу амалий қўлланма зулм, порахўрлик, ҳуқуқсизлик, ишсизликдан безор бўлган ҳар бир диёримиз аҳлини, фуқаровий нозўравон бўйсинмаслик инқилобига чорловимиздир! Сиз унутманг, ҳар куни ҳақ-ҳуқуқингиз, манфаатингиз маҳаллий тўралардан бошлаб, Тошкентда, Оқсаройда ўтирган диктатор ва унинг амалдорлари томонидан топталмоқда.

ХХI – асрда яшаяпсиз! Лекин ҳаёт тарзингиз илгарига эмас, ортга қараб кетаяпти. Туриш-турмушингиз ўтган асрнинг 20-йилларини ёдга солади.

Қашшоқлик, ҳуқуқсизлик, зўравонлик, ижтимоий муҳофазани йўқлиги бўйнингизни бўғмоқда. Болаларингиз пилик ёғининг ёруғида дарс қилишга мажбур.

Аёлингиз қиш совуғида қотмаслик учун мол тезагидан таппи ясаш ва уни ёқишга маҳкум. Деҳқон дегани, йил ўн икки ой даласида тер тўкади, лекин қўли пул кўрмайди. Шу сабаб ҳам қозонингизда ҳафталаб гўшт қайнамайди.

Ўқитувчиси, талаба-ю ўқувчиси, шифокори, ёшу қариси зўравонлик, адолатсизлик орқали, мажбуран пахтакор-қулларга айлантирилган халқмиз.

Ким Ўзбекистонни Зулмистонга, бизни қашшоқликка маҳкум қилиб, пахта ва зулм қулига айлантириб қўйди? Шубҳасиз, бу диктатор Ислом Каримов ва унинг ноинсоний бошқаруви. Диктатор мамлакатимиз асосий қонуни -Конституцияга амал қилганда, яъни тўғри сиёсат олиб борганида нонингиз ҳеч қачон яримта бўлмас эди.

Диктатор фақат мислсиз бойишни, ўз оиласининг ҳузурини, ўз амалининг умрибоқийлигини эмас,балки халқни ўйлаганида эди, халқ бу қадар азият чекмаган, қашшоқлик, ҳуқуқсизлик, зўравонлик, порахўрлик ботқоғига ботмага бўлур эди.

Бошимиз узра кўланка солиб турган қаро булутдан – диктаторлик режимидан, шундайин зулмкор кучдан қутилиш мумкинми? Мумкин! Қўлингиздаги иккинчи қўлланма айнан ана шу толеингиз осмонини қуршаб олган, қаро булутларни қувиш, бахт қуёшингизнинг қайта кулишига кафил бўлгувчи мисоли бир калитдир.

Муҳтарам ўқувчи! Сиз “Бирдамлик” тайёрланган фуқаровий фаоллик учун амалий биринчи қўлланма билан танишсиз. Ушбу навбатдаги иккинчи қўлланма сизнинг диққатингизни нозўравон фуқаровий кураш жабҳалари, усулларини ҳаётга тадбиқ қилиш амалиётига қаратади.

“Нозўроавон фуқаровий кураш” – нима бу? Аминмизки, “нозўравон” сўзининг маъносини тушунмайдиган одамнинг ўзи йўқ орамизда. Бу куч, қурол ишлатмасдан, янаям соддароқ қилиб айтганда, жангарилик, зўравонлик қилмасдан адолат тантанаси учун тинч фуқаровий бўйсинмаслик йўллари, услублари билан курашмоқлик демакдир.

Азиз юртдошлар! Энг аввало биз сиздан ушбу иккинчи қўлланмани шунчаки ўқишни эмас, уқишни, англашни, тушунишни илтимос қиламиз. Яна бир муҳим жабҳа, адолатсизликка қарши курашга бел боғлар экансиз қўрқманг, чўчиманг, иккиланманг. Шунга ишончингиз комил бўлсинки, чор-атрофингизни метин қўрғондек қуршаб олган диктаторнинг ҳақсизлик халқасини ёриб ўтиш, сиз ўйлаганчалик мушкул, мураккаб иш эмас.

Ишонмайсизми? Диктаторнинг кўзимизга қудратли бўлиб кўринган диктаторлик режимини енгишимиз учун жипслик, бирдамлик, оммавий буйсунмаслик, нозўравон кураш усулларигина керак, холос.

Қўлингиздаги иккинчи қўлланманинг мазмун-моҳиятига эътибор қилсангиз, халқимизни қийнаётган муаммоларни аксарият кишилар ўйлагандан-да анча тез, ҳаттоки жадал ва кам талофат кўриш эвазига, бартараф этиш мумкинлигига, амин бўласиз.

Келинг, “Бирдамлик” сафига қўшилинг, бир ёқадан бош чиқариб, диктаторни ағдарайлик, барчамиз ҳамжиҳатликда Ўзбекистонда демократияни тиклайлик, озод, фаровон ва адолатли жамият, давлат барпо қилайлик.

ФАОЛЛИКНИНГ ҲАЁТИЙ ЗАРУРЛИГИ

Нозўравон фуқаровий бўйсинмаслик кураши ўз инсоний бурчини англаш, фуқаролик масъулиятини ҳис этиш ва сиёсий фaол ҳаракат қила билишдан бошланади.

Ўз инсоний ва фуқаролик бурчни англаш, бу – ўзбек миллатини, Ўзбекистон аҳлини ҳуқуқсизлик, ишсизлик, қашшоқлик ва саводсизлик занжиридан озод этишда сиёсий фаоллик кўрсатишдир.

Миллионлаб Ҳиндистон халқини ўз ортидан эргаштира олган ва мамлакатини Англия мустамлакичиларидан озод этишдек улуғ ишни амалга оширишга бош бўлган, Махатма Ганди: “Нозўравонлик – дунёда мавжуд бўлган ижтимоий ёвузликка қарши сиёсий кураш шаклидир”, деган эди.

Амалдаги ҳукумат томонидан онгли равишда Ўзбекистондек жаннатмакон диёрни Зулмистонга айлантирилишининг кечириб бўлмас фожиа эканлигини, ҳалқимизнинг ер усти ва ер ости бойликларини талон-тарож қилиниши, аҳолининг асосий қисмини ташкил этувчи камбағалларга, ишсизларга, кўп фарзандли оилаларга, ногиронларга етарли ижтимоий ёрдам кўрсатмаслик оғир жиноят эканлигини омма онгига сингдириб бориш муҳим сиёсий фаолликдир.

Нозўравон кураш стратеги Джин Шарп “Диктатурадан Демократияга” номли китобида, куч ишлатилмайдиган ҳаракатлар, фаоллик услублари, жабҳаларидан бир юз тўқсон саккизтасини (198) кўрсатиб ўтган ва амалда улар бундан ҳам кўп эканлигини таъкидлаган.

Бу тинч фуқаровий кураш фаоллигининг турларига: оддий шикоят хатлари, баёнотлар, аризалар, амалдорлар ва диктаторни сатирик расмларини тарқатиш, танқидий нутқлар қилиш, иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий талаблар билан чиқиш, маълум маҳсулотни сотиб олмаслик, маълум либос кийиб юриш, йўлни тўсиб қўйиш, иш жойини тарк этмаслик, иш ташлаш, хабарнома чиқариш, рўзнома чоп этиш, диктатор ва унинг хукумати буйруқларига бўйсинмаслик, митинглар, намойишлар ўтказиш, маълум амалдорни, диктаторни истеъфосини талаб этиш каби, куч ишлатилмайдиган кўплаб ҳаракатлар киради.

Сиз қай бир касб эгасисиз?

Ўқитувчими? Шикоформи?

Ҳар куни меҳнат ҳуқуқингиз ҳар қадамда топталадими, йўқми?

Шубҳасиз, топталади. Шундайми?

Сизчи? Сиз нима қиласиз?

Паймол бўлган ҳуқуқингиз, оёқ ости бўлган шаънингизни тиклаш учун курашасизми?

Йўқ. Умидсизлик билан қўл силтаб қўя қоласиз. Тонманг.

Меҳнат ҳуқуқингизни ер билан яксон қилаётган, сизни синф хонасидан, жарроҳлик столи ёнидан деҳқоннинг даласига ҳайдаётган, пахтакор-қулга айлантираётган амалдорнинг устидан лоақал бир энлик шикоят ёзганмисиз?

Мана, юқорида нозўравон курашнинг устозларидан Джин Шарп “оддий шикоят хатлари, баёнотлар, аризалар” ёзишни ҳам тинч фуқаровий кураш турлари сифатида санаб ўтганди, эсингиздадир?

Нима, халқни эмас, нуқул ўз ҳамёнини қаппайтириш илинжида элни эзаётган ҳоким-тўранинг сатирик расмини тарқатиш ҳам қўлингиздан келмайдими?

Тасаввур қилинг: сиз қўлингизда супирги, чиқиндиларни ҳокандозга олаяпсиз. Супиргингиз эса таракан “танали” ҳоким жанобларининг сур бети акс этган калласини “нишонга” олган, супиришга чоғлангансиз, чиқинди челакка ташлашга шайсиз.

Мана шу оддийгина сўзсиз ҳаракатингиздан ўша тўранинг зулмидан жабр кўрган кишилар қанчалар ҳузур олишини, сиёсий онги шаклланишини, дунёқараши ўзгаришини биласизми?

Ўзи, аслида-ку, меҳнат ҳақингизга берилаётган 300-400 минг сўм мояна тишингизнинг ковагига урвоқ бўлмаслигини ҳам биласиз. Шундай бўлса-да, гарчи корхонангизда ҳар куни раҳбарнинг ҳақсизлигига юз бор рўпару бўлсангиз-да, ҳаммасига қўл силтаб, иш ташлаб кета олмайсиз? Нега?

Ахир давлат сизни боқмаётганлигини, аксинча, давлатни сиз боқаётганлигингизни, сиз давлат бошлиғига сайловда «овоз бериб» уни асосий қонун – Конституция доирасида ҳокимият бошқаришга ваколат берганингизни қачон тушуниб етасиз?! Сиз эмас, президент сиздан қарздор эканини қачон англайсиз?

Азиз юртдошим! Сиз-ку, жамиятни, давлатни ҳаракатга келтирувчи қудратли куч! Буни қачон англаб етасиз, қачон мағзини чақасиз?!

Табиий газ йўқ , тезак ёқасиз. Электр чироғи йўқ, шам ёруғида кун кўрасиз.

Ўзбекистоннинг электр энергиясидан тортиб, табиий гази, уранига қадар, олтини-ю пахтасигача ўзга юртга валютага пулланаётганлигидан хабарингиз йўқми? Бор.

Шундай экан, нега ер бўлган қадрингизни кўтарай демайсиз, тўртта бош бирикиб, бир бўлиб кўчага – намойишга отланмайсиз, нима учун ҳукуматдан ўз мулкингизни – газу светингизни, тоза ичимлик сувингизни, ижтимоий муҳофазангизни талаб қилмайсиз?

Уй-жойларнинг коммунал тўловлари, солиқлар, нарх-наво кун сайин самога сапчимоқда. Олаётган маошингиз ўша тўла-тўлаларга зўрға етади, етмай ҳам қолади.

Лекин негадир оғзингизга талқон солгансиз! Лоақал бир бор “ойлик маошларимиз меҳнатимизга яраша берилсин!” демайсиз, баёнот бермайсиз? Нега?

Нима учун нозўравон, тинч фуқаровий кураш фаоллигига киришмайсиз, нечун ҳаққингизни талаб қилмайсиз?

Зотан шикоят-аризалар ёзиш, баёнотлар тарқатиш, ҳуқуқингизни талаб қилиш, норозилик намойишлари ўтказиш, кўча юришлари, митинглар уюштириш кабилар Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам ман этилмаган, қонунан рухсат берилган-ку? Шундай экан сизни бунчалар чўчитган нарса нима? Ички қўрқувми? Ишончсизликми?

У ҳолдда якка ҳолатда, дона-дона бўлиб эмас, ўзаро ҳамжиҳатлик билан минглаб, миллионлаб кишилар билан биргаликда, баҳамжиҳат тинч фуқаровий курашга киришинг.

Бирлашинг, бир ёқадан бош чиқаринг. Бекорга аждодларимиз “Айрилганни айиқ ер, бўлинганни бўри ер” дейишмаган. Ҳукумат тепасидаги қашқирлар галасига ем, емиш бўлмаслигингиз учун ҳам бирлашмасангиз, қўлни-қўлга бермасангиз бўлмади.

Муҳтарам ватандошлар! Ишонинг, фаоллигимиз ва бирдамлигимизнинг самарали бўлиши сиз ва бизнинг Ҳаракатимиз сафида хамжиҳат бўлишимизга боғлиқ. Диктатурани тарих ахлатхонасига улоқтириш ва Ўзбекистонни ҳур, адолатли ва фаровон ўлкага айлантириш, сиз ва бизнинг нозўравон фуқаровий кураш борасидаги фаоллигимизга боғлиқ!

УЮШҚОҚЛИК

Уюшқоқлик – фуқароларни биргаликда, у ёки бу уюшмада, ташкилотда маълум ғоя, мақсад, назария, мафкурани ҳаётга тадбиқ этиш йўлидаги сиёсий, ташкилий ва амалий фаолият кўрсатишидир.

Уюшқоқлик маълум ташкилот, уюшмалар – ҳаракатлар, партиялар, касаба иттифоқлари, қизиқиш бўйича бирикмалар фаолияти билан узвий боғлиқ.

Инсониятнинг ҳозирги тараққиёт босқичида давлат, жамият, миллат, инсон ҳаётини турли-туман, катта, ўрта хажм, кичик уюшмаларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Чунки фуқаролар шу уюшмаларга аъзо ёки хайрхоҳ бўлиб, ўзларининг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий ва маданий манфаатлари учун кураш олиб борадилар. Уюшмалар, ўз фаолиятларининг моҳиятига кўра сиёсий ва носиёсий ташкилотларга бўлинади.

“Бирдамлик” аъзолари, фаоллари ва раҳбарлари Каримовнинг махсус куч ишлатар хизматларининг доимий таъқиби, қатағонларига дош берувчи уюшқоқликни намойиш этиб келмоқда.

Ҳаракатимизнинг бош мақсади диктаторлик тузумини ағдариш ва диёримизда демократияни тиклаш, инсон ҳуқуқлари кафолатланган, фаровонлик, ҳурриятга асосланган жамият, давлат барпо этиш. Бу эса, Ҳаракатимиз аъзолари, фаоллари ва раҳбарларидан сиёсий, ташкилий ва маънавий уюшқоқликни янада такомиллаштиришни талаб этади.

Ҳамюртларимиз учун мушкул бўлган бугунги шароитда “Бирдамлик” аъзолари, фаоллари ва раҳбарлари ўртасидаги алоқа узвий боғлиқлик даражасига кўтарилиши керак.

Жонажон диёримизнинг туман, посёлка, шаҳар, вилоят марказларида, республикамиз пойтахти Тошкентда мавжуд Ҳаракатимиз бўлимлари Умумҳаракат маркази билан доимий алоқани мустаҳкамлаши зарур.

Сиёсий партиялар, ҳаракатларнинг реал кучи уларнинг уюшқоқлик даражасига кўп жиҳатдан боғлиқ. Уюшқоқлик даражасини белгиланган вақтда тезкорлик билан жамулжам бўла олиш, маълум тадбир, анжуман ўтказишни тезкор ташкил қила билиш ва муаммосиз тарқалишнинг уддасидан чиқиш каби ҳаракатлар белгилаб беради. Булар уюшқоқликнинг дастлабки белгилари, ҳамжиҳатликнинг илк даражаси, дастлабки омиллари, холос. Лекин шунинг ўзи билангина масала ҳал бўлмайди. Сиёсий уюшқоқлик ёки уюшқоқликнинг сиёсий жабҳаси амалга оширалиётган тадбирларнинг бош моҳияти ва йўналишини белгилаб беради.

Масалан, “Бирдамлик” эълон қилган Оқ рангли нозўравон Инқилобни олайлик. Биринчи босқичининг сиёсий мазмуни, юртдошларимизни нозўравон фуқаровий кураш ғоялари, мақсадлари билан тўлиқроқ таништириш ва аҳоли қалбидаги қўрқув, лоқайдлик каби ҳисларга барҳам беришга кўмаклашиш, оммани ёлғонларга ишониб, алданиб қолмасликка ундаш, деярли чорак аср, аҳволлари фақат ёмонлашганини тушунтириш ва фуқароларни инқилобий жараёнларга тортишдан иборат эди. Бу эса Оқ рангли нозўравон Инқилобнинг иккинчи босқичини бошлаш учун замин ҳозирлаш демакдир.

Ташкилий уюшқоқлик, ёки уюшқоқликнинг ташкилий жабҳаси, амалга оширилаётган тадбирларни ўз вақтида, етарли даражада кучларни сафарбар этиб тадбир, фаолликни олдига қўйилган тактик ёки стратегик вазифаларни тўлиқ бажаришга айтилади.

Бунга мисол тариқасида, “Бирдамлик”нинг 2013 йил 1–10 сентябрь кунлари амалга оширган “Ош” – “Инқилобий босқичлар!” тадбирини ўтказилиши ва тадбир доирасида “Оқ либос!” расмлар танловининг кенг кўламда ташкил этилиши, танлов ғолибларини рағбатлантириш мақсадида катта миқдордаги пул мукофотлари билан тақдирлаш тақдимотини келтириш мумкин.

Маънавий уюшқоқлик, ёки уюшқоқликнинг маънавий жабҳаси, амалга оширалаётган тадбир, компанияларни тайёрлаш, амалга ошириш ва ижобий натижалар (ғалаба) билан якунлаш жараёнида нозўравон фуқаровий кураш иштирокчиларида намоён бўлган аҳлоқий, иродавий ва маданий устунликка айтилади. Табиийки, тинч нозўравон фуқаровий кураш тарафдорларига диктаторнинг миршаблари (ИИВ қўшинлари), махсус кучлари (Миллий Хавфсизлик Хизмати), Ҳарбий кучлари (Мудофаа Вазирлиги) ва Президент Қўриқчилари (Махсус Хизмат) тиш-тирноқлари билан қарши туриши ҳаммага маълум.

Куч ишлатар тизимлари томонидан ўтказилаётган мисли кўрилмаган даражадаги катта босим шароитида нозўравон фуқаровий кураш қатнишчилари учун сиёсий, ташкилий уюшқоқлик билан бир қаторда инсонпарварлик, аҳлоқ, метин ирода ва юксак маданият, ҳуқуқий ва сиёсий савия – саводхонлик, яъни маънавий устиворлик ҳам ниҳоятда зарур.

Ҳурматли ўқувчи!

Сизни “Бирдамлик”нинг интернетдаги WWW.birdamlik.info сайтига таклиф этамиз.

Марҳамат, сайтимиз саҳифасига саёҳат қилинг, Ҳаракатмиз Дастури, Низоми билан яқиндан танишинг, турли мавзудаги мақолалар, кутубхонамиздаги нозўравон кураш муаммоларига бағишланган китоблардан баҳраманд бўлинг ва “Диктаторнинг йиқитилиши” фильмини томоша қилинг.

Шунингдек, Фейсбукдаги, Одноклассникидаги, Твиттердаги, Вконтактидаги саҳифаларимизга ташриф буюринг ва биз билан боғланинг.

Сиз билан мулқот бизни беҳад мамнун қилган бўларди.

WWW.facebook.com Birdamlik Harakati

WWW.twitter.com @Birdamlik

http://www.odnoklassniki.ru/birdamlik

https://vk.com/birdamlik

Ҳаракатимиз раҳбарияти билан алоқа ўрнатиш истаги туғилган, ўзини қийнаётган саволларга жавоб топишни ҳоҳлаган юртдошларимиз E-mail манзилларимиз орқали бизга бемалол мурожаат қилишлари мумкин:

 

birdamlik@gmail.com

birdamlikusa@yahoo.com

Алоқа учун телефонимиз: +13146002889

Ўзаро алоқаларнинг яхши йўлга қўйилиши уюшқоқлигимиз, ҳамжиҳатлигимиз даражасини ошириш омилидир.

Ўзбекистонни диктатура чангалидан озод этиш, юртимизда инсон ҳуқуқларига таянган, эркин, адолатли, фаровон, халқ хокимиятига асосланган жамият, давлат барпо этиш Сиз ва бизнинг нозўравон фуқаровий кураш борасидаги уюшқоқлигимизга боғлиқ!

ОММАВИЙЛИК

Ота-боболаримиз бекорга “Кўпдан қуён қочиб қутилмас” дейишмаган. Кўпчиликда, оммавийликда гап кўп.

Оммавийлик, фаол аҳолини асосий ёки ҳеч бўлмаса, салмоқли қисмини нозўравон фуқаровий кураш мақсадлари, ғоялари тарафига жалб эта олишдир. Буни “Бирдамлик”нинг Дастури, Низоми, Ўзбекистон Конституцияси ва Умумжаҳон Инсон Ҳуқуқлари Декларациясидаги ғоялар, кўрсатмаларни халқимиз орасида кенг тарғиб этиш, тушинтириш билан амалга ошириш мумкин.

Диктаторлик режимининг демократик мухолифат, дунёвий ва диний ўзгача фикрловчиларга қарши қаратилган беаёв таъқиби, тазйиқига қарамай, Ҳаракатимиз, буни деярли ўн йил давомида амалга ошириб келмоқда.

Аммо бу беаёв таъқиблар, таъзиқлар оқибатида қайта қуриш даври ва Мустақилликнинг илк йиллари Ўзбекистон фуқароларида шаклланган қонун устиворлигига, демократияни бирламчи эканига ишониш синдирилди.

“Бирдамлик”нинг оммавийлик сари қадамлари, ғояларимизга хайрхоҳ юзлаб, минглаб, ўн, юз минглаб, миллионлаб юртдошларимизни сафимизга қўшилиши, ҳамфикр, ҳамнафас бўлиши, Ҳаракатимиз аъзоси, фаоли сифатида биргаликда нозўравон фуқаровий курашида иштирок этиши билан узвий боғлиқ.

2005 йилдаги Андижон воқеаси халқимизнинг “Ёлғиз отнинг чанги чиқмас, чанги чиқсаям донғи чиқмас” деган ибратли иборанинг ҳақиқат эканлигини яна бир бор исботлади.

Аниқроғи, Андижон фожиаси ҳар қандақ вилоят аҳолиси якка ўзи бош кўтаргудек бўлса, диктатор Каримовнинг ўзи ушбу вилоятга бориб намойишларни қонли бостиришга қодир эканлигига яққол далил бўлди.

Бир эмас, бир пайтнинг ўзида олтита, еттита вилоят аҳолиси бош кўтарсачи? У ҳолда нима бўлади? Диктаторнинг якка ўзи нима қилади? Нимаям қила оларди? Олтита, еттита бўлакка бўлинармиди?

Уммондек тўлиб-тошаётган халқ норизолиги, ғазаби тўлқинини тўсиб қолиш учун қудратли қирғоқ вазифасини ўтай олармиди? Халқнинг оммавий нозўравон ҳаракатларини бостиришга қурби етармиди?

Бундай вазият ҳар қандай диктаторни ҳам довдиратиб қўйган бўларди.

Бир эмас, бирваракайига бир неча вилоят аҳолисининг ҳукумат ҳақсизликларига қарши бош кўтаришига эришиш орқали, диктаторни вазиятни англаб, ўнглаб ололмайдиган ҳолатга туширган бўлардик. Диктатор ҳатто ўз куч ишлатар тизимларини ҳам бошқаришга ожизлик қилиб қолган бўларди.

Демак, биз яқин қонли тарихдан сабоқ чиқаришимиз, бир пайтнинг ўзида бир неча вилоятда халқнинг ҳақсизликларга қарши, нозўравон тинч фуқаровий бўйсинмаслик курашига жалб этишга эришишимиз лозим. Акс ҳолда элмизнинг тарқоқлиги диктаторга қўл келаверади, у Андижондаги каби хунрезликга қўл ураверади, халқ қонини тўкаверади.

Оммавийлик, бир ёқадан бош чиқариш нима учун керак бизга?

Энг аввало, диктаторни ағдариш ва ўзимизни, халқимизни, озодликка, фаровонликка ва адолатлиликка олиб чиқиш учун, ҳамжиҳатлик, уюшқоқлик, оммавийлик керак бизга. Замон талаби – ҳамиша оммавий ҳаракат қилиш зарур.

Халқнинг кучи бирдамликда, уюшқоликда. Шуни унутманг.

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистонда ва мамлакат ташқарисида (Ўзбекистонликлар яшайдиган бошқа давлатларда ҳам) фаолият олиб боради. Ҳаракатга кириш ва чиқиш ихтиёрийдир. Ҳаракатнинг ҳар бир аъзоси Ҳаракат Низоми, Дастури ва раҳбарият кўрсатмаларига амал қилиши керак, акс ҳолда ўртада парокандалик, тарқоқлик вужудга келади ва натижада биз кўзлаган мақсад-манзилимизга ета олмаймиз. “Бирдамлик” Ҳаракатида ўзаро ҳурмат, ўзаро ёрдам ва интизом яхши йўлга қўйилган.

Ўзбекистонликлар дунёнинг қайси бир давлатида истиқомат қилишидан қатъий назар Ҳаракатга мустақил равишда аъзо бўладилар, керакли кўрсатмалар билан танишиб чиққач, меъёрий ҳужжатлар ва раҳбарият топшириқлари асосида фаолият олиб борадилар.

Деярли чорак аср давомида эзилиб келаётган халқимизни қон тўкмасдан, қурбонлик бермасдан, тинч ва нозўравон йўллар орқали диктаторлик режимига қарши бош кўтаришини ташкиллаштириш учун, Ҳаракатимиз вилоят, шаҳар ва туманларда ўзининг кўп сонли бўлимларига, аъзоларига эга бўлиши керак. Ҳаракатимиз сафига қўшилишни истаган, диктатурага қарши курашишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган инсонлар қуйидагиларни амалга оширишлари керак:

Имкон топиб ҳаракатимизнинг Веб саҳифаси WWW.birdamlik.info га кириб, унда жойлаштирилган Дастур, Низом, биринчи қўлланма билан танишиш зарур.

Веб саҳифамиздаги китоблар, кутубхона рукнларидан жой олган Джин Шарпнинг “Диктатурадан Демократияга» асарини ва шу каби бошқа китобларни, рисола ва мақолаларни мутаола қилиш фойдадан ҳоли бўлмайди. Веб саҳифадаги “Диктаторнинг ағдарилиши” фильмини томоша қилиш ҳам нозўравон бўйсинмаслик курашини тушуниш учун муҳимдир. Атрофингизга шубҳа уйғотмайдиган, ўзингизга яқин – дўст, ҳамкасб, улфат, дугона, қариндош ва оила аъзоларингизни йиғишингиз, уларни нозўравон фуқаровий кураш мақсад ва ғоялари билан яқиндан таништиришингиз, Ҳаракатимиз фаолияти ҳақида сўзлашингиз муҳим. Қачонки ўзингиз билан бирга, уч (3) киши йиғилсангиз ва “Бирдамлик” сафида фуқаровий нозўравон курашга тайёр бўлсангиз, демак сиз Ҳаракатнинг бошланғич бўғинини (ячейкасини) туздингиз. Агар ўн бир (11) кишини (ўзингиз билан бирга) ортингиздан эргаштиришга эриша олсангиз, демак, сиз Ҳаракатнинг бўлимларидан бирини тузишга тайёрсиз.

Энди сиз бу ҳақда туман, шаҳар, вилоят, республика ёки Умумҳаракат Марказга маълумот беришингиз керак. Ҳаракатимизни қайси юқори поғонаси билан алоқа ўрнатиш, сизнинг танловингизга боғлиқ.

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати яқин келажкда Ўзбекистондаги диктаторлик режимига барҳам беришни, вақтли ҳукумат тузишни режалаган.

Олти ойлик вақтли ҳукуматнинг ўтиш даврида “Бирдамлик” Ҳалқ Демократик “Бирдамлик” Либерал Иқтисод партияси (БЛИП) логосиҲаракатини “Бирдамлик” Либерал Иқтисод партияси (БЛИП)га айлантириш ва давлат рўйхатидан ўтказиш кўзда тутилган. “Бирдамлик” Либерал Иқтисод партияси (БЛИП) халқимизнинг ишончи ва қўллови билан ҳукумат тепасига келади.

“Бирдамлик” Либерал Иқтисод партияси (БЛИП) логоси “Бирдамлик” Либерал Иқтисод партияси (БЛИП) логоси Ҳукумат тепасига келгач биз, сиз билан мамлакат бўйлаб кенг қамровли сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, технологик ва маданий соҳаларда ислоҳатлар ўтказишни жадал суръатларда бошлаб юборамиз. Шу билан бир қаторда “Бирдамлик” Либерал Иқтисод партияси (БЛИП) ўз аъзоларини, фаолларини доимий рағбатлантириб боради, уларни маънавий ва моддий жиҳатдан ҳамиша қўлаб-қувватлайди.

Мана шундай моддий қўлловлардан муҳими “Бирдамлик” Либерал Иқтисод партияси (БЛИП) ҳукуматга келгач Ўзбекистонда янги мулкдорлар синфини яратиш мақсадида ўз фаоллари ва аъзоларига 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида узоқ муддатли, имтиёзли кредит бериш орқали ёрдам кўрсатиш ниятида.

Хўш, мазкур маблағ қайси бир фаолга, аъзога берилади ва молия кредит сифатида қанчадан тақсимланади?

Умумҳаракат маркази, ҳар бир бўлим учун минимал кредит қийматини $10000 АҚШ доллари этиб белгилади. Демак, кредит бериш, биринчилар қатори тузилган, камида ўн бир (11) фаоли бор бўлим (бошлонғич бўғин уч (3) ва ундан ортиқ, атиги 10 фаолни ташкил этган гуруҳлар кўпайиб, ўн бир (11) аъзога эга бўлганларида ҳисобга олинадилар). Бизнинг рўйхатимизга киритилгач, бўлимнинг фаолиятини кенгайиши, аъзоларининг кўпайиши, янги бўғин ва бўлинмаларни тузишдаги ёрдами, ташкилий ишларда қўрсатган жонбозлиги, раҳбарият топшириқларини ўз вақтида тўлиқ бажариб бориши, қўшимча кредит олишга имконият яратади.

Ҳаракатнинг фаол бўлинмаларига бериладиган кредит миқдори ўн минг АҚШ долларидан, бир миллион АҚШ долларигача бўлади. Умуман ҳаракатчан, фаол ва кучли бўлимлар бир миллион АҚШ доллари миқдоригача молиявий кредит олишлари мумкин.

Қолаверса, келажакда “Бирдамлик” Либерал Иқтисод партияси (БЛИП) томонидан фаоларни иқтисодиёт курсларда бепул ўқитиш, уларга замонавий тадбиркорлик сирларини ўргатиш ҳам кўзда тутилган.

Шунингдек, мамлакатда амалга оширилган янги иқтисодий ислоҳатларнинг маҳсули сифатида ушбу кредит эгаларининг қисқа муддатда – бир, икки йил ичида мулкдорларга айланиши учун, кенг ва қулай имкониятлар яратилади. Янги шаклланган мулкдорлар синфи вакиллари томонидан катта-катта хусусий завод ва фабрикалар барпо этиш тизими жорий этилади.

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг Бошқарув Ҳайъати Ўзбекистондаги мавжуд диктаторлик режимининг ноинсоний бошқарувини, тинимсиз мухолифат вакилларини қатоғон қилишини ҳисобга олган ҳолда, янги фаолларнинг хафсизлигини таъминлаш мақсадида, Ҳаракат сафига қўшилган янги аъзоларининг тўлиқ уй манзиллари, исм-шарифлари ҳақидаги маълумотларни маълум вақт ошкор қилмаслик, сир тутишга қарор қилди. Янги фаолларимизга уюшқоқлик, мардлик, матонар, фидоийлик билан бирга эҳтиёткорликни маслаҳат берамиз. Беҳуда талофат бизга керак эмас.

Ошкора ҳаракат қилиш истагидаги аъзоларимизнинг ҳоҳишларига ҳам қаршилигимиз йўқ. Демак, ҳар бир Ҳаракат аъзосининг хавфсизлиги ўз қўлида. Бир туманда бир вақтни ўзида бир нечта Ҳаракат бўғинлари, бўлимлари шароитнинг оғирлиги туфайли, айғоқчилардан химояланиш мақсадида мустақил фаолият юритиши ва фақат Умумҳаракат Бошқарув Ҳайъати, Марказ билан алоқада бўлиши мумкин. Барча бўлимлар, гуруҳ ва бўғинлар ҳал қилувчи фуқаровий кураш жараёнлари бошлангач, бир бирларига таништирилади ва уюшқоқлик билан оҳирги, ғалаба маррасига етиб борадилар.

Ҳали биз юқорида Ҳаракат бўлинмаларини тузиш борасида гап юритдик.

Модомики, Ҳаракат ёхуд партия, умуман олганда, бирор бир ташкилот, муассаса ҳақида гап кетар экан, ҳужжатлар билан ишлаш, хужжат юритиш масаласи ҳам алоҳида аҳамият касб этади.

Шу ўринда, Ҳаракат тасарруфида Бўлим тузишнинг тахминий лойиҳасини, яъни Баённомасини ҳам ҳукмингизга ҳавола этишни лозим топдик.

Бўлинма тузиш

БАЁННОМАСИ

Ариза (мисол учун)

Биз, Андижон вилояти, Асака тумани, Янги ҳаёт қишлоғининг 11 нафар фуқароси (қатнашувчилар 11 нафардан ортиқ бўлиши ҳам мумкин) “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг burgut.17 Андижон (Бу Ўзбекистон ичкарисидаги Андижон вилоятининг Burgut номи билан номланган бўлинмаси эканлигини англатади) бўлинмасини туздик. Ушбу бўлинма тузишдан мақсадимиз “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати сафига аъзоликка ўтиш, ҳамда бир ёқадан бош чиқариб, мавжуд диктатурга қарши тинч, нозўравон йўллар билан курашишдир.

Биз Ҳаракат Дастури, Низоми билан танишмиз ва уларга тўлиқ амал қиламиз. Раҳбарият кўрсатмалари асосида фаолият олиб борамиз.

Йиғилишда иштирок этганлар (Исм-шарифлар (Имзолар)

Йиғилиш раиси (Исм-шарифи /Имзо)

Йиғилиш котиби (Исм-шарифи /Имзо)

Ой, кун – сана кўрсатилади.

Бўлим аъзоларининг ички аъзолик бадали бир ойга 5000 сўм миқдорида белгиланди.

Аъзолик бадаллари миқдори ихтиёрий: 1000 сўмдан то 10000 сўмгача бўлиши мумкин. Ёки доллар, рубл, ёхуд бошқа бир пул бирлигида ҳам белгиланиши ва йиғилиши мумкин. Ушбу аъзолик бадаллари Ҳаракат бўлимини керакли оргтехника билан таъминлаш, интернет, транспорт ҳаражатлар ва шу каби турли ташкилий, зарурий эҳтиёжларини қоплаш учун ишлатилади. Бўлимлар раҳбарларига молиявий йиғималарни Марказга юбориш борасида кўрсатма берилмайди.

Умумҳаракат Маркази Бошқарувига, тузилган бўлинманинг Баённомаси, аъзоларнинг исм-шарифи, рўйхати ёки бошқа ҳужжатларни юборишингиз шарт эмас. Уларни ўз архивингизда сақлашингиз мумкин.

Бўлим тузилгач, бўлим раҳбаридан ушбу бўлим номи билан www.gmail.cом дан burgut.17@gmail.cом тарзида эмайл адрес очишлари талаб этилади.

“Cизнинг бўлим эмайл адресингиз, бизнинг Mulkdor@salusafe.com  эмайл манзилимизга келиб тушгач, сизларнинг бўлим Ҳаракат сафида деб ҳисобланади.

 

Ана шундан кейингина Ҳаракат, сизларни биринчи $10 минглик кредитга, масалан, агар сиз исмингиз Аҳмад, Тошкент шаҳридан бўлсангиз, сиз номлаган lochin.10 рақамлари билан рўйхатдан ўтказади. Ўз навбатида, интернетдаги lochin.10@gmail.com эмайл манзилингиз воситасида Ҳаракат сизларни узлуксиз равишда ахборот, хабар, маълумотлар билан таъминлаб боради. Тезкор, зарурий вазифалар ҳам айнан ана шу йўл орқали бериб борилади.

Ўзингизнинг кимлигингиз, турар жойингиз, исм-шарифингиз ва аъзоларингиз ҳақидаги маълумотларни сир сақланг. Биз учун барча вилоят ва туманларда бўлинмаларимиз борлиги ва уларнинг фаоллиги муҳим, холос.

Бўлим номлари қайтарилмаслиги ва чалкашлик бўлмаслиги учун фақат www.gmail.com дан очилган бўлим, гуруҳ ва бўғинлар номи рўйхатга олинади.

Агарда сизнинг исмингиз Хаким бўлса ва сиз Тошкент вилоятидан бўлсангиз, унда сизнинг бўлинма номингиз xakim.11@gmail.cом ёки бошқа сиз истаган ном zafar.11@gmail.com дек бўлади.

Қашқадарё вилоятидан бўлсангиз, исмингиз Иҳтиёр бўлса, унда ihtiyor.18@gmail.cом ёки бошқа сиз истаган ном turon.18@gmail.com дек бўлади. Мабодо сиз Хива шаҳридан бўлсангиз, ва исмингиз Бахтиёр бўлса, унда baxtiyor.22@gmail.cом ёки бошқа сиз истаган ном sulton.22@gmail.com дек бўлади.

Биз маҳаллийчилик, тарафкашликка қаршимиз, аммо, вилоятларда, шаҳарларда, туманларда Ҳаракат ишлари, тарғибот-ташвиқот жараёнлари қайдай маромда кечаётганидан хабардор бўлишимиз, ҳар бир ҳудудга эътибор қаратишимиз лозим. Шу боис сизнинг эмайлингизда аниқ манзил-вилоятингиз номи кўрсатилиши муҳим”.

“Ўзбекистондаги вилоятлар ва уларнинг марказ шаҳарлари номини лотинча ёзилиши ва шартли номерлари:

Andijon viloyat (17); Buxoro viloyat (20); Jizzax viloyat (13); Qashqadaryo viloyat (18); Qoraqalpogiston (23); Namangan viloyat (16); Novoi viloyat (21); Samarqand viloyat(14); Sirdaryo viloyat (12); Surhandaryo viloyat (19); Toshkent shahri (10); Toshkent viloyat (11); Fargona viloyat (15); Xorazm viloyat (22)”.

Агарда сиз Россияда бўлсангиз, унда сизнинг бўлинма номингиз zamin.15@gmail.cом га ўхшаш бўлиши мумкин.

Мабодо Сиз Кореяда бўлсангиз, унда bahor14@gmail.cом га ўхшаш бўлиши мумкин. Туркияда бўлсангиз, унда zamira.20@gmail.cом ўхшаш бўлади. Биринчи ихтиёрий ном, ундан кейин сизнинг Ўзбекистонда туғилиб ўсган вилоятингиз номери кўрсатилади – почта белгиси, www.gmail.com веб саҳифаси. Бўлим номлари қайтарилмаслиги ва чалкашлик бўлмаслиги учун фақат www.gmail.com дан очилган бўлим, гуруҳ ва бўғинлар номи рўйхатга олинади.

Бўлимлар ўзлари учун ном ва вилоятларини номерини кўрсатишлари, фақат нозўравон тинч курашда самарали алоқа, фаолият, бошқарув ва қатоғонга ўч диктатор маҳсус хизматларидан мухофаза учун амалга оширилмоқда. Бўлимлар ўзлари учун белгиловчи сонлар ва вилоятларини кўрсатишларида ҳеч қандай яширин маъно, фитначилик йўқ.

Яширин маъно, фитначилик бўлиши ҳам мумкин эмас, чунки “Бирдамлик” аъзолари, фаоллари ва раҳбарияти олийжаноб, инсонпарвар нозўравон фуқаровий бўйсинмаслик қадриятлари, удумларига тўлиқ содиқлар ва доимо Ўзбекистон Конституцияси, Ҳаракат Дастури, Низоми ва Умумжаҳон Инсон Ҳуқуқлари Декларациясидаги кўрсатмаларга тўлиқ риоя қиладилар. Чет элларда истиқомат этувчи Ҳаракатимиз аъзолари эса, яшаётган мамлакат қонунларига амал қиладилар.

“Бирдамлик” ҳар қандай диний ёки дунёвий терроризм, экстремизмни буткул ва мутлоқ қоралайди.

Яна бир муҳим жиҳатларидан бири шундаки, ҳар вилоят, шаҳар ва туманда яшаётган “Бирдамлик” аъзолари фурсати келганда ўз вилоятида, шаҳарида, туманида яқин сафдошлари, дўстлари, оила аъзолари билан кўчаларга чиқиши ва тинч нозўравон бўйсинмаслик амалиётида иштирок этиши лозим бўлади.

Негаки, яна такрорлаймиз, Ўзбекистоннинг барча вилоят, шаҳар ва туманларида бир вақтнинг ўзида мавжуд режимга қарши бош кўтаришимиз муваффақият гарови ҳисобланади.

Нозўравон курашнинг энг муҳим жиҳатларидан бири мамлакат бўйлаб фуқаровий норозилик бўйсинмаслик бўғин, гуруҳ ва бўлимларини парваришлаш ва ўстириш Ҳаракатимиз таъсирини ошириш демакдир.

Ўзбекистон бўйлаб бир вақтда оммавий намойишларга тайёргарлик кўриш ва бир вақтда норозилик амалиётларини ўтказиш, диктаторлик режимини саросимага солиб қўяди. Фақат ва фақат оммавий намойишларгина диктаторни тахтидан ағдариши мумкин.

Бунинг учун, кўпчилик биргаликда, оммавий равишда, бир кунда ва бир вақтда, пойтахт Тошкентда, Оқсаройни ўраб олиб, вилоятлар, шаҳарлар, туманлар марказлари, маъмурий бинолар қаршисига, битта талаб: «Диктатор – исътефога кет!» деб чиқишга эришишимиз керак. Шундай қилиб, ўз талабимизда махкам турсак диктатор, қочади ёки халқ томонидан хибсга олинади.

Бу “Бирдамлик” деярли ўн йил давомида олиб бораётган нозўравон кураш натижаси бўлиши маълум. Оммавий ҳаракат – муродимизни ҳосил қилувчи куч. Шуни ёдингизда тутишингизни истардик: оммавий намойишлар диктатордан қутилишнинг ягона калити.

“Бирдамлик” сафларига киринг. Чунки диктатурани тезроқ ағдариб, юртдошларимизни азоблар чангалидан қутқариш ва Ўзбекистонни озод, адолатли ва фаровон ўлкага айлантириш, сиз ва бизнинг нозўравон фуқаровий курашни оммавийлик даражасига кўтаришимизга боғлиқ!

ЎЗБЕКИСТОН ДАРДИ, “БИРДАМЛИК” ДАРДИ!

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг нозўровон бўйсунмаслик ғояларини амалга ошириш ҳақида гап кетар экан, шу ўринда Ҳаракатнинг амалиёт Маркази ва markaz707@gmail.com ҳақида ҳам маълумот бериб ўтиш жоиздир.

Бу Марказ АҚШда жойлашган бўлиб, бу ерда малакали мутахасислар фаолият олиб боришади. Уларнинг вазифаси ватандошларимиз йўллаётган хабар ва хатлар моҳиятини ўрганиш, мамлакат ичкарисида инқилоб учун нечоғлик замин яратилаётганлиги хусусида мониторинг, тадқиқотлар олиб боришдан иборат.

Марказ эмайлига боғланган барча эмайл адресларга Ҳаракат ҳужжатлари, баёноту мурожаатлари, фаолларнинг мақолалари, ахборот марказининг кунлик хабарлари, видео мурожаатлар, ҳужжатли фильмлар, халқимизнинг нозўравон, тинч йўллар билан инқилоб қилиш усуллари борасидаги билимларини ошириш, зеҳнларини кучайтириш мақсадида махсус таржима қилинган китоблар, рисолалар, мақолалар ва қўлланмалар узлуксиз етказиб турилади.

Mulkdor@salusafe.com  кучли ҳимояланган эмайл бўлиб, у фақат АҚШда махсус ҳимоя қурилмасига эга компьютерда очилади, холос.

 

Бошқа ҳеч бир жойда бу эмайлга кириш ва уни назорат қилишнинг мутлақо имконияти йўқ. Шу нуқтаи назардан хавфсизлигингиз масаласида ҳеч бир хавотирга ўрин йўқ. Биз томондан ҳимоянгиз тўлиқ таъминланган.

Демак, ҳеч бир иккиланмасдан, ҳайиқмасдан ўз вилоят, шаҳар ва туманларингизда бемалол Ҳаракатимиз бўлимларини ташкил этишингиз мумкин.

Сизнинг ушбу ҳаракатингиз кураш услубимизни такомилаштириш йўлида қўшган муносиб ҳиссангиз бўлади.

Ҳар бир тузилган бўлим, гуруҳ ва бўғин ўз эҳтиёжлари учун маблағ тўплаб, ўзлари сайлаган раҳбарлари орқали алоқаларни, интернет хизматини кўнгилдагидек йўлга қўя олса, кундалик муҳим хабар ва янгиликлардан воқиф бўлиб борса, сиёсий қарашлари ўткирлашиб, фаоллиги ошиб борса, умид қиламизки, кўзланган марра сари етишимиз мушкул бўлмайди.

Бирингиз эҳтимол пикетга чиқишни истарсиз? Яна кимдир мақола ёзишни қойиллатар? Бошқа биров эса молиявий масалалар билан машғул бўлишни хуш кўради, кимгадир тарғибот ва ташвиқот ишлари маъқул. Орангизда радио орқали чиқиш қилишни эплайдиганлар бордир. Баъзи бировлар газета орқали кишилар қалбига йўл топишга уста бўлишади.

Мана шу каби барча қобилиятларни бирлаштиришга, бир мушт бўлиб туғилишга, катта кучга айланишга нима етсин! Жойлардаги Ҳаракатимизнинг бўлим, гуруҳ ва бўғинлари ўз истакларига биноан, намойишларга чиқишлари, варақалар тарқатишлари, омма ўртасида тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб боришлари, турли сатирик ва юмористик карикатуралар чизишлари, қўшиқ айтиш, шеър ёзиш, лўнда, қисқа мурожаатлар тайёрлаш, уларни аҳоли кўп яшайдиган ерлардаги деворларга ёпиштириш билан машғул бўладилар. Агар баъзи тортишувга сабаб бўлувчи масалалар пайдо бўлса, “Бирдамлик” нинг Маркази билан боғланиб, уни кўрсатмалари ва тавсияларидан фойдаланиш муҳим.

Фақат ўн битта ва ундан кўп кишидан иборат бўлимлар жиддий кредит олиш имтиёзга эгалар. Бўлимлар ўз фаолиятини архивлаштириб, хужжатлаштириб боришлари керак. Келажакда кредитлар ўз эгаларига ҳаққоний, ҳалол етиб бориши жуда муҳим. Кредит ўлчамини белгилаш ҳар бир бўлимнинг фаолллиги, суҳбат, ҳужжат ва бўлим архив материаллари, ижтимоий тармоқлада бўлимнинг чиқишлари, номи (масалан burgut.17 номли бўлим) ўрганилади.

ОАВда ва интернет тармоқларида бўлимнинг чиқишлари, расмлари, фаоллиги ва очиқ фаолият олиб бориши катта кредитни қўлга киритиш имконини яратади. Бўлимлар ижтимоий тармоқларда ўз номлари билан иштирок этишлари (масалан burgut.17) ва номлари остида акаунт очишлари, акаунт бош расмида Ҳаракатнинг логоларидан (logolaridan) бирини танлашлари ва ишлатишлари мумкин.

Инсонпарварликка, олийжанобликка таянган, нозўравон кураш услубларини амалиётда қўллашда ёшларнинг алоҳида ўрни борлиги сиёсатшунослар, сиёсий технологлар томонидан таъкидланади. Хусусан, нозўравон фуқаровий кураш билимдони Роберт Л. Хелви ёзишича: “Ёшлар секторига махсус эътиборни қаратиш керак. Нозўравон курашда ва ҳарбий тўқнашувда ёшлар олдинги сафларда туради. Улар ижтимоий ўзгаришлар учун ҳаракатларнинг олди сафларини ташкил қилади ва бу нарса тўғри”.

Бу фикрнинг нақадар тўғри эканини Ўзбекистонда Горбачевни қайта-қуриш йиллари, ўзбек тилига давлат мақомини бериш ва мустақиллик талаб этиб чиққан ўн, юз минглаб намойиш, митинг, юришлар қатнашчиларининг ярмидан зиёди ёшлар, талабалардан иборат бўлгани кўрсатади. Ёшларнинг алоҳида рўли Сербияда «Отпор», Грузияда «Кмара», Украинада «Пора» ташкилотлари ва сўнги йиллар эса “араб баҳори” деб аталган, ва қатор Яқин Шарқ мамлакатларида амалга ошган диктатурага, ҳуқуқсизликка қарши чиқишларда кўринди.

Бу нозўравон кураш анъанасини “Бирдамлик” ёшлари мувофақиятли давом этмоқдалар. Шунинг учун Ҳаракатимиз замоновий электрон маълумотларни узатиш ва қабул қилиш тизимларидан фойдаланиб (интернет, Iphone, интернет Радио ва ТВ), ёшларни кўплаб нозўравон бўйсинмаслик амалиётига жалб этиши бизнинг дастурий вазифамиздир.

Халқмиз чиндан ҳам бир ишни амалга оширишга аҳд қилса, мана-ман деган куч ишлатар тизимларининг, ҳатто диктаторнинг қўлидан ҳеч бир иш келмай қолади.

Мақсад манзилига етиш учун эса биздан қадам ташлаш талаб этилади. Агарда ҳар бир фуқаро эзгу орзу йўлида тўрт қадамдан ташлаш учун ўзида журъат топганида, қўрқув ҳисини, лоқайдликни ва ёлғонга ишонишни улоқтира билганида эди, диктатор зулмидан халос бўлишимиз осонлашган бўларди.

Бу ҳолат эса Ўзбекистонда Оқ рангли Инқилобнинг биринчи босқичини жонланиши, тўлиқ амалга ошишига таянч бўлар эди ва Инқилобни иккинчи, учинчи босқичларга ўтишимизни самарали ва натижали бўлишига замин яратади.

Қадрли юртдошлар! “Бирдамлик”нинг Дастур ва Қўлланма (биринчи) моҳиятидан сизга маьлумки, Ҳаракатимиз ҳокимиятга келгач, вақтли ҳукумат тузади ва партияга айланиб эркин, одил сайловларда иштирок этади. Келажкда халқ ишончи ва қўллови орқали ҳукумати тепасига келишга умидвормиз.

Қолаверса, ҳукуматга келгач, такрор эслатамиз, бўлажак юз минглаб сафдошларимизни, келгусида мулкдорликка асосланган, янги давлат ичида мулкдорга, «янги ўзбек»га айлантириш – “Бирдамлик” бугунги кунда ўз олдига қўйган энг асосий, долзарб вазифалардан биридир.

Шунингдек, раҳбарликка лаёқати бор салоҳиятли, иқтидорли сафдошларимиз давлат бошқарув тизимларида фаолият олиб боришлари ҳам табиий ҳолдир.

Ёдингизда бўлса, биз “Бугунги мухолифат – эртанги ҳокимият” дегандик. Шундай экан, бугун ҳар бирингиз ҳеч бир иккиланмай “Бирдамлик” га аъзо бўлиш орқали, ўз келажагингизга дастлабки пойдеворни қўйинг.

Шуни билингки, бугун камбағалликнинг, қашшоқликнинг айби йўқ. Бироқ сиёсий лоқайдлик, ўз ҳаёти, келажагига бефарқлик, қўрқоқлик айб.

Қашшоқлик, оммавий ишсизлик, болалар меҳнатидан аёвсиз фойдаланиш, кўплаб бегуноҳ кишиларни, мухолифат вакилларини, ҳуқуқ ҳимоячиларни қамаш, аёллар, болалар, ногиронлар, ишсизлар бошларига солинаётган мусибатлар, мамлакат бойликларини талаш, нормал бозор иқтисодини вужудга келишига йўл қўймаслик, у ёки бу тадбиркорликни амалга ошириб пул тўплаган ишбилармонларни, пули ва ширкатларини тортиб олиш, диктаторлик режими тутган йўлнинг нақадар адолатсиз эканини кўрсатади.

Ўлкамиз аҳлининг, ўзбек миллатини, шаҳар ва қишлоқ жамоатчилигини, қон тўкишларсиз, тинч фуқаровий нозўравон бўйсинмаслик йўллари, услублари билан ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ўзгаришлар сари йўналтирайлик.

Ҳурматли ўқувчи, иккинчи Қўлланмани ўқиб чиққач, сизнинг нозўравон кураш услубларини бевосита амалга ошириш ҳақида маълумотларингиз ортди, сиёсий фаолиятингиз кучайди деган умиддамиз. Ўқинг, ўрганинг ва биз билан бирга диктаторни ағдариш ва демократияни тиклашдек улуғ тарихий амалиётга ўз хиссангизни қўшинг! “Бирдамлик” нинг Ўзбекистон фуқароларини муаммоларини ечиш, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва ҳуқуқий дардларига малҳам бўлишдан бошқа мақсадлари йўқ! Ўзбекистон дарди – бизнинг дард!

Ҳамкорликка ишонч, умид ва ҳурмат билан “БИРДАМЛИК” ҲАЛҚ ДЕМОКРАТИК ҲАРАКАТИ

Мурожаат учун манзиллар:

 

birdamlik@gmail.com

birdamlikusa@yahoo.com

Алоқа учун телефонимиз: +13146002889

“Бирдамлик”нинг интернетдаги саҳифалари:

www.birdamlik.info

WWW.facebook.com Birdamlik Harakati

WWW.twitter.com @Birdamlik

http://www.odnoklassniki.ru/birdamlik

https://vk.com/birdamlik

 

http://birdamlik.info/%d2%9b%d1%9e%d0%bb%d0%bb%d0%b0%d0%bd%d0%bc%d0%b0/

Read also:

ГУЛНОРА КАРИМОВА СИЁСИЙ ӮЙИН ҚУРБОНИ
 «Бирдамлик» Халқ-демократик ҳаракатининг раҳбари Баҳодир Хон Туркистон билан суҳбат.  — Ҳурматли Баҳодир Хон Туркистон, рости, Сизнинг сиёсий қарашларингиз кӯпчилик сиёсатчиларнинг қарашларидан тамомила фарқ қилади. Қандайдир [...]
СИЁСИЙ ФАОЛЛАР ҚАМОҚ­ХОНАЛАРДА ҲАЛОК БӮЛМ­ОҚДА. АҚШ ДАВЛАТ ДЕП­АРТАМЕНТИ СУКУТ САҚЛ­АМОҚДА!
  Ӯтган ҳафтада сиёсий фаол Нуриддин Жуман­иёзовнинг қамоқхонада вафоти муносабати билан ӯз сайтимизда мақола эълон қилгани­миздан кейин мазкур мавзу атрофида баҳс-­мунозара авж нуқтага чиқди. Мунозарачилар [...]
ӮЗБЕКИСТОНДА ХАЛҚ ҲУКУМАТГА, ҲУКУМАТ ЭСА ХАЛҚҚА ИШОНМАЙДИ!
Ӯзбекистонни янги раҳбар бошқараётганига 10 ой бӯлди. Ӯтган ӯн ой ичида мамлакатимизда қандай ӯзгаришлар рӯй берди? Марҳум президент Ислом Каримов ботқоқликка ботириб кетган иқтисодиётимиз қисман [...]
2015 ЙИЛ ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИМИЗ
БАҲОДИР ЧОРИЕВ 2015 ЙИЛ ПРЕЗИДЕНТЛИК САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИ
Қўлланма-I
Ҳалқ хокимияти, инсон ҳуқуқлари заминидаги, озод ва фаровон Ўзбекистон учун! Қўлланма (биринчи) “Бирдамлик”Ҳалқ Демократик Ҳаракати Фуқаровий фаоллик учун амалий қўлланма АҚШ “Бирдамлик” нашри 2010 йил [...]
Қўлланма-||
  Халқ хокимияти, инсон ҳуқуқлари заминидаги, озод ва фаровон Ўзбекистон учун!   Қўлланма (иккинчи) “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати ФУҚАРОВИЙ ФАОЛЛИК УЧУН АМАЛИЙ ҚЎЛЛАНМА   АҚШ [...]