МИЛЛАТПАРВАР АДИБ ХАЁТИ ЯНА ХАТАРДА…

  

Мамадали МАҲМУДОВ“… Сиздан яширмайман. Ётсам (шифохонага демоқчи. Муаллиф) бир укол билан ажалимдан олдин ўлдириб юборишади. Мен шундан қўрқдим. Менга айтишди ҳам…

                                                                                Мамадали МАҲМУДОВ.

                                                                                             адиб

Сайтлардан бири “Мамадали Маҳмудов билан суҳбат уюштириб беринг” дея буюртма берганди. Агар шу баҳона бормасам, очиғи, ўз ташвишларимдан ортиб адибни сўрашга фурсат ҳам топа олмасдим.

Мамадали Маҳмудов билан суҳбатлашиб, кўнгил ярам яна янгиланди, рости.

Ёзувчининг тутқинликдаги сал кам 17 йиллик қаро қисмати-ку, Тангрига шукур, ортда қолди. Аммо, афсуслар бўлсинки, Мамадали аканинг бугунги кунини асойишда, ташвишлардан ҳоли, изтироблардан айро деб бўлмайди.

Адиб билан суҳбатлашарканман, кўксимни аламли армон ўқи ўйиб ўтди.

Нега?

Бу саволга адибнинг ўз тили билан жавоб берадиган бўлсам, янада кенгроқ тасаввурга эга бўласиз деб ўйлайман:

“…  Менга Улуғбек туман нафақа бўлими 179 минг сўм пенсия белгилади.

… Мен олаётган нафақа пули газга тўлашга ҳам етмайди. 15 кун газсиз ўтирдик (июн). Ўчириб кетишди…” дейди адиб Ўзбекистон отаси  Ислом Каримовга ёзган ўз очиқ хатида.

Бугунга келиб халқи учун куюнган миллатпарвар адибнинг қисмати шуми?!

Умрининг энг жавоҳир онлари  панжара ортида ўтгани камлик қилгандек, миллатпарвар бир адибга яна ва яна шундайин қаро қисмат равоми?!  Мамадали Маҳмудов йиллаб чеккан оҳлар, ўтли изтироблар шунга муносибми энди?!

Халқимизда “Султон суягини хор қилмайди” деган гаплар бўларди. Бугунги кунда миллатпарвар бир боласининг бошини силайдиган ўша СУЛТОНлар қани? Қайга гум бўлишган?

Эл ардоғидаги адибнинг шу куйга тушишига ким сабабчи? Нима сабабчи? Замонми, маконми? (Томошабинликка ҳайриҳоҳлигимиз, томошага ишқибозлигимизми?)

Ўз турмуш тарзини Мамадали Маҳмудов мамлакат президентига ёзган очиқ хатида мана шундай баён этади:

“… Мен 16 йил 7 ой қамоқда ўтирдим. Бу замон ичида бутунлай қашшоқлашиб қолдик. Қарзга ботдик.

 

14 минг дўллардан ортиқ қарзмиз.

 

Бу ҳол яна давом этса, бутунлай хор бўламиз. Ҳозир нонга ҳам қийналаяпмиз….”

Мана сизга Мамадали Маҳмудов турмуш тарзининг уларни ўз сўзлари билан тасвирлаган аянчли “чизгилари”…

Шундайин ачинарли қисматдан кейин ҳам бу кўнгилни ўкинч ўқи илма-тешик қилмасинми, яро этмасинми?

Фондни бошқарган кезларида мен Мамадали Маҳмудовнинг қабулларига  раҳбар сифатида бор-йўғи бир марта, бир мартагина (илгари бирор бир саломлашмаган, танишлигим бўлмаса-да) кўмак сўраб кирганман. Яна… Бор йўғи бир марта Республика Ёзувчилар уюшмасининг фаесида кўрганман: Ўҳ-ҳууу, қандай одам эди-я адиб!: Ўзига жуда-жуда ишонган, ҳаётга мағрур боққан, қадамлари ниҳоятда шаҳдли, шаҳдамли, одимлари виқорли, ғайратли, қарашлари ўта қатъий…  Важоҳатларидан от ҳуркарди бир пайтлари…

Эсизгина, Мамадали Маҳмудовдек  эл ўғлонининг Фориж тоғларидан-да улкан ғурурини арзимас одамлар олдида оёқ ости бўлишига такрор томошабин бўлиб қолишдан бошқасига ярамадик, а? Ҳамиятини хўрлашларига яна имкон бериб қўйдик!…. Ёзувчини минг бир макр билан ўзи шу куйга солган тузумга мустар қилиб қўйдиг-а…

Эсизгина, шундайин адибнинг ЁВга ялинишига йўл қўйиб бердик?…

Миллат қахрамонининг қўлтиғидан олишга қурбимиз ҳам етмади, қўлимиздан ҳам келмади!

Нега?

Сал кам 17 йил тутқунлик таъмини тотган  элпарвар адибимиз айни кунларда  хасталикда, ўта ночорликда умргузорлик қилишга маҳкум этилган…

Ортиқча ҳиссиётларга берилмасдан, гапнинг индаллосига ўтадиган бўлсак, айни дамда, Мамадали Маҳмудовнинг нафақат саломатлиги, балки ҳаёти ҳам хавф остида.

Гап шундаки, қамоқдан кейин ҳам ночорлик, хўрлик, хорлик, таҳқир ва таъқиб жон-жонидан ўтган, ҳақсизликлар ҳалқумига келган Мамадали Маҳмудов Ислом Каримовга шундай дея мурожаат қилишга мажбур бўлди:

“.. Қаттиқ назоратдаман. Ҳар ойда Улуғбек тумани ИИБ террор бўлими бошлиғи мени ва ўғлимни назоратдан ўтказиб туради ва тушунтириш хатлари олади. Огоҳлантириш анкетасида қамоқ билан таҳдид қилади. Ҳар ойда шундай. Яна участка милиционери таҳдиди… Яна уйимиз атрофида нотаниш кимсаалр изғийди…

Нафас олиш қийин

Эркин нафас…

 

Айтишларича… “Тепа”нинг қора рўйхати ва назоратида эканмиз. …”….

Адибга қутқу солаётган бу каби руҳий  босимлар кўлами  унинг оиласи ҳамжиҳатлигига ҳам соя солмасдан қўймади. Бу ҳақда ичи эмранган ёзувчи минг бир надомат билан шундай дейди:

“ Хўп, мен уларнинг наздида “Халқ душмани”ман. Аммо ўғлимда нима айб? Ўғлим мутлақо ичмайди, чекмайди, динданам узоқ одам. У “Сиз туфайли менга ҳам кун бермаяпти” деб юзимга солади. Бир йилдан бери ота-бола гаплашмаймиз…”…

Ҳа-ааа, куч ишлатар тизимларининг макри шу: “Курашчан, элпарвар, миллатпарвар, ҳақ учун ҳайқирган кишиларни ўз оила аъзолари кўмагида қайириб олиш, қопқонга тушириш” ҳийласи дейишади буни!

“ТУҒИШГАНЛАРИНГ, ОИЛА АЪЗОЛАРИНГ, ЎЗ  ЯҚИНЛАРИНГНИ ЎЗИНГГА ҚАРШИ ҚАЙРАШ!” орқали муродини ҳосил қилиш, адолатпарварларни синдиришга уриниш  бобидаги муғобмирлик деб аташади бунинг отини!

“Рўзғордаги тотувлик, уйдаги ҳаловатни ўғирлаш ва шу йўл билан Мамадали ака каби кишиларни руҳан эзиш, тиз чўктириш, бошини хам қилиш” режаси деб айнан мана шунга айтилади!

Оила аъзоларининг онги, ҳаётини заҳарлаш кўмагида  курашчан кишиларнинг овозини ўчиришга уриниш усули дейишади буни!!!

Бу – амалдаги режимнинг қаттол режаси!..

Янаям ачинарли томони шундаки, тирикликнинг таъқибу таҳдидларидан тўйиб кетган адиб, Ўзбекистон юртбошисига:

“… Мен ўз ватанимда қўрқиб, қийналиб, очлик ва касаллик азобини тортиб яшаяпман. Яна қамалиш хавфи ҳам таҳдид солаяпти. Назорат, уй қамоғи, кузатув… бунга биргина мисол. “Убрат” деган қутқуни ҳам йўқ деб бўлмайди…” дея юрагини тошдек босиб ётган дардлари-ҳасратларини тўкиб солади.

Алал-оқибат камситишлар, кузатишлар, таҳдиду таъқиблар, босиму таҳқирлар, ночорлик, иложсизлик, хасталик азоби адибни ҳал қилувчи якуний қарорга келишга мажбур қилди:

“… Мен ўз ватанимда эркин юролмасам, қашшоқлик батқоғидан чиқолмасам, асарларимни нашр эттиролмасам, назорат буғовини узолмасам, нима қилишим керак?

 

Менда иккита йўл бор:

Ўлим…

Кетиш…

 

Мен иккинчисини танладим.

 

Чунки хорижда туриб ҳам элимга фойда келтираман.

Кечмишимизни ёзаман…

Шу билан бирга даволанаман” дея мурожаат қилди адиб Ўзбекистон  президентга  рўйи рост.

Зотан ёзувчилар ростгўйлиги, тўғри сўзлиги, тўппа-тўғрилиги, софдиллиги, тиниқ қалби билан қадирли.

Мамадали Маҳмудов ўтган, 2014 йилнинг 2 августида “…Менда иккита йўл бор:

Ўлим…

Кетиш…

Мен иккинчисини танладим…” дея ҳорижий  давлатларнинг биридан паноҳ олиш истагида эканлигини рўйи рост айтишга ўзида журъат топган эди.

Адибнинг Ўзбекистон президенти номига ёзган ушбу мурожаатидан кейин куч ишлатар тизимлар томошабин бўлиб туришганлари йўқ. Мамадали акани Тошкентнинг таърифли шифохоналаридан бирида ётиб даволанишга ундашди. Бепул ордерлар инъом қилишди. Не қилсалар ҳам ёзувчини шифохонага “тиқишга” ишқибоз бўлишди, алдашди, аврашди. Ёзувчини кўндириш учун унинг мажбурий тўлов қарзларини ҳам ўзлари тўлаб, қарзларни ёпиб қўйишгача ҳам боришди.

Қамоқ азобларини кўп кўрган адиб, барибир куч ишлатар тизимларининг  алдовларига учмади, касалхонага ётишга унамади. Ҳаётига хатар хавф солиши мумкинлигини ҳис этди. “Менга меҳрибонлик қилмоқчи бўлсанглар, боринглар, ана, 179 минг сўмлик нафақа пулимни оширишда кўмаклашинглар” деди, илтимос қилди. Чақирилмаган “меҳмон”лар жон деб рози бўлиб кетишди. Бироқ,  мана, шундан бери ҳам 5 ойдан ортиқ фурсат ўтибди. “Ваъдабоз”лардан ҳам, ижродан ҳам дарак бўлмади, адибнинг нафақа пули ҳам ошмади.

Аммо айни дамда бу муҳим эмас! Шу 5 ой мобайнида адибнинг омон қолганлигининг ўзи бир муъжиза! Айнан ана шу нуқтаси муҳим!

Ажабланарлиси шундаки, гарчи Мамадали Маҳмудов мамлакат раҳбарига ёзган мурожаатини “Очиқ Хат” деб номлаган бўлса-да, уни интернет сайтларида эълон қилишга шошилмаганлар.

Менга қолса, миллатпарвар адибнинг ушбу “Очиқ хат”ини имкон борича тезроқ ОАВларда овоза қилиш керак деган бўлардим. Бу усул – адиб ҳаётининг хавфсизлигига қалқон бўлиш учун ҳам ўта муҳим…

Ҳа, сиз нима деб ўйлагандингиз?!

“Жаҳаннам”дан, қамоқхона деб аталувчи ажал оғзидан омон қайтган, аёвсиз азоблар, оғриқлар, қийноқлар, таҳқир, камситишу, ҳақорат, калтак, бегуноҳ қонларни, кўп эмас, оз эмас, нақд 16 йилу 7 ой ўз кўзи билан кўриб,  камига ўзи ҳам таъмини тотиб қайтган тирик гувоҳ, яна ким, иқтидорли бир ёзувчи –собиқ маҳбус  “Чет мамлакатга чиқиб кетаман” деб талаб қўяди-ю, куч ишлатар тизимлар лабини яла-аааб, бурнини торти-иииб,  томошабин бўлиб турадими?

Боз устига Мамадали аканинг тўғрисўзлиги, соддадиллиги шундаки, “… Хорижда туриб ҳам элимга фойда келтираман. Кечмишимни ёзаман…” дея муддаосини рўйи-рост ошкор қилиб қўйишдан қўрқмаган.

Мамадали Маҳмудовнинг “Кечмишимни ёзаман” дегани, бу – “Ҳақиқий башарангни кўз-кўз қиламан, қамоқхонадаги кўргуликларни овоза, кирдикорларингни достон қиламан, айбларингни фош этаман, жиноятларингни олам олдида исбот эттишга киришаман” дегани эмасми!

Бунинг мағзини Улар чақмаган деб ўйлайсизми?

Шундай экан, куч ишлатар тизимлар қарйиб 17 йил қамоқхонадаги қонхўрликларга гувоҳ бўлган шоҳидни, салоҳиятли адибни “bye, bye!” дея осонгина ҳорижга кузатиб қўярмиди? Ўз жиноятларининг фош бўлишига имкон бериб, йўл очиб, а?!

Шу маънода адибнинг бу олчоқлар чангалида шу чоққача омон қолганинг ўзи омад, шунинг ўзи толе эмасми?

Вақт ғаниматида адабнинг мазкур “Очиқ хат”ини (уларнинг ўзларини изни билан) ҳумингизга ҳавола қилмоқдаман.

Миллатдошлар!

Элпарвар Эврил Турон – Мамадали Маҳмудов нафақат моддий жиҳатдан, сиҳат жиҳатидан ҳам ёрдамга, парваришга, руҳий жиҳатдан далдага, маънавий  қувватловга жуда-жуда муҳтож.

Мен Ўзбекистон қамоқхоналарининг жонли гувоҳи  бўлган адибни – Мамадали Маҳмудовни асрашимиз, унинг  ҳаётига ғамхўрлик қилишга баҳоли қудрат кўмак қўлини чўзишимиз керак деб ўйлайман.

Адиб каби ҳаммамиз ҳам  эл эртаси, миллат равнақи  деб арзанда жонимизни азобга, бир марталик ҳаётимизни хатарга қўя олсак, қани эди?.

Мақола баҳона адибдининг уйига такрор-такрор боришга тўғри келди. Ва шундай учрашувларнинг бирида боши айланиб, юраги тез-тез тепиб, ўз танасини тутиб туришга қурби етмаган Мамадали Маҳмудов менинг кўз ўнгимда қалқиб кетди… Йиқилди…

Мамадали Маҳдовнинг темир симлар ортида азобланган юраги ҳаёт ҳақсизликларини кўтара олмаяпти. Ноҳақлик ёзувнининг кўксига оғирлик қилиб кетаяпти….

Бугун қўлни-қўлга бермас эканмиз, адибни ҳимояга олмас эканмиз, ғамхўрлик қилмас эканмиз, кейин кеч бўлиб қолиши мумкин… Буни ҳаётнинг ўзи ҳар лаҳзада исботлаб турибди… Зеро, ҳаммамиз бир-биримизга омонат, ҳаёт уйига мисоли бир марталик меҳмон….

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

мустақил журналист.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares