Не ажабки, Жиззах вилояти Зомин туман машина трактор парки тумандаги Худойбоқ Норбоев раҳбарлик қилаётган «Зиёдулло» фермер хўжалигидан 18 млн. 288 000 сўм карздор.
Жиззах вилояти хўжалик судининг 2012 йил 18 январдаги ижро муддатини тиклаш тўғрисидаги ажримида жавобгар Зомин туман «МТП» си АЖ ҳисобидан «Зиёдулло» фермер хўжалиги фойдасига 18 млн. 288 000 сўм асосий қарз ундириш кўрсатилган.
Бироқ, орадан ойлар тугул йиллар ўтса ҳамки, Жиззах вилоят суд департаментидагилар қоринларининг сувини қимирлатай, суд қарорининг ижросини таъминлай дейишган эмасди.
Бироқ, адашмасак, суд ижрочилари кирим ўз ҳамёнларига кирадиган бўлса, ишга киришиб кетадилар чамаси, э йўқ, бе йўқ, бир парча суд ҳукми-ю қарори йўқ, «Зиёдулло» фермер хўжалиги раиси Х. Норбоевнинг 2 миллон маблағини қўрқитиб, куч ишлатиб, шилиб олдилар.
Аризачи фермер ҳамон куч билан тортиб олинган маблағини қидиради. Осмонга учганми, ерга кирганми, суд демартаменти ходимларининг чўнтакларини қаппайтирганми, хуллас, сармоянинг соясини ҳам топа олмай саргардон-да…
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини
моддий-техника жиҳатидан ва молиявий
таъминлаш департаменти директорига
100084.Тошкент ш. Юнусобод тумани,
Халқобод 3-тор кўча, 2-а уй. Тел: (998 71) 235-62-21
Жиззах вилояти, Зомин тумани, Даштобод шаҳри,
Зарбдор кўчаси, 25-уйда яшовчи, «Зиёдулло» фермер
хўжалиги раиси Худойбоқ Норбоевдан
ШИКОЯТ АРИЗАСИ
Аризам орқали сизга ушбуларни маълум қиламанким, 2011 – қишлоқ хўжалиги йилида ғалла мавсумидан бўшаган 15 гектар ерга Жиззах вилояти ва тумани ҳокимлиги рухсати билан, шунингдек, туман (4 СХ) статистика бўлимини хабардор қилган ҳолда полиз экини етиштиришга жазм қилганман.
Лекин жорий йилнинг сентябрь ойида мазкр экин майдонида етиштирилган қовун махсулотини йигиштириб олиб чиқиб кетаётганимизда Зомин тумани суд ижрочилари ва департамент бошлиғи Ж.Тўхтаев юк ортилган «Камаз» автомашинасини арестга олиб, Даштобод ИИБ сига олиб кириб қўйди.
Шундан сўнг, департамент мулозими менга шахсий жамгармамдан пул маблағи топиб, департаментнинг 20204000300531214014 ҳисоб рақамига 2012 йил 5 сентябрь санаси билан 2 млн. (икки миллион) сўмни ўтказишни айтди.
Мана орадан шунча вакт ўтди лекин, мендан мажбурлаб олинган пул маблағининг тақдири ҳалигача менга ноаён.
Аслида, бу пуллар менинг хизмат кўрсатувчи ташкилотлардан бўлган карзимни ёпишга йўналтирилиши лозим эди.
Ёки бу зўравонликми?
Агар мендан пул ундириш ҳақида суднинг бирорта тегишли қарори асос бўлганда ҳам мен бу ҳаракатни тўғри баҳолар эдим.
Масалан, Зомин тумани машина трактор парки мен бошчилик қилаётган «Зиёдулло» фермер хўжалигидан 18 млн. 288 000 сўм карздор.
Зероким, Жиззах вилояти хўжалик судининг 2012 йил 18 январдаги ижро муддатини тиклаш тўғрисидаги ажрими мавжуд бўлиб, унда жавобгар Зомин туман «МТП» си АЖ ҳисобидан 18 млн. 288 000 сўм асосий қарз ундириш кўрсатилган.
Суд ижрочилари ижро ҳужжати ва суд органи ажрим хати бўлишига қарамай, ўз вазифаларига совуққонлик билан қараб, менга алоқаси бўлмаган сабабларни важ қилиб кўрсатиб, мендан юқоридаги сўммани ундириб олишди.
Қонунга мувофиқ, қарздорнинг ижро ҳужжатини белгиланган муддатда узрсиз сабабларга кўра, ижро этмаслиги ёки унинг зиммасига муайян ҳаракатларни содир этиш ёхуд уларни содир этишдан ўзини тийиш мажбуриятини юкловчи ижро ҳужжатининг узрсиз сабабларга кўра белгиланган муддатда ижро этмаслиги – фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваригача, мансабдор шахсларга – ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Кези келганда ижро ишини юритишнинг ҳуқуқий асосларини янада мукаммаллаштиришга хизмат қиладиган ушбу янги қонуннинг алоҳида жиҳатларига тўхталиб ўтадиган бўлсак, унга мувофиқ, Жиноят кодексининг 232-моддаси янги таҳрирда баён этилди.
Ушбу модданинг эски таҳририда фақат мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги назарда тутилган бўлиб, жисмоний шахсларнинг жавобгарлиги белгиланмаган эди. Айни шу сабаб ҳам ижро ишларининг самарадорлигига путур етаётган эди.
Эндиликда суд ҳужжатларининг сўзсиз ижро этилишини таъминлаш мақсадида қонунда суд ҳужжатини идро этмаган жисмоний шахсларнинг ҳам жавобгарлиги белгиланганди.
Бундай қилмишларни содир этган мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги эса кучайтирилди.
Демак, мазкур янги таҳрирдаги моддада муайян ҳаракатларни содир этиш ёхуд уларни содир этишдан ўзини тийиш мажбуриятини юкловчи суд ҳужжатини бажаришдан бўйин товлашни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин давом эттириш, шунингдек, суд ҳужжатининг ижро этилишига тўсқинлик қилиш – энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача аҳлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч ойгача қамоқ билан жазоланади.
Ўша қилмишлар мансабдор шахс томонидан содир этилган бўлса – энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки уч ойдан олти ойгача қамоқ ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Конунда «Қарздорнинг мол-мулкини реализация қилишдан тушган ва ижро йиғими, суд ижрочиси томонидан қарздорга солинган жарималар ва ижро харажатларининг ўрни қопланганидан кейин ортиб қолган пул маблағлари қарздорга қайтарилади. Қарздор томонидан талаб қилиб олинмаган пул маблағлари Суд департаменти органининг депозит ҳисоб варағида уч йил мобайнида сақланади.
Мазкур пул маблағлари ушбу муддат ўтганидан сўнг Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ўтказилади» дейилган.
Сиздан аризамда кўрсатилган важлур юзасидан хизмат текшируви ўтказиб, Зомин тумани суд ижрочилари томонидан олиб қўйилган пул маблағларимни қайтариб олишимда амалий ёрдам беришларингни сўрайман.
Илова
А) Фотоҳужжат.
- Зомин тумани ОАТБ Агробанк квитанцияси.
- Суд қарорлари, ижро ҳужжатлари ва бошқа хатлар.
Зомин тумани, «Оқар» СИУ
«Зиёдулло» фх раиси Х.Норбоев.
04.01.2014 йил.



