ТУҲМАТ ҚИЛИШГА КИМ МАЖБУР ҚИЛДИ?

ОЛДИГА ҚЎЙГАНИНИ ЕМОҚ ҲАЙВОННИНГ ИШИ,

ОҒЗИГА КЕЛГАННИ ДЕМОҚ НОДОННИНГ ИШИ.

Алишер Навоий

2011 йил 25 май куни кеч соат 19 лар атрофида бир ёш йигит уйга келиб келинимга Жиноят ишлар буйича Пахтакор туман суди Р. Орзиқуловдан хат ташлаб кетибди.

26 май куни кеч уйга келсам келиним хатни берди. Очиб ўқидим. Хат 20 майда ёзилган бўлиб унда менга нисбатан Узбекистон Республикаси МЖтК 40- моддаси билан (2011 йил 17 май куни) чиқарилган қарор нусхаси маълумот учун юборилган хат ва шу қарордан нусха бор экан.

Қарорда қуйидаги сўзлар ёзилган эди( а й н а н к е л т и р а я п м а н): «С.Қурбонова 2011 йилнинг январ ойининг бошларида Пахтакор туманидаги «Қирдала» фермер хўжалиги раиси У. Турдалиев билан учрашиб унинг исми шарифини сўраб олиб, у н и н г н о м и д а н интернет тармоғига «Касални яширсанг иситмаси ошкор қилади», «Болаларим мухожирликка кетишмоқда» деган мавзуда, била туриб ёлғон яъни У.Турдалиев фермер хўжалигида экилган ғалла ва пахта маҳсулотларини режасини бажариб келган бўлсада бошка ташқилотлар у билан тузган шартномаларни бажармасдан келаётганлиги, ҳисоб рақамидаги пулларни банкдан ололмаётганлиги, ҳокимият раҳбарлари томонидан фермерликдаги ишчиларга томорка учун ер ажратилмаганлиги, буни эшитган ишчилар ишларни ташлаб кетаётганлиги, ф а р з а н д л а р и в а у з и ишлари яхши бўлмаганлиги учун Россия ва Козокистонга ишлаб келиш учун кетмокчи бўлганлиги ҳақида мақола ёзиб уйдирмалар таркатиб У. Турдалиевга қастдан туҳмат қилган.». Бу ясама қарорни ўқиб Жиноят ишлари буйича Пахтакор туман суди раиси Р.Орзиқулов эғаллаб турган лавозимининг қанчалик маъсулиятли эканлигини англамаса керак, деган фикрга келмадим. Чунки, суд раисини давлат неча йиллар ўқитган. Олий маълумотли қилган. Бундан ташкари «А д о л а т т а р о з и с и» ни ишониб тутқазиб қўйибди.

Биринчидан, мақола фермер У.Турдалиевнинг номидан эмас, ўзимнинг номимдан чиққан. Иккинчидан, мақолада «фарзандлари ва ўзи» дейилмаган. Р. Орзиқулов мақолани ўқиб чиккан бўлса керак албатта. Бирок бу адолат тарозисини тутиб турган қўл нима учундир қарор матнида мақоланинг муаллифини У.Турдалиев қилиб курсатишга ва фарзандлари сўзининг ёнига «ўзи» сўзини қўшиб бўрттириб, ўзгартириб кўрсатган. Бу адолат пешвосини бундай қилишга яъни менга туҳмат қилишга ким ёки нима мажбур қилди экан? Суд қарорини ўқиб чиқиб бундан 6 йил муқаддам Жиззах вилоят хўжалик судида кўз ўнгимда бўлиб ўтган ҳақсизликлар, зўровонликларни эсладим.

…Ўшанда 2005 йилнинг январи эди. Пахтакор туман ҳокимлиги манфаатини ҳимоя қилиб Жиззах вилоят прокурори Р.А.Муҳиддинов хўжалик судига Пахтакор туман ҳокимлиги ва фермерлигим ўртасида Ерни узоқ йилга ижарага бериш тўғрисидаги шартномани бекор қилишларини сўраб N 13-13-04 сонли даъво аризаси киритган эди..

Жиззах вилоят Хўжалик суди ҳам (Пахтакор туман ЖИБ судига ўхшаб) Судга чақирув қоғозини аллакимлардан бериб юбораверишган… Мен бундан бехабар бўлганман. 2005 йил 14 январ куни туман ҳокимлиги биноси ёнида турган пайтимда судланаётган фермерларнинг бири менга ҳам суддан чақирув қоғози жўнатилганлигини, чақирув хати хўжалик раҳбарларидан бирида бўлиши мумкинлигини айтди. Эртаси хўжалигимиз фермерлари йиғиладиган жойга бордим. Хўжалик раҳбари Норқулов Олимдан менга чақирув қоғози бор-йўқлигини сўрадим. У (хўжалик аграноми) Исмоилов Рустамга учрашишимни айтди. Аграномга учрашдим. У. «ҳа бор эди.» дея, чўнтакларидан бир даста қоғозларни олиб титқилай бошлади. Тополмади. қайсидир чўнтагимда қолиб кетибди. Тушдан кейин олиб келаман» деди. Тушдан кейин эса эртага олиб келаман деди. Хуллас чақирув қоғозини ололмагач 2005 йил 15 январ куни эрталаб соат 9 да Жиззах вилоят хўжалик судига бордим.

Судья Маҳмуд Яқубов (эшитишимча хозир Сирдарё вилоятида хўжалик судининг бошлиғи лавозимида ишлармиш) билан учрашдим. Судга чакирилганлигимдан бехабарлигимни, қўлимдаги ҳужжатларни судга такдим этишим кераклигини, бу ҳужжатлар ичида Пахтакор туман халқ банки билан фермерлигим ўртасидаги Бош кредит шартномаси борлигини, ушбу шартнома шартлари ўта қўпол равишда бузулганлигини, йил давомида фақат бир ой июн ойи учун банк кредит ажратганлигини, иш ҳақи учун атиги 77 минг сўмгина ажратилганлигини, қилиниши керак бўлган ишлар учун ажратилган маблағлар эса Жиззах вилояти Жиззах шаҳри халқ банкида менинг номимда омонатда сақланганлиги ва буни тасдикловчи банк выпускалари борлигини, бўлиб утган бу вокеалар яъни зўровонликлар, жиноятларни бартараф этиб менга ёрдам беришларини сўраб ўз вактида тегишли ташқилотларга мурожаат қилганлигим тўғрисидаги талабномалар, хатлар жўнатилган телеграмма квитанциялари мавжудлигини ва қўлимдаги ушбу ҳужжатлар билан суддан олдин танишиб чиқиши зарурлигини айтдим.

Судья М. Яқубов 11, 12 январ кунлари суд бўлганлигини, менинг иштирок этмаганлигим сабабли 17 январ куни соат 16.00 га тайинланганлигини, ҳужжатларни ўша куни такдим этишимни айтиб қўлимга 12 январ кунги бўлиб ўтган хўжалик судининг ажримини тутказди. Ўша дакикагача «Суд фақат адолатни ёқлайди»» деган қатъий фикрда юрардим. Афсуски, судьянинг ўз ишига ўта совукконлиги, иш юзасидан ўрганиб чиқиши зарур бўлган ҳужжатлар билан ҳатто қизиқиб, варақлаб кўз ташлаб чиқмаганлиги менинг фикримни ўзгартирди.Судьянинг бу ҳаракати Судга бўлган ҳурматимни ҳам, ишончимни ҳам ўлдирди.

17 январ куни соат 14-30 судга бордим. Даъвогар томондан Пахтакор тумани ҳокимият юристи ( исми ва фамилиясини яширинча колдирмокчиман. Чунки «Кирдала» фермер хўжалиги раҳбари У.Турдиалиевга ўхшаб сикувга олингач, айтган гапидан тониб, мени судма-суд судраб, жарима тўлашимни хохламайман) келган экан. «ҳужжатларингиз билан танишсам бўладими?» деб сўради. Албатта, дедим ва судга такдим этиш учун кўтариб юрган ҳужжатларимни қўлига тутқаздим. У киши хар бир ҳужжатни битталаб эринмасдан, диккат билан, шошмасдан ўқиб чиқа бошлади. У:Банк ва фермерлик ўртасида тузилган Бош кредит шартномасини, Банк выпускаларини, Жиззах вилоят ҳокими У.Я.Ёмонқулов номига ёзилган «Билдириш хати»ни… хуллас, ўнлаб ҳужжатларни ўқиб чиқди. Сўнг, «Мен бу судда иштирок этмайман. Худодан қўркаман» деб шу жойнинг ўзидан қайтиб кетди.

Суд бошланадиган вакт бўлиб колди. Суд биноси ичкарисига кирдим.Судъя М. Яқубов иккинчи этаждан тушиб келаётган экан. У кишидан қўлида кўтариб юрган ҳужжатлар орасида фермерлигим ва туман ўртасидаги ерни узоқ муддатга ижарага берганлиги тўғрисидаги шартнома бор ёки йўқлиги, агар бор бўлса менга нусха беришларини сўрадим.(Ижара шартномаси йўқлигини билгандим. Чунки мен имзо ҳам мухр ҳам қўймагандим) Судья М.Яқубов бир муддат тўхтаб қолдида орқасига қайтиб кетди.

Бир пасдан сўнг иккинчи этаждан бир йигит тушиб келди ва қўлимга суднинг 2005 йил 11 январ кунги хўжалик суди ажримининг суд тайинланган куни ва вақти қўл ручкасида «2005 йил 19-январ соат 16-30 да» қилиб ўзгартирилган нусхасини тутқазди. Бўлиб ўтаётган конунбузарлик ва зўровонликлардан норози бўлаётган раҳбарларнинг биридан Суд 19 январда эмас, балким бир кун илгари, яъни 18 январ куни бўлишини эшитиб қолдим. Судья менинг суддан бехабар олишимни истаётганлиги, суд адолатли бўлмаслигини, мен чорасиз қолишимни, конун мени ҳимоя қилмаслигини билдимда, уйдан ўзим билан бирга «Қ У Р Ъ О Н» китобини олиб 18-январ куни судга бордим.

Ниҳоят, суд бошланди. Судда давогар томонидан Жиззах вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси У. Мустафоқулов, туман ер ресурслари бошлиғи Х.Омонов, хўжалигимиз ер тузувчиси Халилов Ҳасан, сертификатчи Мусурмонов Эсиргап, аграном Исмоилов Рустам, тасодифан кушним Аҳмедов Мухтор ( у билан учрашиб колган эдим мени ҳимоя қилиш мақсадида) иштирок этди. Суд бошланган пайтда уйимдан олиб келган ҚУРЪОН китобини қўлимга олиб «Менинг шундан бўлак ҳимоячим ҳам, гувоҳим ҳам йўқ. Мана энди гапираверинглар. Ҳақ гапирсаларинг ҳам, туҳмат қилсаларинг ҳам ўзларинг биласизлар!» дедим. Суд давом этди. Судья М. Яқубов гувоҳларни сўроққа тута бошлади. ҳамма жим. Судя, гувоҳ- ларга қараб «Гапир» дея ғазабланади. Гувоҳларнинг огзидан хар битта сузни сугуриб олиш жонига тегди шеқилли «ҳамманг ёзма кўрсатма берасанлар» деб судни тўхтатди. Мен суднинг хукмининг менинг зараримга чиқишини скзиб турардим, аммо руҳан ғолиб эдим. Шу сабабли уларга қараб: «Ёзма кўрсатма берсаларинг ОЛЛОХ кўрмайдими- а?» дедимда кинояли кулиб чиқиб кетдим. Ким ёзма кўрсатма берди, ким Оллоҳдан қўрқди, буниси менга қоронғу. Ьуларни хотиралашимга сабаб, бу галги суд ҳам мен уйда йўқ кунимни пойлагандай бўлганидир. 2011 йил 27 апрел куни (мен Тошкентга туйга кетганман) соат 14,30 ларда суд ходимлари уйимга келиб бир ярим соатдан сўнг яъни соат 16 да судга боришим кераклигини айтиб, қўлидаги менинг номимга ёзилган чақирув қоғозини олиб колишини келинимдан талаб қилишган. Келиним «Аям 2-3 кун уйда бўлмайди. Мен бу қоғозни олиб қололмайман. Чунки икки соат ўтмай муддати тугайди.» деб олиб қолмаган. «Нима сабабдан чақираяпсизлар? Аям уйга келгач айтиб қўяман.» деб сўраса «Аянгиз ўзи билади. Нима учун чақираётганлигимизни» деб айтмаган.Қўшнимизнинг келинидан нимадир сўраган ёки ёздириб олган ва бизнинг ҳовли ёнидан ўтаётиб баланд овозда «Агар сизни Қурбонова қўрқитса милицияга боринг» деб тайинлаб кетишган. 17 май куни ҳам худди шундай бўлган. Мен қишлоқка, тоққа кетган бўлганман…
Агарда Пахтакор тумани ЖИБ ходимлари ҳам А Д О Л А Т Л И, Х О Л И С, Б Е Ғ А Р А З бўлишганда эди чақирув қоғозини ўз вақтида беришнинг имконини топишган бўлишарди…

…Р. Орзиқулов юқорида айтилган («Касални яширсанг иситмаси ошкор қилади», «Болаларим мухожирликка кетишмоқда» деган) мақолаларни ўқиб чикган бўлса керак албатта. Бироқ бу адолат тарозисини тутиб турган қўл нима учундир қарор матнида мақоланиинг муаллифини У.Турдалиев қилиб курсатишга ва фарзандлари сўзининг ёнига «ўзи» сўзини қўшиб, воқеъликни бўрттириб, ўзгартириб кўрсатган.

Бу адолат пешвосини бундай қилишга яъни менга туҳмат қилишга ким ёки нима мажбур қилди экан?

САИДА КУРБОН.

Жиззах вилояти Пахтакор тумани

Навбахор хўжалиги.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares