ОЧОФАТ РУҲ

Ўгат қишлоқ ҳангомалари
Абулфайз БАРОТОВ

Туғилиб ўсган қишлоғим Ўгат, Ғаллаоролдан роппа-роса 108 километр узоқликда, Нурота тизма тоғлари орасида жойлашган хуш-ҳаво гўзал бир маскан. Қишлоғим одамлари содда, оқ кўнгил, ҳар нарсага ўта ишонувчан, ҳазилга мойил, қалби қайноқ, қўли қадоқ меҳнаткаш инсонлардир. Қуйида мен улар ҳаётида бўлиб ўтган ҳангомалар, хотиралардан бир нечтасини қоғозга туширдим.
90-йилларда мустақилликка эришганимиздан кейин турли-туман мўъжизалар қалқиб юзага чиқа бошлади. Жумладан, тез-тез “учар ликопча”лар пайдо бўлаётгани ҳақида гап-сўзларни эшитиш мумкин эди. Ана шунда ўгатликлар орасида бир гап оралаб қолди: маълум қоида амалларига тўлиқ риоя қилиб, истаган нарсангни худодан сўрасанг, руҳнинг ёрдамида ниятинга эришишинг мумкин бўларкан. “Қоида амаллари эса, руҳларга аталган ликопчадаги шакар, бир чимдим туз, иккита юмшоқ нон, озроқ ҳўл мева ва бир коса сувдан иборат эди. Бунинг бари кеч тунда оппоқ дастурхонга қўйилиши керак. Руҳ асосан тун ярмида ташриф буюрар экан. Уй эшиги ланг қилиб очиб қўйилиши лозим. Уни кўзни чирт юмган ҳолда кутиб олишинг ва кўнглингдаги ниятни ичингда тинмай такрорлаб туришинг лозим бўлади.
Салкам қирқ йил Ғаллаорол билан Ўгат орасида қатнаб, ўзининг бортли машинасида турли хил юкларни ташиб умри ўтган Назар шофёр қариганида анча йиллардан орзу қилиб келаётган “Жигули” енгил машинасига эга бўлиш ниятини амалга оширмоқчи бўлди. Руҳга аталган дастурхонни боғининг кўча томонида меҳмонларга атаб алоҳида қурилган бир уй-бир даҳлиздан иборат меҳмонхонада қоидасини келтириб тузатди. Хотини ва болаларига ўзини безовта қилмаслигини қаттиқ тайинлади. Агар ниятим амалга ошса, енгил машинада барингни Самарқандаги хўжа Исмойил Бухорий зиёратгоҳига олиб бориб келаман деб, қаттиқ ваъда бериб юборди. Кеч тунда уй эшигини ланг очиб қўйиб жойига чўзилди-да, кўзларини чирт юмиб, руҳнинг ташрифини кута бошлади.
Қанча вақт ўтганини билмайди. Бир вақт кимдир даҳлизда юргандай бўлди. “Руҳ дегани келди-ёв,”- деб, ўйлаган Назар шофёр, кўзларини янада қаттиқроқ юмганича, “эй, худо, биттагина “Жигули” машинасини лотерияда ютишимга ёрдамингни аяма,”- деб, нола қила кетди. Руҳнинг оҳиста уйга кирганини Назар шофер бутун вужуди билан сезиб турарди. Мана руҳ кўрпачага жойлашиб олди, кейин ковшанган овоз эшитилди. Орқасидан қулқилатиб сув ичилди.
Руҳнинг ҳатти-ҳаракатидан ҳайрон қолган Назар шофёр машина ҳақидаги орзусидан бир зум воз кечиб, ўйларди: “Ё, товба!”- Руҳ дегани ҳам одамга ўхшаб чапиллатиб овқат еб, қулқиллатиб сув ичар экан-да.” Бир пасдан кейин руҳ пишиллаб бурнини торта бошлади. Назар шофёр чидаб тура олмади. Қоида амалини бузса, “Жигули”сиз қолиб кетиши мумкинлигини ўйламай, секингина кўзларини очди. Даҳлиздаги чироқнинг ёруғида кўрпачага ёнбошлаб олган руҳ қуйиб қўйгандек қишлоқдоши Мамашукур алкашга ўхшаб кетганлигини кўриб, ҳайронлиги баттар ошди. Руҳ эса иккита нондан биттасини паққос туширган эди. Шакардан урвоқ ҳам қолмабди.
Руҳ бошини осилтириб пича мизғиди. Кейин қўлларини саланглатганича эшикка суяниб зўрға ўрнидан турди-да, даҳлизга чиқди. Даҳлиз эшиги олдида мувозанатини йўқотган руҳ, орқа томонга тисарилиб кетди. Даҳлиз тўрига териб қўйилган бир нечта бўш қутилар қарс-қурс қилиб, русчалаб сўкинган овоз эшитилди. Афтидан руҳ ўзини бошқара олмай қутилар устига ағнаб тушган эди.
Назар шофёр эсдан оғиб қолай деди. Ўзини ўнглаб оламан дегунча, руҳ ғойиб бўлганди. Воқеа икки кундан сўнг ойдинлашди. Доимо маст бўлиб юрадиган, қишлоқдошлари орасида “алкаш” лақабини олган Мамашукур ярим кечада маст ҳолда уйига қайтаётганида, эшиги ланг очиқ, даҳлизида чироғи порлаб турган Назар шофёрнинг меҳмонхонасига кўзи тушиб қолади. Эшигининг очиқлигига қараганда, уйида меҳмонлари бор, деб, ўйлайди у. -Демак, меҳмон бор жойда арақ ҳам, егулик ҳам топилади. Ана шундай ўйлар билан Назар шофёрнинг уйига бош суққан Мамашукур юқорида тилга олган манзарага дуч келган эди. Табиийки, Назар шофёр “Жигули” масаласида ниятига етолмади. Мамашкур эса “алкаш” лақабидан қутулиб, “очофат руҳ” номига эга бўлди.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares