Америка ва бошқа ривожланган мамлакатлардан бошпана олиш: тартиб ва талаблар

 

 

 

                                                         АбдуМанноб Пўлат

Ушбу мақолада Америкада бошпана сўраш тартиби, тегишли қонун-қоидалар, жуда кўп бошпана изловчилар йўл қўядиган хатолар ҳақида бошланғич ва умумий маълумот берилади. Баьзи жиддий фарқлар мавжудлигига қарамай, Шимолий Америка (АҚШ ва Канада), Европа (Оврупо) Иттифоқи мамлакатлари, бошқа кўпчилик эркин ва ривожланган давлатларда бошпана ёки қочоқ мақомини сўраш ва олиш учун талаб, тегишли тартиб ва қонун-қоида бир-бирига яқин. Шу сабаб, мақоладаги маълумотларнинг анча қисми бошқа давлатларда бошпана излаётганлар учун ҳам фойдадан холи бўлмасa керак.

ТАРТИБ, ҚОИДА, ТАЛАБЛАР

БМТ (Бирлашган Миллатлар Ташкилоти)-нинг 1951 йилги Қочоқлар ҳақидаги Битими-Конвенциясига биноан, бошпана (баъзан сиёсий бошпана деб ҳам айтилади) ёки қочоқ мақоми-статуси олиш учун, инсон:
– ўз юртида таъқибга учраган, ёки – агар юртига қайтса, таъқибга учраши ҳақида жиддий даражада асосланган хавотирликка эга бўлиши керак.
Лекин, ҳар қандай таъқиб (ёки таъқиб хавфи) учун бошпана, қочоқ мақоми берилавермайди. Бу таъқибнинг асосий сабаби қуйидаги 5 сабаблардан бири бўлиши шарт.
Яъни, бошпана (қочоқлик мақоми) сўраётган инсон ўз юртида учраган таъқиб ва қайтишга қўрқиши, унинг:
– Миллати – Дини – Ирқи – Сиёсий қараши – бирор ташкилот ёки социал (ижтимоий, сиёсий, диний, ва ҳакозо) гуруҳда аъзолиги натижасида бўлиши зарур.
Қонун ва тартибга кўра, Америка ҳамда бошқа эркин, ривожланган мамлакатларнинг кўпчилигида бошпана бериш ё бермаслик, умуман олганда, худди шу талаблар асосида ҳал этилиши керак. Лекин, турли давлатларда бу қоида ва талабларнинг талқини ва амалдаги татбиқи, ҳақиқий амалиёт анча фарқ қилади. Imcl.ru – ImmigrationNews webportalида (Беженство. Как получить статус беженца? В каких странах лучше просить убежище – http://www.imcl.ru/immigration/070421_begen.php) бу мавзуларда жуда фойдали маълумотлар бор.
Бошпана ва қочоқ мақомлари берилган кишилар деярли бир хил ҳуқуқ ва имтиёзларга эга бўлади, лекин бу икки мақомни олиш тартиби турлича. Матбуотда ва кўпчилик орасида бу икки мақом (“бошпана” ва “қочоқ”) бир хил маънода ишлатилади. Лекин, қонунчиликда улар бир-биридан фарқли. Ортиқча тушунмовчиликларни камайтириш мақсадида, биз бу ерда “қочоқ” ва “бошпана” сўзларини халқаро ва кўпчилик мамлакатлардаги миллий қонунлар ва тегишли идораларда қабул қилинган тартибдан келиб чиқиб ишлатишга ҳаракат қиламиз.
Бирор давлатдан “бошпана” мақомини сўраш учун, шу мамлакат ҳудудида бўлиш керак. “Қочоқ” мақоми эса бу мамлакат ташқарисида туриб сўралади. Лекин, иккала мақом учун ўз юртига қайтиб бориш – юқорида санаб ўтилган 5 сабаб натижасида – хавфли деган қўрқув жиддий даражада асосланган бўлиши керак.
Америкага келган инсон бу ерда бошпана мақоми сўраш учун, одатда, бу мамлакатга келганидан кейин 1 йил ичида ариза бериши керак. Агар Америкага келганидан кейин 1 йилдан кўп вақт ўтгач бошпана сўраб ариза берилса, у ҳолда бошпана фақат истисно тариқасида берилади. “1 йил” қоидасидан истисно сифатида қабул этилиш учун, фавқулодда (жиддий касаллик ёки Ватанида ё шахсий вазиятида ўта жиддий ўзгаришлар бўлиб, олдин “нисбатан хавфсиз” кўринган юртига қайтиш нияти “жиддий даражада хафвли”га айланганлиги каби) сабаблар кўрсатилиши керак.
Бошпана аризаси иммиграция хизматига ((USCIS – United States Citizenship and Immigration Services: www.uscis.gov) юборилади. Унда белгиланган анкета-аризани (“I-589 form”) тўлдириб, ушбу анкетани тўлдириш ҳақидаги кўрсатмалар (“инструкциялар” – instructions)-да санаб ўтилган ва айтилган ҳужжатлар, ҳамда (иложи борича) ўз аризасидаги муҳим гапларни тасдиқловчи ҳужжатлар билан бирга почта орқали юбориш керак. I-589 анкетада саволлар кўп, уларнинг барчасига ҳаққоний жавоб ёзиш керак. Ўз юртида учраган таьқиб ва агар юртига қайтса, нега таъқибга учраши ҳақида батафсил, лекин қисқа ва лўнда ёзиш мақсадга мувофиқ. Айниқса, ўз юртида бошига тушган савдолар, таъқиб ҳақидаги жавоблар аниқ ва пухта бўлиши керак: Ҳар бир бўлган воқеа бўйича, “Қачон?”, “Қаерда?”, “Нима бўлди?” – булар ёритилиши талаб қилинади. Анкета-ариза ва кўпчилик ҳужжатлар камида 3 нусхада бўлиши керак. Инглиз тилида бўлмаган барча ҳужжатлар белгиланган тартибда Инглиз тилига қилинган таржимаси билан топширилади.
Иммиграция хизматининг идоралари кўп, улар деярли ҳар бир йирик шаҳарда. Бошпана сўровчи аризасини ўзи яшаётган шаҳар ва штат учун бириктирилган идорага юбориши зарур – бу идора ва унинг почта манзили – адресини иммиграция хизматининг веб-саҳифаси ҳамда I-589 анкетани қандай тўлдириш ҳақидаги кўрсатма – инструкциядадан топиш мумкин. Худди шу веб-саҳифада ҳамда I-589 анкетани қандай тўлдириш ҳақидаги кўрсатма – инструкцияда Америкада бошпана сўраш ва олиш тартиби ҳамда тегишли қоида ва талаблар ҳақида бошқа бир қанча маълумот берилган.
Ариза иммиграция хизматига етиб боргач, бир неча кунда бу идора USCIS “бланки”да бошпана сўраб берилган ариза уларга етиб келгани, руйхатга олингани ва энди кўриб чиқилиши ҳақида қисқа расмий жавоб юборади.
Америкада яшаш ҳуқуқи бўлмаган, меҳмонлик ё талабалик ижозати-визасининг муддати ўтиб кетганлар, ҳатто Америкага қонунсиз йўл билан келганлар ҳам бошпана сўрашлари мумкин. Мана шундай қонунсиз (“illegal”) меҳмонлар ҳам, иммиграция хизматининг уларни бошпана сўраб берган аризалари олингани ҳақидаги мактубини олгач, уларнинг иши узил-кесил ҳал бўлмагунича Америкада вақтинча қонуний равишда яшашлари мумкин – улар қонунсиз (”illegal:) ҳисобланмайди. Лекин, бошпана сўровчи инсон ҳар гал унга айтилган вақтда ва айтилган идорага суҳбатга ёки судга бориши керак, ҳамда агар унинг яшаш манзили ёки телефони ўзгарса (у бошқа турар жойга кўчса), 5 кун ичида тегишли иммиграция идораси ё судига янги манзили ва телефонини билдириши керак. Бунинг учун ҳам алоҳида кичик анкета -“бланк”-form бор).
Бошпана сўровчи фақат жуда жиддий сабаб (мисол учун, касал бўлиш, оилада йўқотиш, табиий офат) билан айтилган маҳкамага бора олмаган тақдирда, унинг бу айби-хатоси кечирилади. Акс ҳолда, бошпана сўраб берилган ариза кўриб чиқилиши тўхтатилади ва унга “рад” жавоби берилади – бошпана сўровчини ўз юртига жўнатилиш ё бошқа бир мамлакатга кетказиш ҳақида қарор қабул қилинади.
Бошпанадан бошқа ҳар қандай йўл билан Америкада яшаш мақоми ё имтиёзи сўралганида (“греен карта” лотореясида ютиш, Америкада иш топиб, ишга таклиф этган ширкат ҳомийлигида иш визаси сўраш, Америка фуқароси билан қонуний оила қуриш – никоҳдан ўтиб, турмуш ўртоғи хомийлигида бу мамлакатда доимий яшашга ижозат сўраш, ….) – шу ҳолларда бу мамлакатга ноқонуний келганлик, ижозат берилганидан (бунинг муддати “виза”, ҳамда I-94 “оқ карточка”да кўрсатилади) кўпроқ вақт қолиб кетган меҳмонлар учун кўзда тутилган турли жарима ё бошқа жиддийроқ жазо чоралари (жумладан, 10 йилгача Америкага келишга таъқиқ) қўлланиши мумкин. Лекин, бошпана масаласи кўрилаётганида бу киши Америкада қонуний ё ноқонуний яшаётганлиги эмас, у ўз юртида таъқибга учраган ё учрамаганлиги, таъқиб қай даражада бўлганлиги, қайтиб бориши қай даражада хавотирли эканлиги, тақдим этилган маълумот, даъво ва шикоятлар қанчалик ишонарли эканлиги, таъқибнинг сабаби биз мақоланинг бошида санаб ўтган 5 сабабларга кириш ё кирмаслиги кўриб чиқилади ва муҳокама қилинади. Агар бошпана берилса, унинг Америкага келиш ёки бу ерда ижозатсиз қолишдаги қонун ва тартиб бузганлиги кечирилади.
Иммиграция хизматидаги суҳбат натижасида бошпана берилмаганларнинг иши иммиграция судига оширилади. Суҳбат бошланиши олдидан берилган аризага қўшимча ва тузатишлар, аниқлик киритиш, ҳамда қўшимча ҳужжатлар топширишга ижозат берилган. Бундай қўшимча, тузатиш, аниқлик киритишлар судга ҳам топширилиши мумкин. Лекин, бу ҳужжатлар судга камида, иш қайси штатда кўрилаётганига қараб, 10 кун ё 2 ҳафта олдин почта орқали етиб бориши керак; баъзи судьялар ҳужжатлар суд кунидан 30 кун аввал етиб келишини сўрашади. (Суд куни, суд бошланиши олдидан ҳам яна бир марта аризага қўшимча, тузатишлар, янги ҳужжатлар топширишга, одатда, ижозат берилади).
Иммиграция хизматидаги суҳбатга ўз химоячи юристи (адвокат) ва таржимони билан келиш мумкин. Жараённинг бу босқичида таржимон Америка ҳукумати томонидан берилмайди, уни бошпана сўровчининг ўзи топиши керак. Кимлар таржимонлик қила олиши ҳақида ҳам чегаралар бор. Баъзи нодавлат ташкилотлари ва юрист уюшмалари, юридик ширкат-фирмалар ҳимоячилик ишларида ёрдам беришади – баъзан текинга, баъзан арзон нархга. Ҳар бир иммиграция идораси ва судида шундай ташкилот ва ҳимоячилар руйхати бор (http://www.justice.gov/eoir/probono/states.htm) ва у бошпана изловчиларга берилади.
Бошпана сўраб берилган ариза-анкетада “Инглиз тилини яхши биласизми?” ва “Энг яхши билган тилларингиз” деган савол-моддалар бор. Биринчисига “йўқ” деб жавоб берганлар учун, иммиграция судида, мана шу (Сиз “яхши биламан” деб белгилаган) тиллардан бирининг таржимони иштирок этади. Таржимон суд идораси томонидан бeрилади. Бошпана изловчи судда ўз таржимони билан қатнаша олмайди, у таржимон танланишида ҳам иштирок эта олмайди. Чунки, таржимон ҳеч бир тарафга (бошпана сўровчига хам, иммиграция хизматига хам) ён босмаслиги, холис ва бетараф бўлиши талаб қилинади.
“Қочоқ” мақоми сўралганда эса, агар аризага рад жавоби олинса, бу иш судга оширилмайди. Тегишли элчихона, консуллик ходимлари (баъзан БМТнинг қочоқлар идораси билан ҳамкорликда) масалани ҳал етади. “Рад” жавоби берилган тақдирда, шикоят қилиш жуда мушкул иш. Бундай шикоятни суд қабул қилмайди ва кўриб чиқмайди. “Бошпана” сўраётганлар Америка худдудида бўлгани учун, қонунга биноан, уларни ўз юртига қайтариш ҳақида фақат иммиграция суди хукм чиқара олади. Америкага – меҳмонга, ўқишга, ишга, қочоқ сифатида, бошқа мақом билан доимий ёки вақтинча келишга ижозат (”виза” – visa) бермаслик ҳақидаги консуллик қарори устидан судга шикоят қилиш имконияти йўқ. Бу тартиб одатда бошқа барча мамлакатлар учун ҳам ўринли.
Ариза, ҳамда иммиграция идораси ва судида бериладиган кўрсатмалар ҳақиқат ва фақат ҳақиқат бўлиши талаб қилинади ва бу ҳақида қасам ичиш керак бўлади.

БОШПАНА ИЗЛОВЧИЛАРНИНГ ЭНГ КЎП ХАТО ВА ҚИЙИНЧИЛИКЛАРИ ҲАҚИДА

Жуда кўп бошпана изловчилар ўз аризаларини тақдим этишда тузук, қониқарли ҳуқуқий (ва бошқа) ёрдам олишмайди ёки уларга берилган “ёрдам” сифатсиз бўлади. Уларнинг кўпчилиги тузук тайёргарлик кўрмайди, ўз қонуний ҳуқуқлари ва Америка иммиграция идораларидаги тегишли қонун-қоидаларни билмайди, билишга жиддий ҳаракат ҳам қилмайди. Аризалари ва ишларини жиддий ва пишиқ, мустақил экспертизадан ўтказишмайди. Тузук йўл-йўриқ ва маслахат олишмайди, тегишли тартиб-қоида ва қонунларни, Инглиз тилини яхши билишмайди. Баъзан, хатто ўзлари билган ва эшитган қоидаларга хам эътибор қилмай, уларга риоя қилишмайди. Натижада, кўпинча “рад” жавоби олишади – баьзан ҳатто улар қонунга биноан бошпана олишлари мумкин эканлигига қарамай. Лекин, омадсизлик натижасида рад жавоби олиш хам учрайди.
Хатто ушбу мақолада келтирилган қисқа ва тўлиқликдан жуда узоқ маълумотлардан ҳам кўриниб туриптики, Америкада бошпана сўраш ва олиш – қийин иш. Мақоланинг бошида санаб ўтилган сабаблар билан ўз юртида бошига анча савдолар тушган, таъқибга учраган, қонунга биноан бошпана берилиши керак бўлган кишилар ҳам бу мақсадга эришишда жуда кўп қоғозбозлик ва расмиятчилик, ўз тарихини қисқа, лўнда ва белгиланган тартибга биноан тегишли махкама ходимларига етказа олиш каби муаммоларга дуч келади.
Бошпана сўровчилар орасида ёлғон маълумот берадиган ёки жуда катта муболаға ишлатадиганлар кўп учрайди. Буни билган иммиграция ходимлари ва судьялари кўпинча кўрсатмаларга “ишонқирамай” (баъзан ҳатто “ишонмай”) қарашади. Қолаверса, тегишли тартиб, қоидалар, қoнун талаблари жуда мураккаб. Улар билан таништириш учун бир кичик мақола эмас, каттагина китоб ёзиш керак.
Бошпана учун аризани барча қоидаларга биноан тайёрлаш, иммиграция хизматида ва ёки судда саволларга жавоб бериш ва кўрсатмаларда ўз аризаси асосли, шикоят ва даъволари ишонарли эканлигини химоя қилиш қийин иш. Шунинг учун, бу жараённи, тегишли тартиб ва қоидаларни, Инглиз тилини, бошпана сўровчининг Ватанидаги вазиятни тушунадиган ва биладиган, тажрибали ва малакали маслаҳатчининг ёрдами жуда муҳим.
Мақола муаллифининг Америка иммиграция идоралари ва судларида бошпана масаласи бўйича 15 йилдан кўпроқ таржимонлик тажрибаси бор. Айниқса охириги 5 йиллик тажриба мунтазам (баъзи ойларда – 7-8 суд жараёни!), кенг ва чуқур. Шу вақт ичида юзлаб ишлардаги жараёнларда иштирок этиб, тегишли тартиб, қонун-қоида, қайси масалалар муҳим деб қаралиши ҳақида анча маьлумот ва тажриба йиғилган. Ҳамда, муаллиф 15-16 йилдан бери ўнлаб бошпана сўралган ишларни мутаххассис- эксперт сифатида ўрганган, таҳлил этган. Иммиграция юристлари ва бошпана сўровчилар, иммиграция идораси ва судларига бу ишлар ҳақида эксперт хулосалари (“экспертиза”) тайёрлаган, ўнлаб ишларда иммиграция судларида эксперт сифатида иштирок этган.
Бошпана сўровчилар малакали ва тажрибали, билимли, ишга жиддий муносабат, масъулият билан ёндошадиган мутаххассис-экспертлар ва иммигарция юристлари ёрдамига мухтож.
Афсуски, муаллиф баъзи иммиграция адвокатлари ўз вазифасини масъулият билан бажармаслиги, эътиборизлиги, ҳужжатларни тайёрлаш, бошпана изловчи, сўровчига унинг қонуний ҳуқуқларини тушунтириш, унга ариза ва ишни белгиланган тартиб ва талаблар доирасида ва тегишли идоралар учун тушунарли шаклда ва мантиқ билан тақдим этишда сифатсиз хизмат кўрсатганига жуда кўп марта гувоҳ бўлиб келади.
Ҳатто жуда билимли, тажрибали, пишиқ ва кучли иммиграция адвокати бўлган тақдирда ҳам, бошпана сўровчининг юртидаги вазиятни, сиёсий ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги аҳволни биладиган холис мутаххассис-эксперт ёрдами керак бўлади.
“ЯнгиДунё” ўқувчилари мақола муаллифига (AbduMannob@yahoo.com) ушбу мавзуда истаган саволлaри билан мурожаат қилишлари мумкин. Саволлар умумий тартиб-қоида, ёки ўзларининг шахсий вазиятлари ҳақида бўлиши мумкин. Қонун-қоида, тартиб борасидаги саволларга жавоблар ушбу саҳифа-блогда берилади. Шахсий вазият билан боғлиқ саволларга жавоблар эса фақат савол берувчининг хоҳиши, розилиги билан ошкор қилинади. Акс ҳолда, жавоб ҳам шахсий бўлади.
Муаллиф ушбу мавзу ҳақида мақолалар туркуми тайёрлаш ниятида. Бу мавзуни биладиган ўқувчилар, биринчи мақолада келтирилган маълумот ва тавсиялар ҳақида ўз мулоҳаза ва таклифларини муаллифга юборсалар, улар жиддий эътибор билан қабул қилинади. Қуйидаги муҳим масалалар ва саволлар биринчи мақолада ёритилмади ва улар кейинги мақолаларда ёритилиши мумкин:
1. Америкада бошпана сўраганлар учун ишлашга рухсат олиш тартиби (ариза берилганидан 150 кундан кейин ижозат сўраш мумкин!). Канадада, Овруподаги ва бошка бир қанча ривожланган мамлакатларда бошпана сўраганларга, улар ариза бериши билан модддий ёрдам берила бошланади. Америкада, афсус, бундай эмас. Бу мамлакатда, хатто ишлашга ижозат сўраш учун хам ариза берилганидан 150 кун ўтиши керак.
2. Иммиграция идорасида суҳбат: у қандай ўтади?…
3. Иммиграция суди: у қандай ўтади?…
4. Суд бошпанани рад этиб, лекин Америкада қолиш ва ишлашга ижозат (“Withholding of Removal”) бериши мумкин.
5. Чет Элга Саёҳат (Бошпана сўровчи, Бошпана олган, “Withholding of Removal” олганлар учун; “no-fly” list – чет элга саёҳатга ижозат бериб, Америкага қайтишни тўсиш услуби…)
6. Ёлғон ёрдамида бошпана (ёки “Withholding of Removal”) олганлар учун жазо ва хавфлар.
7. Бошпана берилганларга нафақа-ёрдам.
8. Бошпана берилганлар: Оилани Америкага олиб келиш.
9. Бошпана (ёки “Withholding of Removal”) олганидан кейин Америкада жиноят содир этса… – тегишли жазо ва Ватанига қайтариш (“депортация” – deportation) масаласида қайтадан суд.
10. Бошпана берилганлар: “Green Card” ва Фуқаролик олиш.
11. Бошпана берилганлар: Америкада оила қуриш.
12. Бошпана аризаси кўриб чиқилиш жараёнида “Ошкоралик” ва “ёпиқлик”
13. Бошпана сўраганларнинг юртидаги ҳукуматга бу ҳақида хабар берилмайди.
14. Бошпана аризаси кўриб чиқилиш жараёнида: Америкадан чет элга сафар килиш учун алохида ижозат олиш керак!
15. Оила аьзолари: биргаликда ариза бериш ё алоҳида?
16. Бошпана аризаси: Ҳужжатлар топшириш тартиби.
17. Бошпана олганлар – одатда “грин карт” олгунча уз юртига саёхат кила олмайди!
16. Шубха уйғотган ҳужжатлар текширилади!
17. “Иш”га алоқаси бўлган мақола, ҳисобот, баёнотлар тақдим этиш.
18. Ариза ва кўрсатма орасидаги фарқ (тафовут), “зиддият”: оқибатлари.
19. Кичик (майда, аҳамиятсиз) ёлғон ёки тушунмовчилик оқибатлари.
20. “Факт” (кўрсатма, “гувоҳлик”) ва “фикр” орасидаги фарқ.
21. Ақлга сиғадиган ва сиғмайдиган-мантиқсиз кўрсатма ва аризалар.
22. Ўзбекистон, бошқа собиқ Совет мамлакатлари ва Америкадаги тартиб, урф-одат, вазият орасидаги фарқ натижасида келиб чикадиган қўшимча қийинчилик ва тушунмовчиликлар 23. Иммиграция идораси ё судига гувоҳ чақириш ҳуқуқи – жуда муҳим, лекин “сув остидаги хатарли тошлар”….
24. Бошпана сўраб берилган аризани қўллаб-қувватловчи хатлар 25. Агар иммиграция суди “рад” қилса…
26. Агар “Аппелляция” ҳам рад этилса…
27. Яхши, кучли ҳимоячи (адвокат) ва эксперт топиш – қийин иш.
28. Бошпана изловчи “ҳамма ишни ҳимоячи (адвокат) бажаради” деб кутиб ўтирмай, ўзи ҳам жиддий ҳаракат қилиши керак.
29. Қонун, тартиб, талабларни, ҳеч бўлмаса ўз ишига тегишли қисмини, тушиниб, пухта тайёргарлик зарурлиги.
30. Ҳар қандай масаладаги каби, бошпана олиш ҳам қисман омадга боғлиқ, лекин ўз ишига жиддий ёндошган, ўйлаб қадам босганлар одатда кўп холларда ютади.
31.“Қочоқ” мақомини олиш тартиби, қоидалари ҳақида батафсилроқ маьлумотлар.

www.yangidunyo.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares