Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА: Сиз қабристонга олиб борувчи қай бири йўлни танлаган бўлардингиз, юртдош?

 “Конституция кунини қабристонда кутиб ол” дейишди…

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

8 декбарь куни Конституция кунини нишонлаш мақсадида Олой бозорига келгандим.

Атай белгиланган вақтдан ўтказиброқ келдим.

Негаки, Олойда куч ишлатар тизимлари ходимлари “ОШ” иштирокчиларини ҳар куни қатоғон қилишаётганларидан хабарим бор эди.

7 декабрь куни Олой олдидаги бекатда транспортдан тушиб-тушмасимданоқ аср олишганлари учун бу гал шумлигим тутди.

Маҳаллий вақт билан 14.30 ларда Олойга етиб келгач, такси ҳайдовчисидан бозорнинг орқа томонидаги автобуслар бекатига олиб ўтиб қўйишини сўрадим.

Одатдагидек, Олойнинг олд томонидан эмас, бу гал орқа қисмидан бозорга кирдим.

Мева расталари оралаб, заргарлик дўконлари ўртасидаги йўлакдан бозорнинг олд қисми дарвозаси томон йўналдим. Кириш дарвозасига яқинлашганимда худди ўша-ўша ўзимга таниш 4-5 нафар фуқаро кийимидаги махсус хизмат ходимларига кўзим тушди. Улар бозор дарвозасининг ичкари қисмида, панжаралар ортидан Олойнинг олд майдонини кузатиб туришарди.

Уларни кўриб таққа тўхтаб қолдим. Учтепа туман ИИБсига қарашли ходим ортга ўгрилиб, менга кўзи тушди. Кўрди-ю, юзида норозилик зоҳир бўлди. Қошларининг ўртаси тугилиб кетди.

– Сизлардан беркиниб келаётган йўлим шу эди. Кўриб қолдингларми? Хўш, нима қиламиз энди? Яна тутволиб, об кетасизларми?  – дедим унга.

– Шунча огоҳлантиришлардан кейин ҳам яна нега келдингиз бу ерга?

– Конституция кунига бозор қилгани келдим… Бу ёғи байрам….

– Унда боринг, бозорингизни қилаверинг, боринг…

Яна ўзимни бозор ичкарисига олдим.

5 декабрь куни орг. техникам билан қўшиб қўл телефонимни ҳам мусодара қилишганлари учун “қуролсиз” эдим.

Заргарлик дўконидаги сотувчилардан биридан “Қўл телефонингиздан фойдаланиб турсам бўладими?” деб сўрагандим, рози бўлди.

Телефонда бугун “ОШ” тадбирига келиши кутилаётган маслакдошларга қўнғироқ қилдим.

Эрталаб қўнғироқлашганимда ишлаётган телефон рақамлари бу пайтда тўтиқушдек  “Хизмат доирасидан ташқарида” деб такрорлаб қолганди.

“Демак, то мен келгунимга қадар уларни олиб кетишга улгуришган экан-да” деган ўйда Бозор олд кўчасидаги қарама-қарши томонга – интернет клубга ўтдим.

Кейинчалик, «ОШ» акциясида  иштирок этиш мақсадида Олойга келган “Альянс” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти етакчиси Елена Урлаевани ҳамроҳлари билан соат 14.00 лар атрофида Мирза Улуғбек  туман ИИБ идорасига тутиб, олиб кетишганликлари ҳақида хабар топдим….

Олой атрофида фуқаро кийимидаги Учтепа туман Ички ишлар идораси ходими менга ҳамроҳлик қиларди: дўконга кирсам, дўконга киради, интернет клубга бош суқсам, у ерга ҳам ўзини уради.

Ҳозир ҳам шундай бўлди.

Қўл телефонлари жавоб бермаётган издошларим билан фейсбук орқали боғланмоқчи бўлгандим. Мабодо хабар жўнатсам, телефонларига борармикин, деган умидда. Бўлмади, фуқаро кийимидаги ҳар гал мени тутиб кетиб, Учтепа туман ИИБ биносида қамал қиладиган милиция ходими тепамда қоққан қозиқдек туриб олди.

– Ёзинг, паролингизни ёзинг, – деди у тепамда қаққайиб.

– Нега менга соядек эргашиб олдингиз, нари туринг, интернетдаги ишимни якунига етказиб олай, – дедим унга.

– Нима қилмоқчисиз, одамларингизни интернет кўмагида чорламоқчимисиз?

– Йўқ,  кеча интернетда бир одам билан танишгандим. Шу ерда учрашишга келишгандик. Атрофга аланглаб, топа олмадим, кўрдингиз. Илгари умримда кўрмагандим. Телефони ўчирилган экан. Интернетдан  хабар қолдирайчи, эҳтимол, учрашувга келмагандир?, – дегандим, ИИБ ходими кулди-да:

– Интернетдаги тасодифий танишларингиздан бугун бу ерга нечтасини чақиргансиз? –  илмоқли савол қилди.

– Биттагинасини, – дедим, – Интернетда ишлашга қўясизми, йўқми? Қўмайдиганга ўхшайсиз, – дедим-да, зум ўтмай интернет клубни тарк эдим, Олой майдонига қайтдим.

– Опа, истаганингизча айланишингиз мумкин. Лекин биласиз-а, қўлимизда кеча ёзган тилхатингиз бор. Бирор ножўя ҳаракат қилгудек бўлсангиз, бугун аяб ўтирмаймиз, 15 сутка оласиз, биласизми шуни? – деб шивирлади ИИБ ходими.

– Нима, таҳдид қилаяпсизми менга? – сўзларимга урғу бериб сўрадим. – Ўзи ножўя ҳаракат деганда нимани назарда тутасизлар? Шуни менга тушунтириб бера олмайсизми, мабодо?

– Йўқ, ўз тилхатингизни эсингизга солиб қўйаяпман.  Ножўя ҳаракат деганда нимани назарда тутаётганимни жуда яхши тушуниб турибсиз, – жавоб қилди ИИБ ходими. – Қачон уйингизга кетасиз энди? Бўлинг, тезроқ кетинг, биз ҳам бугун байрам қилайлик.

– Мен Конституция кунини айнан Олойда, одамлар билан бирга байрам қилишни истарман? Суратга тушгим келаётгандир? Унда бундоқ қиламиз: сиз менинг фотоаппаратимни олиб қўйдингиз. Шунга расмгаям туша олмаяпман. Қаранг, телефонингиз сўнги русумдагиси экан. Мана бу майдонда мени бир-иккита суратга олиб қўймайсизми-а?

– Кейинчи? – чимрилди у.

– Кейин қаршидаги бояги интернет клубда электрон почтамга суратларни “ташлаб” олардим-да…

– Мени масхара қилаяпсизми? Яна нима истайсиз? – норози оҳангда деди у.

– Бошқа ҳеч нарса… Нега энди мазах қиларканман. Суратга тушириб қўйинг дейиш, масхара қилишга кирадими? Агар истамасангиз, майли, унда мана бу ердаги истаган йўловчидан илтимос қиламан, расмга тушириб қўяди, – дедим.

– Қани, бир уриниб кўрингчи, – заҳарханда қилди у, – Кўрайлик, бўлинг. Нега ҳаракат қилмаяпсиз?

– Ҳали вақт бор, ёлғиз ўзим эсталикка расмга тушмоқчи эмасман…

– Демак, шерикларингизни кутаяпсиз. Уларнинг сони қанча, қачон келишади?

– “ОШ”нинг биринчи куниданоқ “урҳо-ур-сурҳо-сур”, “ур-калтакгу-сур калтак” қилиб халойиқнинг ўтини олиб қўйдинглар-ку? Яна бугун “ОШ”га одам чиқишидан умидвормисиз?  Мақсадларингизга етдингизлар-ку? – дедим шартта.

Мен билан “айтишув” фойдасиз эканлигини билган ИИБ ходими бошини сарак-сарак қилиб, нари кетди.

10 дақиқа ўтар-ўтмас Олой олд майдонида икки нафар оқ шар кўтарган болакайларни етаклаб юрган аёлга кўзим тушиб, уларга яқинлашдим.

Ака-сингил Бойматовлар экан: Жавлон билан Севара. Севаранинг 6-7 ёшлардаги ўғил-қизларини қўлида оқ шарлар.

– Ҳорманглар, салом, “ОШ”гами?

– “ОШ”га – деди Севара.

– Эҳтиёт бўлинг, ортимда одамлар бор, байрамниям байрам  қилишмасин яна? – шивирладим.

– Ҳозиргина “ОШ” ёзувли плакатларимиз билан хар хил суратларга тушдик, майдонни айландик. Биров бир нарса деган эмас. Бекорга хавотир олаяпсиз. Ҳеч ким йўғ-у, – деди Севара кулиб.

– Бошладик унда. Менда Конституция китоблари бор, аҳолига тарқатамиз. Қонунни урганишга чақирамиз. Бўптими? Нимадан бошлаймиз? – дедим Севаранинг гапидан куч олиб, “эҳтимол менинг “дум”ларим кута-кута зерикиб, кетиворишгандир?” деган хаёлда.

– Расмга тушишдан бошлай қолайлик? – таклиф киритди Севара.

– Жаволн бизни суратга туширса, ўзи объект ортида қолиб кетади-ю, тўхтанглар, ҳозир мен у-бу кимдан суратга туширишни илтимос қилиб кўраман, – дедим-да бекатга яқинлашдим. У ерда 4 нафар ёш йигитчалар суҳбатлашиб турарди.  Улардан кўмак сўрагандим, рад этишмади. Йигитлардан бири мен билан бирга майдонга тушди.

Таклифимга биноан  “сураткаш”лик касбини вақтинча эгаллашга рози бўлган нотаниш йигитча  бизни  “ОШ” ёзуви битилган плакатларни  кутариб турган ҳолатимизда, оқ шар тутган болакайлар қуршовида бир-икки суратга туширган ҳам эди-ки, фуқаро кийимидаги 5-6 нафар махсус хизмат ходимлари қуюндек бостириб келишди.

Улардан бири қўлимдаги плакатни юлқиб олди-да, “Нега бу ерда томоша кўрсатасиз, бас қилинг!” дея  дўқ қилди.

Махсус хизмат ходимларнинг 2-3 таси “сураткаш” йигитнинг гирибонидан олди, яна 2-3 таси Жавлоннинг ёқасига ёпишди…

Бу ҳолатни шунчаки сўз билан ифода қилиб бўлмайди: кўриш керак.

Фуқаро кийимидаги куч ишлатар тизими ходимлари икки йигитни бошларини эгиб, қўлларини қайириб, қушхонага ҳайдалаётган қўй каби Олой бозори ичкарисига судраб кетишди.

Бу тало-тўпдан Севаранинг икки нафар фарзандини ранглари оқарди.

Болалар ва аёлларга куч ишлатилган эмас. Ходимлардан бири бизни “одоб” билан йигитлар ортидан бошлаб борди.

ИИБ ходимининг кузатувида Олой бозори милиция таянч пункити томон йўл оларканмиз, бозор дарвозасининг ичкари тарафида “ОШ”да иштирок этиш мақсадида келган яна тўрт нафар маслакдошларимизга кўзим тушди. Танимасликка олиб, олдиларидан саломлашмасдан ўтиб кетишга мажбур бўлдим. Бунинг учун мени кечирсинлар. Сўрашгудек бўлсам, уларни ҳам судраклашларини билганим ҳолда шундай йўл тутганлигимни, ўйлайманки, уларнинг ўзлари ҳам жуда яхши билишади…. (Мазкур сафдошларнинг номларини очиқламасдан қўя қолай….)

Милиция таянч пункитига борганимизда Жавлон билан “сураткаш”имизни аллақачонлар Олой бозори милиция таянч пункити идорасининг ичкари хонасига киритиб кетишга улгуришган экан. Биз кираверишдаги коридорда кутиб қолдик.

Ичкарида бақир-чақир, тақир-туқур, шақур-шуқур авж олгандан авж олар, милиция ходимининг дўқ-пўписаси, ўкирган овози бизга шундоққина эшитилиб турарди.

Ичкаридан фуқаро кийимидаги басавлат ходимлардан бири чиқиб келди-да менга қарата:

– Нега бу ғалвали ишларингизга бир бечораларни аралаштирасиз? Кўрдингизми, анавилардан бири талаба экан. Энди унинг ўқиш жойига бир дунё тақдимнома жўнатилади. Бу йигит сизнинг кирдикорларингизни деб ўқишдан ҳайдалади, ота-онасининг қарғишига қоласиз. Шу ишингиз яхшими? Йигит шўрлик йиғлаб ўтирибди, – деди бақир-чақир қилиб.

Шовқин-сўрон кўтарилган эшикдан киришга урингандим, ичкарига қўйишмади.

Ноилож эшик ортидан овозимни баландлатиб гапиришга мажбур бўлдим:

– Менга қаранг, сиз! Қачондан бери қадамимни кузатиб юрибсиз-у. Мана шу йигитча йўловчи эканлигини ҳам, мен унинг олдига бориб, ундан расмга тушириб қўйишини илтимос қилганимни ҳам биласиз, пойлоқчилик қилиб тургансиз. Мана бу бола етаклаганлар эса ўзлари Конституция кунини байрам қилишга чиқишган. Ўзингиз ўйланг, “ОШ” тадбирига, ё намойишга чиққан одам ғалва ичида қолишини била туриб, ёш болаларни етаклаб чиқмайди-ю? Булар ҳам шунчаки ўткинчи фуқаролар эди. Болакайларнинг қўлидаги оқ шарларни кўриб, булардан расмга тушишларини мен илтимос қилгандим, улар йўқ дейишмади. Уларни айбсизлигини била туриб, зуғум қилаяпсизларми? Уч кундан буён ноқонуний тутқун қилганларингизга қарши ғинг демадим, ёзмадим-чизмадим, юқори идораларга арз-дод қилишга шошмадим, шунга ўзингиздан кетаяпсизми?  Агарда мана шу йигитларнинг бирортасини бурни қонагудек бўлса, бу амалингизда қайтиб ишламайсиз, шуни билиб қўйинг, мен сизга ваъда бераман. Оёғим етган жойга қадар устингиздан арз қилиб бораман!  Тинч аҳолига жабр қилишнинг оқибати нима билан тугашини ўшанда биласиз? Агарда амалингиз ортиқчалик қилаётган бўлса, билганингизни қилинг? – дедим ичкаридаги бақир-чақир қилаётган ходамларга қарата.

Ичкаридан бир ходимнинг:

– Бу ерда бозор қилманг, ҳозироқ сизни қамаб қўяман! – деган пўписаси эшитилди. Кейин эшик очилиб, ўзининг қораси кўринди. – Менга қаранг, Малоҳат опа, шунча йилдан бери мажлис ўтказасизми, тадбир ўтказасизми, байрам қиласизми, бирор марта сизнинг ишингизга халақит берганманми? Нима қилаяпсиз, деганманми? Нимага сиз менинг ишимга аралашасиз? Боринг, кутиб ўтиринг, ишимга халал берманг. Мен уларнинг шахсини аниқлаяпман, – дея бақирди.

– Иккитагина фуқаронинг шахсини шунча бақир-чақир, ғала-ғовур билан аниқлайсизми? Дўғингиз бозор тугул, оламни бузаяпти-ю? Майли, мени қамай қолинг, лекин бу айбсиз одамларни ҳозироқ қўйиб юборасиз. Шу ердан айбдор топиш шарт  бўлса, мана, менман ўша одам. Биргина ўзим айбдорман оқ кийимда суратга тушган, Конституция кунини байрам қиламан деб Олойга чиққан. Айбдор керакми, сизларга? Қаршингизда турибди-ку асосий гуноҳкор, бу бечораларга нима дейсиз? – дедим жаҳл билан.

– Айбсизми булар? “ОШ” деган плакатни кўтариб чиққанлар айбсиз бўлдими?  Ўткинчиларми булар? Қўйсангизчи, ёлғонниям сувдай ичаркансиз-а?!, – энсасини қотирди ходим.

– Бу плакат уларники эмас, меники. “ОШ” деган ёзувли плакат уларда нима қилади, соҳиби менману… “ОШ” дегани нима дегани, биласизми ўзи? Оммавий Шодлик дегани. Конституция кунини Оммавий Шодлик-ла нишонлайлик деган мазмундаги чақириқ-ку бу?

– Нега ёлғон гапирасиз-а? Ҳалигина қўлингизда ҳеч вақо йўғиди-ку, кўришганимизда?!

– Кўрмаяпсизми, плакат тўрт букланган. Сиз сумкамни кўрганмидингиз? Йўқ, шундайми? Бу плакат сумкамда эди. Ҳозиргина сумкамдан олгандим… Уларни қўйиворингда, нима гапингиз бўлса, мен билан гаплашинг, бақир-чақирингиз билан мана бу болакайларниям қўрқитаяпсиз, -дея талаб қилдим.

Ярим соатлик суруштирувлардан кейин ичкаридан қазариб-бўзарган, қўрқувдан қалт-қалт титраган “сураткаш” чиқди. Афтидан, талаба йигитчага жавоб тегди чамаси, у орқа-олдига қарамасдан хайр-маъзурни нася қилиб кетворди.

Унинг ортидан:

– Узр-а, сизни ғалвага қўяман деб ҳечам ўйламагандим. Мени кечиринг, – деганча қолавердим… Тузукроқ таниша олмадим ҳам….

Ўзини таништирмаган, тахминамча, Тошкент шаҳар Ички ишлар идораси ходими  ака-сингил Бойматовларни етаклаб, қаергадир равона бўлди.

Олой бозори милиция таянч пункитида ўша ерда фаолият юритувчи милиция формасидаги 3-4 та ходиму, Учтепа туман ички ишлар идорасидан менга “хос соқчи” сифатида ёлланган фуқаро кийимидаги ёшгина йигитча билан болам қатори битта ММХнинг “одами”ми қўршовида ёлғиз қолдим.

“МХХ ходими бўлса керак”, деб ўйлаганим – тахминан 25 ёшлардаги (эҳтимол, ёш кўринар?) “болакай” билан анчагача “чуғурлашиб” ўтирдик. У ўзини бозорда арава тортадиган аравакаш деб таништирди.

“Аравакаш”нинг оёғида турқингиз акс этадиган 500 минг сўмлик пойабзал ярқирайди…

“Бозордаги арава ҳайдайдиган болалар ҳам шу каби тўқлик-тўкинликка эришган бўлса, қандай яхши-я?” деган гапни кўнглимдан ўтказиб қўйдим.

– “Аравакаш” ўғлим, телефонингизни бериб турсангиз, шундоқ қизимга қўнғироқ қилиб қўйсам девдим… хавотир олишмасин, – илтимос қилдим ундан.

– Менинг телефонимдан қизингизга сим қоқишингиз хавфли. Мен шўх боламан. Кейин қизингизни севиб қолиб, тинч қўймасдан гаранг қимламан, –  ҳазиломуз жавоб қилди у.

– Бу ёғидан ташвишланманг. Аксинча, менинг қизим сизнинг тинчингизни бузмаса деб қўрқаман. Онасининг боласи улар. Жуда шаддод. Уларни тўрига тушиб қолсангиз, типирчилаб, чиқаолмасдан қоласиз, – жавоб оҳангига монанд гап қилдим. – Демак,  “аравакаш” йигитчамиз ҳам халқ томонида эмас, ҳақсиз ҳукумат томонида турувчилардан-денг…, – қўшимча қилиб қўйдим…

Минг қилсам ҳам, барибир милициянинг қароргоҳи ҳисобланмиш бу даргоҳда менга телефон аппарати тегмади…

Хомуш тортиб қолдим… Қош қорайган. Мени нима кутаётганини билмасдим…

Қанча ўтирдик, билмайман, соат 18.00 га яқинлашганмиди, ё ўтганмиди, билмадим, соатнинг ўзи йўқ, қош қорайганда, бир маҳал Учтепа ИИБсидан қўйилган “хос соқчим”  тепамга келди.

– Опа, сиз кеча огоҳлантириш олган эдингиз-а? Тилхат ҳам бергандингиз. Бугун Олойга келсангиз, қамалишингизниям билардингиз. Шуларни била туриб, бугун нимага чиқдингиз ўзи? Қамалишдан ё жаримадан қўрқмайсизми? – сўради у.

– Нимага қўрқарканман? 15 сутка ҳам, жарима ҳам ноқонуний қўлланиладиган жазо эканлигини биламан-ку? Арз қила-қила бирор омон-омон кунда ойдинликка чиқишимни, жарималарни бекор қилишга эришишимни биламан. 15 суткага қамашса, қамаганларга тавон тўлатаман. Бу билан сизлар мени жазолаётганларингиз йўқ. Ўзбекистоннинг бош қонун китобини байрам қилган фуқароларни таъқиб қилиш орқали Ўзбекистонни, Ҳукуматни бутун дунё олдида шарманда қилаяпсизлар, шуни биласизми? Аслида, ҳукуматни шаримсор қилаётганларингиз учун сизларни жазолаш керак-ку, – жавоб қилдим унга комил ишонч билан.

– Ҳиммм, тавба, – деди «тан соқчим» гуё менга ақилдан озган одамга қарагандек қараркан, кейин:

– Ҳозир сизни қўйиб юборсак, нима  қиласиз? – деб сўради.

– Қаронғу тушганида нимаям қилардим, уйимга кетаман-да…

– Аниқми?

– Ҳа.

– Сизга ишониб бўлмайди. Кутилмаган “сюрприз”лар тайёрлаб юрасиз… – деди-да ичкарига қайтиб кериб кетди…

Ўтирдик, ўтирдик, ўтирдик… Ниҳоят, ичкаридагиларнинг “маслаҳат оши” пишди чамаси, “хос соқчим” қайтиб чиқди.

– Кетдик, опа, уйингизга ташлаб қўяман…

– Кеча қамаб қўямиз деб қўрқитгандинглар. Охийри қўйиб юборишга қарор қилибсизлар-да. Бу “мурувват”  Конституция кунига менга қилган совғаларингмизми? Раҳмат, кетдик, – дедим севиниб.

– Мен ҳам – бир бечора “аравакаш”ниям уйига ташлаб қўйинг, – деди ҳалидан буён менга соқчилик қилиб ўтирган йигитча.

Уч кундирки ўзини таништирмасдан келаётган фуқаро кийимидаги Учтепа туман Ички ишлар идораси ходимининг оқ рангли матиз русмли машинасига ўтирдик: Мен, “хос соқчи” ва “аравакаш” йигитча.

– Йигитлар, бунчалар кўнгилларинг кенг бўлмаса-а? Бир мартаям исмларингни айтмадинглар-а? Сизларга нима деб мурожаат қилишни билмасдан,  ҳижолат бўлаяпти одам. Ўзларингни таништиринглар бундоқ? – дедим машина жойидан қўзғалгач.

– Мен Василийман, – деди рулдаги Учтепа ИИБсига қарашли “хос соқчим”.

– Қаранг-а, мен сизни Иван бўлсангиз керак деб ўйловдим… – деб қўйдим.

– Менинг отам Иннокентий, – кулди олдда ўтирган “аравакаш” ортга ярим юз ўгрилганча.

–  Сизнинг исмингиз бироз мураккаброқ экан. Хотирада қолиши мушкул… Мана, танишиб ҳам олдик, бўларкан-ку, – дедим сир бой бермай, – Хўш, Василий, қаерга кетаяпмиз? Учтепага олиб борадиган доимий йўлимиздан адашиб кетдингиз-ов, назаримда…

Ҳамроҳларим жилмайиб қўйишди.

– Опа, сиз ҳеч “Военный часть”да бўлганмисиз? – сўради “Василий”.

– Йў-ўўўқ, нимайди?

– Ҳарбийларни, солдатларни кўрганмисиз?

– Ҳечам кўрмаганман…

– Мана, ҳозир кўрасиз. Биз сизни “военный часть”га олиб борамиз. Ўша ерда солдатларни кўрасиз, – шеригига ўғринча сирли қараш қилиб қўйди рулдаги «тан соқчим»

– Тушунмадим, ҳарбийларга ишимнинг, менинг нима алоқам бор?  Менга соқчиликка солдатлар керак эмас, уч кундан буёғига Учтепа РОВДдаги йигитларга анча кўникиб қолувдим. Жуда хушмуомала бўлишаркан. Ўша ерга элитаверинг, солдатларнинг олдига олиб боришингиз шарт эмас…

Ҳамроҳларим жавоб қилишмади. Ўртага совуқ сукунат чўкди.  Ўнга, сўлга…  Кенг, ёруғ йўллар ортда қолиб, пастқам маҳаллаларнинг жин кўчаларидан яна қанча юрдик, билмадим…

– Йўлдан адашиб қолдингларми? Эски маҳалланинг хароба кўчаларида нима қиламиз? Ростини айтинглар, мени қаерга олиб бораяпсизлар? Бу пастқам уйлар орасида “военный часть”  нима қилади?  Ё ГУВДга олиб бормоқчимисизлар? Кечаги ваъдаларингизнинг устидан чиқиб, мени қамаб қўймоқчимисизлар? Суднинг қарорисиз-а? Судья қани? Мени судлаш учун “далилий ошё”ни – плакатимни ҳам ўзларинг билан  олиб олмадинглару? Телефонингизни бериб туринг, қизларимга қўнғироқ қилиб қўяй, – илтимос қилдим улардан.  Қоронғулик тушган нотаниш жин кўчаларни кўриб кўнглимга хиёл ҳадик тушиб қолганди.

– Биздан қўнғироқ қилиш мумкинмас, ўзингиз биласиз-ку… Шошилманг, суд ҳам ўша ерда, прокурор ҳам, ижрочилар ҳам…  Далилий ошёнгиз ҳам… Солтатлар ҳам… Ҳаммаси жамул-жам – сизни кутиб туришибди. Мана, етай деб қолдик, – деди “Василий”.

Яна бир бор қандайдир маҳаллалар орқасидаги тор, гадойтопмас кўчаларга қайрилдик. Ўнг қўлда баҳайбат қабристон бошланди….

– Қаердамиз? – дедим ҳадиксираётганлигимни сездириб қўймаслик учун овозимга ўктамроқ тус бериб.

– Сергелида… – жавоб қилди «Василий».

Йўл давомида «Иннокентий» деярли гапирмасдан келди…

– Сирғалига келиб қолдикми? Дарров-а?  Бирорта кўприкдан ўтмадигу? – машина ойнасидан қоронғуликда атрофга алангладим.

Ҳамроҳларим бир-бирларига қараб сирли кулиб қўйишди.

Қабристон тугаб-тугамай ҳайдовчи ходим машинасига “тормоз” берди. Тўхтадик.

– Опа, манзилга етиб келдингиз. Биз бу ёғига кета олмаймиз. У ёғи “тупик”. Машина юрмайди. Тушинг, уйингизга кетаверишингиз мумкин, – деди “Василий”.

– Сиз “Уйингизга элтиб қўяман” деб ваъда бергандингиз-ку? Бу ерларни мен билмайман. Адашиб қоламан. Бир ўзим шу қаронғуда қандай тушаман, қаерга бораман? Бирорта ёруғроқ катта йўлга чиқариб қўймайсизми? – дедим норози бўлиб.

– Биз  келадиган жойимизга етдик. Тўғрига юрсангиз, ариқ, тахта кўприк бор. Кўприкдан ўтиб, бироз юрсангиз катта йўлга чиқиб оласиз.  Бўлинг, тушмайсизми? Ё биз билан юриш сизга ёқиб қолдими? – дедит “Василий” маънодор оҳангда.

Нимаям қилардим. Улар билан хайр-хушлашиб, тушиб қолдим.  Махсус хизмат ходимлари ўтирган машина ортга қайрилиб кетди.

Тан олишим керак, роса юрагим ёрилди.

Бошимиздан ўтган: Махсус хизмат ходимлари Қашқадарёда, куппа-кундуз куни, одамларнинг кўз ўнгида нима қилди? Вилоят прокуратурасининг шундоққина тумшуғининг тагида ёлланган жангари аёллардан иборат “спецназ”га дўппослатишди-ку? Ўша калтакларнинг таъми ҳалиям таънамда турибди….

Буларнинг қўлидан нималар келмайди?: Нега кечаси ёлғиз ўзимни тор кўчалар, жин йўлаклардан олиб ўтиб, қабристонга келтириб қўйишди? Нега “Манзилга етиб келдингиз? У ёғи “тупик”, тушинг” дейишди? “Кейинги борар маконингизни бир кўриб қўйинг?” демоқчи бўлишдимикин ё? “Сен танлаган йўлнинг охири йўқ – “тупик” – тиқилиб қоласан” дейишганларимикин бу?” …  “Конституция кунини қабристонда истаганингча байрам қилавер” дейишганларидир-да – бу? …

Кўнгил душман дейишади. Бир лаҳзада хаёлим минг бир кўчага кириб чиқди…

Қашқадарёдаги каби  тўртта алкашни ёлламасликларига кафолат борми? Ё яна шу қоронғу кечада аёллардан иборат “спецназ”ни ташлашни режа қилишганмикин? Худо кўрсатмасин, шу қоронғуликда, қабристон қаршисида бирор бир кор ҳол содир бўлгудек бўлса, кимга нимани исботлайсиз? Исботлай оласизми?  Қандай қилиб?  Жонингиз соғ қолса, албатта….

Шу хаёллар билан чироқли кўча кўринган томон юриб кетдим…

Ортимдан машина фарасининг ёғдуси кўринди дегунча юрагим қаттиқ тепди… “Ёллаган одамлари шу машинададир балки?” деган ўйда пастқам уйлардан бирининг дарвозасини тақиллатдим. Ўрта ёшлардаги эркак киши кўриниш берди эшикдан.

“Ассалому алайкум, амаки, адашиб қолдим. Катта кўчага қандай чиқиб олсам бўлади?” гапга солдим мезбонни.

Бу орада ортимдан келган чороғон фарали енгил машина “зип” этиб ўтиб кетишга улгурди… “Хайрият, мен билан ишлари йўқ одамлар экан” деб енгил тин олганча, йўлимда давом этдим…

Бундай пайтларда қўрққан кишига ростанам қўш кўринаркан. Қаршимдан одам шарпаси кўринди дегунча, юрагим “шув” этиб товонимга тушиб кетади. “Эҳтимол яёв келаётган мана шу йўловчилар – махсус хизматлар ёллаган кимсалардир?” деган ўй кўнгилни ўқ мисол ўйиб ўтади….

Одамларнинг қораси узоқлашгунга қадар навбатдаги дарвозани ураман: “Катта кўчага қандай чиқаман? Йўлдан адашдим, синглим….”…

Маҳалла аҳли айтганидек, олдин тўғрига, кейин унга қайрилиб, анча яёв юрдим…. Шу тобда ёлғиз йўловчи машинага ўтиришга юрак қайда? Аслида, бу кимсасиз кўчалар серқатнов эмас экан, машина дегани ҳам бир-икки кўриниш бериб қоларкан…

Пастқам уларнинг бирида дўкон очилган экан. Кирдим. Қўнғироқ қилиб олсам бўладими, деб илтимос қилгандим, рад этишмади. Воқеликдан қизларимни хабардор қилиб қўйдим. “Мана шу телефон рақамни сақлаб қўйинглар” деб тайинладим ҳам…. Ким билади, катта кўчага чиққунимга қадар қандай кор-ҳол юз беради? Ҳар эҳтимолга қарши-да…

Йўқ, мен  махсус хизмат ходимларининг қабристонга қўйиб кетишганларидан хафа эмаман. Қабристонда уволу савобларининг сўроғига жавоб бериб ётган марҳумлардан чўчимайман. Ўликлардан эмас, тириклардан – куч ишлатар тизими ходимларидан, уларнинг минг бир найрангларидан кўрқиш  керак, аслида…

Бир амаллаб кенг, ёруғ, одамлар билан гавжум кўчага яёв чиқиб олдим. Тун қоронғусида жамоат транспортида уйга қайтарканман турли ўй-хаёллар қуршаб олди:

Демак, Қомусимизни, қонунларни урганаман, ҳуқуқимни таниб оламан, ҳақ талаб қилишни ўрганаман дегувчилар, ҳақиқатни билишга ҳаракат қилувчилар, адолат ахтарувчилар, мухолиф қарашдаги кишилар, Конституция қабул қилинган кунни байрам қиламан, унинг моҳиятини тарғиб этаман деган фикрдаги одамлар оқими Ўзбекистон ҳукуматига хуш келмайди.

Шу боис ҳам, билингки, КОНСТИТУЦИЯ КУНИНИ БАЙРАМ ҚИЛАМАН ДЕГУВЧИ ФУҚАРОЛАРНИ ЎЗБЕКИСТОН ҲУКУМАТИ КУЧ ИШЛАТАР ТИЗИМЛАРИНИНГ ҚЎЛИ БИЛАН МЕН КАБИ ҚАБРИСТОНГА КУЗАТИБ ҚЎЙИШАДИ!

Ҳа-аааа, халқимизга жуда-жуда қийин, аҳолига жудаям, жудаям оғир…

Конститутцияни ўрганмаса, қонунларни билмаса, ҳақ талаб қилишдан қўрқиб яшаса ҳам ҳақсизлик, жабру зулум, оғир турмуш тарзининг залвори – ХЎРЛИГУ ҲОРЛИК оддий аҳолининг қабристонга элитувчи манзилини шусиз ҳам яқин қилиб қўяди-ку.

Йўқ, аксинча, мен одамлардек яшашни истайман, Конституцияни сув қилиб ичаман, халқ ҳокимиятини барпо қиламан дея бош кўтарувчи аҳолини эса  Ҳукуматнинг ўзи қабристонга элтиб қўяркан-да!

Ўзбекистон шароитида ҳар икки ҳолатда ҳам тез борар манзилимиз битта бўларкан-ку?

Модомики, мавжуд тузим тез йўллар маконимиз муқаррар экан,   Сиз қабристонга олиб борувчи  қай бир йўлни танлаган бўлардингиз, юртдош?

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares