МАЛОҲАТ ЭШОНҚУЛОВА – ДАВРИМИЗНИНГ ДОВЮРАК АЁЛИ

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

Ижтимоий тармоқларда «Бирдамлик» Халқ Демократик Харакатининг фаолларидан бири Малоҳат Эшонқулованинг номи билан боғлиқ мақолаларнинг кети узилмаяпти. Малохат опанинг ҳатти-ҳаракатларига оид кимдир салбий, яна кимдир ижобий фикрларини баён айлашда давом этмоқда. Бизнингча, бугун чиндан ҳам касбдошимиз билан боғлиқ можаролар ҳар томонлама эътиборга арзигулик муаммо ҳисобланади. Негаки, бу ерда инсоннинг тақдири, инсоннинг эрки, инсоннинг ҳоҳиш-иродаси, инсоннинг ор-номусию қадр-қиммати томомила топталмоқда. Боз устига, бундай кўргуликлар нозик хилқат вакиласи атрофида кечаётир. Бу эса, ақли расо ҳар бир инсонни ташвишлантириши керак.

Мен Малоҳат опани танийман. Опа билан илк бор учрашгунимизга қадар уч-тўрт марта телефон орқали гаплашганмиз. Тўғриси, ўшанда Малоҳат опани мутлақо бошқача тасаввур қилганман. Мухолифат таркибидаги аёл негадир эркакшода, тўпори, бетгачопар, ушлаган жойидан юлиб олувчи уддабурро сифатида кўз ўнгимда намоён бўлган. Бироқ Малоҳат опа билан учрашганимиздан кейин бу каби гавдалантиришлардан батамом фориғ бўлганман. Негаки, ўзбегимнинг бу аёли сиймосида назокат, латофат, иффат ва хотин-қизларга хос шарм-ҳаё — барча-барча хислатлар мужассам топган эди. Малоҳат опа билан суҳбатлашарканмиз, уларга нисбатан меҳрим янада ошганлигини асло яширмайман. Кичкинагина жуссалари билан тоғдай оғир вазифаларни уддалашга талпинишлари ҳавасимни келтирган. Аёл бўлишига қарамасдан ҳар бир инсоннинг, жумладан, мана-ман деган эркакларнинг ҳам қўлидан келавермайдиган вазифаларни зиммаларига олганликларига тасаннолар айтгим келган ва бу фикримдан ҳозир ҳам қайтмайман.

Мен Малоҳат опани таниқли ўзбек ёзувчиси Абдулла Қаххорнинг  «Синчалак» повестидаги Саидага ўхшатгим келади. «Хотин-қизлар етакчилик қилса, калавамнинг учини йўқотиб қўяман», дея пўписа қилувчи Қаландаров ва қаландаровчиларнинг ҳар хил гап-сўзларига, найрангларига, тана-дашномларига писанд қилмасдан зиммасига юкланган вазифаларни сидқидилдан адо этишга чоғланувчи ўша Саидага қиёслагим келади… Бироқ, афсуски, Малоҳат Эшонқулованинг саъй-ҳаракатлари, мамлакатимизда устувор кучга эга бўлган сиёсий тизимдаги адолатсизликларга қарши ошкора фаолиятлари ҳаммага бир хил даражада ёқмаяпти. Бунинг натижасида боёқуш аёлнинг шаънига, қадр-қимматига қарши бир-биридан оғир тошлар отиляпти. «Туҳматчи», «пиарчи», «сафсатабоз»  ва ҳакозо-ҳакозо…

Мен шу ўринда Малоҳат опага кимлардир томонидан берилаётган бундай таърифларнинг хақиқатга мос эмаслигини инкор қилган ҳолда қуйидаги воқеани баён қилмоқчиман. Бир куни мени яқин қариндошларимдан бири шошилинч тарзда уйига чақиришди. Бордим. Ўзаро салом-аликдан ва таомилимизга кўра меҳмонгарчиликдан кейин қариндошим менда алоҳида гапи борлигини айтиб, оила-аъзоларига хонадан чиқишини буюрди. Маълум бўлишича, шу куни қариндошимни ишхонасидаги кадрлар бўлими бошлиғи хонасига чақирган. Хонада директор ўринбосари, кадрлар бўлими бошлиғи ва аллақандай нотаниш эркак киши бўлган. Директор ўринбосари қариндошимни нотаниш эркак киши билан таништириб, кадрлар бўлими бошлиғи билан бирга хонадан чиқиб кетган. Исми-шарифини сир сақлаган, ўзини яқиндан таништиришдан бўйин товлаган нотаниш киши қариндошим билан бир соатга яқин савол-жавоб ўтказган. У қариндошимдан қариндош-уруғларимизнинг ким бўлганликлари, қаерда ва қандай лавозимларда ишлаганликлари, умр йўлдошининг кимлиги ва касби-кори, ўзининг таржимаи холи, чет элларда қариндошларимиз бор-йўқлигини, хатто, аллақачон оламдан ўтган отамиз, қайнотаси қаерда, қандай лавозимларда ишлаганликларигача сўраб-суриштирган.

Суҳбат давомида у қариндошимнинг номига расмийлаштирилган сим-карта (уяли алоқа телефони) рақамини сўраган. Қариндошим ўзининг доимий равишда ишлатадиган телефон рақамини айтган. Шу пайт нотаниш киши: «ўйлаб кўринг, айни пайтда қандайдир эркак киши фойдаланаётган телефон рақамингиз хам бўлиши керак», деб савол берган. Қариндошим узил-кесил рад этган. Бундай раддияга бир пайтларда қайсидир қариндошимизга телефон рақами керак бўлгани учун ўз номига сим-карта сотиб олиб берганлиги, айни пайтда ушбу рақамдан менинг фойдаланаётганим ёдидан чиққанлиги сабаб бўлган.

Хуллас, нотаниш шахс қариндошимга суҳбат сўнггида: «Шоир-поир, журналистлардан танишингиз йўқми, мабодо шоира Эшонхужаевани танимайсизми? деб савол берган. (Менимча, асли касби журналист бўлган Малохат опанинг фамилиясини ё суриштирувчи хато айтган ёки қўрқувлар исканжасида қолган қариндошим яхши эслаб қолмаган). Қариндошим нотаниш шахс (у МХХ ходими бўлиши хам эҳтимолдан холи эмас)нинг мана шу саволидан кейин вазиятнинг жиддийлигини тушунган. Хеч қандай журналист таниши йўқлигини, Эшонхужаевани (!) танимаслигини айтган. У ҳақиқатан хам Малоҳат Эшонқуловани танимас эди. Хуллас, қариндошим билан ўртамиздаги суҳбат унинг менга жиддий танбеҳ бериши ва ўзига тегишли сим-картани қайтариб олиши билан якун топди…

Эсли-хушли одам менинг бу мисолим орқали Малоҳат опанинг ўзини-ўзи «пиар» қилмаётганлигига, унинг хар бир ҳатти-ҳаракати назорат остида бўлганлигига, «Бирдамлик» вакиласининг «пиарчи» эмаслигига ишонч хосил қилади. Аниқроғи мен шундай умиддаман.

Энди Малоҳат опага босилган «туҳматчи» деган тамғага оид ўз фикримизни баён қилиш мавриди келди. Ушбу фикрнинг ножуя эканлигини яна бир карра такрорлайман. Кимлардир томонидан «босилган» бу «тамға» аслида Малоҳат опанинг соғлигидан хавфсираганлиги, саломатлигидан шубҳаланганлиги туфайли вужудга келган десак адашмасак керак. Энди айтингчи, кимлар учун «шубҳа» тушунчаси ёт, кимлар шубҳалардан ҳоли ҳолда эмин-эркин яшай олади?! Бизнингча ҳамма ўзидан шубҳаланади, ўзи билан бирон кор-ҳол содир бўлса шубҳалар гирдобида қолади. Бу табиий ҳодисадир. Бир сўз билан айтганда, «шубҳа» кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолган унсур эмас. У азалдан мавжуд. Бунга мисол сифатида юртимизда, аниқроғи, бундан бир неча аср олдин кўҳна Хоразмда майдонга келган зардуштийлик таълимоти ёритилган «Авесто» асарини тилга олишимиз мумкин. Унга кўра, дастлаб дунё нурдангина иборат бўлган. Йўқликдан борлиққа биринчи қадамни қўйган зотнинг оти Зирвон бўлган. У нур оламига 9999 йил илтижо этиб, фарзанд сўраган. Илтижоси қабул бўлавермагач, балки бу дунё ёлғондир?, дея шубхага тушган. Қарангки, худди шу шубхадан ёвузлик тимсоли Ахриман ҳомила бўлган. Ишонч ва эътиқоддан эса, Хурмуз дунёга келган. «Авесто» асаридаги асосий тимсоллар эзгулик тимсоли – Хурмуз (Ахурамазда) ва ёвузлик рамзи Ахриман (Ангираманю) тимсоллари аслида дунёни ҳаракатга солиб турган икки куч – шайтон ва раҳмон орасидаги абадий курашдир. «Авесто»да келтирилган ушбу жумлаларни мисол тариқасида тилга олиш орқали эса, биз «шубҳа»нинг азалдан мавжуд бўлганлигини яна бир карра исботлашга чоғландик, холос. Демак, Малоҳот Эшонқулова ҳам ҳамма қатори шубҳаланишга ҳақли. Унинг ички вахдатул-вужудига хеч ким, ҳатто Каримов ҳам туғаноқ бўла олмайди ва бу борада ҳақли эмас. Шундай экан, Ёдгор ака, Надежда Атаевага ўхшаган кимсалар ва бошқа узуқ-юлуқ фикр айтувчилар кимгадир тош отишдан олдин теранроқ мулоҳаза юритишлари керак. Бугунги чиркин тузумнинг кирдикорларини фош қилиш мақсадида жонини жабборга бериб курашаётган боёқуш аёлнинг ҳолатига далда бўлиш қўлларидан келмаса, яхшиси сукут сақлаганлари хар томонлама мақсадга мувофиқ…

 Яна шу ўринда ўзлигимизга бир қурра назар ташласак. Маълумки, туркий халқлар адабиётида «Гўрўғли» туркумига мансуб «Малика айёр» деган достон бор. Ушбу асарни биз ўзбеклар ўзимизники сифатида қабул қилганмиз ва ҳамиша севиб мутолаа қиламиз. Асар қахрамонлари Аваз ва Маликанинг мардликлари, жасурликлари, садоқатларига ҳавасимиз келади. Асарда Аваз арботинлик аскарлар билан бўлган жангда оғир яраланади. Авазга душман бўлган Асад ва Шодмон фурсатдан фойдаланиб ҳолсиз ётган хастани тинчлантирмоқчи бўлади. Бироқ уларнинг бундай йўл тутишларига виждонлари йўл қўймайди. Соғ эканида Авазни йўқ қилишга уринган мерганлар ярадор жангчига қурол ўқталиш эмас, уни ташлаб кетишни ҳам уят билади. Шодмон мергану Асадлар ҳатто ўзига зарар бўлса ҳам эътиқодларига қарши боришни исташмайди. Хуллас, асарда одам ҳамиша ҳам фақат манфаатига мос келадиган ишни қилавермаслиги яхши акс этган.

Ўқувчилар юқорида келтирилган мисолимиз орқали бизнинг нима демоқчи бўлганимизни тушунган бўлса ажаб эмас. Демак, ўз касбдошларимизнинг бетиним отилаётган тошлардан тинка-мадори қуриган бир аёлга – касбдошига далда бериш ўрнига аксинча кимларгадир қўшилиб яна такроран тош отиши адолатдан эмас, уни тошдан ҳимоя қилиш эса олижанобликдир. Қарға қарғанинг кўзини чўқиса нима бўлишини билишимиз керак.

Азизлар, келинглар, кичкинагина жуссаси билан ўта машаққатли ва матонатли ишларни зиммасига олган самимий, ширинсухан, давримизнинг довюрак аёли, келгусида исми-шарифи тарих сахифаларида зарҳал ҳарфлар билан ёзиладиган Малоҳат Эшонқуловага қарши ҳар хил бўхтону иғволарни бас қилайлик! Ахир, Малоҳат Эшонқулова ҳам ҳамма ўзбек аёллари каби ўз фарзандлари тўйларини кўриш, ширин-шакар набиралар суйиш ва бошқа орзу-ҳаваслар оғушида яшаётганлигини унутмайлик! Малоҳат опанинг соғайишини, эзгу ниятлари рўёбга чиқишини биргаликда Яратгандан сўрайлик!

Асил ЭЛЎҒЛИ 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares