Ўзбекистонда онанинг ноқонуний жаримаси туфайли бола жазоланди…

 

Ойимнинг ноқонуний жарималари, сиёсий фаолияти учун мени ҳам “сийлашди”, – дейди Зарнигор.
 Зарнигор  Ҳакимова
Зарнигор Ҳакимова

 

Ўзбекистонда қонун деганлари фақатгина қоғозда қолган десак, ишонмайсиз.

Мана, масалан, Ўзбекистон қонунларида “Бола ота-она учун жавобгар эмас” дейилади.

Бекор гап.

Негаки, Ўзбекистон ҳукумати ҳамиша ота-онанинг ҳатти-ҳаракати учун унинг фарзанди орқали қасд олиб келган.

Бу гал ҳам шундай бўлди.

Мустақил журналист ва мухолифат фаоли Малоҳат Эшонқулова пикет ва намойишларга йўлбошчилик қилиши ортидан мамлакат судлов тизими томонидан 15 миллон сўмлик жарима асосида ноқонуний тарзда “тақдирланган” эди. Аниқроғи, шу баҳона оёғи “тушовланган”ди. Давлатдан катта сўмма қарздорлиги ортидан суд қарори асосида Малоҳат Эшонқулованинг ҳорижга чиқиш ҳуқуқи чеклаб қўйилганди.

Майли, бу энди тушунарли, чидаса бўлади.

Бироқ, мустақил журналист ва мухолифат фаолининг қизи Зарнигор Ҳакимова куни кеча онасининг ҳатти-ҳаракатлари учун тавон тўлади.

Гап шундаки, Зарнигор шу йилнинг 3 март куни Самарқанд вилоят ОВИРига ҳорижга чиқиш учун рухсатнома олиш мақсадида ҳужжат топширганди.

– Вилоят ОВИРига ҳужжат топширишга жудаям қийналгандим. Минг битта қоғоз, маълумотномалар сўрашганди, – дейди Зарнигор Ҳакимова биз билан суҳбатда, – Аввалига, “Яшаётган маҳалла оқсоқоли Сиз учун “Чет элга чиқиб, қайтиб келишига, маблағи борлигига  кафолат берамиз” деган мазмунда маълумотнома бериши шарт, ана шундай қоғоз келтирмасангиз, ҳужжатларингизни қабул қилиб олмаймиз” деб туриб олишди. Маҳаллага келсак, у ерда маҳалла раиси “Чет мамлакатга бориш учун сизларда сармоя борлигини биз қаердан биламиз? Бизга молиявий ҳисобот топширмаган бўлсанглар. Қолаверса, қандай қилиб биз сизнинг чет элга бориб, қайтиб келишингиз учун кафолат беришимиз мумкин? Ҳозирги пайтда одам ўзига ўзи кафолат бера олмаяпти-ку?” дея устимдан кулиб, масхаралашганди.  Ит азобда 3-март куни бир илож қилиб, талаб қилинган барча ҳужжатларни тўплаб вилоят ОВИРига топширгандим. Фуқароларнинг ҳужжатларини қабул қилиш бўлимида Шерзод Пўлатов деган ОВИР ходими ҳужжатларимни қабул қилиб оларкан, “Кутиб туринг, суҳбатга кирасиз, навбатингиз келса, қўнғироқ қиламиз” деди. Ўша куни то иш пайти тугагунча суҳбатга чақиришларини кутиб ўтиришимга тўғри келганди. Ўша куни +99866 233-5493 – рақамидан бир ходим менинг қўл телефонимга қўнғироқ қилиб, “Шу ердамисиз?” деб сўради. “Ҳа, кирайми?” дегандим, “Ўзимиз чақиртарамиз” деганича, тинчиб кетишди.

Кута-кута юқорида айтилган рақамларни ўша куни қайта-қайта теришга мажбур бўлдим. Ўшанда ходимлар “Сиз кетаверинг, ўзимиз чақиртирамиз, суҳбатдан ўтказадиган ходимимизни чақириб қолишди” дейишди.

Мазкур рақамга кун аро қўнғироқ қилиб, “Суҳбатга қачон боришим мумкин?” деб сўраб турдим, бироқ, суҳбат кунини тайинлашмади. Ҳужжатларимни топширгач, бир ойдан кейин паспортимни олиш учун Самарқанд вилоят ОВИРига келгандим. У ердаги ходимлар “Хабарингиз йўқми, мамлакатдаги 18 ёшдан 35 ёшгача бўлган қизларга ОВИРнинг жавоби икки ойдан кейин чиқади. Яна бир ой кутишингизга тўғри келади” деди менсимайгина.

Айнан менга келганда айтилган икки ой муддат уч ойга чўзилди.

Ниҳоят, 3 июнь куни паспортимни олиш мақсадида яна Самарқанд вилоят ОВИРига бош суқдим.

Ўша – Шерзод Пўлатовга учрашдим. У паспортимни узоқ излади. Жавоби чиққанлар орасида ҳужжатим йўқ эди. “Баъзада ҳам йўқсиз-у, сиз негадир компьютерга киритилмагансиз” деди ажабланган Пўлатов. Паспортим топилмагач, у менга «Эртага соат 10.00 ларда келинг, ҳужжатингизни топиб берамиз» деб жавоб бериб юборди.

4 июнь куни айтилган вақтда боргандим, бироқ паспортимни топа олмаган ходим яна “Эртага келинг”ини бошлаб қолди. Индамасам, эртага келинг дея мени ноумид қилиб қайтариб юбораяпти.

“Инсофларинг борми, уч ойдирки паспортсиз юрибман, мен билмайман, паспортимни топиб берасанлар. Мен ОВИРга ҳужжат топширганимда банкга, ҳисоб рақамларингга 50 минг сўм пул ҳам топширганман. Тона олмайсанлар.Паспортимни топиб беринглар” деб тўпалон кўтардим. Оёқ тираб туриб олганимни кўрган ходимлар ниҳоят кутиб туришимни айтишди.

Уч соат деганда охийри паспортим топилди. Натижаси ўзим кутгандек: Менга ҳорижга чиқиш учун рухсат берилмабди.

“Энди ОВИРга 6 ойлик муддатдан кейин қайта ҳужжат топшириш ҳуқуқига эгасиз” дея ҳуқуқларимни тушунтирган бўлди Пўлатов. Ўзлари ҳеч бир асоссиз ҳуқуқларимни чеклайди, топтайди ва яна уялмасдан ҳуқуқбонлик қилишади, ҳуқуқларимни ўқтиришади….

“Нега менга ҳорижга чиқиш учун рухсат берилмади? Сабабини тушунтириб бера олмайсизми?” деган саволимга Шерзод Пўлатов аввалига “Техник сабабларга кўра” деб тўтиқуш мисол такрорлаб қолди.

Қистовга олаверганимдан кейин “Ҳорижга чиқиш учун нима сабабдан сизга рухсат тегмаганлигининг сабаби сир. Буни сизга айта олмаймиз” деди лўндагина қилиб.

“Менга ОВИР берилмаганлиги ҳақида “справка” беринглар” деган талабим ҳам оқибатсиз қолдирилди.

Қисқа қилиб айтганда, ойимнинг сиёсий фаолияти, ноқонуний жарималари учун мени ҳам жазолашди, – дейди Зарнигор, – Ойижоним “Бу ҳукуматнинг на боши бор, на адоғи – бирор бир тутуриғи, ушлайдиган жойи, маза-матраси қолмади. Ҳар қадамдаги ҳақсизликлар ҳиқилдоғимизга келди” деб нолисалар, лоф қилаяптилар деб ўйлардим. Ойижонимнинг ҳақлигига ўз тажрибамда иқрор бўлдим… Халқаро жамиятларга қарата айтмоқчиман: Ҳеч бир сабабсиз менинг чет элга чиқиш ҳуқуқимга ҳукумат томонидан таъқиқ қўйилди. Ҳуқуқларим паймол этилди. Сиз Ўзбекистон ичидаги ҳуқуқлари оёқ оасти бўлаётган ёшларга бу борада қандай ҳуқуқий кўмак кўрсата олишингиз мумкин?

Зарнигор эндигина 20 ёшга қадам қўйди. Шу ёшдаёқ волидаси М. Эшонқулованинг сиёсий қарашлари учун амалдаги ҳукуматнинг ҳақсизликларига учрамоқда. Ҳуқуқлари асоссиз тарзда оёқ ости бўлмоқда, топталмоқда. Ўзбекистон деб аталмиш “очиқ осмон остидаги зиндон”да Зарнигор каби ҳақ-ҳуқуқлари паймол бўлаётган асир ва асира ёшлар бисёр.

 

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими матбуот  хизмати

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares