ЎЗБЕКИСТОН: БОШ ВАЗИРНИ СУДГА БЕРГАНЛАР ЖОЙИ ЖИННИХОНАДА…

Алиқул Саримсоқов
Алиқул Саримсоқов

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг қишлоқдоши – Жиззах вилоятининг Зомин туманида яшовчи Алиқул Саримсоқов ўтган ойнинг бошларида Ўзбекистонда кўз кўриб қулоқ эшитмаган юмушга қўл урган эди.

Яъни, Саримсоқов биринчилардан бўлиб, яъни шу йилнинг 12 май куни  бош вазирни “ўз лавозимига нолойиқлик”да айблаб маҳкамага берган эди.

Саримсоқовнинг бош вазир устидан  “қилган жиноятларига жавоб беришини сўраб” маҳкамага иддао қилганига бир ой бут бўлмасидан Ўзбекистон Олий суди ариза муаллифига “Бош вазирни суд қилиш бизнинг ваколатимизга кирмайди” дея мушукнинг қулоғидек жавоб хати қилиб, осонгина қутилиб қўя қолган эди.

Қозихонанинг бунингдек чучмал ва тўмтоқ жавобига қониқмаган “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати етакчиси Саримсоқов  мамлакат президентига шошилинч равишда “Очиқ хат” йўллашга мажбур бўлганди.

Афсуслар бўлсинки, Алиқул Саримосқовнинг айнан адлолат истаб қилган ҳатти-ҳаракатлари ариза муаллифининг ҳаётини жаҳаннамга айлантирадиган бўлди.

Биласиз, Ўзбекитонликлар онгида  “Ким арбоб билан олишади? “Криша”си кетганлар!” деган ақида  ўрнашиб бўлган.

Жамиятни демократилаштириш йўлида ҳаракат қилиб ҳақ гапни айтиб ҳайқирган ақлан етук кимсани руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштириш Ўзбекистонда урф бўлган.

Бунга инсон ҳуқуқларининг фидойи фаоли, “Альянс” етакчиси Елена Михайловна Урлаева мисолида гувоҳ бўлганмиз.

Каримовнинг зўравон ҳукумати руҳан соғлом Урлаеванинг адолат истаган овозини ўчириш учун йиллар давомида   уни руҳий  касалликлар шифохонаси кўмагида қўрқитишга тиришиб келади.

Куни кеча, 2014 йилнинг 17  июн  куни худди ана шу услубни диктатурага асосланган режим Алиқул Саримсоқов мисолида яна бир бор қўллаб кўрди.

Гап шундаки, Зоминдаги ҳадсиз босимлар туфайли Тошкентдан бошпана олишга мажбур бўлган Алиқул Саримсоқов куни кеча, 17 июн куни ҳеч бир сабабсиз, шошилинч равишда Жиззах вилоят ички ишлар бошқармасига чақиртирилди.

Ички ишлар идоралари ходилмарининг оғзаки кўрсатмасига итоат қилган саримсоқов айтилган куннинг айтилган соатида Жиззах вилоят Ички ишлар бошқармаси биносида ҳозир бўлди.

– Алиқул менга бугун, 18 июн саҳарда кимнингдир телефонидан хабар беришга муваффақ бўлибди. Саримсоқовни 17 июн куни кечга қадар ҳеч бир асоссиз Жиззах вилоят ички ишлар бошқармасида олиб ўтиришган ва кечқурун участка нозири уни ноқонуний тарзда, мажбурий ҳолатда жиннихонага “тиқиб” келган, – дейди Тошкентлик  ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамов.

Айн дамда мамлакат бош вазирини биринчилардан бўлиб судга берган “Бирдамлик” фаоли Алиқул Саримсоқов худди ана шу тарзда руҳий касалликлар шифохонасида сақланмоқда.

Каримовнинг жиннихонасида соппа-соғ одамни кучли психотроп дорилар кўмагида ақлдан оздириш ҳеч гап эмас.

Ўз етакчисининг тақдиридан ташвишга тушган “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати мазкур масала юзасидан Ўзбекистон ҳукуматига ўз баёнотини баён қилишга чоғланмоқда.

Мудомки, мамлакатнинг зиёли қатлами жамиятдаги ҳақсизликларни бартараф этишга отланган мард элдошларининг айбсиз айбдор бўлиб, жафолар исканжаси остида қолиб кетмасликларига масъул бўлишлари лозим.

Токи Ўзбекистонда урчиб кетган порахўрлик, ижтимоий тенгсизлик, иқтисодий ночорлик ва ўзибўларчилик каби минглаб иллатларга қарши мардонавор тура оладиган мард ўғлонларни Каримовнинг қора кучлари битта-битта синдиришга муваффақ бўлмасин.

Ўзбекистон халқи хушёр бўлинг.

 

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати матбуот хизмати

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares