«ОТАНГНИ ҚОЗИ ЎЛДИРСА АРЗИНГНИ КИМГА АЙТАСАН?»

Ёхуд ОҚДАРЁ ИИБси МОЛ ЎҒИРИЛАРИНИНГ ҲАМТОВОҒИГА ЎХШАЙДИ

Шундай дейишга асосимиз бор.

Оқдарё туман ички ишлар бўлими ходимларининг тумандаги ўғри-каззоблар билан косаси биттага ўхшайди. Нега дейсизми?

Негаки, шу бугун, 18 июнь куни Оқдарёнинг  Эшонтўртайғир қишлоғида истиқомат қилувчи Ҳолиқ ака Саматовнинг ўғлимни уйлайман дея умид билан боқаётган ҳукизига ўғри тушди.

Ярим тунда ўғирликнинг ҳаддини олган шаввоз бир ёшли буқани ипидан етаклаб катта йўл муйилишига қадар етаклаб келган ва ўша ерда аввалдан тайёрлаб қўйилган юк машинасига ортиб, “ҳа-ю ҳуйт” деб жўнаворган.

Саҳарда мол эгаси ем-хашагидан хабар олай деб қарасаки, ҳукизи йўқ.

Бу ёғи Абдулла Қаххорнинг сал кам “Ўғри” хикоясига ўхшаб кетади.

Биласиз, шусиз ҳам йиллаб пулнинг рангини кўрмайдиган қишлоқ аҳолиси мол-ҳолнинг орқасидан кун кўради.

“Мол аччиғи – жон аччиғи” деганларидек, Ҳолиқул ака ўғирликнинг “иссиқ изи” ўчиб кетмасин учун буқасини етаклаб кетган из атрофига арқондан чегара ҳосил қилди. Ҳатто моли ортиб кетилган машина балонларининг изларини йўқотиб қўймаслик учун енгил шох-шаба билан ёпиб – яшириб чиқди-да, рафиқасини  Оқдарё туман ички ишлар идорасига қараб югуртирди: “Мол кетди, хотин, мол кетди. Умидинг қургурлар ўғирлаб кетишибди. Чоп, югур, мен мана бу изларни қўриқлаб турай, сен милисаларни чақириб, олдингга солиб кел, тез бўл, ўғри узоққа қочиб улгурмасин” куйиниб хитоб қилди кампирига.

Молидан айрилиб қолган рафиқаси жон ҳолатда Оқдарё туман ички ишлар бўлимига юриб бордими, учиб бордими, ўзиям билмайди.

Бориб карасаки, Ўзбекистондаги барча ҳукумат идоралари қаторида Оқдарё туман ички ишлар идораси ҳам халқдан қалин “решотка”лар билан ажратилган.

Новвоси ўғирлаган бечора халқ вакили туман ИИБ биноси сарҳатларига тортилган йўғон панжаралардан ўтиб, ичкарига қадам ҳам қўя олмади.

Ички ишлар идораси эшигида “ясавуллик” қилаётган навбатчи милиция ходимлари эса қаро калишини судраб келган, қуёшда қорайиб кетган аёлга қайрилиб ҳам қарашмади.

Бирор бир ИИБ ходими “Сен кимсан, нега келдинг?” ҳам демади, дейишни истамади.

– Ўғрини топишда ёрдам қилинглар деб шу борганимдан то қош қорайгунча кутиб ўтирдим. Биттаси “Ҳай, сенга нима керак?” демайди. Бино эшигида қоққан қозиқдек тураверганимдан жиғибийрон бўлган биттаси, “Хола, бугун туман ички ишлар бўлими бошлиғи йўқ, жойида эмас. Ўғирлик арзингиз билан эртага келинг” деб маслаҳат бериб, мени ортимга ноумид қилиб қайтариб юборди.

Шундан кейин ҳам бир эмас, икки марта милисахонага ножот истаб бордим. Қаники, келишса. Келишмади, келишмади. “Ўғирлик бўлди” дедим, “Ўғрилар узоққа кетиб қолишади, тезроқ бўлинглар, юринглар” дедим. Бирортаси арзимга қулоқ осган эмас. Энди биз қишлоқи қашшоқлар нима қиламиз? Умид билан боққан молимизни ўғирлатиб, қақшаб қолаверамизми? Умримда милисага ишим тушмаганди. Ёшим 60 га кириб, бир мартагина милисанинг идорасидан бош суқиб борувдим, бўлмағур жойлигини билиб қолдим. Ҳукуматнинг хизматчилари ҳам шунақа бўладими? Нега ўғирлик ҳақида хабар берсам, югургилаб келишмайди, ўғриларни топишга қизиқишмайди? Нима, шу милисаларнинг ўзини ўғрилар билан шерикчилиги борми? Ҳатто ёзма арзимниям олишмади, нуқул эртага келинг дейишади…– дея ҳасратидан ўт чиқади Мавжуда холанинг.

Шусиз ҳам аёнки, ҳукумат идоралари, айниқса, ҳуқуқ-тартибод ташкилотлари, ички ишлар бўлимлари нимадан қўрқишади: фуқаронинг арзини рўйхатдан ўтказишга ҳайиқишади. Шусиз ҳам имкон қадар оми одамларнинг аризаларини турли баҳоналар билан қайтаришни хуш кўришади…. Сабаби, барчамизга маълум…

Биз нима ҳам дердик. Оқдарё туман ички ишлар идораси раҳбари ва унинг шотирларини “пишагини пишт” дейдиган вазирлиги жуда-ааа олисда, Тошкентда. Шу боис ҳам Оқдарё туман ИИБ идораси вакиллари “ўзлари хон, кўланкалари майдон” бўлса, бордир.

Бироқ, шу нарса маҳаллий халққа аёнки, кейинги йигирма йил давомида эл орасида “Оқдарё милисаларининг ўғри-олғирлар билан алоқаси бор” деган узуқ-йулуқ гаплар юради.

Эҳтимо, Тўртайғир қишлоғида содир бўлган ўғирлик сценарийси муаллифларининг ўзи Оқдарё ИИБ ходимларининг ўзидир?

Балки, шу сабаб Оқдарё туман ички ишлар идоралари ходимлари 18 июн куни содир бўлган мол ўғирликни иссиқ изида очишга ишқибоз бўлмагандир? Ким билсин?

Бу ҳолатга Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги мулозимлари не дейди?

 

Орзигул ХУДОЁРОВА

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares