ТУРКИЯДАГИ ЎЗБЕК ТУРКЛАРИНИНГ БУЮК НАМОЁНДАСИ ЭДИ…

Усмонхўжа Пўлатхўжа ўғли
Усмонхўжа Пўлатхўжа ўғли

Русларда последный магикан, деган тушунча бор. Руслар бу сўзни қизил танли ҳиндиларнинг «мўҳикан» калимасидан олган бўлиб, у энг буюк деган маънони англатади.  Мен, дўстимиз Темирхўжа билан танишиб, Усмонхўжа Пўлатхўжа ўғли ҳақидаги хотираларини тингларкаман, хаёлимга шу сўз келди…

Зеро Усмонхўжа Пўлатхўжа ўғли ҳам, худди Анвар Пошо, Файзулла Хўжаев каби ўз даврининг сиёсий-ижтимоий ҳаётида маълум из қолдирган, юртимиз озодлиги учун жиддий, амалий-маънавий кураш олиб борган, Туркиянинг босқинчилардан қутулиш савашида енгиб чиқишларига катта ҳисса қўшаолган буюклардан биридир.Усмонхўжа Пўлатхўжа ўғли Файзулла Хўжаевнинг  амакиваччаси бўлиб, ундан 18 ёш кичик эди. Уларнинг ҳар иккаласи, гарчи турли йўналишда ҳаракат қилган бўлсаларда, халқимизга эзгулик тилаган ва маълум хизматларни амалга оширган буюк Инсонлардандир…

Усмонхўжа Пўлатхўжа ўғли йигирма ёшларида экан, Фарғона водийсида рус чоризмига қарши миллий-диний бир кураш – Дукчи эшон қўзғалони бошланган. Маълумки, Дукчи эшоннинг миллат ва дин йўлида, мустақиллик учун курашган минглаб муридлари рус босқинчиларининг пулимётлар, расмана милтиқлар билан қуролланган аскарларига қарши қилич, найза, болта ва тешалар билан, нари борса пилта милиқлар билан қарши курашганлар ва табиийки, енгилганлар.

Бу курашда қатнашган 20 ёшли Усмонхўжа ҳам кўп ўзбекларимиз қатори асирга тушган. Рус ҳукумати асир тушган водийликлардан 300дан ошиғини дорга осган, юзлаб кишиларни Сибирга ва Россиянинг бошқа жойларига сургун қилган…

Жазолаш онлари  Усмонхўжа Пўлатхўжа ўғлига келганда уни Қўқон хонлигининг эмас, Бухоро амирлигининг фуқароси эканлигини билиб қолишиб, қўллари боғлиқ ҳолда, конвой орқали Бухоро амири ихтиёрига юборишган… Амир эса, унинг ёшлиги учун кечириб, маълум бир талаблар асосида озод қилган…

Аммо Усмонхўжа Пўлатхўжа ўғли ўша пайтдаги юрагида ўти бор ҳамма зиёлилар каби ижтимоий-сиёсий ишлар билан шуғулланишни тўхтатмаган.

Усмонхўжа Пўлатхўжа ўғлининг фарзанди, профессор, доктор Темур Хўжа ўғлининг ёзишича, падари бузруквори 1900 йиллардан бошлаб, Ёш Бухороликлар ҳаракатининг фаоллларидан бирига айланган. 1909 да Боқчасаройда (рус империясидан маданий йўл билан қутилиш учун кураш бошлаган) жадидларнинг йўлбошчиси Исмоил Ғаспирали билан учрашиб ундан маслаҳатлар олган…

1909-1911 йиллар орасида Истамбулга келган ва туркчи зиёлилари билан танишиб, бу ерга Бухоро ва бутун Туркистон ёшларидан ўқувчилар олиб келиб уларга камарбаста бўлган: дарнак (яъни жамият) қуриб, шу хил маданий-сиёсий ташкилотлардан эзгу мақсадлар йўлида фойдаланган…

Тошкентлик Мунаввар қори, Самарқандлик Маҳмудхўжа Беҳбудийлар қаторида Бухорода жадид мактаблари очган, Ғаспиралининг  “Таржумон”ига ўхшаган нашрлар чиқарган ва уларни тарқатишда бош-қош бўлган…

Профессор Темурхўжа ўғли тайёрлаган “Туркистонда янгилик ҳаракати (1900-1924)ва иҳтилоллар” номли (туркча) китобда ҳам айтилганидек, отаси рус чоризмининг Туркистондан мардикор олиш сиёсатига қарши бўлган ва  бу тенденция таъсирида бўлиб ўтган 1916 йилги халқ қўзғалонинг Бухородаги  йўнатувчиларидан бири сифатида фаолият олиб борган.

Усмонхўжа ҳақидаги мақолалардан бирида яна шундай жумлалар бор:“Бухоро амири Амир Олимхон ўз ҳокимиятини сақлаб қолиш илинжида эди. Жадидчилар эса, мустақиллик тарафдори эдилар. Шу мақсадда 1917 йилнинг апрел ойида амирга қарши буюк бир кўтарилиш бўлди. Аммо амир аскарлари бу кўтарилишни қонли бир тарзда бостирди ва Усмонхўжа Тошкентга қочишга мажбур бўлди.

Бухоро амирини йиқитиш учун Ёш Бухоролилар Тошкентдаги Рус Комиссарларидан мадад истадилар. Ёш Бухоролилар рус аскарлари ёрдами ила Бухоро амирини енгиб, Бухоро Шўролар жумҳурриятини қурдилар. Бу орада Ёш Бухоролилар икки гуруҳга бўлиндилар, Усмонхўжаларнинг мақсади, Бухоро жумҳуррияти мустақиллигини қозониш эди. Усмонхўжага ўхшаган ўнгчилар босмачилар гуруҳига қўшилдилар. 1920 йилда Бухоро  амири Афғонистонга қочаркан, Бухоро Шарқида “Бухоро миллий ҳукумати” қурилган ва Усмонхўжа бу ҳукуматнинг  Мухтор вакили бўлган…”

Сўнгроқ, 1921 йил сентябрида Бухорода ўтказилган 3 қурултойда Усмонхўжа 44 ёшида Жумҳурият президенти этиб сайланди. Усмонхўжа давлат манфаатларидан келиб чиқиб Усмонли императорлиги билан алоқа қила бошлади, Бухоро яқинида яшаётган Анвар Пошшо билан ҳам учрашди. Рус гарнизонига қарши ҳужумлар уюштирди. Бу орада Русиядан асирликдан қочиб келган Турк офицерларининг ёрдамида армия тузишга ҳаракат қилди.

Демак, 1920 йилдан бошлаб Усмонхўжа Пўлатхўжа ўғли давлат ишларига киришиб кетган, дастлаб бу республиканинг молия вазири 1921 йили эса, юқорида айтганимиздек,  Жумҳурият бошқони, бугунги тил билан айтганда – президенти ўлароқ фаолият бошлаган…

 Шу арафада, Туркиянинг ижтимоий – сиёсий аҳволи ҳам Туркистонга деярли ўхшаш бўлган. Туркияни тўрт томондан инглиз, француз, италян аскарлари ўраб олиб, туркиларимизнинг она юрти Туркия – Оврупа мамалакатларнинг вассали бўлиш хавфи остида яшаган.

У пайтларда Туркия руслар билан иттифоқдошлар каби ҳаракат қилишганлиги боис Туркия ҳукуматининг президенти Мустафо Камол Отатурк Русия, Озарбайжон каби қатор  давлатлардан иқтисодий-амалий ёрдам сўраган. Бу сўровга асосан Бухоро жумҳурияти президенти Усмонхўжа Пўлатхўжа ўғли ижобий жавоб бериб, русия ҳудудалри орқали юз миллион тилло тангани Туркияга жўнатган. Бу тилло тангалар 1402  йили Анқара урушида Боязидни енган Темур хоннинг олтинлари бўлиб, уларнинг бир қисми Усмонхўжанинг контролида эди.

 Аммо афсуски, рус большевиклари Москвага бориб етган бу пулларнинг 10 миллионини Туркия ҳукуматига бериб, тарихчиларнинг ҳам гувоҳлик беришларича асосий қисмини ўзлаштиришган. Аммо адолат юзасидан шуни ҳам айтиш керакки, маблағнинг 10 миллионига қурол ҳам беришган…

Энг муҳими шундаки, Усмонхўжа Пўлатхўжа ўғли томонидан юборилган олтинлар ва руслардан сотиб олинган қуроллар Туркиянинг Оврупа империализмидан қутилиш, бинобарин, бу мамлакатнинг мустақиллик учун кураш савашида муҳим рол ўйнаган…

Қатор ижтимоий-сиёсий воқеалар сабаб 1922 йили Усмонхўжа Пўлатхўжа ўғли, ўзи ишонган аскарлар билан миллий озодлик ҳаракати томонга ўтиб русларни Туркистондан қувиш учун курашаётган, кейинчалик советлар босмачилик деб ном берган Миллий озодлик ҳаракатининг яловбардорларидан бирига айланган…

Ўша пайтда Бухоро жумҳурриятига қараган Душанбе шаҳрини озод қилиш жангида Усмонхўжа ва Анвар пошшо аскарлари русларни икки томондан ўраб олишга келишганлар.Аммо худди ўша пайтда Иброҳим қўрбоши Анвар Поошшони уй қамоғида сақлаган, мусулмон қўшини талофот кўрган ва чекинишга мажбур бўлган.

Худди бугунги кунлардаги каби золимларга қарши курашда мухолифат – ўша пайтдаги қўрбошилар бирлашолмай буюк бир енгилиш юз берган…

Шундан кейин, яъний, 1922 йили Усмонхўжа Пўлатхўжа ўғли инглиз расмийларидан қурол сотиб олишни амалга ошириш учун Афғонистонга ўтган.

Аммо бу ерда (тафсилотларга берилмаслик учун шуни қисқача) айтиш керакки, Усмонхўжа Пўлатхўжа ўғли мўлжалдаги ишларини тўлиқ бажараолмаслигига кўзи етиб, Туркияга ўтган ва ўзининг Туркистон озодлиги йўлидаги ишларини бошқача бир- маънавий-амалий йўсинда давом эттирган.

Профессор Темурхўжа ўғлининг ёзишича, Усмонхўжа Пўлатхўжа ўғлининг Туркиядаги энг муҳим ишларидан бири ўз яқинлари ёрдамида Истанбулда “Янги туркистон” журналининг 7 йил давомида чоп этиши бўлган.

2005 йили Тулай Дуран проекти асосида, ўзбек туркларининг таниқли намоёндаси профессор, доктор Аҳад Андижон масъуллигида бу журналнинг 1927-31 йиллардаги сонларидан олинган муҳим мақолалардан сезилишича, бу нашрнинг ўзи ниҳоятда буюк бир иш бўлган.

“Янги Туркистон”да босилган мақолаларда, шунчаки хабарлар, воқеаларнинг шарҳларигина берилмасдан, кечган воқеаларнинг сиёсий-ижтимоий тафсилотлари, таҳлили ҳам берилганки, китобни варақлаб кўрган киши ХХ юз йилликнинг дастлабки чорагида Туркистонда қандай ижтимоий-сиёий воқелар юз берганини чуқур англаб етади…

Ўша пайтларда Озарбайжон, Қрим, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистонда қандай ижтимоий-сиёсий воқеалар юз берган бўлса, деярли кўпчилиги қамраб олинганлигини биз Усмонхўжанинг ўз мақолалари қатори – Аҳмад Заки Валидий, Мустафо Чўқай, Елбек, Абдуллоҳзода Тавакул, Маъмур Ниёзий, Аҳмад Наим, Шавқли Кайоғли, Қримли Сафар Саид Аҳмад, Самарқандли Намроҳ Қул каби ўнлаб кишилар ёзган турли асарлардан билиб оламиз. “Янги Туркистон” шунчаки оддий одам томонидан эмас, туркчиликнинг буюк намоёндаси томонидан бошқарилганини ҳис этамиз.

 Биз, иншааоллоҳ, вақти-соати билан бу нашрнинг муҳим жиҳатларига тўхтатилиш баробарида у ердан олинган мақолаларни ҳам чоп этажакмиз. Бу сонда давримизнинг буюк мужоҳиди Дадахон Ҳасаннинг Усмонхўжа Пўлатхўжа ҳақидаги шеърини чоп этиш билан кифояландик…

 

Ботир НОРБОЙ

Адабиётшунос.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares