Эмин Усмоннинг ҳаёти, ижоди ва “Томир” романи ҳақида

Давоми

Эмин Усмон

ЭМИН УСМОН

ТОМИР

Лондон-2013

 

 

ИКРОМ РАИС

Икром раис Давроннинг юриш-туришидан огоҳ бўлса-да, уни тергамас, тўғрироғи ҳаддини билмайдига жиянини сал инсофга келтириб қўйиш лозимлигин ўйлаб ҳам кўрмаган эди. Чувалачи қишлоғида колхоз тузилиб, отаси Меҳромбой раис бўлганидан буён ҳали бирон кимса уларнинг мушугини пишт демагани, яхши ишларига олқиш айтишгану номаъқулларидан эса кўз юмиб кетаверишган. Кутилмаганда Холмат мелисанинг қаёқдаги куракда турмайдиган гапларни ковлаштириб келиши аввалига уни ҳайратга солди, кейин ғазаблантирди, пировардида кўнглида ваҳмкор ўйлар пайдо бўлиб, бўшашди. Холмат мелисани кузатиб чиққач, қўлидаги қамчи билан этигининг қўнжига тарс-тарс урганча хаёли қочиб туриб қолди. Холмат мелиса айтган баъзи гаплар уни ўйлантириб қўйган, агар бу ишга терговчилар аралашиб ковлаштирса, унга ҳам гап тегиб қолиши мумкин эди. Бунақада Давроннинг эркалиги унга қимматга тушади. Ҳозир замон нозик, мамлакатнинг тақдири қил учида осилиб турибди. Ҳар бир одамнинг ҳатти-ҳаракати, айтган гапи элакдан ўтказилади. Шунақа пайтда… Икром раис чойхона олдида қўл қовуштириб турган Қурбон самоварчига им қоқди. У семиз гавдасини икки томонга ташлаб, лапанглаганча бориб, толга боғлаб қўйилган бўз арғумоқни ечиб келди. Ўзангини тутиб, раиснинг отга минишига кўмаклашди. Икром раис бор залвари билан эгарга ўтирганида бўз от иҳрагандек овоз чиқариб пишқирди. Сўнг эгаси жиловни бўшатгунча сабри чидамай турган жойида бетоқат типирчилай бошлади.

– Мени биров сўраса, дала айлангани кетди, дегин, хўпми? – амирона буюрди Икром раис самоварчига қайрилиб ҳам қарамай. Холмат мелиса кутилмаган ташрифи билан унинг осуда туриш-турмушини алғов-далғов қилиб кетган, шу топда қандай иш тутиши кераклигини ўйлаб ўйига етолмас эди. – Бугун идорада бўлмайди, дегин.

– Хўп бўлади, – деди ҳозиржавоблик билан қўл қовуштириб Қурбон самоварчи. У раиснинг ҳардамхаёл бўлиб турганини кўриб ажабланди. – Зарур бўлиб қолса-чи? – қўрқа-писа сўради у.

– Зарур бўлиб қолса ҳам йўқман, – дея чўрт кесди Икром раис. – Идорадаям, уйдаям… ҳеч қаерда йўқман. Тушундингми?

Икром раиснинг бирдан авзойи ўзгарди. У ҳозиргина хаёли қочиб турган одамга сира ўхшамас, юз-кўзида қатъиятдан ҳам кўра таҳдидга ўхшаш бир ифода пайдо бўлди. Агар самоварчи яна бир оғиз гап сўраса, қамчи тортиб юборишидан ҳам тоймасди. Қурбон самоварчи секингина ўзини орқага олди.

– Тушундим, хўжайин.

Икром раис жаҳл билан отнинг сағрисига қамчи чатди. Бўз арғумоқ бошини бир томонга қийшайтирганча сувлиқ чайнаб, олдинга интилди. Қурбон самоварчи от устида чирпиниб ўтирган раиснинг орқасидан қараб қоларкан, лабини тишлаб, бош чайқади: «Шу кетишда кимнинг уйини куйдирар экан? – дея ташвишланиб кўнглидан кечирди. – Важоҳати ёмон…»

Икром раис билқиллаб турган тупроқни тўзитганча отни қичаб, дарё томонга йўл олди. Ажинатепадан ўтаётганда Тилаволди чолнинг унгурига ғижиниб қараб қўйди. Шу касофат чол пайдо бўлди-ю, қишлоқнинг тинчи бузилди. Йўқ, бирон марта қишлоқ жамоасига ё колхоз идорасига бориб, уй-жойимни қайтариб беринглар, деб даъво қилмади. Ноҳақ қамалганман, деб оқни оқ, қорани қора қилишга ҳам уринмади. Ўзича ариқларни чопиб тозалайди, ер очади. Бировга қўшилмайди, ҳеч кимдан ҳеч нарса талаб қилмайди, лоақал ўз зарурати учун колхоздан бирон нарса сўрамайди ҳам. Унга сари Икром раиснинг кўнгли ғаш бўлаверади. Тилаволди чолни у эмас, отаси Меҳром раис қаматган. Айбини бўйнига қўйиб, тегишли жойга топширган. Аммо у қишлоқда пайдо бўлганидан буён Икром раиснинг ичини ит таталайди. Худди васвасага учраган одамдек қулоғининг тагида: «У ноҳақ қамалган, ноҳақ қамалган!» деган овоз бир меъёрда жаранглаб тургандек туюлаверади. Асабни қақшатадиган бу овоздан баъзан кечалари чўчиб уйғонади, кейин тонг отгунча қайтиб кўзини юмолмай уф тортганча тўлғониб чиқади. Қулоқларини чиппа бекитиб, дод дегиси, Тилаволди чолни уриб-сўкиб яна келган жойига жўнатиб юборгиси келади. Аммо журъати етмайди. Ахир, бу одам унга ҳеч бир ёмонлик қилаётгани йўқ. Ю-юрибди, мўминтой бўлиб.

Холмат мелисанинг бугунги ташрифи Икром раиснинг узоқ вақтга мўлжаллаб тузган режаларини бузди. Агар у ҳарбий комиссариатдагиларга учрашиб, Давроннинг ҳужжатларини ковлаштирса, кўп сирлар очилиб кетиши турган гап. Жиянига пушти паноҳ бўлгани учун унга ҳам гап тегиши аниқ. Фақат гап эшитиш билангина қутилса майли-я…

Икром раис шундай хаёллар билан Келес дарёси бўйидаги қўрғонга етиб келганида оқ яктак устидан қават-қават қилиб фўта боғланган Зариф оқсоқол токларнинг тагидаги ўтларни ўраётган эди. Ёши бир жойга бориб қолган бу одамнинг чаққон ҳаракатлари Икром раиснинг ҳавасини келтирди.

– Келинг, раис, келинг, – деди оқсоқол ўрнидан тураркан. У қўлидаги ўроқни буралиб, бир-бирига чирмашиб кетган ток зангининг орасига қистирди. Кафтларини яктагига суриб, ҳамон от устида савлат тўкиб ўтирган раис билан қўшқўллаб кўришди. Сўнг юзига фотиҳа тортиб, ҳафсала билан қиртишланган иягини сийпалаб қўйди. – Сигирга бир боғ ўт ўриб қўяй деб ўзимча уннаб ётган эдим, – дея изоҳ берди у худди қилаётган иши учун узр сўрагандек.

– Иҳм-м… – деди Икром раис димоғ билан, сўнг энгашиб, барглар орасидан мўралаб турган катта-кичик узум ғужумларини кўздан кечирди. – Ҳосил қалай, тузукми?

Зариф оқсоқол унинг бутунлай бошқа нарса сўрамоқчилигини, бу гап беихтиёр оғзидан чиқиб кетганини сезди. Икром раиснинг нимадандир безовталиги юз-кўзидан шундоққина билиниб турарди. Ҳамиша маст туядек гариллаб юрган раисни фақир киши панада қабилида ўзидан андармон бўлиб яшаётган чолнинг олдига келишга нима мажбур қилди экан? Зариф оқсоқол Икром раиснинг одатини яхши билади: у биров билан ақллашиб иш кўришни ёқтирмайди, айтган гапини қонун билиб ўрганган. Димоғи нақ тошни ёради. Унинг гапини икки қиладиган мард ҳали Чувалачи қишлоғида туғилмаган.

Мана шу одам – ўзини ҳокими мутлоқ санаб ўрганган Икром раис ундан ҳосилнинг чамасини сўраб ўтирибдими? Йўқ, буни Зариф оқсоқолсиз ўзи яхши билади. Бу шунчаки даромад, буромади энди чиқади.

– Ёмон эмас, – деди Зариф оқсоқол ва эҳтиёти шарт қўшимча қилди. – Планни бажарамиз.

– Планни ҳамма ҳам бажаради, – деди Икром раис совуққина. – Бировларни қойил қолдирсангиз экан…

– Биласиз-ку, мен тўйдан олдин ноғора чалишни ёмон кўраман, – деди Зариф оқсоқол раиснинг энсаси қотиб турганидан оғриниб.

– Шундай денг… – Икром раис истеҳзоли кулимсиради. – Бўлмаса нега бу… ҳалиги… – кўнглидаги гапни шарт-шурт айтиб юборилмаганига ўзининг ғаши келди. Фўтасининг орасига икки қўлини суққанча кўкрак кериб турган мўйсафиднинг ҳайиқмай тик боқиши уни бир оз довдиратди. Шу топда бу одамнинг тилини қисиқ қилиб қўйишни нечоғли истамасин, иложсизлигини ҳис этиб турарди. Зариф оқсоқол узоқ йиллар Жамоага раислик қилган одам, эл-юртнинг орасида ҳурмати баланд. У билан эҳтиёт бўлиб муомала қилгани тузук. Лекин бўш келса, у бошига чиқиб оладиганга ўхшайди. Шунинг учун сал буровга олиб туриш керак. – Нега Холмат мелиса билан бекордан бекорга сувни лойқалатиб юрибсиз?

– Мен-а?! – Зариф оқсоқол ёқасини тутамлади. – ё, тавба?!..

Икром раис пайтдан фойдаланиб, оқсоқолни бутунлай довдиратиб қўймоқчи бўлди.

– Бировларни тафтиш қилишга ким ҳуқуқ берди сизларга? – очиқчасига дағдаға билан қийин-қистовга олди у. Сизнинг даврингиз ўтган, менга тишингиз ботмайди, демоқчи бўлди-ю, ўзини босди.

– Нималар деяётганингизни биласизми, раис? – ҳамон ҳайратини яширолмай сўради Зариф оқсоқол.

Зариф оқсоқол бу тарз савол бериши, раислик ҳурматини жойига қўймаётгани Икром раисга ёқинқирамади. Эгаллаб турган амали туфайли унинг ҳамияти жуда ҳам нозиклашиб, сиркаси сув кўтармайдиган бўлиб кетган, биров бурнидан юқорироқ гап айтса, дарров жиззакилиги тутиб, бақириб-чақирар, баъзан қўлига эрк бериб юборганини ўзи ҳам сезмай қоларди. Иш юритишни билгани учунми ё бу вазифада ишлашга муносиб бошқа одам йўқлигиданми, айблари кечирилиб юборилаверар, нари борса, торроқ доирада койиб, танбеҳ бериб қўйишарди. Икром раис яна бояги-бояги бўз арғумоғини гижинглатганча Чувалачининг кўчаларини тўлдириб, савлат тўкиб юрар эди. Шундай одамни келиб-келиб аллақачон узангидан оёғи узилган Зариф оқсоқол тафтиш қиладими?

– Ўв, оқсоқол, – деди чимирилиб, – биз қачондан бери гапимизга эга бўлмай қолдик?

Зариф оқсоқолнинг кўзлари қисилди, фўтасини маҳкам тутамлаганча раисга қаттиқ тикилди: тўрт кунлик амалга мунча мағрур бўлмаса? Амал дегани нишолданинг кўпигидек бир нарса-ку, кўз очиб-юмгунингча йитади кетади. Зариф оқсоқол ҳам амалдорлик курсисига ўтириб кўрган. Мана энди ҳамма қатори бир одам… Қартайган чоғида боғбонлик қилиб юрибди. Шундоқ гуриллаган Меҳром раис қани? Амалга, пулга тўймаган кўзи тупроққа тўлиб, лаҳатда ётибди? Икром раиснинг от устида гердайишлари ҳам бугунча. Эртага нима бўлишини ким билсин. Кишининг омади чопиб, ўқи ўзган пайтда ҳамма нарса – амал ҳам, шон-шуҳрат ҳам, хизмат важидан кўрсатилаётган иззат-икром ҳам, ҳатто умр ҳам боқийдек туюлади. Ваҳоланки, инсон қай тарз ва қанча яшаш инон-ихтиёри ўзида бўлмаган ожиз бир мавжудот холос. Зариф оқсоқол салкам етмиш йиллик умри ниҳоясида англаб етган бешафқат ҳақиқат шу бўлди. Бу дунёда яхшилигу қалбларни нурафшон этувчи имон-эътиқодгина боқий экан. Бу нарсани англаб етмаган Икром раиснинг гариллаши беҳуда. Амал курсиси кимга вафо қилибдики, Икром раис унда то абад ўтирсин. Эҳ, хом сут эмган нодон банда!

– Менга бундай пичинг қилманг, Икромбой, – деди Зариф оқсоқол босиқлик билан. У кўнглидан кечган гапларни, шунча йил яшаб англаб етган биттагина шафқатсиз ҳақиқатни раисга айтгиси келди-ю, бироқ ҳозир мавриди эмаслигини ўйлаб фикридан қайтди.

– Хўп бўлади, оқсоқол, – деди Икром раис қамчи дастаси билан кўксига ураркан, худди мазах қилаётгандек нописанд оҳангда. – Ким билан қандай гаплашишни мана энди сиздан ўрганамиз-да.

У отини ниқтаб ариқ бўйига келди, сувлиқни чиқармасданоқ тизгинни бўшатди. Бўз от кўлмакда йиғилиб, тиниб турган сувни узоқ симирди. Сўнг бошини кўтариб, сувлиқни шиқирлатди. Унинг қалин лаблари орасидан сизиб чиққан томчилар кўлмакка томиб, жимирлата бошлади.

– Сиз ўзингизни одаму бошқаларни қурбақанинг боласи фаҳмламанг, Икромбой. Ҳамма ҳам…

Икром раис отнинг бошини кескин бурди. Бўз арғумоқ олд оёқларини ҳаволатганча сал бўлмаса Зариф оқсоқолни тепиб, ағдариб юбораёзди.

– Ҳаммани қўйинг, оқсоқол, сиз ўзингизни билинг, – деди Икром раис жаҳл билан. – Ҳурматингизни жойига қўйиб шу пайтгача бир гапингизни икки қилган эмасмиз. Энди келиб-келиб сиз менинг устимдан иғво қўзғайсизми?

– Икромбой…

– Ҳов, менга қаранг, оқсоқол, – Икром раис қамчи дастаси билан суҳбатдошини ўзига қарашга ундади. – Холмат чўлоққа айтиб қўйинг, бақага ўхшаб вақиллайвермасин. Мен унақаларни бир ямлаб ютивораман.

– Мучалингиз илон эмас эди шекилли, Икромбой, – деди Зариф оқсоқол таассуф билан. – Бақахўр чиқиб қолдингиз…

Икром раиснинг товонига ғарч этказиб жуволдиз санчилгандек бўлди. Кучли оғриқ ўзининг олов тили билан бир зумда бутун танасини қамраб олди, юраги оғир тортиб, кўзлари жимирлашиб чаноғига сиғмай қолгандек туюлди. Миясида бир-бирига зид фикрлар ғужғон ўйнаб, бир неча дақиқа шуури карахт бўлиб қолди. Ўзига ортиқча бино қўйган чолнинг юз-кўзи аралаш қамчи тортиб юборгиси келди-ю, зўрға ўзини босди. Зариф оқсоқол бўйнини қисиб турадиган Тилаволди чол эмас, эҳтиёт бўлиб гаплашиш керак. Кимсан, урушда қаҳрамон аталиб, довруғ таратиб юрган Расулбой, Раҳмонбойларнинг отаси.

– Гапниям жа оласиз-да, оқсоқол, – Икром раис аламини ичига ютиб, зўрма-зўраки илжайди.

– Мен омади гапни айтдим, Икромбой, – деди Зариф оқсоқол фўта қатидан қирмизи носқовоқни ола туриб. Тилининг тагига нос ташларкан, ҳамон отдан тушмай гердайиб ўтирган раисга норози боқди. – Раислик амали одамларни қўрқитиб, ўзидан бездириш учун берилмайди-ку. Мунча энди…

Икром раис тилига ортиқча эрк бериб хато қилганини англади. Умуман, бу ерга келганининг ўзиёқ чакки бўлибди. Нима қиларди бу сассиқ чол билан гаплашиб. Кошки, ундан жўяли маслаҳат чиқса экан. Ким бўпти у? Дунёнинг бир кунжагида ғимирлаб юрган, қолган умрини тинчгина ўтказишдан бошқа ташвиши йўқ одам-да. Бир пайтлари қишлоқ жамоасига раислик қилган бўлса қилгандир. Аллақачон ҳеч кимга гапи ўтмайдиган бўлиб, дами қайтган пичоққа ўхшаб қолган. Энди унинг Холмат мелиса билан тил бириктириб, гап ковлаштириши беҳуда. Икром раиснинг бировдан тил қисиқлик жойи йўқ. Колхознинг ишлари ҳам ёмон эмас, давлат планларини ўринлатиб турибди. Агар одамгарчилик юзасидан жиянининг бошини силаган бўлса, ундан ҳисоб оладиганлар бор. Куни Холмат мелисага ўхшаганларга қолган эмас. Лекин…

– Қўйсангиз-чи, оқсоқол, гапни айлантириб нима қиласиз, – деди Икром раис қамчи дастаси билан отнинг ёлини тарай туриб. Кумуш толалар офтоб нурида йилтираб кетди. – Ўзингиз айтмоқчи, бу ҳам омади бир гап-да. Холмат мелисанинг менга бир оғиз айтмай орқаворотдан ҳалигиндай… ғаламислик қилиб, одамларнинг юрагига қутқу солиб юрганига аччиғим чиққанидан…

– Холматни биласиз-ку, Икромбой, ғаламислик қиладиган одати йўқ, – деди Зариф оқсоқол сал юмшаб. – Даврон айтган гаплар қанчалик рост, қанчалик ёлғонлигини сўраб-суриштириб юрибди.

– Яна думбулми? – энсаси қотганидан раиснинг гўштдор, силлиқ юзи бужмайиб, хунуклашиб кетди. – Жа жонга тегиб кетди-ку, а, бу гап.

– Бу ёқда Кароматхоннинг қизи билан ҳам…

– Ия, ҳа?! – Икром раис узангига оёқ тираб ўрнидан туриб кетди.

– Дон олишиб қўйишган экан, шекилли.

– Вой падарингга лаънат-эй! – Икром раис этигининг қўнжига тарс этказиб қамчи туширди. Бўз арғумоқ чўчиб, турган жойида безовта типирчилади. – Исботи бор эканми? Ушлаб олибдими?

– Унисини билмадим, Икромбой, – деди Зариф оқсоқол оғриниб. – Мен ўртада воситачилик қилган эмасман. Бу одамларнинг оғзида юрган гап.

– Бекорчи оғиз нималар демайди, оқсоқол, – Икром раис отининг жиловини жаҳл билан силтаб тортди. – Мен бировга туҳмат қилиб, ёмонотлиққа чиқаришни кўрсатиб қўяман! Ҳу, мегажин!..

…Икром раис отини елдириб етиб келганда Кароматхон тушлик қилгани эндигина даладан келиб турган эди. У оғзидан кўпик сачратиб, пишқириб турган арғумоғи билан тўппа-тўғри ҳовлига бостириб кирган раисни кўргач, довдираганидан ўрнидан туролмай қолди. У остидаги тақир шолчани пайпаслаб туришга чоғланар, бироқ икки оёғи шол бўлиб қолгандек қаддини ростлаб ололмасди. Бу орада Икром раис тол пояларидан уқувсизлик билан тикланган ишком остига етиб келди. Бағазга бўйи бермай пастга қараб ўсган ток навдалари унинг елкаларига тегай-тегай деб турар эди. Жонсараклик билан типирчилаётган бўз от янги тақалари билан ҳовли сатҳини ўйиб, из солар эди.

– Қизинг қани? – дея ўшқирди Икром раис.

Кароматхон сесканиб кетди. Раиснинг сенсираб гапириши, тўсатдан қизини сўроқлаши эсанкиратди. Аъзойи-баданини эзиб турган ҳорғинлик тарқаб, секин ўрнидан турди. Раиснинг кўзига тик қараб, нега сен тўсатдан менинг қизимга эга чиқиб қолдинг, дегиси келди-ю, ботинмади. Рўмолининг учини оғзига босганча синиқ овозда жавоб берди:

– Уйда, Икром ака.

– Нега ишга чиқмади? – деди Икром раис бир жойда тинч туришга сабри чидамаётган отнинг жиловини силтаб тортаркан.

– Мазаси йўқ, Икром ака, – Кароматхон бу гапни жуда ҳам қийналиб, кўзларини ердан узмай айтди. Юзи ловиллаб, ёлғон гапираётгани фош бўлиб қолаётгандек туюлди. – Ётибди, – дея қўшимча қилди худди қизининг чиндан ҳам бетоблигига раисни ишонтирмоқчидек.

– Ким билан ётибди? – дея оғзидан тупук сачратиб дағдаға қилди Икром раис. – Қайси ўйнашининг қўйнига солиб қўйгансан? Гапир! – у отининг биқинига ниқтаб, бечораҳоллик билан шумшайиб турган аёлнинг устига бостириб келаверди. – Шунчалик эрсираб кетганмиди қизинг? Ўйнашаман деса, қишлоқда Даврондан бошқа эркак қуриб кетибдими? Думбул еб мазахўрак бўлиб қолгансанлар-да, а?

Бу гап Кароматхоннинг суяк-суягидан ўтиб кетди, бошини озод кўтариб раисга тик қаради. Унинг ёш ғилтиллаб турган кўзларида Икром раисга нафрат эмас, ўзининг чорасиз аҳволидан эзилиш, бола топиб, тўғри тарбиялай олмаганидан афсус-надомат бор эди.

– Агар бир тишлам думбул еган бўлсам ҳаром бўлсин! – деди аламдан бўғилиб.

Кароматхоннинг гуноҳкорона минғирлаши Икром раиснинг кўнглида бадбин бир шубҳа уйғотди: қизига ўзи қўшмачилик қилмадимикин? Бу ўй унинг тепа сочини тик қилди. Агар таҳмини тўғри чиқса, бу хотиннинг бошига ит кунини солади, дунёга келганига пушаймон қилдиради, зот-зурриёдига қўшиб қишлоқдан изини ўчиради. Чувалачидан аҳмоқ чиқиши мумкин, муттаҳам чиқиши мумкин, лекин қўшмачи чиқиши мумкин эмас. Икром раис анчагина ҳаддини билмайдиган одам бўлса-да, Чувалачининг шаънига доғ тушиб, ҳамқишлоқлари ёмон аталишини истамас эди. Бўйи етган қизини вақтида тийиб ололмаган Кароматхонга зуғум қилиши ҳам шундан эди.

– Э, сен ҳаром билан ҳалолнинг фарқига борармидинг, – деди у жеркиб. – Ҳаммаёқни наҳс бостириб, шалтоғингни бировларга сачратиб юрибсанлар-ку.

Кароматхоннинг кўзлари жиққа ёшга тўлди: шундай аччиқ, шундай қайноқ томчиларки, теккан жойини куйдиради. Қандоқ қилсин, унинг йиғлашдан ўзга чораси йўқ. Қизи унга шундай қисматни раво кўрди. Отасизлиги билинмасин, деб папалаб, эркалатиб ўстирган қизи унинг номусини ерга букди, юзини шувут қилди.

Кароматхоннинг бор-йўқ гуноҳи эридан ёдгор бўлиб қолган болаларига меҳр қўйгани холос. Қизи туфайли тортаётган ситамлари етмаганидек раиснинг зуғум қилиши ортиқча.

– Бунчалик хўрламанг, раис… – деди Кароматхон кўз ёшларини тиёлмай. – Фақат менинг қизим айбдор эмасдир? Давронбой ҳам…

– Ий-е, сен ҳали туҳмат ҳам қиласанми? – Икром раиснинг ғазаби баттар хуруж қилди. Ахир, ҳеч замонда ғунажин кўзини сузмаса, буқача арқонни узганми? – Қизинг бола-чақали бир одамни йўлдан урса-ю… Бундан чиқди, унга ўзинг йўл-йўриқ кўрсатиб юрган экансан-да. Ҳу, қўшмачи!

Пишиқ ўрилган қамчи ҳавони шувиллатиб кесиб ўтди-ю, Кароматхоннинг атрофига тарам-тарам чизиқ тортилиб, бевақт нафосатини йўқотган лабини ёриб юборди. Ўнг ёноғи, даҳани кўкариб, қонталашиб қолди. У «им-м», деди-ю, жон ҳолатда лабига қўлини босди. Бармоқларининг орасидан қон сизиб чиқди.

– Бировнинг оиласини бузиш қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман сенларга! – дея бақирди Икром раис борган сари жазаваси тутиб. – Изингни ўчираман!

Шу пайт орқа томондан эшитилган овоз Икром раисни донг қотириб қўйди.

– Кимнинг изини ўчирасан, ҳов зўравон?

У киноя билан сенсираб гапиришга журъат этган одамнинг кимлигини кўриб қўймоқчи бўлиб ўгирилди. Калта-култа тахталардан омонатгина ясалган ғов олдида бир қўлини белига тираган Санобар турар, рангпар юзидан қон қочиб, кўзлари хунук чақчайган, қаттиқ қимтилган лаблари худди чучварадек чўччайиб қолган эди.

Икром раис жаҳл устида қўлига эрк бериб юборганига афсусланди. Кароматхонни ҳозир оёғи остига олиб тепкиласа ҳам ғиринг демайди, қизи туфайли юзи шувут, лекин Санобар шаллақилик қилиб бошига одам йиғишдан тоймайди. Умуман, бу ерга келгани, жиянининг латта иси келиб турган ишига аралашгани чакки бўлди, шекилли. Олдин сал орқа-олдини ўйласа, Холмат мелисани уйига таклиф қилиб, бир пиёла чой устида бошқатдан гаплашса, Давронбойни бирон иш билан беш-ўн кунга у ёқ-бу ёққа жўнатиб юбориб, Мастурани докторга кўрсатса, имкони борича бу ишни ими-жимида тинчитса бўларди-ку. Нега шундай қилмади? Кароматхонга. Урушда ҳалок бўлган қаҳрамоннинг хотини сифатида дарров колхоздан ёрдам бериб, кўнглини олиши мумкин эди-ку. Шунча йилдан бери катта хўжаликни бошқараётган одам нега тўсатдан ҳиссиётга берилиб, бунчалик қўпол хатога йўл қўйди? Ҳеч бўлмаса Кароматхонга яхши гапириб, паст тушиб муомала қилмай нега зулмини ўтказди? Жаҳл келганда ақл кетади, деганлари шу-да. Э, аттанг!..

– Бунинг эри сизнинг тўра бўлиб арғумоқда гижинглаб юришингиз учун жонини тикди. Сиз энди хўжа бўлиб унинг хотинини дўппослайсизми? Қаранг-а?!

Санобарнинг сира тап тортмай ижирғаниб гапириши Икром раиснинг иззат-нафсига тегди. Ҳозиргина кўнглидан кечган пушаймонли ўйларни унутиб, бу андишасиз хотинни боплаб сўккиси келди.

– Ўв, сиз билар-билмас нималар деб алжияпсиз? – деди жаҳл билан. – Бунинг манжалақи қизи ҳаммаёқни булғаб юрибди-ю…

– Ҳо-о… – Санобар иккала қўлини белига тираганча бир-бир босиб кела бошлади. Унинг қийиқ кўзлари баттар қисилиб, бурун катаклари керилди, юзи дока тусини олди. – Бу кишининг қизи бузуғу сизнинг жиянингиз оппоқ бўлдими ҳали?

– Э, сиз ҳамма нарсага тумшуғингизни суқаверманг! – деди Икром раис жеркиб. – Билағонлик қилавермай қисқичингизни қисиб юринг, хўпми? – у отнинг бошини буриб, кўча томонга йўналди.

– Вой, йигит ўлгур-эй! Сен ҳаммасини билар экансан-да, а? – деди Санобар унинг йўлини тўсиб. – Нега ер ютгур жиянинг кўнгли тусаган хотиннинг қўйнига кириб юрибди, десам фатво бериб қўйганман, дегин.

Санобар бир ҳамла билан отнинг жиловидан ушлаб олди. Бўз арғумоқ бегона одамнинг исини олиб, пишқириб орқасига тисарилди.

– Э, йўқол-э! – Икром раис силтаб жиловни бўшатиб олмоқчи бўлган эди, Санобар бўш келмай отнинг бошини ўзи томонга тортди. Раис оёғи билан ниқтаб унинг устига от солди. – Торт қўлингни деяпман!

– Қочиб қутилмоқчимисан? Ҳо-о… – Санобар мазаҳ қилиб, лабини сўлжайтирди. – Мен сенларга Кароматхон эмасман, бошига чиқиб булғайверса ҳам кўзининг сувини оқизиб ўтираверадиган. Билиб қўй, қўлим тоға-жиян иккалангни ёқасида. Қани, Холмат мелиса шу ишни адолат қилмасин-чи!

– Э, осмон қўлингда бўлса, ташлавормайсанми, – Икром раис яна отнинг биқинига ниқтади. Бироқ бўз арғумоқ жойидан жилолмай типирчилади. – Қўйвор! – дея ўшқирди у важоҳати бузилиб. – Яхшиликча қўйвор деяпман!

У Санобарнинг офтобда қорайган билагига тарс этказиб урди. Пишиқ ўрилган қамчи теккан жой қавариб чиқди.

– Вой, урмай қўлинг сингур! Вой, йигитгина ўлгур! Эримдан емаган калтакни сендан ейманми? Урмай қўлларинг акашак бўлсин-а!

Санобар Икром раиснинг ёқасидан олиб, отдан йиқитмоқчи бўлган эди, бўйи етмади. Беихтиёр ён-верига аланглади: кўзи тандирга суяб қўйилган косовга тушди-ю, югурганча бориб уни қўлига олди. Икром раис обрўсининг борида қочиб қолиш пайида отини чуҳ-чуҳлади. Бироқ бўз арғумоқ тўсатдан ғов олдида пайдо бўлган Муаззамнинг устига бостириб боролмай тайсаллади. Бу орада учи куйган косов билан қуролланган Санобар етиб келди.

– Раисликка кўтарилиб, одам урадиган бўлдингми ҳали. Вой, оғзингдан қонинг лахталаб келгур! Мен сенга уриш қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман. Сен гўрсўхта уришни билмас экансан. Мана сенга!

Санобарнинг зарби нишонга аниқ тегмади. Косов отнинг сағрисига қарсиллаб урилди. Калтак еб ўрганмаган арғумоқ осмонга сапчиб, кишнаб юборди. Икром раис Санобарнинг қўлидаги косовни уриб туширмоқчи бўлди-ю, бироқ уддалаёлмади. Отини ниқтаб ҳовлида у ёқдан-бу ёққа қоча бошлади. Санобар барибир уни қувиб етди. Косов раиснинг пешонасига тегиб, юз-кўзини қора куяга бўяди. Санобарнинг иккинчи зарбани беришга чоғланаётганини кўрган раис отга қамчи чатди. Бўз арғумоқ жон ҳалпида тахта ғов устидан ошиб ўтди. Унинг йўлида турган Муаззам ўзини зўрға четга олиб улгурди.

– Ҳу яшамагур! – Санобар аламидан косовни бир четга улоқтирди. – Амални кўтаролмай қопсан шекилли, сен гўрсўхта. Сендака муштумзўрларнинг замони ўтган. Қани, шу ишни адолат қилишмасин-чи. Исталингача бораман, – у ҳамон юм-юм йиғлаб ўтирган Кароматхонга буюрди. – Қани, юринг!

Кароматхон унинг муддаосини дабдурустдан англаб етмади, ёшли кўзларини пирпиратганча ажабланиб сўради:

– Қаёққа?

– Ҳозир чиқиб идорасига ўт қўямиз! – деди Санобар худди бу ишга ҳозироқ киришаётгандек енгларини шимараркан. – Бу гўрсўхтанинг уйини куйдирамиз. Кейин мелисага борамиз.

Кароматхон оғзини очганча эси оғиб туриб қолди.

– Нега мераясиз? – деди Санобар зардаси қайнаб. – Қанақа бўшашган хотинсиз ўзи? Туринг деяпман!

– Ҳай, Санобархон, сал ўзингизни босиб олинг, – дея унинг қўлидан ушлаб айвон четига ўтқизишга уринди Муаззам. – Сиз билан бизнинг додимиз қайга етарди.

– Э, қўйинг, панд-насиҳатингизни, – Санобар кескин бир ҳаракат билан қўлини тортиб олди. – Сиздан қачон тузук гап чиққан. Сизники нуқул насиҳат… Қўйиб берса, ҳаммани муросага келтирмоқчи бўласиз. Унақа бўлмайди. Яхшини яхши, ёмонни ёмон, дейиш керак. Ўт билан сув ҳеч қачон муроса қилолмайди.

– Тўхтанг, қўшни, барибир ўзингизни босиб олинг, – деди Муаззам юмшоқлик билан. – Сал орқа-олдини ўйлаб…

– Сиз ўйингизни ўйлаб бўлгунча мен Чувалачига ўт қўйиб чиқаман, – Санобар юлқиниб кўча томонга юрди. – Эрим фронтовик, ўзим колхозчи, қани, арзимни эшитмай кўришсин-чи… Бу замонда бировни хўрлашга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ!

– Қайтаринг, опа, тез бўлинг, – ёрилган лаби азоб бериб Кароматхон қийнала-қийнала гапирди. – Ҳаммаёққа овоза бўлиб кетмасин. Шунча шарманда бўлганим ҳам етар.

Бироқ Муаззам қўшнисини қайтаришга улгурмади, Санобар аллақачон муюлишдан ўтиб, идора томонга бурилган эди.

– Нега шарманда бўлар экансиз, айланай, бировнинг уйига ўғриликка тушибсизми? – дея уни юпатишга уринди Муаззам. – Бировнинг ҳақини ебсизми? Урушдан қочиб, хотинларнинг пинжига кириб юрганлар уялсин. Бекордан-бекорга бировга туҳмат қиладиганлар уялсин.

Муаззам обдастага сув солиб, қўшнисининг қон қотиб қолган лабларини ювди. Бир чети йиртилиб, увадаси осилиб турган кўрпадан бир тутам пахтани юлиб олди-да, куйдириб жароҳатга босди. Кароматхон унинг барча ҳатти-ҳаракатларига монеълик қилмай худди ёш боладек тек ўтирди. У бамисоли суратдек қотиб қолган, юрагида тўлиб-тошган дардларини энг яқин сирдоши бўлган бу хотинга ҳам тўкиб сололмасди. Қизининг ўйламай ташлаган биттагина ножўя қадами уни тупроққа тенг қилган, эрининг ўлими туфайли эзилган қаддини янада буккан эди. Икром раиснинг зўравонлиги айниқса ошиб тушди. Жиянимга туҳмат қилдинг, деб шунча хўрлади. Қизи нодон, қизи аҳмоқ унга шундай кунни раво кўрди-я!

– Қўйинг, Кароматхон, хафа бўлаверманг, – Муаззам меҳрибонлик билан унинг тўзиган сочларини силаб текислади, рўмолини ечиб, қайтадан танғиди. – Икром раисга ҳам худонинг боққан балоси бордир.

Кароматхон гап-сўзлари ҳам, юриш-туриши ҳам ҳалимдек мулойим бу аёлни маҳкам қучоқлаганча елкасига бош қўйди. Худди отасидан койиш эшитган ёш қизалоқдек ҳўнграб йиғлаб юборди; бутун вужудидан силқиб чиққан қайноқ томчилар Муаззамнинг елкаларини куйдира бошлади.

– Нега йиғлайсиз? – деди Муаззам унинг ушоққина елкаларини силаркан. – Йиғламанг, айланай. Болаи нодон бундай бўларини билмаган-да.

Кароматхон лабини тишлаганча кўзларини чирт юмди. Юраги бехосдан ғижимлангандек инграб юборди. Энди унга одамларнинг меҳрибонлиги ҳам малол келади, кўнглини кўтариш ниятида айтилган гаплар таъна бўлиб туюлади. Давоси йўқ бу шармисорлик энди ёмон дарддек юрагини эзгани эзган. Не ҳасратда бола ўстириб, кўрган оқибати шу бўлди.

– Даврон йигит ўлгур, ҳали у ёнидан кириб, ҳали бу ёнидан кириб гаплашмаганига қўймагандир, – дея ҳамон унинг кўнглига далда беришга уринарди Муаззам. – Мастура ҳали гўдак-ку, яхши-ёмоннинг фарқига бормай…

Кароматхоннинг вужуди зирқираб кетди. Худди совқотаётгандек қунишиб, Муаззамга қаттиқроқ ёпишди. Карахт бўлиб қолган жисмига ундан ҳарорат, аламдийда қалбига жиндеккина далда олгиси келарди. Бироқ Муаззамнинг сўзлари худди кўксини тилимлаб туз сепаётгандек таъсир қилар, ҳар бир хатти-ҳаракати билан у маломат тошларини отаётганга ўхшарди. Кошки эди, у бутунлай гунг, басир бўлиб қолса. Ҳеч нарсани эшитмаса, одамларнинг таъқиб этувчи нигоҳларини ҳис этмаса. Кошки эди!.. Ҳатто қизининг ҳам қўрқув тўла кўзларини, дақиқа сайин сарғайиб кетаётган юзини кўрмаса. Эри уни жуда ҳам бевақт ташлаб кетди. Уруш қилмай немис ўлсин! Қарчиғайдек эри ўлди-ю, унинг бошига ҳар томондан маломат тошлари ёғила бошлади. Ҳали жудолик алами босилмай туриб…

– Қизингизни уйга қамаб азоб бераверманг. Фойдаси йўқ… – Муаззам сал бўлмаса очиқ гапириб юборай деди. Тилини тишлаганча бир зум жим қолди. – Энди молхонага юборманг. Ўзингиз билан бирга далага чиқсин; бирга бориб, бирга келади. Асли ўзига инсоф бермаса тергаган билан фойдаси йўғу… ҳар қалай кўз-қулоқ бўлиб турсангиз…

Кароматхоннинг ичига муз югургандек бўлди: олдин мияси, ловуллаб турган ёноқлари, кўкси, сўнг то тирноғининг учигача яхлаб, аста бошини кўтарди. Кескин бир ҳаракат билан мижжаларида илиниб турган ёш томчиларини сидириб ташлади. Ўрнидан туриб, кўйлак этакларини текислади. Сўнг айвон ўртасидаги ягона эшикни очиб, ичкарига кириб кетди. Бундай муомалани кутмаган Муаззам нима қиларини билмай туриб қолди. Кароматхоннинг ҳозирги аҳвол-руҳиясини ҳис этгани учун ҳам ундан ўпкалашни ўринсиз билиб, зинадан туша бошлади. Шу пайт ичкаридан юракни эзадиган аламли ингроқ эшитилди. Бу қулоқни қоматга келтирадиган чинқироқдан кучлироқ фарёд эди. Муаззам шоша-пиша изига қайтиб, эшикни очди. Кароматхон қизининг сочидан бураганча тинимсиз ўймалар, Мастура оғриққа чидолмай буралиб тўлғанарди.

– Ҳай, Кароматхон, бу нимаси? – дея отилиб ичкарига кирди Муаззам. – Ўлдириб кўясиз-ку, бола бечорани.

Кароматхон унга одамнинг этини сескантирадиган совуқ нигоҳ ташлади. Муаззам худди биров кўкрагидан итариб юборгандек тўхтаб қолди.

– Қўйинг, опа, аралашманг. Шу топда ўзимнинг дардим ўзимга оғирлик қилиб турибди.

Муаззам бу шунчаки аламзадаликдан айтилган гап эмас, қатъий ҳукм эканини англади. Ҳар бир оиланинг ўз даҳлсиз сири, шахсий дарду алами, қувончи бўлади. Бу ҳам табиат ато этган неъмат. Уни ҳар бир хонадоннинг ўзи, ёт кишиларнинг аралашувисиз тотиб кўриши керак.

Муаззам секингина изига қайтди. У эшикни ёпар-ёпмас, ичкаридан яна юракни зириллатадиган фарёд эшитилди.

ДАВРОН БИЛАН МАСТУРА

Даврон Кароматхоннинг ишга кетишини икки кун пойлади. У кетмонини елкасига ташлаб, далага йўл олиши билан лип этиб ҳовлига кирди. У ёқ-бу ёққа аланглагач, яна ташқарига чиқиб, танаси ғовак бўлиб қолган толнинг панасидаги қопни орқалаганча тўппатўғри айвонга чиқди. Қопни бурчакка қўйди-да, аста эшикни чертди. Ичкаридан садо чиқмади.

– Мастура, – деди Даврон пичирлаб. – Бу мен… Оч!

Ичкаридан бирон сас, шарпа эшитилмади. Даврон нима қилишини билмай гарданини қашиганча туриб қолди. Айвонга қараган дераза пардасининг бир чети қайрилганини пайқамади. Энгашиб, калит солинадиган тирқишдан мўралади; қоронғи бўшлиқдан бошқа ҳеч нарса кўринмади. У Мастуранинг уйдалигини билар, ҳатто қайсидир бурчакка тиқилиб уни кузатиб турганини ҳис этарди. Онаси уки икки ҳафтадан буён остона ҳатлатиб кўчага чиқармаётганини, ўрталарида бўлиб ўтган сирдан аллақачон хабар топганини, бу гап қишлоққа овоза бўлиб кетганини ҳам билади. Бу хил гап-сўзлар Давронни чўчитмаса-да, барибир, юрагига ғулув солган, мабодо биров йўлини тўсиб, маломат қилса, айбни Мастурага тўнкаб қўя қолишни, ўзи ҳоли-жонимга қўймай бўйнимга осилди, қабилида гап айтишни кўнглига тугиб юрар эди. Бироқ бу ишга Холмат мелиса аралашганидан кейин бирдан пайтавасига қурт тушди. Гарчанд ҳеч ким уни милицияга чақириб, қийин-қистовга олмаган бўлса-да, сир-синоатлар очилиб кетиши мумкинлигини кўнгли сезди. Ўпкасини қўлтиқлаб тоғасининг олдига югурди. Лекин Икром раис гапни чўзиб ўтирмади: хонасидан ит талаган мушукдек қилиб қувиб чиқарди. «Токай сенинг орқангдан кесак кўтариб юраман?» деб сўкди. Даврон гап чувалашса, калтакнинг бир чети тоғасига ҳам тегиши мумкинлигини шундагина ҳис этди. Бирданига юрагини ваҳм босди. Тоғасининг аҳволи шу бўлса, кўп ҳам жонига ора кирадиганга ўхшамайди. Мабодо бу ғалва бўлакча тус олса, ҳарбий комиссариатдаги тоғаси гаплашган одамлар ҳам ўзларини панага олишлари турган гап. Қандай бўлмасин бу нарсанинг исини чиқармаслик керак. Бир амаллаб Мастурани қўлга олса, тамом-вассалом. Лекин бу гапга Мастура кўнадими? У унаган тақдирда онаси рози бўладими? Ахир, қизи аллақандай ипирисқи чол билан ўйнашиб қўйибди, деган гапнинг исноди ҳозирги овозлардан ёмонроқ-ку. Балки, унча-мунча совға-салом билан авраса, кўнглини олса бўлар. Яна ким билади…

– Мастура оча қолсанг-чи, – Даврон имкони борича майин, ошуфта овозда гапиришга уринди. – Бир оғиз гапим бор, айтаману кетаман, – у эшикка қулоғини тутиб тинглади. Ичкаридан тиқ этган садо эшитилмади. «Уйда бўлмаса-я?» деган ўй уни бўшаштирди. Агар онаси ўзи билан бирга далага олиб кетган ё биронта қариндошиникига жўнатиб юборган бўлса, ишнинг пачаваси чиқди. Лекин Даврон икки кундан бери шу атрофда айланиб юрибди, Мастурани бир марта чала-пулча кўрди. «Ҳеч қаёққа кетмаган. Қаёққа ҳам борарди». Мана шу ўй далда берди-ю, эшикнинг тирқишига ёпишиб, одамнинг баданини жимирлатадиган шикаст овозда шивирлади. – Биламан, мендан хафасан. Мени деб… мен аҳмоқни деб қанча маломатларга қолдинг. Бундай бўларини ким ўйлабди дейсан. Иккаламиздан ҳам хато ўтди. Мени кечир. Сенинг олдингда гуноҳкорман. Гуноҳимни ювиш учун нима қил десанг розиман. Фақат мени кечирсанг бўлгани.

Бу гапларни айта туриб Даврон қалбидаги қайсидир ришталар тебраниб кетганини ҳис эди. Чиндан ҳам бу ғўр, содда қизнинг олдида айбдор эмасмикин? Ахир, унинг бош-кўзини айлантиргани, жез билагузук, усти ялтиратиб қўйилган болдоқлар билан кўнглини овлагани ва пировардида кўзлаган мақсадига етгани ростку. То шу кўнгилсиз воқеа бўлиб ўтгунча Мастура унга болаларча бир беғуборлик билан тегажоқлик қилиб, Даврон гоҳ қўлини, гоҳ белини ушлаб қўйишларини бир ўйин фаҳмлаб юраверди. Бироқ муносабатлар чуқурлашгани сайин қизнинг ўзида ҳам у билан холироқ гаплашишга, энтика-энтика айтган сўзларини тез-тез эшитишга майл пайдо бўлди. Одамлар ўртада нималар бўлиб ўтганидан бехабар Давронни ёмонотлиқ қилиб ўтиришибди. Майли, у номи ёмонга чиқишига ҳам рози эди, бироқ фалокат босиб, бу ишга Холмат мелиса аралашгани чакки бўлди. Бунга ҳам ўзи айбдор. Бўйнидаги тавқи-лаънат иллатини осонгина Тилаволди чолга ағдариб қутулмоқчи эди, бўлмади. Холмат мелиса бошқа томонларни ковлаштира бошлади. Шунчалик ҳақиқатгўй экансан, шу пайтгача қайси ковакда моғор босиб ётган эдинг, чўлоқ?

Давроннинг алами кўп эди. Шу кунларда у ҳаммани – кўнгил майлига осонгина кўна қолган Мастурани ҳам, бу сирдан огоҳ бўлиб қолган Тилаволд

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares