ЎЗБЕКИСТОН: ФАРЗАНДГА ОТАНИНГ СИЁСИЙ ҚАРАШЛАРИ УЧУН ТОВОН ТЎЛАТИШДИ

 Feruza Hurramova va Dadaxon Choriyev copy

2014 йилнинг 20 сентябрь куни маҳаллий вақт билан эрталабки 6.30 да “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати лидери Баҳодир Чориевнинг рафиқаси Хуррамова Феруза ва 9 ёшли ўғли Чориев Дадахон Чикаго-Туркия- Тошкент йўналиши бўйича қатнайдиган 6 ва 368 рейслари билан Тошкент Халқаро аэропортига келиб тушди.

Лекин Ўзбекистон фуқароларига Тошкент аэропортидан ташқарига чиқиш насиб этмади.

– Меҳмонларни кутиб олиш менга топширилганди, – дейди  Малоҳат Эшонқулова, – Аэропортга чиқдим, лекин Феруза билан ўғли чиқмади. Кута-кута толдик. Охийри Аэропортнинг чегара қўшинлари, божхона бўлими, паспорт столи бўлинмаси, Транспорт милициясидан тортиб то Аэропорт “начальник”ининг эшикларини бирма-бир  таққиллатишимга тўғри келди. Бироқ ҳеч бир бўлинмадан аниқ жавоб олишнинг имокни бўлмади. Ҳаммада бир хил жавоб: “Бундай фуқаролар бугун бизга учиб келмаган”.

Ниҳоят кечки соат 18.00 дан ўтганда  “Транспорт ИИБ Тошкент Аэропорт бўлими” деган ёзув битилган бинога кирдим.

У ерда мени Жиноят қидирув бўлими бошлиғи Урол Қодиров деган ходим ниҳоятда хушмуомалалик билан кутиб олди.

Мен унга мақсадимни тушунтирдим: “АҚШдан учиб келаётган она-бола –  икки фуқаро осмонда изсиз йўқолиб қолди. Уларни топишда транспорт ИИБсидан кўмак сўраш учну ариза ёзишга келдим” дегандим, Урол ака, “Уларни ким, нимага ушлаб қолишганини ўзингиз жуда яхши тушуниб турибсиз. Фақта бир гапни айтишим мумкин. Она-бола соғ-саломат. Уларга ҳеч бир заҳмат етган эмас. Кутишсин, эртага тушликка қадар Туркияда бўлишади, орқасига қайтариб юборилади. Уйингизга бориб, дамингизни олинг” дея маслаҳат бериб қолди.

– Ўзбекистон қонунчилигида фарзанд ота-она учун жавобгар эмас деб аниқ кўрсатиб қўйилган бўлишига қарамасдан, бугун 9 ёшли Дадахон отаси – “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати етакчиси Баҳодир Чориевнинг сиёсий қарашлари учун қайсидир маънода Ўзбекистон ҳукумати томонидан жазоланди. Ўзбекистон фуқаросини ўз ватанига киритишмасдан  Ёш гўдакнинг руҳиятини синдиришди. Демак, бу ерда инсон ҳуқуқлари ниҳоятда қўпол равишда бузилди, – дейди “Альянс” инсон ҳуқуқлари ташкилоти лидери Елена Урлаева.

Инсон ҳуқуқлари паймол этилган жойда, фуқаронинг ҳимояси учун отланиш, жон-жаҳти билан курашиш касбу корига айланган Елена Урлаева ёш Дадахоннинг тақдирига бефарқ қараб тура олмади.

Виждоний бурчи уни ўзини Аэропорт Чегара Қўшинлари бўлими бошлиғи деб таништирган Адҳам Ханапияевнинг ҳузурига бошлади.

– Биз ҳарбийлармиз. Ишимиз Компьютер орқали бериладиган бўйруққа қараш. У ерда “Рухсат берилсин” ёки “Ўтиш таъқиқлансин” деган бўйруқ бўлади ҳолос. Биз ҳарбийларга “Нега, нима учун, қай сабабга кўра?” деган саволлар бериш мумкин эмас. Биз бўйруққа сўзсиз итоат этамиз ва бажарамиз. Бизга Хуррамова Феруза ва ўғли ўтказилмасин дейилди, тамом. Бунинг сабабларини бизга тушунтириб ўтиришмайди, боисидан бехабармиз, – дейди А. Ханапияев.

Ҳуқуқ фаоли Е. Урлаева ва М. Эшонқуловаларнинг Чегара қўшинлари ходими А. Ханапияевдан эшитганлари шу бўлдики: “Бизнинг ҳар қандай фуқарони 3 соат ушлаб туришга ҳаққимиз бор. Ундан ортиқ тутиб тура олмаймиз. Шу сабаб она-болалар шошилинч равишда учиб келган юртига – Туркияга шу бугуноқ қайтариб юборилган” .

Бироқ, транспорт ички ишлар бўлими ходимлари Хуррамова Ферузанинг туғишганларига “Чориев Дадахон ва Феруза Хуррамовалар шу ерда. Улар эртага қайтариб юборилади” деган хабарни тунги соат 23.00 ларга яқин  етказишганлиги маълум бўлди.

Тунги соат 24.00 дан ошган бўлишига қарамасдан “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати раҳбари Баҳодир Чориевнинг сиёсий фаолияти учун ўз Ватанларига қўйилмаётган унинг рафиқаси Феруза ва 9 ёшли ўғли Дадахоннинг тақдиридан хавотирланган яқинлари, инсон ҳуқуқи фаоллари Е. Урлаева ва М. Эшонқуловалар ҳамон Тошкент Аэропортида илҳақ кутишмоқда.

– Мақсадимиз Аэропортдаги транспорт ИИБсига ва Чегара қўшинларига, МХХ бўлинмасига ариза топшириш. Биз ўз аризамизда Ўзбекистон ҳукумати олдига “Мамлакат фуқаросини ўз юртига киритмасдан ортига қайтариб юбориш Ўзбекистон қонунларинининг, Конституциянинг қай бир моддасига тўғри келади? Ўғил отасининг сиёсий қадамлари учун айбдорми, жавоб беришга маҳкум ва мажбурми?” деган саволни қўймоқчисиз ва шу саволимизга жавоб олмоқчимиз” деган истагимизни Адҳам Ханапияевга маълум қилганимизда, “Бу каби талаблар билан Судга, прокуратурага, ИИБга истаганингизча бориб мурожаат қилишингиз мумкин”, деган жавобга эга чиқдик. Ўзи Ўзбекистонмизда инсон ҳуқуқларини паймол қилиш одат тусига айланиб қолган, – дейди Эшонқулова.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолларига кўра, мазкур воқеада фуқаролар ҳуқуқига даҳл қилинган.

Ҳуқуқбон Урлаевага кўра,  мабодо, Феруза Хуррамова ёки унинг ўғли 9 ёшли дадахон мамлакатимиз қонунларига хилоф бирор бир ҳаракат қилишган бўлса, улар Ўзбекистон қонун талаблари асосида ё жиноий жавобгарликка тортилишлари ва ё  уларга нисбатан маъбурий иш қўзғатилиши, жарима қўлланилиши, жиноятлари катта бўлса, қамоққа ташланишлари керак эди. Лекин ўз мамлакатига киритмаслик… Энди буни ҳазим қилиш мушкул, – дейди ҳуқуқбон Е. Урлаева.

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати

Матбуот хизмати

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares