10-боб. Узоқ муддатли демократия пойдевори

Диктатуранинг қулаши албатта, тантанали байрам қилиш учун сабаб бўлади. Узоқ вақт жабрланган ва ғалаба учун ўз жонини ҳам фидо қилган одамлар завқланиш, дам олиш ва ҳурматга сазовор бўлишга ҳақлидир. Улар ўзи ва сиёсий озодлик ғалабаси учун ёнма-ён туриб жанг қилганлар учун фахралиниши керак. Бироқ бу кунни ҳамма ҳам кўра олмайди. Тириклар ва қурбон бўлганларни ўз мамлакатининг озодлик тарихини яратишга ёрдам берган қаҳрамонлар сифатида эслашади.

Бироқ бу билан ҳушёрликни йўқотмаслик керак. Диктатура сиёсий бўйсинмаслик ёрдамида муваффқиятли
қулатилган тақдирда ҳам эски тузум йўқ қилингандан кейинги пала-партишликлар даврида янги истибдод
тузумининг пайдо бўлишига йўл қўймаслик учун барча чораларни кўриш лозим. Демократик кайфиятдаги кучлар етакчилари демократияга тартиб-интизомга риоя қилган ҳолда ўтишга олдиндан тайёр бўлиши зарур.
Диктаторлик тузилмаларига барҳам бериш керак. Бу борада конституциявий ва қонунчилик базасини,
шунингдек, узоқ муддатли демократиянинг фаолияти юритиш мезонларини шакллантириш даркор.


Диктатура ағдарилгандан сўнг ҳар жиҳатдан мукаммал жамият тез ташкил этилмаслигини унутмаслик керак.
Мустабид тузумнинг барбод бўлиши озодликни кенгайтириш шарти билан жамиятни такомиллаштириш ва
одамлар эҳтиёжларини тегишли равишда қондириш бўйича узоқ муддатли саъй-ҳаракатлар учун бошланғич
туртки беради, холос. Жиддий сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий муаммолар кўплаб одамлар ҳамда гуруҳларнинг ҳамкорлигини талаб қилган ҳолда, йиллар давомида ҳал этилади. Янги сиёсий тизим турли қараш ва ёндашишга эга одамларга келакда амалий ишлашни давом эттириш ва муаммоларни ҳал қилиш сиёсатини ишлаб чиқиш имконини бериши лозим.
Янги диктатура таҳдиди

Кўп йиллар муқаддам Арасту “золимона ҳукмронлик яна золимона ҳукмронликка айланаши мумкин”, деган эди (15). Бу борада Франция (якобчилар ва Наполеон), Россия (большевиклар), Эрон (Оятулло), Бирма (СЛОРС) ва бошқа мамлакатлар тарихини мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Бунинг боиси золимона тузумнинг қулаши айрим шахслар ёки гуруҳлар томонидан янги ҳукмдорларга айланиш имконияти пайдо бўлгани сифатида қабул қилинади. Уларнинг сабаблари турли хил,
аммо натижаси эса деярли ҳар доим бир хил бўлади. Янги диктатура аввалгисига қараганда янада шафқатсиз бўлиши мумкин.

Эски тузум ҳукумати аъзолари диктатура қулашидан олдин халқнинг қаршилик кўрсатиш натижасида эришган ғалабасини қўлга киритиш мақсадида муғомбирлик билан гўёки, давлат тўнтариши бўлганини кўрсатиб, демократия учун курашдан олдин отни қамчилаб қолишга ҳаракат қилишлари мумкин. Улар диктатура барбод бўлганини эълон қилиши мумкин. Аслида эса, эски тузумнинг усти қопланган янги моделини зўрлаб қабул қилдиришга интилади.
Тўнтаришларнинг олдини олиш Янги озод этилган жамиятга қаратилган тўнтаришларнинг олдини олишга ёрдам берадиган кўплаб усуллар мавжуд. Баъзида ҳимояланишнинг бундай имкониятини билиш тўнтаришга йўл қўймаслик учун етарлидир.
Тайёргарчилик бунинг олдини олади.
Фитначилар тўнтаришни амалга оширгандан сўнг зудлик билан унинг қонунийлигини, яъни ўзларининг мамлакатни бошқариш бўйича маънавий ва сиёсий ҳуқуқини тан олишни талаб этади. Шу сабабли тўнтаришдан ҳимояланишнинг биринчи асосий принципи – фитначилар ҳокимиятининг қонунийлигини рад этиш ҳисобланади.
Шунингдек, фитначилар учун фуқаролар етакчилари ва аҳоли уларни қўллаб-қувватлаши, улар кучсиз ва тобелигича қолиши керак. Фитначилар ожиз жамият устидан ўз назоратини мустаҳкамлаш учун мутахассислар, маслаҳатчилар, амалдорлар, давлат хизматчилари, маъмурлар ва судялардан ҳамкорлик қилишни талаб қилади. Улар яна сиёсий тизим, фуқаролик институтлари, иқтисодиёт, полиция ва қуролли кучларни бошқарадиган одамларнинг бўйсинишини, ўзларининг одатдаги вазифаларини фитначилар бўйруқлари ҳамда сиёсатига мувофиқ бажаришини талаб этади.
Тўнтаришдан ҳимояланишнинг иккинчи муҳим принципи фитначиларга ҳамкорлик қилишдан бош тортиш ва бўйсинмаслик йўли билан қаршилик кўрсатиш ҳисобланади. Яъни, фитначилар талаб қилаётган ҳамкорлик қилишни ва ёрдам кўрсатишни рад этиши керак. Диктатурага қаршилик кўрсатишда ишлатилган кураш воситаларидан янги таҳдидга ҳам қаршилик кўрсатиш учун фойдаланиш мумкин. Агарда тўнтаришнинг қонунийлиги тан олинмаса ва ҳамкорликдан воз кечилса, у сиёсий жиҳатдан заифлашиши натижасида барбод бўлиши ва демократик жамиятни қуриш имконияти яна пайдо бўлиши мумкин.

Конституцияни ишлаб чиқиш

Янги демократик тизим демократик бошқарувнинг мақбул доираларини белгиловчи конституция ташкил этилишини талаб этади. Конституцияда ҳукумат мақсадлари, давлат ҳокимияти чегаралари, ҳукумат амалдорлари ва қонун чиқарувчилари сайланадиган сайлов кампанияларини ўтказиш услуби ва муддати, фуқароларнинг дахлсиз ҳуқуқлари ҳамда миллий ҳукуматнинг маҳаллий бошқарув органларига нисбат
муносабати ифодаланиши лозим.
Марказий ҳукумат агарда демократия асосида иш юритса, унинг доирасида ҳокимият қонунчилик, ижро ва суд
жабҳалари ўртасида тўғри тақсимланиши белгиланиши керак. Полиция, разведка хизматлари ва қуролли
кучларнинг фаолиятига нисбатан қатъий чеклашлар белгиланиши, уларга сиёсатга аралишиш ман этилиши
даркор.
Демократик тизимни сақлаш, диктаторлик йўналишлари ва чораларининг олдини олиш мақсадида
конституция ҳудудий, туман ва маҳаллий бошқарув даражасида тартибга солинадиган муайян ҳуқуқларга эга
федерал тизимни ўрнатиши лозим. Баъзи ҳолатларда эса Швейцариянинг кантонлар тизимидан фойдаланиш
имконияти ҳам кўриб чиқилиши мумкин. Ушбу тизимда унчалик катта бўлмаган ҳудудлар мамлакатнинг бир
қисми сифатида асосий ваколатларга эга эканлиги қайд этилган.
Агарда мана шу низомларнинг кўпчилигини ўз ичига олган конституция янги озод мамлакат тарихида аввал
ҳам мавжуд бўлган бўлса, унга керакли ва исталган тузатишлар киритган ҳолда яна қайтадан жорий этиш
мақсадга мувофиқдир. Фойдаси тегадиган эски конституция мавжуд бўлмаса, ўтиш даври конституциясидан
фойдаланиш ёки янги конституцияни ишлаб чиқиш ҳам мумкин. Янги конституцияни тайёрлашда маълум вақт
ва мулоҳаза юритиш талаб қилинади. Ушбу жараёнда янги матн ёки тузатишларни ратификация қилишда
ҳалқнинг иштироки муҳим ҳисобланади. Бу борада конституцияга кейинчалик бажариш имкони бўлмайдиган
мажбуриятларни ёки бошқарувни юқори даражада марказлаштиришни талаб этадиган низомларни ўта
эҳтиёткорлик билан киритиш керак. Чунки уларнинг ҳар иккиси ҳам янги диктатуранинг пайдо бўлишига имкон
яратиши мумкин.
Конституция матни оддий ҳалқ учун тушунарли бўлиши, фақат ҳуқуқшунослар ва бошқа намояндалар
тушуниши мумкин бўлган тарзда ўта мураккаб ёки икки маъноли бўлмаслиги лозим.
Демократик мудофаа сиёсати
Озод этилган мамлакатга ташқи таҳдид хавф солиши мумкинлиги туфайли мудофаа қудрати талаб этилади.
Чунки хорижий давлатлар ҳам иқтисодий, сиёсий ёки ҳарбий
ҳукмронлигини ўтказишга уриниши мумкин.
Ички демократияни сақлаш учун миллий мудофаа талабларига нисбатан сиёсий бўйсинмасликнинг асосий
тамойилларини қўллаш масалаларини кўриб чиқиш лозим. Янги озод давлатлар қаршилик кўрсатиш
қобилиятини бевосита фуқаролар қўлига топшириб, қудратли мудофаа кучларини ташкил этишга таянмаслиги
мумкин. Чунки бу кучларнинг ўзи демократияга таҳдид солишга қодир ва бошқа эҳтиёжлар учун керакли йирик
иқтисодий ресурсларни талаб этади.
Айрим гуруҳлар янги диктаторлар бўлишга интилиши боис конституциянинг ҳар қандай низомини рад этиши
мумкинлигини унутмаслик зарур. Шу сабабли аҳоли бўлажак диктаторларга қарши ўз ролини бажаришга ва
сиёсий бўйсинмаслик ҳамда ҳамкорликдан бош тортишни қўллашга ҳар доим тайёр туриши лозим. Бундай
кураш тажрибаси аввал ёрдамга муҳтож бўлган одамларда ўзини ўзи ҳурмат қилиш ҳиссини ва ишончни
мустаҳкамлаган ҳолда, муҳим руҳий оқибатларни юзага келтириши мумкин.
Меҳнат билан эришилган масъулият
Нозўравон курашнинг самараси фақат диктаторларни заифлаштириб уларни қулатишда эмас, балким
жабрланганларни кучайтиришдадир. Бу услуб олдиндан ўзларини қурбон деб ҳис этган шахсларга бор кучларини
ишлатиб, ўзларининг ҳаракатлари орқали эркинлик ва адолатга эришишга имкон беради. Шу кураш тажрибаси
муҳим руҳий аҳамиятга эга, чунки у олдиндан заиф бўлган шахслар орасида ўзларини баҳолаш ва дадиллиги
яхшиланишига ҳисса қўшади.
Жамиятнинг жорий ва пайдо бўладиган муаммоларни ҳал қилишга қодирлиги ҳам демократик бошқарувни
ўрнатиш учун зўравонликсиз курашни қўллашнинг узоқ муддатли муҳим ижобий натижаси ҳисобланади. Бу
муаммолар ҳукуматда мансабдан фойдаланиш ва порахўрлик, ҳар қандай гуруҳга нисбатан шафқатсиз
муносабатда бўлиш, иқтисодий ноҳақлик, сиёсий тизимнинг демократик сифатига қўйиладиган чеклашларни ўз
ичига олиши мумкин. Сиёсий бўйсинмасликни қўллаш бўйича тажриба орттирган аҳоли бўлажак
диктатуралардан ўзини ҳимоя қила олади.
Озодликка эришгач, нозўравон курашни билиш демократия, фуқаролар эркинлиги, майда миллатлар ҳақ-
ҳуқуқлари, ҳудудий, туман ва маҳаллий бошқарув институтлари ваколатларини ҳимоя қилиш услубларидан
фойдаланиш имконини беради. Бундай услублар ўз навбатида, айрим шахслар ёки гуруҳларга алоҳида
муаммолар бўйича ўта норозилигини тинч ифода этиш имконини берадиган воситаларни яратади. Мухолифат
гуруҳлар эса ушбу муаммолар туфайли террорчилик ёки партизанлар урушини ишга солади.

Сиёсий бўйсинмаслик ёки нозўравон кураш масалаларини муҳокама қилишда фикр юритиш ўз халқини
диктаторлик зулмидан озод қилиш ва инсон эркинлигини ҳурмат қиладиган ҳамда халққа жамиятни
такомиллаштиришда иштирок этиш имконини берадиган узоқ муддатли демократик тизимни ўрнатишга
интилаётган барча шахс ва гуруҳлар учун фойдали бўлиши мумкин.
Мазкур ишда билдирилган ғоялар асосида қуйидаги хулосага келиш мумкин:
• Диктатурадан озод бўлиш мумкин;
• Озодликка эришиш учун ўта пухта таҳлил ва стратегик режалаштириш талаб этилади;
• Огоҳлик, машаққатли меҳнат, интизомли кураш талаб этилади ва бу курашда ҳаттоки, кўплаб қурбонлар
бўлиши ҳам мумкин;
“Озодлик ҳеч қачон озод бўлмайди” деган ибора тўғри айтилган. Жабрланган халққа орзу қилинган озодликни
берадиган ташқи куч йўқ. Одамлар унга эришишни ўзлари ўрганиши лозим. Бу эса осон иш эмас.
Агарда одамлар озодликка эришиш учун улардан нима талаб этилаётгани тушунса, машаққатли йўллар билан
бўлса ҳам, охир-оқибат озодликка эришиш имконини берадиган ўз ҳаракатини ишлаб чиқишга қодир. Ана шунда
улар ғайрат билан янги демократик тартибни ўрнатиши ва уни ҳимоя қилишга тайёрланиши мумкин. Бундай
кураш натижасида қўлга киритилган озодлик узоқ яшайди, уни сақлаш ва янада мустаҳкамлаш тарафдори бўлган
кучли одамлар ёрдамида қўллаб-қувватлаш мумкин.

Диктатурадан демократияга
Озод этишнинг концептуал асослари

Муқадимма

Мени диктатуранинг олдини қандай олиш ёки уни қандай йўқ қилиш мумкинлиги тўғрисидаги масалалар кўп
йиллар давомида ташвишга солиб келди. Бундай қизиқишни қисман одамзод бу каби тузумлар томонидан
эзилиши ёки қириб ташланиши мумкин эмаслиги ҳақидаги қатъий ишонч билан тушунтириш мумкин. Ишонч эса
инсон ҳуқуқларига риоя қилиш муҳимлиги, диктатура хусусиятлари (Арасту ва тоталитаризм таҳлилчилари) ва
диктатуралар тарихи (айниқса, фашистлар ва Сталин тузуми) тўғрисидаги мақолалар билан мустаҳкамланди.
Мен қатор йиллар мобайнида фашистлар бошқаруви даврида яшаган ва азоб-уқубат чеккан, концентрацион,
яъни махсус лагерларда бўлган кўплаб одамлар билан танишдим. Норвегияда фашистларга қарши жанг қилган
ва тирик қолганлар билан танишдим, кимлар ҳалок бўлгани ҳақида билиб олдим. Нацистлар чангалидан қутулиб
қолган яҳудийлар ҳамда уларни қутқаришга ёрдам берган одамлар билан гаплашдим.
Турли мамлакатларда коммунистик бошқарув давридаги террор ҳақидаги маълумотлар асосан адабиётдан ва
маълум даражада шахсий манбалардан олинди. Менга ушбу тузумлар даҳшати диктатура истибдод ва
эксплуатациядан қутқариш учун ўрнатилгани аён бўлгач, янада қўрқинчли туюлди.
Кейинги ўн йилда Панама, Польша, Чили, Тибет ва Бирма каби мамлакатларда замонавий диктатуранинг
ҳақиқатдагн мавжуд эканлиги ушбу давлатлардан келган одамлар билан бўлиб ўтган учрашувлар туфайли янада
яққол намоён бўлди. Хитойнинг коммунистик тажовузкорлигига қарши курашган Тибет аҳолиси, 1991 йилнинг
августида эски тузум тарафдорлари тўнтаришини енгган россияликлар ва тинч йўл билан ҳарбий бошқарувга
қайтишнинг олдини олган тайликлардан диктатуранинг асл башараси тўғрисида тез-тез маълумотлар олиб
турдик.
Норьеги бошқаруви даврида Панамага, совет қатағони давом этган даврларда Вильнюсга, Пекиндаги
байрамона озодлик намойиши бўлиб ўтган ва ўша мудҳиш тунда пиёдаларнинг зирхланган машиналари илк бор
киритилган Тяньаньминь майдони, шунингдек, Мейнерплау чангалзорларидаги «озод Бирма» демократик
мухолифат штабига борганимизда шафқатсизликларга қарши жўшқинлик ва ғазаб, мард эркак ва аёлларнинг
қаҳрамонлигидан ҳайратланиш ҳисси янада кучайди.

Баъзида мен одамлар қурбон бўлган жойларни бориб, ўз кўзим билан кўрдим. Масалан, Вильнюсдаги
телеминора ва қабристон, Ригада одамлар отиб ўлдирилган сайилгоҳ, Шимолий Италиядаги фашистлар
қаршилик кўрсатиш ҳаракати аъзоларини отиб ташлаган Феррара маркази, Мейнерплаудаги бевақт ўлиб кетган
одамлар жасади билан тўлган оддий қабр шундай жойлар сирасига киради. Ҳар қандай диктатура ўзидан кейин
кўплаб қурбонлар ва вайронгарчилик қолдиришини ўйласанг, хафа бўлиб кетасан киши.
Бу борада ташвишланиш ва орттирилган тажриба золимона ҳукмронликнинг бошланишининг олдини олиш,
диктатурага қарши оммавий қирғин-баротларсиз муваффақиятли курашиш, диктатурани енгиш ва янги истибдод
тузуми пайдо бўлишига йўл қўймаслик мумкинлиги ҳақида қатъий ишонч туғдиради.
Диктатурани кам йўқотишлар билан муваффақиятли ағдаришнинг самарали услубларини атрофлича ўйлаб
топишга ҳаракат қилдик. Бунда диктатурани, қаршилик кўрсатиш ҳаракатлари, инқилоблар, сиёсий ғоялар,
ҳукумат тизимлари ва айниқса амалий зўравонликсиз курашни кўп йиллик ўрганиш натижаларидан фойдаландик.
Бунинг натижасида ушбу нашр пайдо бўлди. Гарчи бу иш мукаммал бўлмасада, кучли ва самарали озодлик
ҳаракатини ташкил этиш ва режалаштириш ҳамда унинг янада самарали амалга оширилишида ёрдам бериши
мумкин, деган фикрдамиз.
Бунда асосий эътибор заруратга қараб ва атайлаб диктатурани йўқ қилиш ва янгисининг пайдо бўлишига йўл
қўймаслик бўйича умумий муаммога қаратилмоқда. Муаллиф бирон-бир муайян мамлакатнинг ҳаракати учун
таҳлил ва маслаҳатлар тавсия қилмоқчи эмас. Бироқ ушбу умумий таҳлил диктаторлик тузуми воқеликлари
билан рўбарў турган кўплаб мамлакатлардаги одамлар учун фойдали бўлади, деб умид қиламиз. Улар ушбу
таҳлилни ўз мамлакатларида юз бераётган вазиятга нисбатан қўлланиш даражасини ва удаги асосий тавсиялар
уларнинг озодлик курашида фойдали ҳисобланиши ёки фойда келтириши мумкинлигини баҳолаши лозим.
Ушбу ишнинг тайёрланишида иштирок этган кишиларга миннатдорлик билдирамиз. Муаллифнинг махсус
ёрдамчиси Брюс Женкинс ушбу нашрнинг моҳияти ва тақдимоти муаммоларини аниқлаш, қийин жиҳатларни
(айниқса стратегияга нисбатан) аниқ тасаввур этишга доир муҳим тавсиялари, таркибий тузилишини қайтадан
тайёрлаш ва муҳаррир тузатишларини киртишдаги ёрдами билан катта ҳисса қўшди. Стивен Коудидан ҳам
муҳаррарлик тузатишлари учун миннатдормиз. Доктор Кристофер Круглер ва Роберт Хелви муҳим танқидий
мулоҳазалар ва маслаҳатлар берди. Доктор Хейзел Макферсон ва Патриция Паркмен Африка ва Лотин
Америкасидаги кураш хусусида ахборот тақдим этди. Ушбу ишда бошқаларнинг
ёрдамидан фойдаланилган бўлсада, муаллиф ўтказилган таҳлил ва хулоса учун жавобгарликни ўз зиммасига
олади.
Таҳлил давомида диктатурага қарши кураш осон ва қурбонлар талаб қилинмайдиган иш экани қайд
этилмаган. Ҳар қандай кураш шакли қийинчиликлар ва йўқотишларсиз бўлмайди. Табиийки, диктаторларга
қаршилик кўрсатишда қурбонлар талаб этилади. Бироқ муаллифнинг мазкур таҳлил қаршилик кўрсатиш
етакчилари учун ҳаракатнинг кучини оширадиган ва йўқотишларнинг қиёсий даражасини камайтирадиган
стратегияни ишлаб чиқишда кучли омил бўлишига ишончи комил.
Шунингдек, ушбу таҳлилни маълум бир диктатурани қулатиш билан бир қаторда қолган бошқа барча
муаммоларнинг ҳам барҳам топишига ёрдам беради, деб тушунмаслик керак. Тузумнинг қулаши
хаёлпарастликка олиб келмайди. Аксинча, у ўта ҳаққоний ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий муносабатларни
ўрнатишда, адолатсизлик ва тазйиқ ўтказишнинг бошқа барча шаклларини бартараф этиш борасида астойдил
ишлаш ҳамда узоқ муддатли саъй-ҳаракатлар учун имкониятлар очиб беради. Муаллиф диктатурани ағдариш
йўллари билан қисқача танишиш ҳалқ тазйиққа учраётган ва озодликка эришиш истаги кучли бўлган ҳамма
жойда фойда келтиришига умид қилади.
Гин Шарп
1993 йил 6 октябрь,
Альберт Эйнштейн номидаги институт
1430 Massachusetts Avenue,
Cambrige, Massachusetts 02138, USA

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares