Ўзбекистон ҳам болалар меҳнатидан, ҳам мажбурий меҳнатидан воз кечиши учун пахта якка ҳокимлигига барҳам бериши керак…

 

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА“Ўзбек пахтасига «йўқ» деган йирик ширкатлар сони 153тага етди” дея хабар беради “Озодлик”.

Ўзбекнинг пахтасига харидор бўлишдан бош тортишмоқдами?

153 та ширкат-а?

“…Тошкентда 14-15 октябрь кунлари Халқаро пахта ярмаркасининг очилиши кутиларкан дунёнинг етакчи ширкатлари Ўзбекистон пахтасига қарши бойкотга қўшилмоқда” экан…

Ўйлаб қоламан: Бу яхшими, ё ёмон?

Келинг, масалага ҳолисона ва ҳар томонлама ёндашиб кўрайлик.

Тўғри, мана шу “бойкот”бозликнинг ортидан маълум маънода ютуққа эришилди. “Ўзбекистон расмийлари болалар меҳнатидан воз кечишга мажбур этилди” дейилди.

Ростанам мамлакат мактабларида ота-оналардан “Боламни пахтага чиқармайман” қабилида “Тилхат”лар олинди.

Мактаб ўқиувчилари ҳукумат лабз қилганидек, бу йил пахтага қувилмади.

Бироқ, барибир ўзбекнинг боласи далада, эгатиларда чаноқларга минг бир марта эгилиб юрибди.

Сиз ҳам тушунинг, айни дамда Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини қишлоқ аҳолиси ташкил этадиган халқни мавжуд тузум моддий жиҳатдан иложсизлик ва имконсизликнинг “борса келмас” кўчасига қараб қувганки, бу “борса хатар” йўлларнинг чорасизлик батқоғи  болаларни беихтиёр пахта пайкалларига ҳайдамоқда.

Давлат миқиёсида “Ўқувчи пахта термасин” деган фармон бўлса, бордир. Бироқ, бунисининг ҳам аҳоли талаб ва истаклари, эҳтиёжлари қаршисида писта пўчоқчалик қадри йўқ.

Нега?

Чунки, дала деҳқонининг қўли фақатгина пахта мавсумидагина пул кўради. Бир кило пахтага 150 сўм, нари борса 200 сўм ҳақ тўланади.

Тасаввур қилинг: Бир йилда бир боргина!

Чигит қадаш, ёввойи ўтдан тозалаш, суғориш, ғўза тагини юмшатиш, хуллас – пахтани пахта ҳолатига келтиргунча парваришлашга кетган деҳқон меҳнати БЕБАҲО! Баҳоси йўқлиги сабаб ҳам, бунингдек фидоийликка қандай нарх қўйишини билмай  боши қотган ҳукумат деҳқоннинг пешона терига ҳақ тўлаб ўтирмайди. Кифтига қоқиб қўя қолади.

Лекин “Баракалла, азамат” деган билан очликдан буралган ичакни алдаб, қоринни тўқлаб бўлмайди-ку, бўй қоп тик турмайди-ку!

Яна камига бу ёқда бўйи бўйинг билан тенглашаётган 3-4 та қоро кўзларнинг (Худога беадад шукурлар бўлсин) ейиш ичиши билан баб-баробар кийиши, ташвиши ҳам каттариб, “ўсиб” турган бўлса?

Деҳқоннинг косасини оқартирмаган ҳукумат “Болалар пахтага чиқмасин” дея оғзини кўпиртириб, катта кетса-кетаверади-да!

Бироқ, тирикчиликка бўлган эҳтиёж амалда барибир болани далага бошлайди.

Деҳқончилик билан кун кўрадиган ота-оналар қишнинг қоронғу кунида боласининг оёғини иссиқ қилиш, пойабзал олиб бериш билан боғлиқ муаммосини ҳал қилиш чорасини мана шунда – дилбандининг пахта теришида, қанотига кириб – тўрт танга топишида кўради!

Бир сўз билан айтганда Ўзбекнинг ота-онаси боласини пахта далаларига қувишга мажбур этилган.

Мамлакат ичидаги ёзилмаган қонун бу!

Дарҳақиқат, бу йил мактаб ўқувчиси ҳар доимгидек, пахта мавсумида партасидан айрилган эмас. Ўқувчиларга мактабдан пахта теришлик учун борқулла жавоб бериб юборилмади.

Аммо ота-онасининг ҳоҳиши билан ўқувчи мактабдан бўш пайтларида пайкал оралайди.

Шу боис Ўзбекитоннинг амалдаги тузуми итаса-истамаса, қишлоқ боласи айни “сезон”да пахтакорга айланиши, табиий.

Ҳа, яна бир гап: мен буни илгари ҳам таъкидлаганман, яна бир бор ёдингизга соламан: Ўзбекистонда “Болалар мажбурий меҳнатига барҳам берилди” деб айтишга ҳали жуда барвақт. Масалага юзаки қараб кўзни ва ўзни алдаш керак эмас.

Дейлик, юртимизда болакайнинг  мактаб остонасига 6-7 ёшдан қадам қўйишини инобатга оладиган бўлсак, ўрта мактабнинг 9-синфини тамомлаган ўспиринлар оммавий тарзда коллеж ва лицейларга сафарбар этилади.

Демакки, коллеж, лицейнинг 1-2-3- курс тингловчиси дегани бу – эндигина 16-, 17- ёшни қарши олаётган  – ҳали балоғатга етмаган ўспирин дегани эмасми?

Иккиланмасдан гувоҳлик беришим мумкинки, ҳали ҳамон Ўзбекистонда коллеж, лицей ўқувчиларини тўлиқ пахта теримига сафарбар этиш, пахта терими мавсумида мазкур ўқув даргоҳлари дарвозасига икки килолик қулф осиш муттасил давом этмоқда.

15-17 ёшли ўспириннинг ўқиши қолиб, ғўзалар орасида қоп-қоп пахта кўтариши – “Ўзбекистонда болалар мажбурий меҳнатига барҳам берилди” дейишимизга изн берадими?

Мана шундай инкор қилиб бўлмайдиган фактлардан кейин ҳам Ўзбекистон расмийлари “Болалар мажбурий меҳнатидан воз кечдек” деса, керилса бўладими?

Керилса керилавермайдими!

Аммо сизу биз, мавжуд муаммога тўрт томонлама назар солмасдан, уни айланиб, ошиб ўтиб,  “Мамлакатда болалар мажбурий меҳнатига барҳам беришга эришилди” дея қувонсак, диктаторликка асосланган режимни қутиртирсак, тўғри бўладими?

Ҳечам-да!

Ҳали бундай хулосага келишга шошилмаслик керак!

Ўзбекнинг пахтасидан юз ўгирган ширкатлар сони 153 тага етибди!

Бироқ бу рақамлар ҳам Ўзбекистонда “мажбурий меҳнат” қўлланишига барҳам бермаса керак-ов деган ҳадикдаман.

Ташвишланарли томони шундаки, Ҳукумат томонидан мактаб ўқувчиларга маълум маънода енгиллик яратилиши биланоқ пахта терими мавсуми  ўзга касб эгаларига ҳар йилгидан-да каттароқ муаммолар туғдирди.

Айни дамда шифокор, қурувчи, ўқитувчидан тортиб то тикувчига қадар пахта теримига – мажбурий меҳнатга жалб этилган. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистонда барча касб эгалари пахтакорга айланган, йўқ, айлантирилган.

Айнан пахта терим мавсуми масаласига келганида Ўзбекистоннинг “мажбурий меҳнат”дан воз кечиши душвор.

Мабодо, “мажбурий беҳнат”га барҳам бериш мумкин бўлганида эди, Ўзбекистон пахтасига харидор бўлишдан бош тортган ширкатлар сони 30 та, 50 та, ана боринг, 100 та бўлган пайтидаёқ, мамлакат расмийлари пахтамиз нархини пасайтираётган ширкатлар сонини 150 дан ошишига йўл қўйиб бермаган, иссиғида оғриқнинг олдини олган бўларди. “Мажбурий меҳнат”га якун ясарди – қўярди.

Лекин айни дамда Ўзбекистон расмийлари нечоғлик истамасин, бундай қилолмайди.

Негаки, мамлакатда қишлоқ хўжалиги батамом издан чиқиб – ўтириб қолган.

Деҳқончилик, чорвачилик – ҳамма-ҳаммаси ўзга соҳалар каби жиддий ислоҳга муҳтож.

Илгарилари ҳар бир туманда “трактор парки” деган нарсалар бўларди.

Ҳозир битта туманда биттаям трактор кўринмайди.

Бир пайтлар пахта терадиган “зангори кема”лар тепада ўтирганларнинг “ўпқон уммони”га “ғарқ бўлиб” кетган. Энг охирги “запчаст”и ҳам сотилиб битганига 10 йилдан ошган!

Қўли йиллаб пул кўрмаган қишлоқ аҳолиси Россия-ю Қозоққа қараб қочган.

Жуда-аа йўл кирога пул топаолмай қолганлари пойтахт томон чопган: Ҳарна “Бек-Барака”да “Пўшт арава” дея айтиб турса ҳам тўрт тангасини топиб туради…. Бу туришда пахтани ким теради?!

Бориб кўринг, қишлоқларимизда нуқул ҳассасига таянган боболару момолар қолишган.

100 гектар ерга чигит қадаган фермерга қарашли одамлар сонини санасангиз – саккизтага етмайди.

8-10 нафар одам билан “оқ олтин”  тоғини бунёд қилиб бўларканми?

Ўзбекистонда “мажбурий меҳнатига чек қўйиш” дегани бу – “оқ олтин”имизни оппоқ қорнинг тагида чиритиш деган гап билан баробар.

“Бир қанча инсон ҳуқуқлари ташкилотларини бирлаштирган “Cotton Campaign” аввалроқ Ўзбекистон ҳукуматини мажбурий меҳнатни тақиқлаш, бу тақиқни бузганларни жазолашга чақирган” бўлишига қарамай,  тушунинг, айни дамда Ўзбекистонда пахта йиғим-терим мавсумида барча касб эгаларидан пахтакор ясамасликнинг, мажбурий меҳнатдан фойдаланмасликнинг мутлақо имкони йўқ, бўлмайди ҳам…

Қачонки, Ўзбекистон ҳукумати пахта яккаҳокимлигидан воз кечмас экан, бу юртнинг прокурори пахтакор бўлиб, ўқитувчиси ўқувчи қолиб, даласига “дарс бериб” юраверади…

Ўзбекистон  ҳам болалар меҳнатидан, ҳам мажбурий меҳнатидан воз кечиши учун пахта якка ҳокимлигига барҳам бериши керак…

Акс ҳолда…

Таёқнинг бир учи бориб яна деҳқон шўрликнинг бошида синади!

Ўзингиз ўйланг, “Ҳориждаги 153 дан ортиқ ширкат Ўзбек пахтасига харидор бўлишдан бош тортди” дегани бу – пахтамизнинг баҳоси пастлайди дегани эмасми?

Ё мен адашдимми?

Билмасам, менингдек қишлоқ аёлининг тор тасаввурида: “Харидор камайди дегани – нарх пасайди” дегани-да…. Ёки бу “бойкот”ларнинг пахта савдосига алоқаси йўқми,  “оқ олтин” олди-бердисига зиёни тегмайдими,  товар тан нархини ерга уриб қўймайдими?

Мабодо шундай бўладиган бўлса, ким ютқазади?

Янва тўккан пешона тери учун қўли йиллаб пул кўрмай пахта бунёд қилган Ўзбек деҳқони куйиб қоладими?

Эсиз, эсизгина-я!….

 “Ўзбек пахтасига «йўқ» деган йирик ширкатлар сони 153тага етди”

Бундан қувониш керакми, ёки қўрқиш?

                                                 Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

                                                       мустақил журналист

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares