АҚШ ҳукуматининг Ўзбекистондаги элчиси жаноб Жорж Кроллга

10716180_1535603143317892_1160259344_nҲурматли элчи жаноблари, афсуслар бўлсинки, АҚШ ҳукумати, охирги вақтларда, ўзининг геополитик-сиёсий манфаатлари  ортидан Ўзбекистон халқи тақдирини яхши томонга ўзгартириш масаласига жиддий эътибор қаратаётгани, зўр-базўр ишлаётган дунёвий мухолифатга ёрдам қўлини чўзаётгани йўқ. Бунинг ортидан ўзбек халқи ва унинг мухолифати янада ачинарли, қийин аҳволда қолмоқда. Мамлакатда ишсизлик, порахўрлик, адолатсизлик авж олганини, барча ҳуқуқлар шу жумладан сўз ва бошқа эркинликлар бўғилаётганини Сизга ёзмасам ҳам биласиз.

Ўзбекистон президенти халқни абгор аҳволда асраш ва мухолифатни қийин аҳволга солиш билан бир қаторда АҚШ ва бошқа давлатлардаги нодавлат-нотижорат ташкилотларни бошқаришга ҳам уринмоқда. Яъни, МХХнинг бир қатор аъзолари АҚШ ва бошқа демократик давлатларда нодавлат-нотижорат ташкилотларда ин қуриб олмоқда. Наҳотки, МХХнинг  АҚШ ва бошқа демократик давлатларда нодавлат-нотижорат ташкилотларни бошқариш йўли билан ҳам ўзбек мухолифатига қарши эркин фаолият олиб бораётганини Сизнинг ҳукуматингиз билмаса?!

Элчи жаноблари,

АҚШ ҳукуматининг масъул ташкилотлари ва халқаро ташкилотлар шу кунгача мен бошқараётган Бирдамлик Халқ Демократик ҳаракатига моддий ва маънавий кўмак кўрсатмади. Биз АҚШдаги ўз бизнесимиз ва оғир жисмоний ишлар билан шуғулланиб, ўз маблағимиз орқали ўзбек мухолифатини оёққа туришига баҳоли қудрат кўмак кўрсатаётган эдик. Афсуски, ҳозирда сиёсий фаолиятимизни молиялаштириш  учун яратилган бизнесларимиз ҳам йўқ бўлди. Бу биз учун ўта кўнгилсиз ҳол.

Элчи жаноблари,

АҚШ ҳукумати Ўзбекистондаги Каримов режимининг қўллаб-қўлтиқланиши, режимнинг жиноятларига кўз юмуш келажакда Ўзбекистонда нотинчлик ва бошбошдоқликни юзага келишига замин яратиши мумкинлигини ҳисобга олмаяпти. Бу эса ўз навбатида дунёвий давлатчиликка путур етказиб, мамлакатда “Ислом давлати” каби давлат қуришга интилувчи экстремистларни ҳукумат тепасига келиш хавфини кучайтиради. АҚШ ҳукуматнинг дунёвий мухолифатни, шу жумладан Бирдамлик Халқ демократик ҳаракатининг фаолиятини қўлламаслиги, аксинча, бугунги режимни дастаклаши оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини тушуниб етарсиз, деган умиддамиз.

Элчи жаноблари,

Хабарингиз бўлса, менинг рафиқам Феруза Ҳуррамова ва 9 яшар оғлим Дадахон Чориевлар 20 сентябрь куни Тошкент аэропортидан депортация қилиниб, ҳатто  Ўзбекистон фуқаролигидан чиқарилиб, орқага қайтарилиб юборилди.

Рафиқам Феруза Хуррамова паспортининг амал қилиш муддати 6 ойдан кам бўлганлиги учун, у ва ўғлим Дадахон Чориевлар АҚШ қонунлари бўйича мамлакатингизга қўйилмади ва оилавий бутунлигимизга раҳна етди. Улар ҳозирги кунда Туркияда яшашга мажбур қолмоқдалар.

Ҳурматли элчи жаноблари,

Ўзбекистондаги барча муаммоларга боғлиқ бўлган ушбу  муаммони ҳал этишга, оилам ва фарзандимнинг АҚШга қайтиб келишига амалий ёрдам беришингизни сўрайман.

Ҳурмат билан,

Баҳодир Чориев,

Бирдамлик Халқ Демократик ҳаракати раиси.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares