“Бирдамлик” етакчиси Чориевнинг рафиқаси ва ўғли Туркиядан чиқа олишмаяпти

14.10.14 19:22

Феруза Хуррамова – «Бирдамлик» лидери Баходир Чориевнинг рафикаси Сент-Луис курултойида; фото: Uznews.net

Ўзбекистон фуқаролигидан махрум этилиб, Тошкентдан депортация қилинган Феруза Хуррамова ва унинг ўғли Дадахон АҚШдаги уйларига кела олишмаяпти: муддати ўтиб кетган паспорт туфайли Истанбул аэропортида уларни рейсдан олиб қолишди.

12 октябр куни Феруза Хуррамова ва Дадахон Хасанов Истанбулдан Нью Йорк шахрига учиб кетишлари керак эди. Бироқ, турк аэропорти ходимлари, уларнинг самолетга чиқишларига йўл қўйишмади. 

Улар, Хуррамовага тегишли бўлган ягона хужжат бўлган Ўзбекистон фуқароси паспортининг амал қилиш муддати, халқаро меъёрлар таб этган 6 ойдан кам эканлиги холатига ёпишиб олишди.

Мухолифатдаги «Бирдамлик» харакати етакчиси бўлган Баходир Чориевнинг рафиқаси Феруза Хуррамованинг фуқаролик паспорти муддати аслида, унинг 45 ёшга тўлган 12 октябр куни тугаган эди.

Шунинг учун хам, муддати битаёзган паспортини янгисига алмаштириш мақсадида, Хуррамова 20 сентябр куни Америкадан Ўзбекистонга 9 ёшли ўғли Дадахон билан келган эди.

Фуқароликдан махрум этишди, чипта беришда хам лаққа туширишди…

Бироқ она ва болани мамлакатларига киритишмади ва Тошкент аэропортида уларни 18 соат ушлаб туришиб, 21 сентябр куни, улар учиб келишган Истанбул шахрига депортация қилишди.

Депортация қилишдан аввал, Хуррамовани Ўзбекистон фуқаролигидан чиқаришди ва унинг паспортини бекор қилишди. Унинг паспортида «Ўзбекистон президентининг 2014 йил, 28 апрелдаги ПФ-4618 буйруғига биноан, сиз фуқароликдан махрум этилдингиз хамда сизнинг паспортингиз бекор қилинди» деган ёзув мухри билан пайдо бўлди. Ёзув остида Р. К. Қулматова деган имзо хам бор.

Депортация олдидан, Тошкент аэропорти ходимлари Хуррамова ва унинг ўғли Дадахонга, улар учун Чикаго шахригача билет сотиб олинганини айтишди. Аммо, она-бола Истанбулга етиб келгач алданганини билишди – уларга фақат Туркияга қадар чипта сотиб олинган эди холос.

Ўз хисобларидан АҚШга чипта олишган Феруза ва Дадахон, Отатурк аэропортида янги синовга дучор бўлишди: амал қилиш муддати 6 ойдан кам бўлмаган паспорт ёки йўл хужжатисиз улар Америкадаги уйларига етиб бора олмасликлари маълум бўлди.

Чориевларга қарши Каримовнинг яширин қарори борми?

Президент Ислом Каримовнинг хеч қаерда эълон қилинмаган қарори, «Бирдамлик» етакчисининг яна икки қариндошини – унинг укаси Бурхон ва келини Шахло Назаровани, ўзбек фуқаролигидан махрум қилиш учун дастак бўлди.

1 октябр куни улар Ўзбекистоннинг Нью Йоркдаги консуллигига, эски паспортларини янги биометрик паспортга алмаштириш учун мурожаат қилишганди. Шу ернинг ўзида топширилган хужжатлар мусодара қилиниб, уларнинг қўлларига 2014 йил, 28 апрелдаги президент қарорига кўра, уларнинг фуқаролиги бекор қилингани хақида маълумотнома берилди.

Баходыр Чориевнинг эслатишича, президент Каримов ушбу қарорни имзолашидан бир кун аввал, 26 ва 27 апрел кунлари у яшаётган Сент Луис шахрида «Бирдамлик»нинг Қурултойи бўлиб ўтган эди.

“Мана шу Қурултойимиз сабабли, Каримов менинг қариндошларимнинг фуқаролигини бекор қилиб, уларни жазолади ”, – дейди Чориев.

Рафиқаси ва фарзандини қандай қилиб Истанбулдан чиқариб, АҚШга келтириш йўлларини Чориев хозиргача топа олгани йўқ..

Uznews.net

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares