ЖАВОБСИЗ ҚОЛГАН НОЛАЛАР…

 

Ўзбекистон Республикаси   Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовга

Тошкент  шаҳар Олмазор райони, Тансиқбоев 1, 15-уй, 25-хонадонда  яшовчи фуқаро Мамашарипова  Жамиладан

 

ОЧИҚ ХАТ

Мен Мамашарипова Жамила бу мактубимни сизга очиқ хавола этишдан авал расмий хат ёзиб, девонхонага топширдим. Бир қанча муддат умид билан кутганимдан сўнг сизнинг даргоҳингиздан жавоб келди.. Аммо, афсус, танаси бошқа дард билмас деганларидай  жавоб мени мутлақо қониқтирмади. Сизга ёзган мурожатимга кўз ташламаганингизни биламан. Зеро, ҳар доим ҳам оддий фуқоронинг дардини эшитишга, уни қониқтирадиган жавоб билан мушкулини осон қилишга сизда вақт бўлмаса керак…

Келинг, бир дардимни эшитинг: Мен умрини фақат ҳалол меҳнат билан ўтказдим. Онамлар вафот этганида 17 ёшда эдим. Бешта ука-синглимни тўйларида бош-қош бўлдим. Йиллар давомида бир қанча даргоҳларда  тикувчи – модельер бўлиб   ишладим. Умумий иш стажим  30 йилни ташкил этади. Иш жойларимдан бири    собиқ СССР давридаги Олий партия мактабидир. У ерда  моделъер лавозимида, иккинчи шартнома асосида ишга қабул қилиндим. Пенсия маошимни  яхши олишим учун мен давлатга хар ойда (219рубл) пул бериб ишладим. Шу ҳолатда  1997 йил  16 майига қадар ишлаганман. Давлатга пул тўлаб ишлаган квитанцияларим  ва барча шартномаларим асл нусхалари бор. Бу ерда бир қанча ютуқларга эришиб, ҳалқимизнинг хизматида бўлганман. 1997 йилдан бошлаб “Камолот” ЁИХ қошида Ёшлар муаммолари  институтида олий разрядли тикувчи модельер лавозимида  ишимни давом  этирдим. Бу институтда барча вилоятларнинг чекка-чекка қишлоғларига чиқиб,  ўзбек хотин-қизларини тикиш-бичиш курсларида касб-хунарга ургатдим. Ҳозирги кунда вилоятларда юзлаб шогирдларим бор. Шу касбни етук мутахассислари бўлиб, тадбиркорлик  ишларини йўлга қўйганлар. “КАМОЛОТ”  билан ишлаган йилларим ҳаётимдаги энг катта  хатоим бўлди десам янглишмайман. 1997- 2005 йиллар давомида туну-кун соғлигимнии йўқотишим эвазига  вилоятма вилоят юриб,  ёшларни касб – ҳунарга ургатдим. Ўзимда бор барча тажрибам асосида етук тикувчи- модельерлар етишиб чиқишига хизмат қилдим. Минглаб ёшларга таълим бердим. Ёшлар Муаммолари институти  вилоятларга бориш – келиш харажатларимни, у ердаги кундалик ҳаражатларимни умуман қопламаган.  Мен очган “Жамила сервис”    фирмаси  Ёшлар Муаммолари институтининг қоп-қоп ваъдалари ва ички маммолари туфайли  таназулга учради. Чунки  “Камолот” га жуда ишонгандим. Шу сабабдан   вилоятларга ёшларни ўқитиш учун борганимдаги ўз чўнтагимдан чиққан ҳаражатларим қайтишига ва бир кун албатта менинг   бир кунимга ярашига ишонардим.  Ёшлар муаммолари  тайёрлаб берган “Диплом” лар энг чекка – чекка қишлоқларда яшаб, тикувчи- модельер бўлиш истагидаги қизлар учун жуда катта ютуқ бўлган. Чунки мен  “Жамила Сервис” фирмаси орқалигина ўқитганимда ёшлар орасида  бунчалик ишончга эриша олмасдим. Ўша йилларда Республика  “Камолот” МК раҳбари   Ботир Убайдуллаев  ва Ёшлар Муаммолари институтида раҳбарлик лавозимида ишлаган Субҳонов Нодирлар нафси ўпқон  наҳангларга айланишган эди.  Ишлаб топиб  институт кассасига қуртдай санаб берган пулларимдан  бир сўм ҳам бермай,   қўйнимни пуч ёнғоққа тўлдириб, “Бу қилаётган хизматларингиз учун,  кексайганигизда энг юқори нафақа оласиз” деб берган ваъдаларига ёш боладай ишониб юраверибман.   Сабаби, оила қурмаганим ва ейман-ичаман деган фарзандларим йўқлиги учун, “Ҳеч бўлмаса кексайганимда юқори нафақа олиб ҳеч кимга зориқмай кун кечмрарман” деган илинж бор эди қалбимда. Шунча мехнат қилсам хам бир бошпанам йуқ эди. Шунинг учун яхши ниятлар билан Туркиянинг Истанбул шаҳрида беш йил ишлаб келдим. Қирқ беш ёш  эдим у ерга борганимда. Бир муддат сарсонгарчиликдан сўнг қари бир кампирга қаровчи бўлиб ишга ёлландим. Минг азоб уқубатлар билан ишлаб топган пулларимга икки хонали уй олдим Тошкентдан. Аммо ўзимнинг аҳволим нихоятда оғир эди. Бачадонимда хавфли шиш пайдо бўлган экан. 2009 йил оғир аҳволда  Республика онкология касалхонасида мураккаб операцияни бошимдан кечирдим. Вақти соати етиб, соғлигим бир оз тиклангач ёшга доир нафақа учун ҳужжатлар йиға бошлаганимда ҳаётимдаги энг сарсон-саргардонлик кунлар бошланиши тушимга ҳам кирмаганди. Мен охирги йиллар ишлаган “Камолот” ЁИХ Марказий кўмитасига қарашли Ёшлар Муаммолари институти аллақачон фаолиятини тугатган экан. У ернинг собиқ раҳбарлари таъмагирлик ва бир қанча айбловлар билан судланиб, жазони ҳам ўтаб қайтишган  эди. Мен «Камолот»нинг раисига ёзма мурожаат қилиб, муаммоларимни ҳал қилиб беришини ва  шу ташкилотда ишлаган даврим мобайнида архив ҳужжатларида нега қайд этилмаганимни сабабини билишни истадим.Чунки менинг меҳнат фаолиятим ҳеч қаерда қайд этилмаганди. Мен билан суҳбатлашган “Камолот” ЁИХ Марказий кўмитасининг раис ўринбосари  бу ишларда фақатгина ўша даврда  “Ёшлар муаммолари” институтининг ректори лавозимида ишлаган Субҳонов Нодир айбдорлигини ва ҳамма муаммоларимни у орқали ҳал қилишим кераклигини  айтди. Ҳозир ҳам маъсулиятли лавозимда ишлаб келаётган Субхонов Нодирнинг олдига қатнайвериб, ковушим тўзиди. У гоҳи мени соатлаб куттирса, гоҳида кўзини лўқ қилиб алдаб кузатиб қўярди. Унинг айтишича, менинг пулларимни у емаган. Еганлар эса аллақачон бошқа айблари учун қамалиб чиқишган. Афсус, яхши  хуқуқшунгос ёллашга ва унинг хизмат хақларини тўлашга қурбим етмади,  аммо сизга қадар мурожаат қилмаган одамим, ташкилотим қолмади ҳисоб.  Ҳали ҳам тўлиқ соғаймаганман,  операция қилинган жойим  сим-сим азоб беради. Мен эса иссиқ, совуқ ҳаволарга қарамай кўчаларда сарғайдим. Соатлар давомида мансабдорларнинг қабулига кириш ва ижобий жавоб олиш илинжида кутдим.Сизга мурожжат қилганимдан сўнг ҳеч қанча ўтмай «Камолот» Марказий қўмитасига чақиришиб, қўлимга бир парча қоғоз тутқазишди. Бу сиздан келган жавоб экан. Унда ёзилганларни сўзма-сўз ўқиб бериб, устимдан мазза қилиб кулишди. Нега десангиз, мен сўнги нажот деб сизга ёзган хатимга олган жавобда бор йўғи тўрт жумла сўз бор эди. «Иш билан танишиб чиқиш ва фуқоро Мамашарипова Ж.га амалий ёрдам кўрсатиш учун маъсулиятли ташкилотларга  юборилсин». Уни тантанавор ўқиб берган “Камолот” ЁИХ раиси “Бу кунингдан бадтар бўл!” деб тиржайиб турарди. Ҳа, Ислом Абдуғаниевич, хат сизга шахсан етиб бормагани майли, аммо девонхонада ишлайдиган бефаросат мансабдорлар қўйни бурининг оғзига топширишаётганини билишмайди дейсизми? Хуллас, мен кўрган кунларни душманим ҳам кўрмасин. Ўзбекистон Инсон  Хуқуқлари бўйича Омбудсманга ҳам мурожаат қилдим. Аммо ҳаммаси «Камолот»нинг ўзи ҳал қилсин бу муаммони дейишдан нарига утишмади. Ёшлар муаммолари  институтида ишлаб юрганимда барча вилоятларда ташкил қилган ўқув курсларимда  шу институтнинг дипломларини  топширганман. Давлат ғазнасига муттасил маблағ топшириб турганман. Аммо нега  “Камолот” ЁИҲнинг архивида мен ҳақимда умуман маълумот йўқ? Бу пуллар кимнинг чўнтагига тушган? Мен бу масалада Ўзбекистон Молия вазирига ҳам хат билан мурожаат қилдим. Аммо мени қизиқтирадиган, менинг талабларимни қондирадиган жавобни ола олмадим.   Сизга барча ўзимда бор ҳужжатларимнинг нусхасидан юборган эдим, мен номларини зикр қилган юқори ташкилотларга ҳам худди ўша касса чекларидан нусха олиб юборавериб  бор пулимдан хам айрилдим. Кундуз кунлари итдек сакиллаб бирор йўли топилиб қолар деган мақсадда қабулхоналар бусағасида ўтирсам, кечалари кўп хонадонли уйларнинг биринчи қаватида жойлашган зах босган бошпанамда дилдираб тонг оттирардим. Уйимнинг қарзлари ҳақида гапирмай қўя қолай. Коммунал тўловларни тўлай олмаганим учун Суддан бир неча бор огоҳлантиришлар олдим, неча маротаба Маҳалла қўмитасига чақирилиб изза қилиндим. Сингил ва укаларимни деб турмуш қурмай қариганимда боқувчисиз қолганимга бир йиғласам, мени ёш боладай сарсон қилган нафси упқон Камолотчиларни қарғаб қон қақшадим. Бу қанақаси? Инсон ҳуқуқлари ҳамма нарсадан устун деб бонг урилаётган мамлакатдан шунча йил ишлаб, ахийри 65000 сўм пенсия билан нафақага чиқдим.  Ана ўшанда нима сабабдан Ўзбекистон аҳолисининг тенг ярми Чет элларда тирикчилик қилаётганига тушунгандек бўлдим. Токи нафси ўпқон кимсалар бор экан ҳеч қачон турмушимиз обод бўлмаслигига яна бир карра амин бўлдим.

Мамашарипова Жамила

1.03.2013

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares