04.08.2016

АҚШ Давлат Департаментининг раҳбари жаноб Жон Керрига ОЧИҚ ХАТ

Ҳурматли жаноб Жон Керри! Мен, Баҳодир Чориев «Бирдамлик» Халқ Демократик ҳаракатининг раҳбари, 2005 йилнинг 10 февралидан буён АҚШда оила аъзоларим билан бирга сиёсий бошпана олиб яшаб келмоқдаман. АҚШга келгач ҳам сиёсий фаолиятимни изчил давом эттиришга ҳаракат қилдим ва бу жараённи бугунги кунда ҳам давом эттираяпман. Фаолиятимни илк бора бошлаган чоғларимда АҚШ ҳукумати томонидан бироз қўллов, моддий ёрдам олиб, ватаним Ўзбекистонга қайтишни ва у ерда туриб дунёдаги энг ёмон диктатор Ислом Каримов режимига қарши тинч, нозўравон кураш олиб боришни ният қилган эдим.

Афсуски, менинг бу ниятим амалга ошмади. Мен кўмак сўраб мурожаат қилган АҚШдаги ташкилотлардан ҳеч қандай садо ва натижа чиқмади. Шундан сўнг мен ўз кучимга таяниб, оилавий бюджетим, ойлик маошим ҳисобидан сиёсий фаолиятимни амалга оширишни давом эттирдим.

2008 йилда АҚШда бўлиб ўтган президент сайловида яхши ният ва умидлар билан Барак Обамани АҚШ президенти бўлиши учун қўлладим. Б. Обама президент бўлгач Ҳиллари Клинтонни АҚШ Давлат департаментига раҳбар қилиб тайинлади. Мен бу омилдан хурсанд бўлдим. Ҳ. Клинтонга Ўзбекистондаги вазиятга оид фикр алмашиниш ва ўртоқлашиш мақсадида учрашув таклиф қилиб хат орқали бир неча бор мурожаат қилдим. Аммо бу борадаги барча ҳаракатларим зоё кетди. Унинг ўзбек мухолифати фаолиятига бефарқлиги ҳамда диктатор И. Каримов билан яширин тил бириктириши бизни қаттиқ ранжитди.

Кейинроқ, Жон Керри жаноблари Сиз, АҚШ Давлат департаментига раҳбар бўлиб тайинландингиз. Сизнинг раҳбар бўлишингиз ҳам бизни беҳад шод қилди. Аммо бу сафар ҳам бизнинг хурсандчилигимиз узоққа чўзилмади. Чунки Сиз ҳам Ҳиллари Клинтоннинг изидан бориб, ўзбек мухолифатига кўмак бериш учун интилмадингиз. Аксинча, ўзбек мухолифатининг йўқ бўлиб кетишини панжа орасидан кузатиб турдингиз ҳамда ўзбек халқининг душмани, диктатор Ислом Каримовни қўллаб бордингиз. Сиз билан учрашиш учун қилган барча ҳаракатларим ҳам самара бермади.

Мен томондан 2004 йилнинг 10 апрелида тузилган ва шу кунгача бошқариб келинаётган «Бирдамлик» Халқ Демократик ҳаракати ҳозирги кунгача АҚШ ҳукумати ёки бошқа ҳукумат ва ташкилотлардан бир сент Грант, кўмак пулларини ҳам олмай фаолият юритиб келди. Бизнинг Сизларга кўмак сўраб қилган барча мурожаатларимиз самарасиз қолгач, «Бирдамлик» ХДҲнинг сафи ва фаолияти кенгайиб боравергач ҳамда менинг оилавий бюджетимдан ажратиб бераётган пулларимнинг миқдори Ҳаракатнинг фаолияти учун етмаётганлиги туфайли шахсан менинг ташаббусим билан 2011 йилда «Кеш» Транспорт компаниясига асос солинди. Бу компания тез орада ривожланди. Буни ортидан Ўзбекистон ичидаги мухолифат фаоллари, мустақил журналистлар ҳамда Инсон ҳуқуқлари фаолларига етказиб берилаётган моддий кўмакнинг кўлами оша борди. 2013 йилда отам Ҳасан Чориевнинг уйдирма ва туҳмат айбловлар билан қамалиши ортидан асосан «Кеш» Транспорт компаниясининг траклари иштирокида Вашингтон шаҳрида жойлашган Ўзбекистон элчихонаси рўпарасида навбатсиз ва рухсатсиз отамнинг ҳимояси учун норозилик намойишини ўтказдик. Норозилик намойиши чоғида мен ва яна бир нафар фаолимиз қамалди, юк машинам эса вақтинчалик мусодара қилинди. 1-2 ойдан кейин эса «Кеш» Транспорт компаниямизга нисбатан АҚШ йўлларида DOT (ДАН) ходимларининг ҳар қадамда сабабли ва сабабсиз текширувлари бошланиб кетди. Мана шундай текширувлар оқибатида «Кеш» компаниясининг рейтингги ёмонлашиб, банкротликка учради ва менинг бўйнимга асоссиз салкам $800 000 00 қарз IRS (Солиқ қўмитаси) томонидан юкланди. Мен бу қарзларнинг асоссиз эканлигини $2500.00 га Аудит-ҳисобчи ёллаб исботлаб берсам-да ҳануз бу қарз менинг бўйнимдан соқит қилинмай келинмоқда.

Ўзбекистон ичидаги Ватандошлик (Фуқаровий) жамият аъзоларига тўхтаб қолган моддий кўмакни яна жонлантириш мақсадида 2014 йил мен ва рафиқам Феруза Ҳуррамова билан “Happy Planet” нотижорат компаниясига асос солдик. Бу компаниянинг асосий мақсади Ўзбекистон ичида қийин иқтисодий аҳволда қолган ўзбек мухолифати фаолларига, мустақил журналистлар ҳамда Инсон ҳуқуқлари фаолларига моддий кўмак бериш эди. Мен ва рафиқам Ферузахоним “Happy Planet” компаниясини оёққа қўйиш учун икки йил ва $90 000 00 дан ортиқ пулни ўзимизнинг оилавий бюджетимиздан сарфладик. Асосан хайрия сифатида келган кийим-кечаклар, пойафзалларни йиғиш ҳамда уларни сотишга мўлжалланган бу корхонамиз шу йилнинг баҳорида илк бор сотиш учун 40 000 фунт (20 тонна) кийим-кечак ва пойафзалларни ижарага олинган омборхонамизда тайёрладик. Шу орада Миссури штатининг Фористел шаҳри Ўт ўчириш бўлинмасидан биз ижарада турган бинонинг ичида ёнғинга қарши бўлган, аслида кераксиз, асоссиз қўшимча ускуна ва мосламаларни қуриш талаб қилина бошлади. Уларнинг талаби бўйича биз яна ёнимиздан камида S24 000 00 қўшимча харажат учун пул сарфлашимиз керак эди. Бизда бу пулни топишнинг иложи бўлмади. Натижада Фористел шаҳрининг ўт ўчирувчи бўлинмаси томонидан бизни ушбу бинога кириб ишлашимизга таъқиқи қўйилди. Биз ижарага олган биномизга умуман киролмай қолдик. Биз сотишга тайёрлаган маҳсулотлар иморат эгаси томонидан талон-тарож қилиниб, ўзлаштириб юборилди. Бошқа жойлардан ижарага омборхона олиш ишларимиз ҳам фойда бермади. Қаерга борсак, бизга жавобсиз рад жавоби берилар эди. Бизнинг АҚШдаги иккинчи бизнесимиз ҳам ачинарли аҳволда якун топди. Биз иккинчи бор банкротга учрадик.

Юқорида иккита бизнес компанияларимизнинг банкрот бўлишида Сиз АҚШ Давлат департаменти ходимларини тўғридан-тўғри алоқаси бор деб, ҳисоблаймиз. Бунга сабаб АҚШ Давлат департаментининг собиқ раҳбари Ҳиллари Клинтон хонимнинг расмий Тошкент, шахсан диктатор И. Каримов билан ўзбек халқининг манфаатларига, демократик қадриятларига зид равишда яширин келишуви ва бу келишув ортидан Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисидаги Каримов режимига мухолифатда бўлган демократик ҳаракатни йўқ қилиш бўлган, деб ҳисоблаймиз.

Бугунги кунда мен энди АҚШ давлатида бизнес ишларини йўлга қўйишни истамайман. Чунки сизларнинг ноқонуний ҳаракатларингиздан қўрқаман!

Мен “Happy Planet” нотижорат корхонамизга оид бўлган охирги кийим-кечак, пойафзал ва кийим йиғадиган қутиларни олдингизга шахсий юк машинамда олиб бормоқчиман. Сиз бюрократлардан, менинг олиб борган юкларимга бир назар солишингизни ҳамда ушбу юкларни охирги манзил – ахлатхонага олиб боришимга кўмак беришларингизни талаб қиламан!

Ўзбекистонда оғир аҳволда қолаётган ўзбек демократик мухолифати фаоллари, мустақил журналистлар, Инсон ҳуқуқлари фаолларига ҳар томонлама кўмак бериш учун тузилган «Кўмак маркази»га аниқ ёрдам ажратишингизни талаб қиламан!

Ҳурмат билан,

«Бирдамлик» Халқ Демократик ҳаракатининг раҳбари,

Баҳодир Чориев.

http://birdamlik.info/news/ақш-давлат-департаментининг-раҳбари/

Read also:

Бобомурод Абдуллаевни Салай Мадаминов сотди!
«Мен шерлар қўшинидан қўрқмайман, агар бу қўшинни қўй бошқараётган бўлса, мен шер бошчилигидаги қўшиндан қўрқаман, агар бу қўшин ҳатто қўйлардан ташкил топган бўлса ҳам!» Искандар [...]
Баҳодир Чориев: «Мирзиёевни Ўзбекистон элитаси бошқармоқда»
август 28, 2017 Сарвар Усмон/Озодлик Баҳодир Чориев – Бирдамлик халқ демократик ҳаракати лидери Ўртоқлашинг Шарҳларни кўринг Принт қилиш Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Brand Investment Group [...]
ГУЛНОРА КАРИМОВА СИЁСИЙ ӮЙИН ҚУРБОНИ
 «Бирдамлик» Халқ-демократик ҳаракатининг раҳбари Баҳодир Хон Туркистон билан суҳбат.  — Ҳурматли Баҳодир Хон Туркистон, рости, Сизнинг сиёсий қарашларингиз кӯпчилик сиёсатчиларнинг қарашларидан тамомила фарқ қилади. Қандайдир [...]
2015 ЙИЛ ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИМИЗ
БАҲОДИР ЧОРИЕВ 2015 ЙИЛ ПРЕЗИДЕНТЛИК САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИ
Қўлланма-I
Ҳалқ хокимияти, инсон ҳуқуқлари заминидаги, озод ва фаровон Ўзбекистон учун! Қўлланма (биринчи) “Бирдамлик”Ҳалқ Демократик Ҳаракати Фуқаровий фаоллик учун амалий қўлланма АҚШ “Бирдамлик” нашри 2010 йил [...]
Қўлланма-||
  Халқ хокимияти, инсон ҳуқуқлари заминидаги, озод ва фаровон Ўзбекистон учун!   Қўлланма (иккинчи) “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати ФУҚАРОВИЙ ФАОЛЛИК УЧУН АМАЛИЙ ҚЎЛЛАНМА   АҚШ [...]