02.09.2016

«БИРДАМЛИК» ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ҲАРАКАТИ АДОЛАТЛИ САЙЛОВ ТАРАФДОРИ

Birdamlik harakati

            Мустақилликнинг 25 йиллик байрамини нишонлаш арафасида турган 31 миллион аҳолига эга ўзбекистонликлар учун август ойининг сўнгги кунлари ташвишли тарзда ўтди. Халқнинг ташвишга бурканишига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 28 август куни мамлакат президентининг соғлиги ёмонлашиб, стационар даволанишга ётқизилгани эълон қилинган хабари сабаб бўлди. Бундай ташвиш, айниқса, президентнинг кенжа қизи, мамлакатнинг ЮНЕСКОдаги вакили бўлган Лола Каримова-Тиллаеванинг Instagramдаги саҳифасида отасининг мияга қон қуйилиши ташҳиси билан шифохонага ётқизилганига, аҳволи оғирлигига, тўлиқ даволаниш учун маълум муддат кераклигига, хусусан, халқдан отасига соғлик тилаб дуо қилишларига оид мурожаатидан кейин авж нутқага чиқди.

            Айнан Л. Каримова-Тиллаеванинг ижтимоий тармоқ орқали юртдошларига мурожаати ўзбек халқи тенг иккига, яъни «озод ва обод ватан бунёдкори» ҳимоячилари ва «Ўзбекистонни темир мушт билан бошқарган золим шоҳ жабрдийдалари»га бўлинишига олиб келди. Ушбу мурожаат бундан ташқари бутун дунёнинг нигоҳи яна бир карра Ўзбекистонимизга, мамлакат раҳбари Ислом Каримовнинг тақдирига қаратилишига олиб келди. Шу тариқа ижтимоий тармоқларда, оммавий ахборот воситаларида бир-бирига зид ва бир-бирини инкор қилувчи хабарлар кенг кўламда тарқала бошланди.

            Қайсидир оммавий ахборот воситаларида Ислом Каримовнинг 29 август куни маҳаллий вақт билан соат 18:35 да Тошкентдаги Луначарское шифохонасида вафот этгани, бошқа бир манбада эса юртбошимизнинг россиялик шифокорлар томонидан шифо топаётгани ҳамда оёққа тураётгани ва ҳакозо мазмундаги хабарлар ёритилди.

            Энг қизиғи шундаки, хорижий ОАВларида президентнинг ўлимига оид хабарлар тарқалаётган бир пайтда Ўзбекистондаги ахборот воситаларида И. Каримовнинг Мустақиллик байрами муносабати билан халққа йўллаган табриги эълон қилинди. ЎзТВда эса Каримовнинг номига бошқа давлатлар раҳбарлари номидан келаётган табрик хатлари тинимсиз ўқиб эшиттирилди. Хуллас, Ислом Каримовнинг ҳаёти ва соғлигига боғлиқ хилма-хил хабарлардан халқ бадтар ҳанг-манг аҳволга тушиб, кимга ишонишини билмай икки ўт орасида қолди. Расмий Тошкент эса ўз халқига ўз президенти И. Каримовнинг на ҳаёт эканини ва на оламдан ўтганини расман билдирмай уларни том маънода жунбушга келтирди…

            Ҳар не бўлган тақдирда ҳам 1991 йилда Совет Иттифоқидан ажралиб чиқиб ўз мустақиллигини эълон қилган Ўзбекистонни шу кунга қадар бошқариб келган Ислом Каримовнинг фаолияти ниҳоят ниҳоясига етганга ўхшайди. Шу ўринда И. Каримовнинг фаолияти хусусида тўхталиб ўтсак. У аслида мустақилликкача ўзбек халқига етакчилик қилиб келган. Чорак асрдан ортиқ фаолияти давомида мустабидликнинг барча кўринишларини ишга солган. Каримов мамлакатда биринчи марта ўтказилган президент сайловидаёқ адолатсизликка қўл урган. Унинг сайловдаги «ғалабаси» Хьюман Райтс Вотч ташкилоти томонидан «жиддий қонунбузарликларга йўл қўйиш асосида эришилган ғалаба» дея эътироф этилган. У мамлакатда бевосита ўзининг ташаббуси билан 1995 йилда  референдум ўтказган. Референдум натижасига кўра у давлатни бошқарув муддатини узайтиришга эришган ва шу тариқа учинчи марта президент бўлиб қайта сайланган. Сўнгги иккита сайлов Ўзбекистон Республикаси Конституциясига биноан хилоф равишда ўтказилган.

            И. Каримов мамлакатни бошқарар экан, сиёсат майдонида ўрни тўлмас сиёсий бўшлиқни вужудга келтирди. У мамлакатда мухолифатчиларнинг эмин-эркин фаолият юритишига узил-кесил чек қўйишга эришди, таъбир жоиз бўлса йўқ қилди. 2000 йилларнинг бошига келиб мухолифатчиларнинг барчаси сургун қилинди ёки қамалди ёхуд ўлдирилди. Ўзбекистондан бадарға қилинганлар ҳаётига турли хил йўллар билан суиқасдлар уюштирилди. Бунга эришолмаган тақдирда мухолифатчиларнинг мамлакатда яшаётган яқин қариндош-уруғлари ҳаётига таҳдид солди. Айни пайтда АҚШда истиқомат қилаётган «Бирдамлик» Халқ Демократик ҳаракатининг лидери, таниқли сиёсатчи, давлат арбоби Баҳодир Чориевнинг мамлакатда яшаётган отаси Ҳасан Чориевга нисбатан уюштирилган сохта ҳукми ва унинг қамоқхонага маҳкум этилиши ҳамда бошқа сон-саноқсиз омиллар бунга яққол мисол бўла олади.

             Шу кунгача Ўзбекистондаги қамоқхоналарда ўн минг атрофидаги сиёсий маҳбуслар сақланмоқда. Улардан кўпчилиги Human Rights Watch ташкилотининг Марказий Осиё бўйича мутахассиси Стив Свердловнинг айтишича, ислом экстремистик гуруҳларга алоқадорликдаги сохта айбловлар билан озодликдан маҳрум этилган. Ўзбекистон қамоқхоналарида сақланаётган маҳбуслар мунтазам равишда қийноққа солинаётгани халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари томонидан эътироф этилди.

Мамлакатда ишсизлик юқори чўққига кўтарилди. Бунинг натижасида асосан ёшлар узоқ-яқин хорижий мамлакатларга иш излаб чиқиб кетишга мажбур бўлди. Норасмий маълумотларга қараганда, айни пайтда 5 миллионга яқин ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари чет давлатдарда ишламоқда.

            Совет Иттифоқи давридан келаётган болалар меҳнатидан фойдаланишга чек қўйилмади, аксинча янада кучайди. Ўзбекистонда миллионлаб аҳоли ҳар йили мактаб ва бошқа ишларни ташлаб пахта йиғим-теримига мажбуран жалб қилинди. Иқтисодиёт таназзулга юз тутди, аҳолининг турмуш тарзи жиддий равишда пасайди.

            Ҳозирги кунда Ўзбекистон энг коррупциялашган мустабид мамлакатлардан бири ҳисобланади. Мамлакатда порахўрлик авж нуқтага чиқди. У деярли барча жабҳаларни қамради. Айни пайтда фақат Ўзбекистонда 1991 йилда тамоман парчаланган  ва ер юзида йўқ бўлиб кетган собиқ СССР давлати фуқаролари фуқаролиги йўқ шахс сифатида азоб-уқубатда яшамоқда. Норасмий маълумотларга кўра уларнинг сони бир миллионга яқин ва асосан ўзбек миллатига мансуб кишилар. Каримовнинг ҳаётлиги даврида бундай шахсларга нима сабабдан Ўзбекистон фуқаролиги берилмагани жавобсиз қолди.

            Каримов мамлакатни бошқаруви давомида сиёсий элиталарнинг юзага чиқишига йўл қўймади. Шу тариқа бу савол мавҳумлигича қолди. Аммо Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ мамлакатда фавқулодда ҳодиса рўй берса, президент соғлигини йўқотса ёки бошқа сабаблар юзага чиқса у ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сенатининг раиси сайлов ўтказилгунга қадар уч ой давомида ҳукуматни бошқаришни ўз зиммасига олиши кераклиги ифодаланган. 2015 йил 22 январда Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи мажлисида президент Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси лавозимига Ниғматулла Йўлдошевнинг номзодини тақдим этди. У шу тариқа Сенат аъзоларининг яширин овоз бериш йўли билан Сенат Раиси лавозимига сайлади. Аммо Н. Йўлдошевни кенг халқ оммаси мутлақо яхши билмайди. Шунинг учун ҳам айни пайтда мутахассислар мамлакатда Каримовнинг ўрнига 3 киши: Бош вазир Шавкат Мирзиёев, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Рустам Азимов, МХХ раҳбари Рустам Иноятовлардан бирининг ўтиши эҳтимолдан холи эмаслигини, ўз навбатида навбатдаги сайлов ҳам худди илгаригидек сохталикларга бурканган ҳолда ўтгудек бўлса, у ҳолда сайлов натижаси олдиндан аён бўлишини таъкидламоқда.

            «Бирдамлик» Халқ Демократик ҳаракати навбатдаги президент сайловида мухолифатдаги партия ва ҳаракатларнинг иштироки таъминланиши, сайлов демократик руҳда, жаҳон талаблари даражасида ўтказилиши тарафдори. Ўзбекистонда бунга йўл қўйилса, мамлакатда биринчи марта адолатли сайлов ўтилиши таъминланади ва биз фурсатдан фойдаланиб навбатдаги президент сайловида ўз номзодимизни илгари суриш каби қонуний ҳуқуқимизга эга бўламиз. Зеро, адолат тантанаси орқали Ўзбекистоннинг тараққиёт сари юз тутишига эришиш мумкин.

«Бирдамлик» Халқ Демократик ҳаракати кенгаши

http://birdamlik.info/news/бирдамлик-халқ-демократик-ҳаракати-а/

Read also:

ГУЛНОРА КАРИМОВА СИЁСИЙ ӮЙИН ҚУРБОНИ
 «Бирдамлик» Халқ-демократик ҳаракатининг раҳбари Баҳодир Хон Туркистон билан суҳбат.  — Ҳурматли Баҳодир Хон Туркистон, рости, Сизнинг сиёсий қарашларингиз кӯпчилик сиёсатчиларнинг қарашларидан тамомила фарқ қилади. Қандайдир [...]
СИЁСИЙ ФАОЛЛАР ҚАМОҚ­ХОНАЛАРДА ҲАЛОК БӮЛМ­ОҚДА. АҚШ ДАВЛАТ ДЕП­АРТАМЕНТИ СУКУТ САҚЛ­АМОҚДА!
  Ӯтган ҳафтада сиёсий фаол Нуриддин Жуман­иёзовнинг қамоқхонада вафоти муносабати билан ӯз сайтимизда мақола эълон қилгани­миздан кейин мазкур мавзу атрофида баҳс-­мунозара авж нуқтага чиқди. Мунозарачилар [...]
ӮЗБЕКИСТОНДА ХАЛҚ ҲУКУМАТГА, ҲУКУМАТ ЭСА ХАЛҚҚА ИШОНМАЙДИ!
Ӯзбекистонни янги раҳбар бошқараётганига 10 ой бӯлди. Ӯтган ӯн ой ичида мамлакатимизда қандай ӯзгаришлар рӯй берди? Марҳум президент Ислом Каримов ботқоқликка ботириб кетган иқтисодиётимиз қисман [...]
2015 ЙИЛ ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИМИЗ
БАҲОДИР ЧОРИЕВ 2015 ЙИЛ ПРЕЗИДЕНТЛИК САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИ
Қўлланма-I
Ҳалқ хокимияти, инсон ҳуқуқлари заминидаги, озод ва фаровон Ўзбекистон учун! Қўлланма (биринчи) “Бирдамлик”Ҳалқ Демократик Ҳаракати Фуқаровий фаоллик учун амалий қўлланма АҚШ “Бирдамлик” нашри 2010 йил [...]
Қўлланма-||
  Халқ хокимияти, инсон ҳуқуқлари заминидаги, озод ва фаровон Ўзбекистон учун!   Қўлланма (иккинчи) “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати ФУҚАРОВИЙ ФАОЛЛИК УЧУН АМАЛИЙ ҚЎЛЛАНМА   АҚШ [...]