16.09.2018

«Бирдамлик» ХДҲнинг Қурултойолди йиғилишига нега барҳам берилди?

Кеча 15-сентябрь куни соат 12-00 да «Бирдамлик» ХДҲнинг Ўзбекистон Республикасида яшовчи фаоллари иштирокида Қурултойолди йиғилиши ўтказилиши керак эди. Бироқ шу куни олдиндан тайёргарлик кўрилган йиғилиш ўтказилмади, аниқроғи, ҳукуматнинг, куч ишлатар органларининг «пухта» саъй-ҳаракатлари туфайли йиғилиш қолдирилди. Шу куни, яъни 15-сентябрь куни тонги соат 7-30 лар атрофида «Бирдамлик» ХДҲнинг Ўзбекистондаги раҳбари Қаҳрамонхон Маҳмуднинг Тошкентдаги уйига ички ишлар формасида участка нозири ва формасиз номаълум шахслар кириб бориб, раҳбаримизга ҳеч қандай ҳужжатлар ва орган томонидан берилган махсус чақирув қоғозини кўрсатмаган ҳолда мажбурий тарзда, гўёки қисқа муддатли савол-жавоб ўтказиш мақсадида идорага олиб кетади. Шу тариқа тонги соат 8-00 ларга яқин бошланган «қисқа муддатли савол-жавоб» кеч соат 17-00 га қадар, аниғи, қарийб 9 соат давом этади. Ҳаракат фаоли 9 соатлик ҳаётини, яъни бир иш кунидан кўп қадрли вақтини куч ишлатар органларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари туфайли тутқинликда ўтказади.

ДХХ ходимлари «Бирдамлик» ХДҲнинг Ўзбекистондаги раҳбарини тутқинликда ушлаб турган пайтида ундан, энг аввало, Ҳаракатнинг асосчиси ва етакчиси Баҳодир Хон Туркистон ҳақида, сўнгра «Бирдамлик»нинг фаолияти, аъзолари, фаоллари шахси, навбатдаги Қурултой санаси ва унинг қаерда ўтказилажаги хусусида батафсил маълумотлар беришини талаб қилади. Гарчи савол-жавоб жараёнида «терговчилар» Ҳаракатнинг Ўзбекистондаги раҳбарига нисбатан Ўзбекистонда одатий тусга айланган жисмоний куч ишлатмаган бўлса-да, унга руҳий жиҳатдан кучли босим ўтказган. Бунга Ҳаракат фаоллари Қаҳрамонхон Маҳмуд билан тутқунликдан чиққандан кейин учрашганда ва суҳбатлашганда амин бўлди. Бу ҳақида тез кунларда «Бирдамлик» ХДҲнинг Ўзбекистондаги раҳбаридан интервью олиб, кенг халқ оммаси ҳукмига ҳавола қиламиз…

«Бирдамлик» фаоли Зафар Хандамов тутқинликда сақланди

Худди шу куни «Бирдамлик» ХДҲнинг Самарқанд вилоятидаги фаоли Зафар Хандамов ҳам тутқинликда сақланган. Фаолимизнинг айтишича, унга Қурултойолди йиғилиши белгиланган кундан бир кун олдин, жума бозорида киракашлик қилиб юрган чоғида бегона рақамдан кимдир қўнғироқ қилган ва ундан қаердалигини сўраб, зудлик билан учрашишлари лозимлигини билдирган. Номаълум шахс фаолимизга ўзини туман Ички ишлар бўлимининг Терроризмга қарши кураш бўлими ходими Сардорман деб таништирган. Сўнгра улар тумандаги Бозорқўм идорасида учрашган.

Ходим фаолимиз Зафар Хандамовдан 15-сентябрь куни нима сабабдан, қандай мақсадларда, кимлар билан учрашиш учун Тошкентга кетаётганини сўраган. Илгари бир неча марта ИИБ, ДХХ ходимлари билан учрашавериб, пишиб-етилган, уларнинг олдин ён-атрофлардан маълумотлар тўплаб, сўнгра учрашишини яхши билган фаолимиз «Бирдамлик» ХДҲнинг навбатдаги йиғилишига боражагини ошкора тарзда билдирган. Сардор фаолимизга «Бирдамлик» ХДҲ хатарли ташкилот эканини, умрини хазон этмаслиги, фарзандларининг келажагини бадном қилмаслиги учун Ҳаракатдан кетиши шарт ва зарурлигини алоҳида уқтирган. Бироқ айрим сабабларга кўра суҳбат чала қолган. Томонлар учрашувни тушдан кейин давом эттиришга келишиб хайрлашган.

Кеч соат 17-15 лар атрофида Зафар Хандамовга Терроризмга қарши кураш бўлими ходими Сардор телефон қилиб, уни «Бирдамлик» ХДҲнинг йиғилишига бормасликка чақирган, бу ҳақида Ҳаракат раҳбариятини огоҳлантириб қўйишини сўраган. Бироқ фаолимиз йиғилишга боражагини билдирган, ўзини назоратга олган масъул ходимга «Бирдамлик» фаолияти ҳақида батафсил маълумот бериш мақсадида ўз уйига таклиф қилган. Сардор маҳалла посбони билан Зафар Хандамовникига келган. Улар фаолимизнинг оила аъзолари ҳақида батафсил маълумот ёзиб олган. Масъул ходим унга «Бирдамлик»нинг Тошкентда ўтажак йиғилишига бормаслигини юқори органлар хоҳламаётганлиги тўғрисидаги маълумотларни етказиб, уни тинч юришга даъват этган.

Тунги соат 24-00 лар атрофида Зафар Хандамовга Терроризмга қарши кураш бўлими ходими

Сардор такроран қўнғироқ қилиб, фаолимиздан уйи олдига чиқишини сўраган. Уни дарвоза олдида туман ДАН бошлиғи, участка нозири ва Сардор кутиб олган. Фаолимиздан Тошкентга йиғилишга бориш-бормаслик бўйича қандай қарорга келганлигини сўраган. Зафар Хандамов боражагини билдирган. «Унда кетишдан олдин, албатта, менга учрашинг, айтмасдан кетиб қолманг», дея қатъий тайинлаган Сардор.

15-сентябрь куни тонгги соат 05-30 ларда Зафар Хандамов Сардорга телефон қилиб, Тошкентга кетаётганини айтган. Сардор уни туман ИИБ идорасига чақирган. Орадан 40 дақиқа ўтгач Сардор ҳам ИИБга етиб келган. У фаолимизга қараб: «Вазият чатоқ, катталар сизнинг Тошкентга боришингизни истамаяпти, улар сиз билан шахсан соат 9-00 ларда учрашади ва сўнгра сизга уйга жавоб беради» деган.

Зафар Хандамов ички ишлар идорасида Сардорга «Бирдамлик» ХДҲ ҳақида сўзлаб берган. «Бирдамлик»нинг демократик ҳаракат эканини, асосий мақсади Ўзбекистон ривожига қаратилганини, мамлакатга сармоялар олиб кириб, янги иш ўринлари яратиш, халқнинг турмуш тарзини фаровонлаштириш, чет элларда иш излаб юрган ватандошларимизни юртга қайтариб, уларни иш билан таъминлаш, қонун устуворлигига эришиш, коррупцияга қарши курашиш ва соғлом сиёсий рақобатни амалга ошириш мақсадида эканини, Ҳаракатнинг Mulkdor.com сайти ва

Телеграмда каналлари мавжудлигини билдирган. Сардор Mulkdor.com сайтига кириб, сайтда бир кун олдин ёритилган мақолани ўқиган. У 14-сентябрь куни сайтда сайт ва каналларимизда ёритилган «Бирдамлик»чиларга навбатдаги босим» мақоласини ўқиб, хафа бўлган. Фаолимиз биз билан суҳбат жараёнида Терроризмга қарши кураш ходимидан асло хафа эмаслигини, у катталарнинг топшириғини сидқидилдан бажарганини, ҳатто битта масалани охирига етказиш учун тун-кун елиб югурганини алоҳида эътироф этди. Бироқ, мақсадлари ўзини

«Бирдамлик»нинг Қурултойолди йиғилишига юбормасликка қаратилганини олдиндан бирдирмаганидан хафа бўлди. Хуллас, «Бирдамлик»нинг Самарқанд вилоятидаги фаолимиз Зафар Хандамовни Қўшработ туман Ички ишлар бўлимининг Терроризмга қарши кураш бўлими ходимлари 15-сентябрь куни эрталаб соат 6-00 дан тушки соат 14-00 га қадар туман Ички ишлар бўлимида мажбурий тарзда ушлаб турган. Зафар Хандамовдан тутқинликка олинган чоғда уяли телефонлар олиб қўйилган ва телефон аппарати соат 14-00 да, яъни у озодликка чиқарилгандан кейин қайтарилган. Фаолимизнинг таъкидлашича, ички ишлар бўлимига ўчирилган ҳолда топширилган телефон аппарати соҳа ходимлари томонидан қайта қўшилган ва шахсий ёзишмалар, кимлар билан телефон қилганликлари, мулоқотлари устида яширин равишда тинтувлар ўтказилган.

Қурултойолди йиғилишимиз ӯтказиладиган маскандаги найрангбозликлар

«Бирдамлик» ХДҲ Ўзбекистондаги бугунги вазиятдан келиб чиққан ҳолда Ҳаракатнинг Қурултойолди йиғилиши ўтказиладиган жой ҳақида ОАВда ҳеч қандай маълумотлар ва хабарлар тарқатмаган ҳамда эълон қилмаган бўлса-да, махфий хизмат агентликлари Қурултойолди йиғилишимиз ўтказиладиган Тошкент шаҳри Фарғона йўли кўчасида жойлашган «Чашмаи нур» ресторанидаги алоҳида хонани бехато топиб борди. Бунга қойил қолмасдан иложимиз йўқ. Бу махфий хизмат агентликлари «Бирдамлик»чиларнинг бир-бири билан телефон орқали мулоқотларини эшитиб, Фейсбук, телеграмдаги ёзишмаларини текшириб боришидан далолат.

Хулласи калом, худди шу куни ҳар куни, шанбаю якшанбасиз эрталаб соат 8-00 дан кеч соат 22-00 га қадар ишлайдиган «Чашмаи нур» ресторани (гарчи йиғилиш ташкилотчилари ресторан ичидаги алоҳида хонани бир ҳафта олдин банд қилиб, тўлов пулининг 50 фоизини олдиндан тўлаб қўйган бўлса-да), ресторан маъмурияти ҳеч қандай сабабларсиз шу куни ишламасликка қарор қилди. Бироқ қисқа вақт ичида рестораннинг ишламаслигига «асосли» сабаб топилди. Худди шу куни соат 10-00 ларга яқин «Чашмаи нур» ресторанининг чироқлари гўёки қарздорлиги туфайли Тошкент шаҳар Электр тармоқлари корхонаси Акциянерлик жамияти томонидан ўчирилди. Қурултойолди йиғилиши бошлангунга қадар йиғилиш ўтказиладиган манзилга Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Навоий, Сурхондарё, Қашқадарё, Жиззах, Сирдарё, Фарғона, Наманган, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги вакилларимиз етиб келди.

Чироқ ёниб қолишидан умидвор бўлган биз мижозлар рестораннинг асосий залида ўтириб кутиб туришга мажбур бўлдик. Соат 12-30 ларга яқин ресторанга уч нафар фуқаро кийимида бўлган аллакимлар келиб, Ресторанда гарчи чироқ бўлмаса-да, улардан бири айнан биз буюртма берган хонани

фотоаппаратда, қолган икки нафари эса уяли телефонларида расмга ола бошлади. Аллакимлар кетгандан кейин ресторан раҳбари олдимизга минг истиҳола билан келиб, қўлларини кўкрагига қўйиб, ҳозиргина ресторанни текшириб, расмга олиб кетган Санитария-эпидемиология ходимлари ресторанда оммавий тозалаш ишларини олиб бориш лозимлигини айтганлигини таъкидлаб, ресторандан чиқиб кетишимизни илтимос қилди.

Бизнингча, СЭС ходимлари, назорат ва текширув ишларини овқатланиш муассасаларида таомлар тайёрланадиган ошхонадан

бошлаши керак. Бироқ шу кунги текширувчилар ишни қоронғу хонани расмга олишдан бошлади. Ҳолбуки, хонанинг чанг-тўзон босиб кетганини қоронғу ҳолатда, айниқса, расм орқали аниқлаш у қадар ақлга сиғавермайди. Боз устига, бугунги тадбиркорлар ҳам анойи эмас. Мижозларга сифатли хизмат кўрсатиш учун астойдил ҳаракат қилмоқда. Биз бир ҳафта олдин банд қилган жойимизнинг супурилиб-сидирилганига, саранжом-саришта ҳолатга келтирилганига шубҳасиз, ишонамиз. Шундай бўлса-да, бизни ресторандан ҳайдаб чиқарган маъмурият шу пайтнинг ўзида хўжакўрсинга тозалаш ишларини бошлаб юборишди. Бу эса кўзбўямачиликдан, ўзларига, бизнесига жабр етказаётган куч ишлатар тизимининг сирли ўйинини яширишдан бошқа нарса эмас. Бунинг ҳаммаси аслида тепадан берилган буйруқлиги, «Бирдамлик» ХДҲнинг йиғилишига тўсқинлик экани кундай равшан. Бунга биз шу куни кеч соат 20-00 лардан кейин «Чашмаи нур» ресторани ўзидан чашмаи нур таратиб, чироқларини чарақлатиб, ўз мижозларига баралла хизмат кўрсатаётган чоғида яна бир карра амин бўлдик…

Ҳукуматнинг, куч ишлатар органларининг бу каби найранглари, кўзбўямачиликлари «Бирдамлик» ХДҲнинг фаолиятига тўсқинлик қила, «Бирдамлик»чиларнинг руҳини тушира олмайди. Зеро, «Бирдамлик» ХДҲ яширин ташкилот эмас, очиқ фаолият юритаётган, мамлакат тараққиётига ҳисса қўшиш умидида шаҳдам одимлаётган, давлатнинг сиёсий ҳаётида демократия андозаларига қатъий амал қилган ҳолда иштирок этишга интилаётган демократик ташкилот. Демак, «Бирдамлик» ХДҲ фаолиятига раҳна солишга интилувчилар нинг саъй-ҳаракатлари хато!

«Бирдамлик» ХДҲнинг матбуот хизмати

http://birdamlik.info/news/бирдамлик-хдҳнинг-қурултойолди-йиғи/

Read also:

МУХОЛИФАТЧИЛАРГА МУНОСАБАТ НЕГА ЎЗГАРМАЯПДИ?
Ҳукуматимиз оилаларнинг бир-бири билан ажрашиб кетишини шунчаки оддий ҳолат сифатида қабул қилишни одат тусига айлантирган. Баъзан бу муаммога эътибор қаратади, баъзан эса эътибор бермайди. Аслида [...]
ҚАҲРАМОНХОН МАҲМУДГА НИСБАТАН БОСИМЛАР КУЧАЙМОҚДА
«Бирдамлик» ХДҲнинг Ўзбекистон Республикаси бўйича раҳбари Қаҳрамонхон Маҳмудга нисбатан босимлар кундан-кунга кучайиб бормоқда. Жорий йилнинг 15-сентябрь куни эрталаб соат 8-00 да Қаҳрамонхон Маҳмуднинг Тошкентдаги уйига [...]
«Бирдамлик» ХДҲнинг Қурултойолди йиғилишига нега барҳам берилди?
Кеча 15-сентябрь куни соат 12-00 да «Бирдамлик» ХДҲнинг Ўзбекистон Республикасида яшовчи фаоллари иштирокида Қурултойолди йиғилиши ўтказилиши керак эди. Бироқ шу куни олдиндан тайёргарлик кўрилган йиғилиш [...]
2015 ЙИЛ ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИМИЗ
БАҲОДИР ЧОРИЕВ 2015 ЙИЛ ПРЕЗИДЕНТЛИК САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИ
Қўлланма-I
Ҳалқ хокимияти, инсон ҳуқуқлари заминидаги, озод ва фаровон Ўзбекистон учун! Қўлланма (биринчи) “Бирдамлик”Ҳалқ Демократик Ҳаракати Фуқаровий фаоллик учун амалий қўлланма АҚШ “Бирдамлик” нашри 2010 йил [...]
Қўлланма-||
  Халқ хокимияти, инсон ҳуқуқлари заминидаги, озод ва фаровон Ўзбекистон учун!   Қўлланма (иккинчи) “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати ФУҚАРОВИЙ ФАОЛЛИК УЧУН АМАЛИЙ ҚЎЛЛАНМА   АҚШ [...]