18.01.2015

ГАНДИ, Маҳатма Карамчанд

ГАНДИ, Маҳатма Карамчанд(2.10.1869-30.1.1948) Ҳиндистонда миллий озодлик кураши раҳбарларидан бири, атоқли мутафаккир, фай. “Маҳатма” (“Буюк қалб”) тахаллуси билан машҳур. Г. номи б-н боғлиқ гандизм таълимоти Ҳиндистон Миллий Конгресси (ҲМК) расмий мафкураси сифатида тан олинган ва у ҳозирга қадар ҳинд халқи тафаккурига катта маданий таъсир кўрсатиб келаётган маънавий омил ҳисобланади. Ҳиндистон мустақиллигининг ашаддий рақибларидан бири У.Черчил Г.га “исёнкор фақир” номини берганди. Гарчи У.Черчел мазкур лақаб билан Г.ни халқаро доирада ерга уришни кўзлаган бўлсада, ҳақиқатда Г.нинг “фақир”лиги, камтарлиги, сабр ва матонати бутун ҳинд халқи маънавиятига таъсир курсатган, уни империалистларга қарши курашнинг ганди асослаган йўлига бошлаган ва бутун дунёда Г.нинг обрусини юксак даражада кўтариб юборган эди. Айтиш мумкинки, Г. Ташкил этган ҳаракат дунёга зулму истибдодга қарши куч ишлатмасдан, маънавий омилларга суянган ҳолда курашиш ва ғалаба қилиш мумкинлигини амалда исботлаб берган эди. Г. – Ҳиндистон тарихидаги бутун бир давр мазмунини ташкил этади. Г. “Сатияграха” (“қатъийлик ҳақиқатда”, яъни “куч ишлатмасдан курашиш”) ғоясини илгари сурган. Сатияграха таълимотида ахлоқий идеализм ва сиёсий прагматизм бир-бири б-н боғланиб кетган. Г.ни бутун умри бўйи ахлоқ ва сиёсат муносабатлари масаласи ўзига жалб этиб келган. Зўрликка қарши сабр-тоқат, чидамни тан олмаса-да, унга қарши барча воситаларни ишга солиш Г.нинг ахлоқий принципларига мос келмаган. Г. Ҳиндистонни вайронагарчиликлардан, таназзулдан, ҳалқнинг қирилиб кетишидан ва кучга асосланган инқилобий ҳаракатлар натижасида юз бериши мумкин бўлган кўплаб фалокатлардан ҳинд халқи маънавиятидаги қатор энг яхши сифатларни шу халқнинг озодлик учун ҳаракатдаги қуролига айлантириш васитасида сақлаб қолган эди. Г. ҲМК лидерларидан фарқли равишда ўз таълимотини халқ орасида тарғиб эта бошлаган ва бунда у аслида халқда мавжуд хориж асоратига қарши нафрат етилтираётган ҳаракатни қуролланишга эмас, мафкуралашган маънавий тафаккурни шакллантиришга қаратган эди. Унинг тағиботи оддий, содда, барча бирдай тушунадиган ва биладиган, амал қилиш қийин бўлмаган тушунча ва ҳаракатлардан иборат эди. Яъни нотўғри иш қилма, виждонингга қарши борма, адолатсизликда иштирок этма, унга бўйсунма каби даъватлар оммага тушинарли бўлган. Сатияграха ҳар бир шахсга умумий иш иштирокчиси бўлишга имкон бериб, уни оддий йўл билан сиёсий ҳаёт уммонига тортган. Аҳолиси сиёсий курашда унчалик тажриба орттирмаган, жамоалари катта тўсиқлари б-н ажратиб ташланган мамлакатда сатияграха бебаҳо, тортиб олиб бўлмайдиган маънавий қуролга айланган. У қаршилик кўрсатишнинг икки шаклини талаб қилган – ҳамкорлик қилмаслик (давлат хизматидан, биринчи навбатда армия, полицияда хизмат қилишдан бош тортиш, мустамлакачиларнинг “вакиллик органлари”га сайлов ва давлат мактабларини бойкот қилиш, расмий суд муассасаларини хусусий ҳакамлик б-н алмаштириш, давлат мукофотларидан намойишкорона бош тортиш, чет эл маҳсулотлари ҳамда тижорат фаолиятини бойкот қилиш ва б.) ва фуқаровий бўйсунмаслик, яъни мавжуд қонунларга амал қилишдан бош тортиш. Булар аслида ҳеч бир на хорижлик золим, на маҳаллий мазлум ҳаётига хавф солмас, айни вақтда истибдодга қарши норозиликни тўла ифодалай олар эди. Ҳиндистон икки давлатга бўлиб юборилгач (1947 й.), Г. умрининг охиригача диний бағрикенглик (толерантлик) учун худди шу йўл билан кураш олиб борганди, чунки Ҳиндистондаги кўпдинлилик, аҳолининг турли динларга эътиқод қилиши маънавий бирлашув орқали эришилган ғалабаларга катта хавф туғдирарди. Диндар билан боғлиқ маънавий тафаккурдаги ранг-баранглик сиёсий-маънавий бирликни бузиб қўйишининг олдини олиш бу даврда Г. Таълимотининг бош йўналишига айланган эди. 1948 й. 30 январида Г. Индус шовинистик-террористик ташкилоти “Раштрия сваям севак сингх” аъзоси Н.Годзе томонидан ўлдирилган. Г. Ҳиндистон тарихида буюк рол ўйнаган шахс, уни бекорга “миллат отаси” деб аташмаган. Унинг сатияграхаси этник, диний каста, тил, минтақавий ва бир халқ орасидаги турлича маънавий қарашлар билан боғлиқ ҳар хил тўсиқларни бузиб ташлаганди. Ҳиндистон бирлиги, истиқлол масаласи Г.нинг ҳаёти мазмунини ташкил этган. Ер юзида “сарвадойя”, яъни (“умумий фаровонлик жамияти”) қуриш сатияграха ғоясининг моҳиятини ташкил этган. Унда демократик ва гуманистик кайфиятлар ўз ифодасини топган. Г.нинг “сарвадойя” учун кураши мустақиллик учун кураш ғоялари б-н боғланган. Иқтисодий соҳада гандизм таълимоти “свадеши”, яъни миллий ишлаб чиқариш дастурини илгари сурган ва бу ҳам ҳинд халқида ўз куч-қудратига ишонч, ўз қадрини билиш ва умумҳинд обрўсини юксалтиришга ҳисса қўшиш маънавиятини мустаҳкамлашда катта рол ўйнаган эди . “Свадеши” доктринасининг уч жиҳати – диний, сиёсий ва иқтисодий ўтмиш мероси ва қадриятларини сақлаб қолиб, уни зўрлик ишлатмаган ҳолда аста-секин янги мазмун б-н бойитишни назарда тутади. Бу ерда ҳозирги замондан қониқмаслик, ўтмишнинг ажойиб бўлганлигига ишонч, келажакни қадриятлар б-н боғлаган ҳолда кўриш, шу б-н бирга радикал, инқилобий кескин ўзгаришлардан хавфсираш унсурларини кўриш мумкин. Г.нинг зўрлик ишлатмаслик таълимоти турли давлатлар ўзаро муносабатларида, ижтимоий ҳамкорлик масаласида ҳамон долзарблигича қолмоқда. Айниқса, халқаро муносабатларда куч ишлатмаслик, бир-бирининг ички ишларига аралашмаслик, барча муаммоларни музокаралар орқали ҳал этиш, қисқаси тинч-тотув яшаш тамойилларини англатади. Г. фал.си муаммоларни ҳал этиш воситаси сифатида ҳар қандай урушларни инкор этади. Г. номи бугунги кунда Ҳиндистонда бутун дунёда тинчлик, ижтимоий ҳамкорлик, динлараро бағрикенгликни англатади. Тамаддун келажаги ҳақида фикр билдираётиб, машҳур инглиз тарихчи-социологи А.Тойнби дунёда бир кун келиб урушлар, қирғинлар ҳам барҳам топади, ер юзи халқлари орасидаги кескинликлар бир кун келиб уларни ўз ихтиёрлари билан фақат бир йўлни танлашларига мажбур қилади. Бу йўл Г. Йўли – тинчлик йўлидир, деган эди.

 

http://birdamlik.info/news/ганди-маҳатма-карамчанд/

Read also:

Бобомурод Абдуллаевни Салай Мадаминов сотди!
«Мен шерлар қўшинидан қўрқмайман, агар бу қўшинни қўй бошқараётган бўлса, мен шер бошчилигидаги қўшиндан қўрқаман, агар бу қўшин ҳатто қўйлардан ташкил топган бўлса ҳам!» Искандар [...]
Баҳодир Чориев: «Мирзиёевни Ўзбекистон элитаси бошқармоқда»
август 28, 2017 Сарвар Усмон/Озодлик Баҳодир Чориев – Бирдамлик халқ демократик ҳаракати лидери Ўртоқлашинг Шарҳларни кўринг Принт қилиш Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Brand Investment Group [...]
ГУЛНОРА КАРИМОВА СИЁСИЙ ӮЙИН ҚУРБОНИ
 «Бирдамлик» Халқ-демократик ҳаракатининг раҳбари Баҳодир Хон Туркистон билан суҳбат.  — Ҳурматли Баҳодир Хон Туркистон, рости, Сизнинг сиёсий қарашларингиз кӯпчилик сиёсатчиларнинг қарашларидан тамомила фарқ қилади. Қандайдир [...]
2015 ЙИЛ ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИМИЗ
БАҲОДИР ЧОРИЕВ 2015 ЙИЛ ПРЕЗИДЕНТЛИК САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИ
Қўлланма-I
Ҳалқ хокимияти, инсон ҳуқуқлари заминидаги, озод ва фаровон Ўзбекистон учун! Қўлланма (биринчи) “Бирдамлик”Ҳалқ Демократик Ҳаракати Фуқаровий фаоллик учун амалий қўлланма АҚШ “Бирдамлик” нашри 2010 йил [...]
Қўлланма-||
  Халқ хокимияти, инсон ҳуқуқлари заминидаги, озод ва фаровон Ўзбекистон учун!   Қўлланма (иккинчи) “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати ФУҚАРОВИЙ ФАОЛЛИК УЧУН АМАЛИЙ ҚЎЛЛАНМА   АҚШ [...]