12.03.2015

Мулкдорлик тузумида Ер ислоҳоти

130701162426_bahodir_choriyev_leader_uzbek_opposition_movement_birdamlik_304x171_bbc_nocreditМулкнинг шаклига кўра унга муносабат турлича бўлади. Давлат мулки, жамоатчилик мулки, бошқа шахсларга оид мулк, яқин қариндошнинг мулки ва ўз шахсий мулкига кўра уларга муносабат ҳам ўзаро фарқ қилади.

Фараз қилинг, деҳқон 1 гектар ерни ишлатади. Унинг мулкка бўлган муносабати мазкур мулк турига кўра фарқли шаклланади. Бунда икки омил роль ўйнайди: биринчидан, унинг ердан кутаётган манфаати, иккинчидан, ундаги мулкдорлик ҳисси. Ерга эгалик қилувчишахс, яъни мулкдорнинг ўз ерига бўлган эътибори, унга берган аҳамияти давлат мулкидаги ерга нисбатан кўпроқ бўлади.

Ўзбекистонда ер бугунгача ўз эгасини топган эмас. Барча ер давлатники ҳисобланади. Гарчи “Давлат бу – халқ” дея уқтирилса-да, бу ерда халқ манфаатига хизмат қилаётган давлат бошқаруви кўринмайди.

Биз таклиф қилаётган Мулкдорлик тузуми

Биз таклиф қилаётган Мулкдорлик тузуми, авваламбор, барча ерларни Ўзбекистон халқига фуқаролигидан келиб чиқиб тенг, бепул тақсимлаб беради.

Ўзбекистонда, аввало, сиёсий ислоҳотлар ўтказилади, бу билан бошқа соҳалардаги ислоҳотлар учун замин яратилади. Ерни хусусийлаштириш учун Олий Мажлис депутатлари тарафидан махсус қўмита тузилади. Ер Қўмитаси номли мазкур қўмита соҳа мутахассисларини жалб қилиб, улар иштирокида Ер хақидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқадилар. Бу қонунда ерларни туманлар миқёсида хусусийлаштиришни кўзда тутади, унга кўра Ўзбекистондаги ерлар туманларнинг ер майдони, аҳоли сони, аҳолининг зичлигини ҳисобга олган ҳолда, хусусийлаштиришнинг бир неча турлари кўзда тутилган қилинади. Олий Мажлис тарафидан “Ер хақидаги қонун” ишлаб чиқилгач, ушбу қонун туман кенгашлари тарафидан туманларда татбиқ қилинади.

Мен ўз Сайловолди дастуримнинг “Сиёсий ислоҳотлар” бўлимида Республикадаги барча туман ва вилоят ҳокимларини эркин ва адолатли сайланишини ёзиб ўтганман. Бу ислоҳотлар натижасида ватандошларимиз ўзҳақ ва эркинликлари, жумладан, сайлаш ва сайланиш ҳақлари доирасида, вилоят, туман кенгашлари ва ҳокимликларига халқпарвар ва адолатли инсонларни сайлашга эришадилар, ҳамда “Ер ҳақидаги қонун”да белгиланган нормалар асосида ўз туманларидаги ерларни хусусийлаштириб олиши мумкин бўлади.

Ерни хусусийлаштириш коррупция ва таниш-билишликсиз кечиши учун фуқароларнинг сиёсий ва ижтимоий фаоллиги ўта муҳимдир. Бу ерда биринчи навбатда сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш шарт бўлади.

“Ер ҳақидаги қонун” Олий Мажлис тарафидан қабул қилган кундан бошлаб кучга киради. 
Барча ерлар комиссия орқали тафтиш қилиниб, олдин хусусийлашган ерлар ўрганилиб чиқилиши ва ноқонуний ўзлаштирилган ерларнинг барчаси Давлат ихтиёрига қайтарилиши керак. Хусусийлашган корхона ва ҳиссадорлик жамиятларининг ерлари шу корхона ва жамиятларга тегишли мулк бўлиши керак. Мунозарали, тортишувдаги ерлар билан боғлиқ низолар суд орқали ҳал этилиши ва қонуний эгасига берилиши керак.

Ерларни хусусийлаштириш жараёни олдидан Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланиш харитаси тузиб чиқилади. Бу харитага мувофиқ мамлакатнинг вилоят ва туманлари бўйича ривожланиш дастури, янги қуришга мўлжалланган ва мамлакатимиз учун фойдали бўлган саноат корхоналари, завод ва фабрикалари, қурилиши режалаштирилган темир йўллар, автомобил йўллари, сув йўллари, электр, газ линиялари ва ҳоказолар кўрсатилади. Ҳозирги мавжуд экин ерларини юза майдонини камайтирмаган ҳолда, келажакда саноат корхоналари, завод, фабрика, хизмат кўрсатиш ва бошқа корхоналар қурилиши ва фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда, ушбу ер майдонларини энг камида 1 Га дан 10 Га қилиб асл ҳолида қолдириш керак бўлади. Шу билан бирга, канал ва ариқлар орқали келаётган суғориш сувларини эътибордан четга қолдирмаслик лозим.

Баъзи ҳолатларда ерларни юқорида зикр этилган мақсадларни инобатга олган ҳолда қайта ўлчаб, қайта карталарга ажратиб чиқиш керак бўлади. Бу билан ерга эгалик қилаётган мулкдорларга катта имкониятлар яратилган бўлади. Аввал маълум вақт ер эгаси ўз ерида қишлоқ хўжалиги махсулотлари етиштириши, кейинчалик кўпроқ даромад олиш мақсадида ўз ерида ишлаб чиқариш корхонаси, завод ва фабрикалар қуриши ёки бошқа давлатлар билан қўшма корхоналар ташкил қилиши, ерини чет эл инвесторларига ижарага бериши ёки сотиши мумкин бўлади.

Хусусийлаштирилаётган ерлар атрофида автомобил йўллари, электр, сув, газ ва ҳатто канализация линиялари ўтказилиши режалаштирилган бўлса, ҳамда ер майдонлари келажакда саноат корхоналари қуриш учун мўлжалланган карталарга белгиланиши кейинчалик ер эгалари, яъни мулкдорлар ўз фаолиятларини муаммосиз амалга ошира оладилар.

Аҳолини рўйхатда олиш пайтида мазкур қонун (Ер ҳақидаги қонун) қабул қилинган кунга қадар янги туғилган чақалоқлар ҳам ер олувчилар рўйхатига киритилиши керак (қонун қабул қилинган кундан кейин туғилган чақалоқлар рўйхатга киритилмайди, акс холда жуда кўплаб чалкашликлар пайдо бўлиши мумкин) Хусусийлаштириш учун ҳар бир туман миқёсида аҳолини қайта рўйхатга олинганидан ва тумандаги жами экин ва заҳира ерларнинг 5-10 фоизи (вазиятга қараб бу кўрсаткич ўзгариши мумкин. Бу туман ер комиссиясининг хулосасига ва туман кенгашларининг қарорларига боғлиқ) давлат заҳирасига қолдирилганидан сўнг, қолган ерлар туман аҳолисига, бир неча йўллар билан тақсимлаб бериш кўзда тутилган, шулардан асосий қисм ерлар ваучер (қимматбаҳо қоғозлар) орқали тақсимлаб берилади.

Шу ўринда давлатнинг ер заҳираси ҳақида тўлиқроқ тушунча бериб ўтсам.

Давлатнинг ер заҳираси ҳақида

Биз келажакда Ўзбекистонда Мулкдорликка асосланган Демократик, Эркин Фуқаровий жамиятни қурар эканмиз, ўз навбатида, кўплаб соҳаларда ислоҳотларни режалаштирганмиз.

Ислоҳотларимиз ортидан мамлакатимиз аҳолиси учун зарур бўлган янги боғча, мактаб (ёки эскиларининг ер майдонини кенгайтириш), шифохона, парк, давлат эҳтиёжи учун янги иншоотлар, дам олиш масканлари, катта ва кичик янги йўллар ёки эскиларини кенгайтириш, газ, электр, сув, канализация тармоқлари ва б. фуқароларнинг умумий фойдаланиши, давлат аҳамияти учун молик бўлган ер майдонлари кўзда тутилмоқда.

Ерларни хусусийлаштиришда бир неча усуллар кўзда тутилган:

1. Аҳоли зич бўлган туманлар. Одатда бундай туманларда хусусийлаштириш учун умуман ер майдони бўлмайди. Шу сабабли бундай туманларда ерни хусусийлаштириш олиб борилмайди. Аммо туман аҳолиси Ўзбекистон фуқаролари ўлароқ кейинчалик бошқа туманлардан аҳоли қўлидаги хусусийлашган ерларни сотиб олиш натижасида ернинг эгалари, яъни мулкдор бўлиши мумкин.

2. Аҳоли зич туманлар орасида жуда оз миқдорда хусусийлаштириладиган ер майдонлари мавжуд. Бу каби туманларда ерларни хусусийлаштириш учун “Ер ҳақидаги қонун”да кўрсатилган бир қанча тавсиялар берилилади:

а) Мавжуд ерларни Туман Кенгаши қарорига биноан аҳолига (ер участкаси олиш учун бир неча йиллар навбат кутаётган фуқаролар, кам таъминланган оилалар, ёлғиз оналар, ногиронлар, ер майдони олиш учун мурожаат қилган тадбиркорларга) ажратиб, бепул хусусийлаштириб бериш.

б) Аҳоли зич бўлган, аммо ер майдони кам бўлган ҳолатда хусусийлаштирилаётган ер майдонларини Туман Кенгаши қарори билан кимошди савдоси орқали сотиш ва савдодан тушган пулни туман аҳолисига тенг тақсимлаб бериш. Ер эгалари бўлишни истаган туман аҳолиси Ўзбекистон фуқаролари ўлароқ кейинчалик бошқа туманлардаги аҳоли тасарруфидаги хусусий ерларни сотиб олиши ва ер эгалари, яъни мулкдорлар бўлиши мумкин.

3. Хусусийлаштириладиган ер майдонлари туман аҳолисига нисбатан етарли бўлган туманларда ерлар аҳоли бошига қараб тенг тақсимланади. Ерни хусусийлаштиришда фақат ерни хусусийлаштиришга кетган харажат ва ваучернинг таннархи ҳисобга олиниб, йиғим олинади. Ушбу йиғимнинг нархи АҚШ долларида кўрсатилади. Ваучерлар туманларга қараб фарқли кўринишда ва рангда бўлади. Ваучерда ер эгасининг паспортининг (балоғатга етмаган бўлса, метрикасининг) серия номерлари ёзилиб, унда ваучер эгасининг исми ва фамилиси кўрсатилиши керак. Вояга этмаган фуқароларнинг ваучерларини унинг ота-оналари эркин муомалага киритадилар. Туманнинг эгаллагани ер майдони ва тумандаги аҳолининг зичлигига қараб ваучерлардаги ер миқдори турлича бўлиши мумкин. Мисол учун баъзи туманларда ваучерда ер майдони тахминан 0,01 Га бўлса баъзи туманларда бу 0,0001 Га бўлиши мумкин. Қўлига ваучер тегган Ўзбекистон фуқароси қўлидаги ваучерни сотиши ёки бошқа одамларнинг ваучерини сотиб олиши мумкин. Ваучерлар фақат битта эмиссияда чиқарилиб, бир ёки бир неча марта муомалага киргач, улар ер майдонларининг мулкдорлари қўлида сақланади.

Хусусийлаштирилаётган ерлар олдиндан ўлчанган, камида 1 Га юза сатҳига эга бўлган миқдорда карталанган ҳолда хусусийлаштиришга тайёрланади. Янги ер эгаси (яъни мулкдор) ерини сотмоқчи бўлса ёки бошқаларга ҳадя этмоқчи бўлганида, олувчилар албатта ваучерлар борлигига эътибор қилишлари керак. Ҳамда ерлар бошида 10 йил давомида карталари бузилмаган ҳолда сотилади ва олинади.

Баъзан туман аҳолисининг бир қисми, кўпинча фермерлар, ўз қаромоғидаги ерларини ўзлари хусусийлаштириб олишни истайдилар. Бундай ҳолатда улар уюшмалар ташкил этиб, қўлларидаги ваучерларни ихтиёрий равишда пай, улуш кўринишида ушбу уюшмага кириши мумкин. Мазкур уюшма юридик шахс бўлиб, унда аъзоларнинг ҳуқуқлари ва вазифалари Низомда аниқ кўрсатилган ва бу Низом нотариал тасдиқланган бўлади. Уюшма тарзида ернинг аҳолига ўтиши кўплаб фермерларнинг ўз ерларини сақлаб қолишига хизмат қилади.

Барча ваучерларнинг олди-сотди амалиётлари Республика Фонд биржасининг туман бўлимларида олиб борилади. Янги ер эгалари эса келажакда ер сотиб олиш ва сотмоқчи бўлганида Республика Кўчмас Мулк биржаси орқали амалиётларини ўтказадилар. Барча ҳисоб-китоб ва тўловлар АҚШ доллари ҳисобида бўлиши керак.


Аҳолиси зич, ер майдони кам бўлган туманларда ер майдонлари туман кенгашининг қарорига мувофиқ Кўчмас Мулк биржалари орқали кимошди савдосида сотилади; ерни хусусийлаштиришга кетган харажат йиғим сифатида Давлат хазинасига киритилади; қолган асосий маблағ эса туман аҳолиси орасида тенг тақсимланади.

Барча савдо амалиётлари очиқ тарзда бўлиши ва матбуотда тўлиқ ёритиб борилиши керак. Кимошди савдосида ер сотиб олиш учун фақат Ўзбекистон фуқароларига рухсат берилиши керак, яъни ер эгалари Ўзбекистон фуқаролари бўлиши шарт. 
Келажакда, ер эгалари ўз ерларини кўчмас мулк биржаси орқали сотишлари, ҳадя қилишлари, ердан ўз ихтиёрига кўра фойдаланишлари мумкин бўлади.

Ер хусусийлашмас экан, иқтисодда ривожланиш бўлмайди, коррупция ҳам камаймайди.

Хусусийлашган ернинг ер ости ва усти бойликлари ер эгасининг мулки бўлиши керак. Хусусийлаштирилган ер майдонларидаги қазиб чиқарилаётган ерусти ва ерости бойликлари учун қўшимча Табиий бойликлардан олинадиган солиқ солинади. Бу йиғилган солиқлар давлат бюджетига тушиб, Ўзбекистон фуқароларининг ижтимоий ҳимояси ва мамлакат равнақи учун сарфланади.

Агар давлат келажакда айрим хусусийлаштирилган ер майдонларига эҳтиёж сезса, ер эгасини рози қилган ҳолда ер давлат тарафидан қайта сотиб олинади.

Шу ўринда қисқа тарзда, ерни ўз эгасини топиши бўйича кичик схема таклиф қилиб ўтмоқчиман. Ер ваучер орқали тақсимлангач, ҳозирги кунда ерни ишлатаётган ва келажакда шу ерни эгаси бўлишни истаётган фермер, деҳқонлар ўзлари деҳқончилик қилаётган ерни ўзларининг номига хусусийлашишни исташи табиий. Бу фуқароларнинг манфаатлари ва истакларини ҳисобга олиб, уларга бир йил муддат бериш керак.

Ваучерлар фуқароларнинг қўлига тегиши билан, бу ер эгаларибир йил ичида ўзларига етарлича, одамлар қўлидаги ваучерларни қимматбахо қоғозлар биржаларининг жойлардаги бўлимлари орқали сотиб олишлари ёки улар уюшмалар ташкил этиб, фуқаролар қўлларидаги ваучерларни пай, улуш кўринишида ушбу уюшмага киритиши ва ушбу ерларини олишлари мумкин. Агар улар бир йил ичида бу ерни ололмасалар, унда бир йилдан сўнг ушбу туманда яшовчи ҳар қандай фуқарога туман бўйича истаган ерларни қўлида йиққан ваучерлари орқали қўлга киритиш имконияти берилади. Туман фуқаролари учун ҳам бир йил муддат бериш мақсадга мувофиқдир.

Бир йил ичида туман аҳолиси барча ерларни хусусийлашишига эришмасалар, у ҳолда учинчи йил вилоят аҳолисига рухсат берилиши керак. Шунда ҳам ерлар ўз эгасини топмаса, унда тўртинчи йил республика аҳолисига бу имкониятни бериш керак.Агар шундай ҳолатда ҳам республика бўйича ерлар ўз эгасини тўлиқ топа олмаса, унда чет эл фуқароларини бу ишга жалб қилиш мумкин. 10 йил давомида ерлар ўз эгасини топмаса, унда хусусийлашмаган ерлар давлат заҳирасига қайтариб олиниши керак.

Ерни хусусийлаштириш жараёнида камчилик ёки муаммолар пайдо бўлиши табиий. Ўйлайманки, мутахассислар ҳар қандай муаммога адолат юзасидан ёндошиб бу муаммоларни оқилона ҳал қилишади.

Ер ислоҳотига бағишланган ушбу дастуримга илова тарзида Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришни кўзлаганим ислоҳотларимни ҳам келтириб ўтишни ўринли топдим.

Мулкдорлик тузумида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш

Ўзбекистондаги мавжуд ерларни хусусийлаштиришда кўплаб фермер ва деҳқонлар ўзлари меҳр қўйган ишлов бериб келган ерларидан ажралиши мумкин. Бу деҳқон учун қанчалик оғриқли бўлмасин, барибир ерни хусусийлаштириш лозимдир.

Ҳозирда вақтинчалик берилган ердан фойдаланаётган фермерлар қуйидагиларга эътибор беришлари лозим:

1. Сиёсий жиҳатдан фаол бўлиш.

2. Иқтисодий билимларини ошириш.

3. Қўлларидаги маблағларини тежашга, чунки ерларни хусусийлаштириш даврида бу тежалган маблағлар жуда керак бўлади.

Ер хусусийлаштирилганидан кейин давлат буюртмалари бекор қилинади. Фақат ер эгасининг розилиги ва ўзаро келишув асосида давлат буюртмаси маълум бир вақтгача давом эттирилиши мумкин.

Хусусийлашган ер эгаси қонунларда таъқиқланмаган қишлоқ хўжалиги фаолияти билан шуғулланиши мумкин бўлади. Ер эгалари ўз ерларидан истаганча фойдаланадилар. Деҳқондан фақат соддалаштирилган солиқлар олинади. Унинг фаолиятига ташқаридан аралашиш таъқиқланади. Ер эгаси ўзи етиштирган махсулотларини истаган давлатда, чекланмаган миқдорда, истаган валюта ҳисобида сотиши мумкин бўлади. Ер эгаси мулкдор деҳқонни ўз ихтиёрига қўйиш керак.

Одатда жойлардаги деҳқонлар илк йиллари Ўзбекистон ичидаги бозорга қараб деҳқончилигини режалаштирадилар. Камида 2-3 йил деҳқонлар ерларидан кутилган фойдани ололмаслиги мумкин, аммо кейинги йилларда улар ўз махсулотини хорижга сотишни режалайдилар. Бундай ҳолатда давлат ва ҳокимият амалдорларининг аралашувисиз, деҳқонлар, ҳеч қандай давлат режаларисиз, бозор қонунларидан келиб чиқиб вилоят ва туманларда қишлоқ хўжалик махсулотларини ишлаб чиқаришни ўзлари билмаган ҳолда режалаб оладилар. Масалан, бир туман узумчиликка, бир бошқа туман полиз экинларига, учунчи туман қуруқ меваларга, бошқа туманлар эса ғаллачилик ёки пахтачиликка ихтисослашади.

Қишлоқ хўжалиги махсулотларини қайта ишловчи корхоналар, бозор талабларидан келиб чиқиб, маълум бир хўжалик ва туманларнинг қишлоқ хўжалик махсулотини сотиб олишни бошлайди. Бу албатта деҳқонларнинг манфаатига жуда мос келади. Илғор фермерлар бир турдаги махсулотини қўшни давлатларга сотишни йўлга қўяди. Кўпроқ даромад олиш учун у бошқа фермер ва деҳқонлар билан келишган ҳолда қишлоқ хўжалик махсулотларини сотиб олиш ва қайта ишлаб сотишга киришади. Бунинг ортида кўплаб янги ва замонавий корхоналар вужудга келади.

Пахта ва ғалла ўрнига ер эгалари бошқа экинларни экиши натижасида давлатнинг асосий даромад манбаи бўлган пахта ва ғалланинг нисбати озаяди. Кимгадир бу иқтисод учун хавф каби кўринтшт мумкин, аслида эса бутунлай бошқача. Пахта ҳозир асосан хорижга экспорт қилиниб, тушган валюта давлат хазинасида тўпланади. Ҳозирда пахта билан боғлиқ барча амалиётлар давлат назоратига олинган. Бизнинг мисолимизда эса пахта ва ғалла ўрнига бошқа махсулотлар етиштириб сотадиган фермерлар, аввало, махсулотини Ўзбекистон бозорларига чиқарадилар. Табиийки, ички бозорнинг тўлиши махсулотни ташқи бозорга олиб чиқишга ва уни қимматроқ нархда, валютага сотишга ундайди.

Хорижий мамлакатларга махсулот сотган фермерларбозордаги нарх-наводан келиб чиқиб сотадилар. Ҳар бир келишув фермернинг ихтиёри билан амалга оширилади. Ҳеч бир давлат амалдори пора эвазига махсулот нархини сунъий равишда пасайтира олмайди. Хорижга махсулот сотиш билан фермерлар Ўзбекистонга валюта олиб кирадилар.

Хўш, деҳқон валютасини Ўзбекистонга олиб киргач, нима қилади? 
Биринчи галда ўзининг турмуш тарзини яхшилашга уринади: Ўзбекистон ичидаги бозор ва дўконлардан кўпроқ мол ва товар сотиб олади, фарзандларни ўқитиш, тўй, уй қуриш ва бошқа мақсадларга сарфлайди;
 ерининг мелориатив ҳолатини яхшилаш, ўғит ғамлаш, техника ва эҳтиёт қисмлари харид қилиш ёки ижарага техника олади; 
қўшимча ер майдонларини сотиб олади; 
қайта ишлаб чиқариш корхоналари қуриш ёки уларни кенгайтиришга сарфлайди.

Фермернингпули, деярли тўлиғича, валютада, мустақил, ишончли банкларда сақланади, демак, банкларнинг хизмат кўлами кенгаяди, уларнинг кредит бериш имконияти ошади, суғурта бозори ривожланади. Фермерларнинг қўлидаги валюта кўплаб молиявий институтларнинг кўпайишига ва ривожланишига олиб келади.

Мамлакатда порахўрлик камаяди, иш жойлари кўпаяди. 
Жойлардаги ҳокимлар, милиция ва бошқа амалдорларнинг дала ишларига аралашувига йўл қўйилмайди. 
Болалар меҳнатига бутунлай чек қўйилади. Уларни далада мажбуран ишлатиш қонун билан таъқиқланади. Мамлакатда маъмурий буйруқбозлик йўқолади. Фермер еридан олиш керак бўлган барча даромадларни олдиндан ҳисоблаб, ўзи белгилаган даромадни олишга ва ундан керакли мақсадларда фойдалана оладиган бўлади.

Келажакда биз саноатни бутунлай эркинлаштирамиз. Қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган техниканинг барчасини Ўзбекистондан ишлаб чиқарилишига эришамиз. Бу банклардаги фермерларнинг валюталарини ташқарига чиқиб кетмасдан, мамлакатимиз саноатига сарф қилишинига олиб келади.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги махсулотини қайта ишловчи цехларни Ўзбекистоннинг ўзида қуриб ишга тушириш кўп миқдордаги валютани мамлакат ичида сақлаб қолиш имконини беради. Бу эса ўз навбатида давлат валюта заҳирасини бойитиб, миллий валютамизнинг қадрсизланишини олдини олади.

Баҳодир Чориев
“Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати раиси

http://birdamlik.info/news/мулкдорлик-тузумида-ер-ислоҳоти/

Read also:

ГУЛНОРА КАРИМОВА СИЁСИЙ ӮЙИН ҚУРБОНИ
 «Бирдамлик» Халқ-демократик ҳаракатининг раҳбари Баҳодир Хон Туркистон билан суҳбат.  — Ҳурматли Баҳодир Хон Туркистон, рости, Сизнинг сиёсий қарашларингиз кӯпчилик сиёсатчиларнинг қарашларидан тамомила фарқ қилади. Қандайдир [...]
СИЁСИЙ ФАОЛЛАР ҚАМОҚ­ХОНАЛАРДА ҲАЛОК БӮЛМ­ОҚДА. АҚШ ДАВЛАТ ДЕП­АРТАМЕНТИ СУКУТ САҚЛ­АМОҚДА!
  Ӯтган ҳафтада сиёсий фаол Нуриддин Жуман­иёзовнинг қамоқхонада вафоти муносабати билан ӯз сайтимизда мақола эълон қилгани­миздан кейин мазкур мавзу атрофида баҳс-­мунозара авж нуқтага чиқди. Мунозарачилар [...]
ӮЗБЕКИСТОНДА ХАЛҚ ҲУКУМАТГА, ҲУКУМАТ ЭСА ХАЛҚҚА ИШОНМАЙДИ!
Ӯзбекистонни янги раҳбар бошқараётганига 10 ой бӯлди. Ӯтган ӯн ой ичида мамлакатимизда қандай ӯзгаришлар рӯй берди? Марҳум президент Ислом Каримов ботқоқликка ботириб кетган иқтисодиётимиз қисман [...]
2015 ЙИЛ ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИМИЗ
БАҲОДИР ЧОРИЕВ 2015 ЙИЛ ПРЕЗИДЕНТЛИК САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИ
Қўлланма-I
Ҳалқ хокимияти, инсон ҳуқуқлари заминидаги, озод ва фаровон Ўзбекистон учун! Қўлланма (биринчи) “Бирдамлик”Ҳалқ Демократик Ҳаракати Фуқаровий фаоллик учун амалий қўлланма АҚШ “Бирдамлик” нашри 2010 йил [...]
Қўлланма-||
  Халқ хокимияти, инсон ҳуқуқлари заминидаги, озод ва фаровон Ўзбекистон учун!   Қўлланма (иккинчи) “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати ФУҚАРОВИЙ ФАОЛЛИК УЧУН АМАЛИЙ ҚЎЛЛАНМА   АҚШ [...]