06.09.2016

СИЁСИЙ ИСЛОМ АҚШни ФАЛОКАТГА ОЛИБ КЕЛИШИ МУМКИН


 Donald Trump

Маълумки, жорий йилнинг ноябрь ойида АҚШда навбатдаги президент сайлови бўлиб ўтади. Ушбу сайловда мен Республикачилар партиясидан номзоди илгари сурилган жаноб Дональд Трамп номзодини қўллаётганим ва унинг тарафдори бўлганимни 2016 йилнинг 8 август кунида расмий турда билдирганман. Биз ўз билдиргимизни “Бирдамлик” Халқ Демкоратик Ҳаракати байроғи остида Миссури штатининг Сент-Луис шаҳридан Вашингтон DСга юк машиналаримизда унга ўрнатилган баннерларга ёзилган ёзувлар билан юриш орқали маълум қилган эдик. Бизнинг юк машиналаримизда АҚШнинг бўлажак президенти Дональд Трампнинг келажакда ўзбек демократик мухолифатига эътибор қаратилиши сўралган ёзувлар билан бирга, Давлат Департаментининг собиқ раҳбари Ҳиллари Клинтоннинг Ўзбекистонни 27 йилдан бери бошқариб келган коммунист, диктатор Ислом Каримов билан коррупцион алоқадорликлари ҳақидаги ёзувлар ҳам битилган эди.

Banner for support Donald Trump

         2016 йилнинг 4 август кунида номзод жаноб Дональд Трамп Мейн штатининг Портланд шаҳрида сайловчилар билан учрашди. Мазкур учрашувда у камина туғилиб ўсган Ўзбекистонни «Убек» деб атади ва тезда ўз талаффузини тўғрилаб «Ўзбек» деди. Жаноб Трампнинг ушбу сўзлари унга қарши бўлганлар томонидан ахборот хуружи уюштирилишига олиб келди. Бундай ахборот хуружлари, айниқса, каримов режими матбуотида кенг кўламда уюштирилди.

13924969_10154505171839260_879246400945316121_n

         Жаноб Трамп ўз нутқида АҚШ сайловчиларининг асосий эътиборини  асли ўзбекистонлик террорист Фазлиддин Қурбоновга қаратди. Мен жаноб Трампнинг сўзларини тўлиқ қўллаган ҳолда бугунги кунда ислом аҳлининг  ижтимоий, сиёсий қарашларини Ўзбекистон мисолида таҳлил қилишга ҳаракат қилмоқчиман. Ўз навбатида бу ердаги фикрлар фақат менга тегишли эканини ва ислом дунёсига қарши тош отиш фикридан тамомила йироқ эканимни билдирмоқчиман. Шу билан бирга, дунёвийлик, демократия тарафдори ва ҳимоячиси бўлиш мен учун шараф эканига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқчиман.

13895014_10154505170869260_4163469193894429165_n

         Мен асли ўзбекистонлик оддий мусулмонман. Ёшлик даврим Советлар бошқарувидаги атеистик мамлакатда ўтди. Ислом билан бир оз талабалик ва кейинчалик тадбиркорлик билан шуғулланиб юрган даврларимда танишдим. Аллоҳ ҳузурида мақбул бўлган ислом динига қўлимдан келганча риоя қилишга, иймон-эътиқодли бўлишга ҳаракат қилдим.

DSCN3216

         2001 йилда менинг фаолиятимга қарши туҳмат уюштирилди ва менга нисбатан айбловлар эълон қилинди. Бунинг натижасида суд-тергов даврида Ўзбекистон қамоқхоналаридан бирида 6 ойдан ошиқ қамоқда ўтиришга мажбур бўлдим. Санитария-гигиена қоидаларига мутлақо жавоб бермайдиган, ҳеч қандай шарт-шароитларга эга бўлмаган қамоқхона ичидаги 10 кишилик хонада 56 кишигача яшаш жараёнида кўплаб сиёсий диндорлар билан танишишга эришдим. Мен гарчи, уларнинг диний-сиёсий қарашларини қўлламасам-да, қамоқхонада диний маҳбусларга нисбатан доимий равишда уюштирилаётган тазйиқ ва қийноқларга гувоҳ бўлдим. Бу эса, қалбимда уларга нисбатан ачиниш ҳиссини пайдо қилди.

DSCN3253

Қамоқдан чиққанимдан кейин 2003 йилда Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари сафига кирдим. 2004 йилда амалдаги президент И. Каримов режимига қарши нозўравон усул билан кураш йўлини танлаган «Бирдамлик» Халқ Демократик ҳаракатига асос солдим. Ўзбекистонда диндорларга қарши тазйиқ ва қийноқлар борлигини эътироф этиб, бир неча йиллар мабойнида халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари ишларига ҳайрихоҳ бўлдим. Диктатор Ислом Каримов бошчилигидаги яккаҳокимликни Ўзбекистондаги асосий муаммолардан бири деб тушунсам ҳам баъзида сиёсий диндорларнинг аниқ мақсад ва маслакларини етарли даражада англай олмай улар билан ҳамкорликда, бирга сиёсий фаолият олиб боришга ҳаракат қилдим. Демократик давлатларнинг уларга бошпана бериш ҳақидаги қарорини ҳурмат қилиб, сиёсий ислом аҳли билан доимо тил топишишга интилдим.

         Сиёсий фаолиятим давомида кўпгина диндорлар билан шахсий танишганим сиёсий ислом ҳақидаги тушунчаларим кенгайишига туртки берди. Дунёдаги ислом терроризмини 12 йил муҳожирликда яшаб, етарлича ўзлаштиришга эришдим.

         Аслида ислом яхшилик динидир. Унинг замирида Ҳидоят, яъни тўғри йўл ётади. Бу дин бугунги кунда бир вақтлар христиан дини каби ҳар хил талқин қилиниб, зўравонлик динига айланиб бормоқда. Бир неча аср олдин христиан дини ислоҳ қилиниб, сиёсий христианликка деярли барҳам берилди. Бугунги кунда христиан динига эътиқод қилувчилар деярли дин сиёсатдан ажратилган, ривожланган демократик давлатларда яшамоқдалар ва христиан дини ўз навбатида сиёсатни ўзида ташимайдиган, унга таъсир қилмайдиган алоҳида ўз йўли билан тинчлик дини тарғиботчисига айланди.

         Афсуски, бугунги ислом дини, дунёси ҳақида бундай дейишимиз қийин. Гарчи ислом муқим турган бўлса-да, турли қараш ва турли оқимлар пайдо бўлган, айрим ҳукмдорлар эса салтанатни қўлга киритиш ниятидаги саъй-ҳаракатини ислом воситасида ниқоблади ва алал-оқибат улар муқаррар суръатда мўминларни гуруҳ-гуруҳларга ажратиб ташлади. Бу омил Ислом дунёсининг деярли ҳамма жойида жуда кенг ёйилди. Шу тариқа Ислом дини сиёсатдан узоқлашолмай геосиёсат билан чамбарчас боғланиб кетди. Сиёсий ислом бугунги кунда юзлаб бир-бирига зид бўлган, қарама-қарши гуруҳ, мазҳаб, оқимларни ўз ичига олди. Пайғамбаримиз сафдошлари ҳазрати Умарнинг сўзларича: «Исломиятни бузадиган нарса дин одамларининг янглиш гапириши, мунофиқлар ўзларининг бузуқ фикрларини оят ёки ҳадис билан исботлашга уриниб, мусулмонларни алдашлари ва бузғун ҳукм чиқарадиган одамлардан бўлиб қолишидир».

         Мен Ислом дини сиёсатдан узоқлашиб, фақат тинчлик динига айланиб, чин маънода бағрикенгликка ўтиши, дунёвийликни тан олиши, бошқа динлар ва ислом мазҳабларига ҳурмат ва тоқатлилик билан қараши учун олдинда бир неча ўн йилликлар билан бирга оғир машаққатлар бор, деб ўйлайман. Бир ҳақиқатни гапиришим керак. Ислом уммати муқаддас китоб Қуръонни нотўғри талқин қилиши ортидан бугунги кунда сиёсий ислом таназзулга учради, у дунёвийлик, демократиянинг душманига айланди. Ислом дунёсининг таназзулга юз тутишини АҚШ, Ғарб давлатлари ёки Исроил давлати билан боғлагандан кўра ислом умматининг ичида Қуръоннинг нотўғри талқин қилиниши билан боғлаш ҳақиқатга яқинроқдир.

        Бугунги кунда Марказий Осиё давлатлари таркибига 1991 йил собиқ Совет империясининг парчаланиши туфайли пайдо бўлган 15 республиканинг 5 таси киритилади. Бу давлатларда мустақилликка эришилгандан кейин сиёсий ўзгаришлар ортидан ислом динига катта эркинликлар берилди. Мамлакатда эски консерватив ислом қад кўтарди. Аммо, шу билан бирга, ўзбек консерватив ислом ичига ўзбек халқига бутунлай ёт бўлган оқим ва гуруҳлар, яъни сиёсий ислом кириб келди. Мамлакатда сиёсий ислом тарафдорлари томонидан террор ва зўравонлик кўлами кенгайиб, вазият ёмонлаша борди. Мамлакат раҳбари Ислом Каримовнинг шафқатсизлиги ва қаттиққўллиги туфайли Ўзбекистонда сиёсий исломга барҳам берилди.

Афсуски, Ғарб дунёсининг либериал қадриятлари, демократия имкониятлари туфайли бу сиёсий ислом аъзолари бугунги кунда АҚШ ва Европа давлатларида сиёсий, диний бошпана олиб, бу давлатлар берган барча имкониятларни сурбетларча ўзлаштириб, демократик қадриятларни оёқ ости қилмоқда. Улар бу давлатларда ҳам бемалол ўз бузғунчиликларини бирор бир қийинчиликсиз, тўсиқсиз давом эттирмоқда. Ушбу сиёсий ислом тарафдорлари Ғарб цивилизациясига, дунёвийлик ва демократик қадриятларга бутунлай қаршилик қилмоқда. Уларнинг ўзлари қўним топган давлатларда яшайдиган христиан динидаги инсонларга нисбатан тоқатсизлик билан қараши аслида жиноятдир. Инсон ҳуқуқлари фаолларининг «Марказий Осиё давлатларида диний эркинликларга йўл берилмаётир», дея ҳайқиришлари, аюҳаннос солишлари аслида нотўғри. Марказий Осиё давлатларида минг йилдан ошиқ вақтдан буён яшаб келаётган консерватив исломга эркинлик бор, аммо четдан кириб келган сиёсий исломга эркинлик йўқ. Чунки сиёсий ислом, авваломбор, дунёвийликни барбод қилади, ундан кейин демократик қадриятларни йўқ қилади. Айни пайтда кўпчилик сиёсий ислом тарафдорларининг, ҳатто Америкада ҳам шариат қуриш истагида эканликлари бежиз эмас.

         Мен юқорида сиёсий исломнинг бир илдизи Ғарб давлатларига, хусусан, АҚШга бориб тақалиши ҳақида ёздим. Мен бу ерда Ўзбекистондан келган сиёсий ислом тарафдорлари ҳақида фикр юритмоқчиман. Хусусан, АҚШ давлатидаги барча эркинликлар, демократия ўзбекистонлик сиёсий ислом тарафдорларининг ўз фаолиятларини изчил йўналиштиришига йўл очиб берди. Улар АҚШдан кераклича ижтимоий, сиёсий, иқтисодий қўллов олиб, ўз сафлари, ғояларини кенгайтирди ва кенгайтириб бормоқда. Мен ўз чиқишларимдан бирида ана шундай кимсалардан бири Мираҳмат Мўминовни «Ғоявий террорчи» деб танқид қилган эдим. Бу кимсаларнинг мақсади Ўзбекистонда шариатга асосланган исломий давлат, халифатни қуриш ва кейинчалик эса халифатчиликни бошқа давлатларга куч билан ёйишдан иборат.

         Мен билган яна бошқа бир кимса айни пайтда Миссури штатининг Сент-Луис шаҳри атрофида яшаётган Музаффар исмли сиёсий исломнинг ашаддий фаолидир. Бу кимса шу кунгача АҚШда бирор бир кун ишлагани йўқ. У АҚШдаги имкониятлардан тўлиқ фойдаланган ҳолда АҚШ фуқаролигини қўлга киритган. Ваҳоланки, бу кимса демократияга бутун вужуди билан қарама-қарши. Шундай бўлса-да, негадир унинг моддий имкониятлардан фойдаланиб, демократияни, АҚШ давлатчилигини ич-ичидан емиртиришга қаратилган хатти-ҳаракатлари АҚШ қонунчилигидан четда қолаётир. Бу кимса ҳам ҳар доим сиёсий ислом ҳақида кенг қамровли тарғибот ишларини олиб бормоқда. Биз, аслида жаноб Дональд Трампнинг шулар ҳақида гапирганини билишимиз керак. АҚШ фуқаролигини олаётганда ҳар бир киши инглиз тилини яхши билиши ва АҚШ давлатига содиқ бўлишлиги ҳақида қасамёд қилиши шарт! Араб тилини ўзлаштирган кимса инглиз тилини ўзлаштирмаса-да, демократияга, дунёвийликка қарши шахснинг осонгина АҚШ фуқаролигини олиб юришига Дональд Трампдан бошқа номзодлар эътибор қаратмаётир.

         Аслида исломий қадриятлар оёқости қилиняпди, деб жар солаётганларнинг ислом умматининг асосини ташкил қилувчи консерватив ислом тарафдорларига яқин алоқалари йўқ. Консерватив ислом тарафдорлари, яъни ўзларининг тирикчилиги, иш ва ўқишлари билан банд мусулмонлар на сиёсат, на иқтисодиёт, на диктатура, на демократия билан иши йўқ оддий инсонлардир. Бугунги кунда бутун дунёга мусулмонларни ёмонотлиқ қилаётган, уларнинг номига иснод келтираётганлар аслида ислом террорчилари, дунёвийликни, демократияни  консерватив ислом тарафдорларига ёмонлаётганлар эса сиёсий ислом тарафдорлари, деб баралла айтсак бўлади.

Сиёсий ислом тарафдорларининг ўз тарғиботларини юзага чиқара олмагач, зўравонлик, террор ҳаракатларига ўтгани айни ҳақиқат.  Агар давлатлар ўз бошқаруви остидаги мусулмонларнинг диндорлик даражасини паст даражада, яъни консерватив ислом даражасида ушлаб турмас эканлар, бу сиёсий ислом тарафдорлари ҳар қандай консерватив исломдаги фаол тарғиботи ортидан 6 ой-1 йил ичида сиёсий исломчига айлантира олиши мумкин. Кейинчалик эса, яна 1-2 йил ўқув, тарғибот ортидан ҳар қандай сиёсий ислом тарафдори потенциал террорчига айланиши мумкин. Агар биз АҚШдаги минглаб ўзбекистонлик сиёсий ислом фаоллари бошпана олганини ҳисобга олсак, АҚШ давлатчилиги қанчалик хавф билан юзлашаётганлигини тушунишимиз мумкин. Бу борада ўзбекистонлик бир неча террорчиларнинг ушланиб қамалишини мисол сифатида тилга олсак бўлади. Биз сиёсий ислом тарафдорлари ҳеч қачон демократик қадриятларни тан олмаслигини доимо ҳисобга олишимиз керак.  Улар замонавий банк тизимининг асоси бўлмиш фоизни ҳаром, судхўрлик деб, дунёвийликни доимо савол остига оладилар.

         Мен юқорида мисол келтирган ўзбекистонлик сиёсий ислом тарафдорлари АҚШда бир неча минглаб топилади. Буларнинг кўпчилиги асосан Ўзбекистондан келган ватандошларини қаттиқ диний босимлар остида ўз мақсадларига ишлашга мажбур қилишмоқда. Шу кунгача улар Ўзбекистонда заррача демократик ўзгаришлар учункурашмаганлар.

         Ҳаётий кузатишларимдан аён бўлишича, сиёсий ислом тарафдорлари ҳеч қачон дунёвийлик ва демократия тарафдорлари бўлишолмайди. Улар демократияни қабул қилишолмайди ва бундай шахсларнинг тушунчаси бўйича АҚШ нотўғри йўлдан кетмоқда. Улар АҚШнинг мусулмон давлатига айланишини истайди. Шу сабабдан уларнинг талқини бўйича, ҳатто, АҚШ ҳам келажакда исломий давлат бўлиши шарт. Улар бошқа шартни қабул қилолмайди. АҚШдан бошпана олиш ва яшаш ҳуқуқини қўлга киритиш эса жон сақлаш ҳамда шу ерда муаммосиз тарғибот ишларини йўлга қўйиб, фаолиятини олиб боришдан иборат. Уларнинг мақсадлари, авваломбор, АҚШдаги мусулмонларнинг диндорлик даражасини баланд даражада ушлаб туриш, мусулмонларнинг ғарб дунёси билан ассимиляция бўлишига йўл қўймаслик, мусулмон халқларининг кўпайиши ва АҚШ ичида мусулмон динини кучли тарғиб қилиб, кейинчалик Европа ва АҚШни ҳам мусулмон давлатига айлантиришдан иборатдир.

         Бугунги кунда демократия билан ислом дунёси келиша олмайди. Ҳатто демократик давлатлардан бошпана олиб яшаётган мусулмон халқларининг 75%и сиёсий ислом фаоллари таъсирида демократик қадриятларга қарши. Мусулмон давлатларда яшаётган халқларда эса бу кўрсаткич 95%га етади. Фақат собиқ Совет Иттифоқи таркибидан ажралиб чиққан Ўзбекистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Тожикистонда бу кўрсаткич тахминан 15%га етади, деб ҳисоблайман. АҚШ ҳукумати ана шу кўрсаткичлардан келиб чиққан ҳолда мусулмон ўлкалар билан сиёсий қадамларини белгилаб олиши муҳим аҳамиятга эга.  Демак, дунёвий/секуляр тузум, демократияга қарши бўлган мусулмон ўлкаларда уларнинг дунёвийлик, демократияга бўлган муносабатларини ҳисобга олган ҳолда сиёсий исломнинг ўрта даражадаги ва консерватив исломга яқин бўлган мазҳаби, оқими ёки гуруҳининг мусулмон давлатлар бошқарувлари тепасига келишига АҚШ ва бошқа давлатлар кўмак бериши керак. Бу давлат бошқарувлари Мисрдаги Ҳусни Муборакка яқин бошқарув бўлиши ҳамда улар барча қўшни давлатлар, жумладан, Исроил, ҳамда АҚШ ва Европа давлатлари билан ҳам тенг манфаатли, дипломатик алоқаларни йўлга қўя оладиган монархияга яқин давлат бошқаруви бўлмоғи лозим. Ана шундай йўл тутилса сиёсий исломнинг жоҳил, зўравонликка интилиб, шариат давлати қуриш йўлидаги қон тўкишларига барҳам берилиши мумкин.

         Марказий Осиё, хусусан, Туркистон ўлкасидаги 5 республика ҳамда Озарбайжон халқларининг дунёқараши, менталитети ва динга муносабати Яқин Шарқ мамлакатларидан кескин фарқ қилади. Шу сабабли бу давлатларда консерватив исломга йўл берилиши, қолган сиёсий исломга йўл берилмаслиги даркор, улардан чиққан сиёсий ислом қочқинларига қочоқлик мақоми берилмаслиги лозим. Бу мамлакатлар аҳлининг кўпроқ дунёвийликка, демократияга яқин халқлар эканлигини эътироф этган ҳолда ўлкада демократик ислоҳотларни бемалол ўтказиш мумкин. Мазкур давлатлар демократия, дунёвийлик тузум, эркин бозор иқтисодиётини шакллантира оладиган давлатлар рўйхатига киритилиши ва шунга мувофиқ ҳолда АҚШ давлати ушбу давлатларга тааллуқли ўз сиёсатини белгилаб олиши керак.

         Сиёсий ислом ичида атиги 5-6 фоиз мусулмонлар бир вақтнинг ўзида ҳам демократия, ҳам исломни тенг қўя оладилар, қолганлари эса демократия тамойилларини ошкора тарзда рад этолмаса-да, уни ич-ичидан инкор этади. Агар мана шундай тоифаларга мансуб шахслар АҚШга киритилмаса, уларга ҳеч қандай бошпана берилмаса, аҳволи қандай кечади?

         а) улар ўзларича сиёсий ислом, шариат қуриш мақсадидан узоқлашадилар;

        b) ўз мамлакатларида рухсат берилган консерватив исломга риоя қилиб, сиёсий исломлан воз кечиб тинч яшашлари мумкин;

        c) ўз мамлакатларида режимларга қарши курашиб ҳалок бўлишлари ёки қамалишлари эҳтимолдан ҳоли эмас;

        d) бошқа давлатларда зўравонлик билан фаолият олиб бораётган гуруҳларга қўшилиши ва бу ерда ҳам ҳалок бўлишлари мумкин.

        Шундай ҳолатдагина сиёсий исломга барҳам берилиши, мусулмон ўлкаларда барқарор тинчлик ўрнатилиши мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам уларнинг Ғарб дунёсига таҳликаси камаяди.

         Сиёсий ислом фаолларининг АҚШга меҳмон сифатида, сафар, иш юзасидан келиб-кетишига йўл берилиши керак. Аммо уларга АҚШдан сиёсий ёки диний қарашлари учун бошпана бериш хатодир. Сабаби улар шариатни демократия қадриятларидан устун қўяди. Бундай ҳолларда улар демократик қадриятлар учун эмас, шариат йўлида демократияни доимо йўқотиш пайида бўлади.

         Инсоннинг яшаши учун сув ҳам, егулик ҳам зарур бўлганидек, бугунги ислом аҳли ҳам динга риоя қилиши билан бирга демократик қадриятларни ҳам ҳурмат қилиши шарт. Демократияни қадрлай олмаган мусулмонларга АҚШдан бошпана бериш қанчалик тўғри эканлиги бўйича қарорни фақат АҚШ халқи қабул қилиши лозим.

         Ғарб цивилизацияси, демократия учун террористлар жуда ҳавфлидир, аммо сиёсий ислом уларданда хавфли. Чунки улар иккиюзламачи ва алдоқчи. Тилида, ҳаётда ўзларини демократ сифатида кўрсатиши мумкин, аммо ички дунёси тамоман бошқа дунё, яъни улар ғарб цивилизацияси, демократияга бутунлай қарши инсонлар. Улар консерватив мусулмонлардан сиёсий ислом сафларини тўлдириб бормоқда. Ҳатто, Ғарбдан, хусусан АҚШдан бошпана олган консерватив ислом, яъни оддий мусулмонларга ҳам жуда кучли босим, тазйиқ ўтказмоқда. Бунинг натижасида оддий мусулмонлар ҳам уларнинг мажбурий таъсирлари туфайли сиёсий ислом сафларини тўлдирмоқда ҳамда ғарб маданияти, давлатларига қўшилиб кетолмаётир.

         Фикримча, АҚШ ва бошқа Европа давлатлари Ғарб дунёсининг дунёвийлик, демократия тамойиллари асосида қурилган маданияти, қадриятларини қабул қилган мусулмонларнигина қабул қилиши лозим. Бу ердаги диний муассасалар, ҳатто масжидлар ҳам дунёвийликни қабул қилиш шарти асосида фаолият олиб боришлари керак. Акс ҳолда уларнинг фаолиятига изн берилмаслиги лозим. Чунки улар Ғарб дунёси истаса-истамаса сиёсий ислом қўлида Ғарб дунёсига қарши тарғибот марказлари бўлиб қолаверади.

         АҚШдан бошпана олаётган ёки ҳар хил сабаблар туфайли бу давлатда яшаш ҳуқуқини қўлга киритаётган мусулмонлар АҚШ Конституциясини ҳурмат қилиши ва ушбу муқаддас конституцияни Қуръондан кам кўрмаслиги шарт! Акс ҳолда уларнинг АҚШда яшаб қолишига изн берилмаслиги керак!

Мен келажакда Дональд Трамп бошчилигидаги янги президент командасининг Ўзбекистондан сиёсий ва диний қарашларига боғлиқ ҳолда келган ўзбекистонликлар ишини қайта кўриб чиқиши ва уларга қонуний баҳо бериши керак, деб ҳисоблайман. Агар шундай қилинса, Ўзбекистондан келиб  сиёсий бошпана олганларнинг 90%и, қалбаки бошпана олганликларига, диний қарашларига оид бошпана олганларнинг эса қарийб 100 %и уларнинг АҚШ давлатчилиги, демократия қадриятларига қарши бўлган инсонлар бўлиб чиқишига ишонаман.

        Ислом аҳли дунёвийликни, демократияни қабул қилиши лозим. Бусиз ислом диёрларида тинчликка эришиб бўлмайди. Лекин ислом аҳлига оид бизнинг келажакда мусулмонлар ўз-ўзидан дунёвийлик, демократияни қабул қилади, деган фикримиз нотўғри. Ислом дини дунёвийликни қабул қиларкан, мусулмон ўлкаларида зўравонликка, урушларга барҳам берилади. Мусулмон халқлари маърифат, ривожланиш йўлига ўтиб, ислом дини бошқа динлар қатори чин маънода яхшилик, тинчлик дини бўлиб қолади ва мен бунга астойдил ишонаман.

 

Баҳодир Хон Туркистон

“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати етакчиси

http://birdamlik.info/news/сиёсий-ислом-ақшни-фалокатга-олиб-кел/

Read also:

ГУЛНОРА КАРИМОВА СИЁСИЙ ӮЙИН ҚУРБОНИ
 «Бирдамлик» Халқ-демократик ҳаракатининг раҳбари Баҳодир Хон Туркистон билан суҳбат.  — Ҳурматли Баҳодир Хон Туркистон, рости, Сизнинг сиёсий қарашларингиз кӯпчилик сиёсатчиларнинг қарашларидан тамомила фарқ қилади. Қандайдир [...]
СИЁСИЙ ФАОЛЛАР ҚАМОҚ­ХОНАЛАРДА ҲАЛОК БӮЛМ­ОҚДА. АҚШ ДАВЛАТ ДЕП­АРТАМЕНТИ СУКУТ САҚЛ­АМОҚДА!
  Ӯтган ҳафтада сиёсий фаол Нуриддин Жуман­иёзовнинг қамоқхонада вафоти муносабати билан ӯз сайтимизда мақола эълон қилгани­миздан кейин мазкур мавзу атрофида баҳс-­мунозара авж нуқтага чиқди. Мунозарачилар [...]
ӮЗБЕКИСТОНДА ХАЛҚ ҲУКУМАТГА, ҲУКУМАТ ЭСА ХАЛҚҚА ИШОНМАЙДИ!
Ӯзбекистонни янги раҳбар бошқараётганига 10 ой бӯлди. Ӯтган ӯн ой ичида мамлакатимизда қандай ӯзгаришлар рӯй берди? Марҳум президент Ислом Каримов ботқоқликка ботириб кетган иқтисодиётимиз қисман [...]
2015 ЙИЛ ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИМИЗ
БАҲОДИР ЧОРИЕВ 2015 ЙИЛ ПРЕЗИДЕНТЛИК САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИ
Қўлланма-I
Ҳалқ хокимияти, инсон ҳуқуқлари заминидаги, озод ва фаровон Ўзбекистон учун! Қўлланма (биринчи) “Бирдамлик”Ҳалқ Демократик Ҳаракати Фуқаровий фаоллик учун амалий қўлланма АҚШ “Бирдамлик” нашри 2010 йил [...]
Қўлланма-||
  Халқ хокимияти, инсон ҳуқуқлари заминидаги, озод ва фаровон Ўзбекистон учун!   Қўлланма (иккинчи) “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати ФУҚАРОВИЙ ФАОЛЛИК УЧУН АМАЛИЙ ҚЎЛЛАНМА   АҚШ [...]