27.04.2015

Ўзбек прокуратураси Улуғбек Бакировни судга берди

 

Андижон   вилояти   Жалақудуқ    туман    прокуратураси   журналист Улуғбек  Бакировни   Ўзбекистон   «пропискаси»дан   маҳрум   қилиш талаби   билан  судга  мурожаат  қилди.

Улуғбек Бакиров
Улуғбек Бакиров

Айни дамда Норвегия Қироллигида сиёсий муҳожиратда яшаётган мухолифат фаоли, мустақил журналист Улуғбек Бакировнинг Жалақудуқ тумани Охунбобоев шаҳридаги уйига Фуқаролик ишлари бўйича Хўжаобод туманлараро судининг судьяси О.А.Баракабаев имзо чеккан расмий хат келган.

Фуқаролик ишлари бўйича Хўжаобод туманлараро судига “Улуғбек Бакиров Ўзбекистон пропискасидан фойдаланишга ҳақли эмас”, деб ҳисоблаган Жалақудуқ туман прокурори даъво аризасини киритган.

Мазкур хат судья Баракабаев томонидан 2015 йилнинг 2 апрелида имзоланган бўлиб, унга кўра, Улуғбек Бакиров 10 апрель, соат 10:00 да судга етиб келиши сўралган. Лекин, бу мактуб У.Бакиров аввал яшаган, ҳозирда эса, онаси яшайдиган манзилга 11 апрель, шанба куни, почта орқали эмас, балки маҳалла посбони томонидан олиб келинган. Яъни, хат бир кун кечикиб келган.

Энг қизиғи, ушбу расмий хат фақат Улуғбек Бакировнинг номигагина келмаган. Жами тўрт нусҳада – Улуғбекнинг ўзининг номига, онасининг ва турмушга чиққан икки синглисининг номларига ҳам келган. Фуқаролик ишлари бўйича Хўжаобод туманлараро судининг судьяси О.А.Баракабаев имзо чеккан расмий хат

Бу хатни олган Улуғбекнинг онасини соғлиги жиддий тарзда ёмонлашган, қон босими кўтарилиб кетган.Бундан ташқари хат бир кунга кечикиб келганидан У.Бакировнинг онаси нима қилишини билмай қолган. Табиийки, судга ҳеч ким бормаган.

Орадан бир ҳафта ўтгач, 19 апрель, якшанба куни ушбу мактуб нусҳаси яна Бакировлар хонадонига етиб келган. Аниқроғи, онахон эрталаб уй эшигини очганида, эшик тагида ётган икки нусҳадан иборат хатга кўзи тушади. Бу гал яна ўша хат, фақат икки нусҳада, бири У.Бакиров номига, иккинчиси эса, Бакировнинг онасини номига келган.

Бу сафар хат 10 апрелда ўша судья О.А.Баракабаев томонидан имзоланган бўлиб, У.Бакировни яна ўша манзилга, яъни, Фуқаролик ишлари бўйича Хўжаобод туманлараро судининг биносига 22 апрель, соат 10:00 етиб келиши сўралган.Фуқаролик ишлари бўйича Хўжаобод туманлараро судининг судьяси О.А.Баракабаев имзо чеккан расмий 2 хат

Бу масалада телефон орқали Улуғбек касал онаси ва сингиллари билан гаплашиб, ҳеч ким судга бормаслиги ҳақида уларга тушунтирган. 22 апрелда Бакировлардан бирор одам судга бормаган.

Бугун, 26 апрелда онаси билан боғланган Улуғбекка кўра, уларнинг уйига ҳозирча ҳеч ким келиб, бу масалада безовта қилмаган.

Улуғбек Бакировнинг айтишича, Фуқаролик ишлари бўйича Хўжаобод туманлараро суди унинг иши бўйича ўз қарорини чиқариб бўлган, аммо қарорнинг нусҳаси на журналистнинг Андижондаги қариндошларига ва на унинг ўзига тақдим қилинган.

Эслатиб ўтсак, Ўзбекистонда Улуғбек Бакиров 2006 йилгача мухолифатдаги “Бирлик” Халқ Ҳаракати партиясининг Жалақудуқ туман бўлими раиси ўринбосари ва Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг шу тумандаги раиси вазифаларида фаол хизмат қилган. АҚШнинг Ўзбекистондаги Элчихонаси билан яқин ҳамкорликда фаолият олиб борган.

2005 йил май ойидаги Андижон воқеаларидан кейин У.Бакировнинг ўзига, оиласига ҳамда бўлимидаги фаолларига Ўзбекистон куч ишлатар тизимлари томонидан кўплаб тазйиқлар, провокация ва босимлар, калтаклашлар, қийноқлар бўлган.

Улуғбек Бакиров 2006 йил сентябрида, мажбурий равишда Бишкекка келиб, БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича Олий Комиссарлигига мурожаат қилган. У 2007 йилдан буён сиёсий қочқин сифатида Норвегияда яшайди.

У 2003-2011 йиллар давомида “Бирлик” ХҲПнинг “Ҳаракат” ахборот агентлигига мухбирлик қилган.

2011 йилдан 2013 йилгача “Замондош” веб-нашри ва интернет ТВсида бош муҳаррир, бошловчи, 2013-2014 йилларда “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг веб-сайти ва “Турон” интернет ТВда бош муҳаррир вазифаларида ишлаган. “Туронзамин” мустақил нашрида кўплаб мақола ва шеърлари нашр қилинган.

2015 йилдаги Президентлик сайловлари муносабати билан хориждаги бир қатор Ўзбекистон фуқаролик жамияти фаоллари ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал сайловида Виртуал Сайлов Комиссияси (ВСК)нинг матбуот котиби вазифасида фаолият олиб борган.

Бугунги кунда Ўзбекистон Президенти сайлови куни ташкил этилганлиги эълон қилинган «Муқобил Ўзбекистон» Мувофиқлаштириш Кенгаши таркибида фаолият олиб бормоқда.

 

Ўзбекистон ҳукумати томонидан чет давлатларда яшаётган фуқаролик жамияти вакилларининг фаолиятларига чек қўйиш мақсадида бунингдек усуллар билан босим ўтказиш одатий ҳолга айланмоқда.

 

Жумладан, 2014 йилда Андижон фожеасининг 9 йиллиги арафасида фожеа қурбонларидан бири бўлмиш Ҳусанбой Рўзиевнинг шикояти БМТга топширилганидан кейин шикоятни ёзиш ва БМТга топшириш ташаббускори бўлган ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоева Ўзбекистон “прописка”сидан фойдаланишга ҳақли эмас, деб ҳисоблаш ҳақида қарор чиқаришни сўраб, Марғилон шаҳар прокурори А.Ю.Мавлонов Фуқаролик ишлари бўйича Марғилон туманлараро судига даъво аризасини киритган эди.

Манба:

https://www.dropbox.com/s/4rpg3xxyapkputl/C%D1%83%D0%B4%20%D1%87%D0%B0%D2%9B%D0%B8%D1%80%D1%83%D0%B2%D0%B8%20(1).jpg

http://jarayon.com/uz/index.php/2012-03-10-17-03-24/item/535-mutabartojiboeva290714

Шу ўринда, ҳар қандай инсонда ҳам ҳақли савол туғилади. Улуғбек Бакировни айнан ҳозир турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ва рўйхатдан, яъни, “прописка”дан чиқариш кимга керак бўлиб қолди?! Нима учун айнан 2015 йилнинг апрель ойида? Нима учун У.Бакировни 2007 йилдан буён, “прописка”дан чиқариш бирор бир прокурор ёки судьянинг ақлига келмади?

У.Бакиров Ўзбекистондан бош олиб кетганига бу йил сентябрида тўққиз йил бўлади-ку! Нима сабабдан тўққиз йил ичида айнан шу бугун журналистдан қасос олиш кампанияси бошланди?!

Ўзи бусиз ҳам Улуғбекнинг яқинларини ҳар йили бир неча марта Ўзбекистон МХХ, ИИВ ходимлари безовта қилишади, сўроққа тутишади.

Сўнгги марта 2015 йилнинг январида Бакировнинг кичик синглисини Жалақудуқ туман МХХ ўз идорасига чақириб, қаҳратон қиш кунида, қўлидаги ёш боласи билан соатлаб тергов қилганди.Ундан аввал эса, Жалақудуқ туман ИИБ терговчилари ҳам Бакировнинг яқинларини тинмай сўроқ-савол қилишдан чарчамади.

2014 йил ёзида Жалақудуқ туман ИИБнинг Паспорт бўлимига Улуғбек Бакировнинг онаси ва катта синглиси янги биометрик паспорт олиш учун ариза топширишиб, керакли барча тўловларни ва ҳужжатларни тақдим қилишган бўлишларига қарамай, мана орадан бир йил вақт ўтиб бормоқдаки, Улуғбекнинг яқинларига турли баҳоналар билан ҳануз паспорт берилмаётир.

Журналистнинг пенсионер, касалманд онасини ва синглисини паспорт бўлимининг Шерзод исмли бошлиғи атайлаб сарсон-саргардон қилиб, паспорт беришни пайсалга солиб келмоқда.

Яқинда Улуғбекнинг катта синглиси паспорт бўлимига навбатдаги сўров билан борганида, бўлим ходимлари: – Аканг чет элда қачон жим бўлса, сенларга шунда паспорт берилади! Унгача сенларга паспорт йўқ, қайтиб бу ерга келма, дебди.

Яна бир сафар Бакировнинг яқинлари паспорт бўлимига боришганда, уларнинг паспортлари МХХда эканлигини ва юқоридан, Тошкентдан бу оилага паспорт берилмаслиги тўғрисида буйруқ борлигини айтишибди. Лекин, айнан “юқори” ким эканлигини айтишни истамабдилар, бу шоввозлар.

2012 йилнинг декабрида Улуғбек Бакиров яқинлари билан кўришиш ва онасини даволатиш мақсадида Норвегиядан Қирғизистоннинг Ўш шаҳрига бориб, бир ой таътилда бўлиб қайтган. Улуғбекнинг яқинлари Ўзбекистонга қайтишганидан кейин бир ой давомида Жалақудуқ туман ИИБ терговчилари тинмай сўроқ-савол қилиб, уларнинг соғлигига ва тинчлигига кўп зиён етказишган. Ҳаттоки, Улуғбек Ўшда кимлар билан учрашгани-ю, кимга қандай совға-салом олиб келганигача эринмай, икир-чикиригача сўроқ қилишиб, тушунтириш хатлари ёздириб олишган.

Шундан бери Улуғбекнинг яқинлари, айниқса, онаси ўғли билан яна дийдор кўришишни истасада, лекин, ундан кейин бўладиган машмашалардан анча юрак олдириб қўйган.

Ўзбекистон ҳукумати йиллардан буён ўз мухолифларидан ўта пасткаш усулларда, қабиҳ йўллар билан ўч олиш мақсадида турли найрангларни амалга ошириб келади.

Улуғбек Бакиров Виртуал сайлов кампаниясида фаол иштирок этгани ва бугунги кунда “Муқобил Ўзбекистон” Мувофиқлаштириш Кенгашида ўз фаолиятини давом эттириб, Кенгашнинг Андижон фожеасининг 10 йиллиги муносабати билан “Қонли Андижонга

10 йил” бир ойлик кампаниясида фаол қатнашаётгани учун ҳукумат томонидан берилаётган жавобдир, бу!

Ҳукумат амалдорларига қарата: “Мухолифларингизнинг Ўзбекистондаги яқинларидан, айниқса, куч-қуввати йўқ аёлларидан ўч олишни тўхтатинг, жаноблар!”, дея ҳайқиргинг келади, афсуски, ҳайқириқларингиз керакли қулоқларга етиб боришига ишона олмайсиз, киши.

Мўътабар Тожибоева

 

“Ўтюраклар Клуби” Инсон Ҳуқуқларини Ҳимоя қилиш Халқаро ташкилоти раҳбари, “Муқобил Ўзбекистон” Мувофиқлаштириш Кенгаши аъзоси

 

26 апрель, 2015 йил,

Париж, Франция.

http://birdamlik.info/news/ўзбек-прокуратураси-улуғбек-бакиров/

Read also:

Бобомурод Абдуллаевни Салай Мадаминов сотди!
«Мен шерлар қўшинидан қўрқмайман, агар бу қўшинни қўй бошқараётган бўлса, мен шер бошчилигидаги қўшиндан қўрқаман, агар бу қўшин ҳатто қўйлардан ташкил топган бўлса ҳам!» Искандар [...]
Баҳодир Чориев: «Мирзиёевни Ўзбекистон элитаси бошқармоқда»
август 28, 2017 Сарвар Усмон/Озодлик Баҳодир Чориев – Бирдамлик халқ демократик ҳаракати лидери Ўртоқлашинг Шарҳларни кўринг Принт қилиш Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Brand Investment Group [...]
ГУЛНОРА КАРИМОВА СИЁСИЙ ӮЙИН ҚУРБОНИ
 «Бирдамлик» Халқ-демократик ҳаракатининг раҳбари Баҳодир Хон Туркистон билан суҳбат.  — Ҳурматли Баҳодир Хон Туркистон, рости, Сизнинг сиёсий қарашларингиз кӯпчилик сиёсатчиларнинг қарашларидан тамомила фарқ қилади. Қандайдир [...]
2015 ЙИЛ ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИМИЗ
БАҲОДИР ЧОРИЕВ 2015 ЙИЛ ПРЕЗИДЕНТЛИК САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИ
Қўлланма-I
Ҳалқ хокимияти, инсон ҳуқуқлари заминидаги, озод ва фаровон Ўзбекистон учун! Қўлланма (биринчи) “Бирдамлик”Ҳалқ Демократик Ҳаракати Фуқаровий фаоллик учун амалий қўлланма АҚШ “Бирдамлик” нашри 2010 йил [...]
Қўлланма-||
  Халқ хокимияти, инсон ҳуқуқлари заминидаги, озод ва фаровон Ўзбекистон учун!   Қўлланма (иккинчи) “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати ФУҚАРОВИЙ ФАОЛЛИК УЧУН АМАЛИЙ ҚЎЛЛАНМА   АҚШ [...]