22.09.2018

ҚАҲРАМОНХОН МАҲМУДГА НИСБАТАН БОСИМЛАР КУЧАЙМОҚДА

«Бирдамлик» ХДҲнинг Ўзбекистон Республикаси бўйича раҳбари Қаҳрамонхон Маҳмудга нисбатан босимлар кундан-кунга кучайиб бормоқда. Жорий йилнинг 15-сентябрь куни эрталаб соат 8-00 да Қаҳрамонхон Маҳмуднинг Тошкентдаги уйига ички ишлар формасида ва фуқаро кийимида бўлган икки нафар шахслар келиб, уни ички ишлар органига олиб кетганлиги ва қарийб 9 соат давомида Ички ишлар бўлимида ушлаб турганлиги, худди шу куни соат 12-00 да Тошкент шаҳрида жойлашган «Чашмаи нур» кафесида «Бирдамлик» ХДҲнинг навбатдаги Қурултойи олдидан республикамиздаги барча вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасидаги фаоллар иштирокида умумий йиғилиш белгиланганлиги ҳақида ўз вақтида «Бирдамлик» ХДҲнинг Матбуот бўлими Birdamlik.info ва Mulkdor.com сайтларида хабар эълон қилган эди.

Шу куни Қаҳрамонхон Маҳмуд раҳбарлигида ўтказилиши лозим бўлган йиғилиш қатор сабабларга кўра ўтказилмади. Бундай сабаблар сирасига Қаҳрамонхон Маҳмуднинг  тутқинликка олиниши, шунингдек, бир ҳафта олдин йиғилиш ўтказилиши белгиланган, ҳатто 50 фоиз тўлов ҳақи олдиндан тўланган «Чашмаи нур» кафеси раҳбариятинининг  «номаълум сабабларга кўра» биз мижозларга хизмат кўрсатишдан бош тортишини киритишимиз мумкин.

Хуллас, шу куни «Бирдамлик» ХДҲнинг Қурултойолди йиғилиши ўтказилиши белгиланган маскан – Тошкент шаҳар Миробод тумани, Фарғона йўли кўчасида жойлашган «Чашмаи нур» кафеси электр энергиясидан узиб қўйилди, шундай бўлса-да фаолларимизнинг белгиланган манзилда йиғилиш ўтказиш истагида тўпланаётганини сезган ва хавотирга тушган кафе раҳбарияти кўрсатилажак хизмат учун олдиндан тўланган ҳақни қайтарган ҳолда туман Санитария-эпидемиология станцияси топшириғига биноан кафеда оммавий тозалик ишларини ўтказиш лозимлигини рўкач қилиб, «Бирдамлик»чиларни кафе биноси ичидан чиқариб юборди.

Бироқ бу ишларнинг ҳаммаси куч ишлатар тизимлари томонидан уюштирилаётгани ойдин эди…

«Бирдамлик» ХДҲнинг Ўзбекистон Республикаси бўйича раҳбари Қаҳрамонхон Маҳмуд  жорий 20-сентябрь куни савол-жавоб ўтказиш мақсадида такроран Олмазор тумани «Жийдали» маҳалласи қошидаги 203-сонли ички ишлар таянч пунктига чақирилади. «Бирдамлик» фаоли Рўзибой Азимий ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Елена Урлаевалар Қаҳрамонхон Маҳмуд  чақирилган 203-сонли ички ишлар таянч пунктига етиб борганларида Қаҳрамонхон Маҳмудга уйга рухсат берилган бўлади. Лекин шундай бўлса-да, Елена Урлаева ва Рўзибой Азимийлар Қаҳрамонхон Маҳмудга такрор ва такрор ўтказилаётган босимлар сабабини билиш мақсадида участка инспектори Самариддин Салимовга қўнғироқ қилишади. Қўнғироқларга жавоб берилмагач Елена Урлаева Олмазор туман Ички ишлар бўлимига қўнғироқ қилиб, Қаҳрамонхон Маҳмуд билан рўй берган вазиятга доир шикоят қилади. Орада 7 минут ўтгач Олмазор туман Ички ишлар бўлими ходимлари етиб келади ва участка инспектори Самариддин Салимовни чақиртиради. Ички ишлар бўлими ходимлари билан «Бирдамлик» фаоллари ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ўртасида узоқ вақт суҳбат бўлиб ўтади. Гарчи суҳбат дўстона руҳда ўтса-да, ички ишлар ходимлари «Бирдамлик» фаоли, журналист Р. Азимий ва Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Е. Урлаеваларнинг ҳамда жабрланувчи  Қаҳрамонхон Маҳмудга нисбатан кучаяётган тақиб ва босимлар замирида нималар яширинганини, бу ишлар қандай мақсадларда амалга оширилаётганини, ташаббусчилар кимлар эканини очиқ-ойдин айта олмади.

Р. Азимийнинг жорий йилнинг 15-сентябрида Қаҳрамонхон Маҳмуднинг Олмазор туман ички ишлар бўлимида қарийб 9 соат давомида қайси қонунга кўра ушлаб турилганига, «Бирдамлик» ХДҲнинг Ўзбекистон бўйича раҳбарини нега 14- ёки 16-сентябрда эмас, айнан Ҳаракатнинг йиғилиши ўтказиладиган 15-сентябрда тутқинликда сақланиши замирида қандай ҳаракатлар яширинганлигига доир саволлари ҳам жавобсиз қолди.

Биз «Бирдамлик» фаоллари Қаҳрамонхон Маҳмудга нисбатан уюштирилаётган ҳар хил  босимларни оқламаймиз ва ички ишлар ходимлари ҳаракатини адолатсиз ҳаракат деб биламиз.

Демократик давлатларда инсон шаъни, мавқеи ҳар нарсадан устун бўлмоғи лозим. Ўзини демократик давлат дея эълон қилган Ўзбекистон Республикаси ҳам бундай қоидаларга қатъий амал қилиши шарт ва зарур. Ҳар қандай шахсни ноқонуний равишда 9 соат эмас, 9 минут тутқинликда ушлаш демократия тамойилларига том маънода хилоф. Демак, Қаҳрамонхон Маҳмудни 9 соат унга ёки у яшаётган манзилга чақирув қоғози юбормаган ёки шахсан тақдим этмаган ҳолда 9 соат тутқинликда ушлаб турган ИИБ ходимлари адолат принципларига зид ҳаракат қилган.

Қаҳрамонхон Маҳмудни тақиб қилиш ва унга босимлар ўтказишни бас қилинг, куч ишлатар органи ходимлари!

«Бирдамлик» ХДҲнинг Матбуот хизмати

http://birdamlik.info/news/қаҳрамонхон-маҳмудга-нисбатан-босим/

Read also:

МУХОЛИФАТЧИЛАРГА МУНОСАБАТ НЕГА ЎЗГАРМАЯПДИ?
Ҳукуматимиз оилаларнинг бир-бири билан ажрашиб кетишини шунчаки оддий ҳолат сифатида қабул қилишни одат тусига айлантирган. Баъзан бу муаммога эътибор қаратади, баъзан эса эътибор бермайди. Аслида [...]
ҚАҲРАМОНХОН МАҲМУДГА НИСБАТАН БОСИМЛАР КУЧАЙМОҚДА
«Бирдамлик» ХДҲнинг Ўзбекистон Республикаси бўйича раҳбари Қаҳрамонхон Маҳмудга нисбатан босимлар кундан-кунга кучайиб бормоқда. Жорий йилнинг 15-сентябрь куни эрталаб соат 8-00 да Қаҳрамонхон Маҳмуднинг Тошкентдаги уйига [...]
«Бирдамлик» ХДҲнинг Қурултойолди йиғилишига нега барҳам берилди?
Кеча 15-сентябрь куни соат 12-00 да «Бирдамлик» ХДҲнинг Ўзбекистон Республикасида яшовчи фаоллари иштирокида Қурултойолди йиғилиши ўтказилиши керак эди. Бироқ шу куни олдиндан тайёргарлик кўрилган йиғилиш [...]
2015 ЙИЛ ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИМИЗ
БАҲОДИР ЧОРИЕВ 2015 ЙИЛ ПРЕЗИДЕНТЛИК САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИ
Қўлланма-I
Ҳалқ хокимияти, инсон ҳуқуқлари заминидаги, озод ва фаровон Ўзбекистон учун! Қўлланма (биринчи) “Бирдамлик”Ҳалқ Демократик Ҳаракати Фуқаровий фаоллик учун амалий қўлланма АҚШ “Бирдамлик” нашри 2010 йил [...]
Қўлланма-||
  Халқ хокимияти, инсон ҳуқуқлари заминидаги, озод ва фаровон Ўзбекистон учун!   Қўлланма (иккинчи) “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати ФУҚАРОВИЙ ФАОЛЛИК УЧУН АМАЛИЙ ҚЎЛЛАНМА   АҚШ [...]