АЙБЛОВЛАРГА ТЎЛА САЙЛОВ НИҲОЯСИГА ЕТДИ. ОҚЛОВ ФУРСАТИ КЕЛДИ!

13895014_10154505170869260_4163469193894429165_n

Кеча 8-ноябрь куни тушдан кейин АҚШда ўтадиган Президент сайловлари тафсилотларидан хабардор бўлиб бориш мақсадида Интернетга боғландим-қолдим. Сайловнинг расман бошланганига оид илк хабарга Тошкент вақти билан соат 17-30 ларда кўзим тушди. Унгача эълон қилинган хабарларда АҚШнинг турли штатларида, университету корхоналарда ва бошқа масканларда Дональд Трамп билан Хиллари Клинтон ўртасида кечган дебатлар таҳлили, уларнинг сайловолди дастурлари муҳокама қилинди. Трамп ва Клинтонга бағишланган карикатуралар, уларнинг таржимаи ҳоллари, бойликлари, мол-мулклари, икир-чикирлари, ўғирликлари-ю тўғирликлари, ҳатто номзодларга яқин бўлган бошқа, учинчи шахслар ҳаёти ва фаолияти ҳам ёритилди. Хабарлар қозонида бир пайтларда Моника Левинскининг кўйлаги этаги таги чиқарган шов-шувлар ҳам қайта «қайнади». Бу каби мавзулар қарийб ярим йилдан буён турли-туман нашрлару сайтларда ёритилаётгани учун негадир менга унча қизиқ туюлмади. Чунки диққат-эътиборимни сайловгача баҳс ва зиддиятларга, сан-манга бой бўлган сайлов натижалари забт этганди…
Интернетда АҚШ вақти билан эрталабки соат 9-00 даёқ Президент сайлови қизғин паллага киргани эълон қилина бошланди. Сайловларда америкаликлар билан бирга мигрантлар ҳам фаол иштирок этаётгани овоза қилинди. Мени журналистларнинг АҚШда истиқомат қилаётган миллатдошларимиз, аниқроғи, 20 йилдан бери АҚШда яшаётган, 9 марта президент сайловида иштирок этган ўзбекистонлик олим Абдуфаттоҳ Маннапов билан суҳбати ниҳоятда қизиқтирди. А. Маннопов ва 10 йилдан бери АҚШда яшаётган 32 ёшли Жамолиддин исмли юртдошимиз ўз жавобларида кўпчилик қатори энг муносиб номзод Хиллари Клинтонга овоз берганларини билдирди. Бундай жавоблардан мен каби бошқалар ҳам Х. Клинтоннинг ғалаба қозонишига ишонган бўлиши эҳтимолдан ҳоли бўлмаса керак…
Интернет саҳифаларини бирин-кетин турли-туман хабарлар эгаллай бошлади. «Трамп ёки Клинтон?», «Клинтон ёки Трамп», «Трамп ғалабага яқин турибди», «Хиллари Клинтонда ғолиб бўлиш имконияти кўп», «Сайлов ҳал қилувчи паллага кирмоқда», «Трампда ғалаба қозониш имконияти юқори», «Трамп ҳануз олдинда. Аммо ғолибни аниқлашга ҳали эрта», «Штатлар сайлов натижаларини бирин-кетин эълон қилмоқда», «9 та штатда овоз бериш якунига етди», «Клинтон сайловларда олдинда», «Ҳозирча Трамп олдинда бормоқда», «Ғолиб ҳали ҳам аниқ эмас», «Яна 16 штатда овоз бериш якунига етди», «Клинтон Трампдан олдинга чиқиб олди», «Трамп ғалаба қозонадими?», «Сўнгги муҳим штатларда овозлар саналмоқда», «9-ноябрь. Ғолиб ҳали ҳам аниқ эмас» ва бошқа сон-саноқсиз сарлавҳалар остида хабарлар ёритилмоқда. Сайлов участкаларидан тайёрланган репортажлар, суратлар, расмлар, шунингдек, сайлов натижаларини асабийлашган ҳолда томоша қилаётган америкаликларнинг сиёсий фаолликлари кишининг диққатини ўзига тортмай қолмайди…
…Ва, ниҳоят, сайлов натижалари эълон қилинди. «Трамп ғалаба қозонди!». «Хиллари Клинтон Дональд Трампга қўнғироқ қилиб табриклади», «Обама Трампни ғалаба билан табриклади, Клинтонга ҳамдардлик изҳор этди»…
Алқисса, АҚШдаги сайлов қизғин ва баҳс-мунозараларга бой ўтди. АҚШ тарихида кутилмаган ҳолат рўй берди. Бизнесмен Дональд Трамп йирик партия номзодига айланди. У ўнлаб рақибларидан устун келиб, Республикачилар партиясидан президентликка ягона номзод бўлиш бахтига эришди. Сайлов мавсуми бошлангандан то сайлов ниҳоясига етгунча «сиёсатда тажрибасиз»ликда айбланиб келинган ва кимларнингдир таъбири бўйича, бу «бир бизнесмен» ғалаба қозониб, АҚШнинг 45-президенти этиб сайланди.
Холбуки, бундан 2 ой олдин, яъни 8-август куни таниқли сиёсатчи, ўзбек мухолифатининг кўзга кўринган намоёндаси, «Бирдамлик» Халқ-демократик ҳаракати етакчиси, ўзбек ўғлони Баҳодир Хон Туркистоннинг ташаббуси билан АҚШ пойтахти Вашингтон шаҳрида жойлашган АҚШ Давлат департаменти биноси олдида 8-ноябрь куни АҚШда бўлиб ўтажак президент сайлови олдидан Республикачилар партиясидан ўз номзодини илгари сурган Дональд Трамп номзодини қўллаб-қувватлашга қаратилган очиқ акция ўтказилган эди. Ушбу акцияда бир қатор ўзбекистонлик мухолифатчилардан ташқари Дональд Трамп номзодини қўллаб-қувватловчилар ҳам иштирок этганди. Сир эмас, айнан ушбу акциядан кейин Трамп номзодини танлаган Баҳодир Хон Туркистонни кўпчилик юртдошларимиз сиёсий нўноқликда, узоқни кўра олмасликда айблаган эди. Бундай абловлар сайлов кунигача ва ҳатто сайлов кетаётган чоғда ҳам давом этганди. Бироқ, олий ҳакам бўлмиш вақт ҳаммасини кўрсатди. Баҳодир Хон Туркистоннинг Дональд Трампнинг ғалаба қозонишига қатъий тарзда билдирган ишончи унинг халқпарвар, халқнинг хоҳиш-иродасини теран биладиган шахс, узоқни кўра оладиган сиёсатчи эканини тўла намоён қилди, десак эҳтимол адашмаган бўлармиз. Ваҳоланки, тили-ю дили, дини-ю дунёқараши тамомила бошқача бўлган халқнинг қалб туғёнларини билиш, англаш, ҳис қилиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайдиган иш экани, шубҳасиз, аниқ. Бугун ўзбек ўғлонининг бундай ишларни эплаётгани бизнинг фақат ютуғимиздир. Демак, ҳукуматимизнинг Баҳодир Хон Туркистондай узоқни кўра оладиган шахсларни ўз юртига қайтариши, таклиф қилиши, унга иш бериши, тажрибасидан унумли фойдаланиши давр талаби саналади. Қолганини юқорида айтганимиздай, олий ҳакам — вақт кўрсатади!
Хуллас, АҚШдаги сайлов айблову оқловларга тўла тарзда ўтди. Х. Клинтон Д. Трампни, Д Трамп Х. Клинтонни турлича айблар билан айблади, Трампни қўллаган Баҳодир Хон Туркистон ҳам турли хил айбловлардан четда қолмади. Ўзимизникилар ўзагидан олди. Эндиликда бир-бирини сиёсий нўноқликда ва бошқа қусурларда айблаганларнинг бир-бирини оқлови мавриди келди.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info