«Бирдамлик» Баёноти ДХХга етказилди

2018 йил 5 апрель куни мухолифатдаги «Бирдамлик» Халқ Демократик ҳаракатининг Ўзбекистондаги раҳбари ва фаоллари Ҳаракат раҳбари Баҳодир Хон Туркистоннинг «Мухолифатдаги «Бирдамлик» Халқ Демократик ҳаракати ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаевнинг мухолифатга қарши билдирган танқидий муносабатини қоралайди», деб номланган Баёнотни топшириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат Хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар Мустақиллик майдони яқинида жойлашган марказий биносига бордилар.

Республика ДХХнинг марказий рухсатномалар бюроси навбатчиси «Бирдамлик» фаолларининг мақсадини эшитгач, ДХХнинг Хатлар бўлими Тошкент шаҳар Шайҳонтоҳур тумани Абдулла Қодирий кўчасида жойлашганлигини тушунтириб, ана шу манзилга юбордилар.

«Бирдамлик» фаоллари ДХХнинг Хатлар бўлими жойлашган бинога бориб, навбатчи зобитдан ДХХ раиси И.Б. Абдуллаев номига Баёнот топшириш учун Хатлар бўлимига кириш бўйича рухсат сўрадилар. Бироқ, навбатчи зобит «Бирдамлик» фаолларининг бино ичига киришига изн бермади. У фаолларга нисбатан қўпол муносабатда бўлиб, бино ичига кириш учун раҳбар номига алоҳида хат ёзиш кераклигини, бинога кириш-кирмаслик ана шундай мазмундаги хатга раҳбар жавобидан кейин маълум бўлишини алоҳида таъкидлаб, Баёнотни бино эшиги олдида жойлашган хатқутига ташлаб кетиш мумкинлигини билдирди. Бундан ташқари, навбатчи зобит бинони расмга олишга ҳам изн бермади, шу тариқа фақат Баёнот солинган конвертнинг расмини олишга мажбур бўлинди.

Фаолларнинг «Баёнотнинг манзилга етиб борганлигини қандай билишимиз мумкин», деган саволига ДХХ навбатчи зобити «ҳар қандай хат тегишли одам қўлига албатта етиб боради», деган жавоб берилди ва шу тариқа Баёнот ДХХ хатқутисига солинди.

«Бирдамлик» ХДҲ ДХХдаги бундай бюрократик усулдан қониқиш ҳосил қилмаганлиги боис Баёнотни буюртма почта орқали такроран жўнатишга қарор қилди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур Баёнот «Бирдамлик» ХДҲ раҳбари томонидан Олий Мажлис Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлисида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси Ихтиёр Абдуллаевнинг «Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги қонун юзасидан чиқишида мухолифат ташкилотлари ва фаолларини жиддий танқид остига олиб қоралагани, мухолифатни барқарорликни издан чиқарувчи куч, деб талқин этганига асосланган ҳолда тайёрланган. Шунингдек, Баёнотда Ўзбекистон ҳукуматидан мухолифатдаги нозўравон кураш тарафдори бўлган «Бирдамлик» Халқ Демократик ҳаракатини қонуний рўйхатдан ўтказиш, Давлат хавфсизлик хизмати раиси Ихтиёр Абдуллаевдан мухолифатдаги нозўравон кураш тарафдори бўлган «Бирдамлик» Халқ Демократик ҳаракати фаолиятига объектив  баҳо бериш сўралган.

«Бирдамлик» ХДҲ матбуот хизмати

Copyright © 2018 Birdamlik.Info