«Бирдамлик» Халқ Демократик Ҳаракати 13 ёшда!

 

Ўз фаолиятини 2004 йил 10-апрелда бошлаган «Бирдамлик» Халқ Демократик ҳаракати ўтган йиллар ичида эл-юрт орасида ўз нуфузига, обрўйига, мартабасига эга бўлди. Фаолиятини бошлагандан то бугунги кунгача Ўзбекистондаги сиёсий режимга қарши нозўровон усул билан курашиб келган Ҳаракат номи айни пайтда нафақат Ўзбекистонда, балки узоқ-яқин хорижий мамлакатларда ҳам яхши таниш.

«Бирдамлик» ХДҲ ташкилот раҳбари, таниқли сиёсий арбоб, нуфузли мухолифатчи Баҳодир Хон Туркистон раҳнамолигида ўтган 13 йил ичида мамлакатимиздаги сиёсий режимга қарши юзлаб тинч норозилик намойишларини уюштиришга, ҳар хил сиёсий тадбирлар, Ҳаракатнинг биринчи ва иккинчи қурултойларини ўтказишга муваффақ бўлди.

Ҳар қандай қийинчиликларга, дўқ-пўписаларга, таъна-ю дашномларга туҳмату бўхтонларга, таъқибу тазйиқларга қарамай ҳақиқатни қарор топтириш, адолатни тиклаш йўлидаги фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида холисона курашди ва бу жараённи бугунги кунга қадар давом эттириб келмоқда. Шу боисдан ташкилонинг сафи кундан-кунга сезиларли даражада кенгаймоқда.

Шу пайтгача фақат ўз кучи ва салоҳиятига, тажриба ва билимига таянган ҳолда фаолият юритиб келаётган, мамлакатимизда ҳуқуқий, адолатли демократик давлат барпо этишга ҳисса қўшиш мақсадида астойдил ҳаракат қилаётган, сиёсий, иқтисодий ва бошқа ислоҳотларга оид қатор ғоялари билан халқ ичида обрў-эътибори ошиб бораётган «Бирдамлик» ХДҲ ўзининг 13 йиллигини нишонламоқда.

Ишончимиз комилки, Ҳаракатимиз келгусида ўз олдига қўйган мақсадларга, албатта эришади. Биз, «Бирдамлик» ХДҲга, унинг миллатпарвар, ватанпарвар, жонкуяр раҳбарига ҳамда барча аъзоларига бу йўлда собитқадамлик, матонат ва муваффақиятлар тилаймиз!

«Бирдамлик» Халқ  Демократик ҳаракати матбуот хизмати

Copyright © 2018 Birdamlik.Info