“Ислоҳотларнинг реал механизми бизда бор” (Баҳодир Чориев билан биринчи суҳбат)

Ўзбекистонда Президентлик сайловлари бошланаркан, бир қатор мухолифат вакиллари ҳамда демократик фаоллар бу сайловларга альтернатив тарзда, виртуал сайлов ўтказиш ташаббуси билан чиқдилар. Мухбиримиз мазкур ташаббус муалллифи, “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати раиси, Ўзбекистон Президентлигига номзод Баҳодир Чориев билан суҳбатлашди. Қуйида ушбу суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Bahodir ChoriyevМухбир: – Президентлик сайловидаги номзодларнинг барчаси ислоҳотлар ҳақида гапиради. Баҳодир Чориевнинг дастури нимаси билан фарқ қилади?

Баҳодир Чориев: – Тўғри, ислоҳотлар ҳақида бугун деярли ҳамма гапирмоқда, ҳатто Ўзбекистондаги номзодлар ҳам. Аммо, биз нафақат ҳар бир соҳада ислоҳотлар таклиф этиб келамиз, балки бу ислоҳотларнинг конкрет механизмларини ҳам тақдим этиб келамиз. Булар ҳам тарих синовидан ўтган, ҳамда бугунги кунда дунёнинг энг ривожланган давлатларида амалда қўлланилаётган механизмлардир. Ҳам Ғарб, ҳам Шарқ ўлкаларида ишлаётган механизмлар Ўзбекистонда ишламаслиги мумкин эмас, фақат уларни татбиқ этиш лозим холос. Яъни ҳар бир соҳада қонун устиворлигини йўлга қўйсангиз, ва унга давлатнинг аралашувини минимумга туширсангиз, ана шунда вазият ўнгланади, ва ислоҳотлар амалга ошади. Бугунги ҳукуматнинг энг катта хатоси ҳам шундаки, қонунларни қабул қилади, аммо бу қонунларга биринчи бўлиб унинг ўзи амал қилмайди!

Муҳбир: – Хўп, сиз вазиятни қандай ўзгартирмоқчисиз, ишни нимадан бошлайсиз?

Баҳодир Чориев: – Биз биринчи навбатда Сўз Эркинлигини таъминлаймиз. Бугунги ҳукумат сўз эркинлигини бўғиб келмоқда. Модомики сўз эркинлиги бўғилар экан, ҳеч бир соҳада муаммолар ҳақида гапириш, уларни муҳокама этиш, уларнинг ечимини топиш имконсиздир.

Бугунги ҳукумат фермерликни тўғри йўлга қўёлмади, биз фермерларга кенг эркинликлар берамиз, давлат иқтисод ва тадбиркорлик ишларига аралашмайди..

Ер тўлиқ хусусийлаштирамиз ҳамда ватандошларимизга бир умрга берамиз. Ана шундагина оддий фуқаро Ернинг ҳақиқий эгасига, мулкдорга айланади. Ўз ерини эркин тасарруф этиши, олиб-сотиши, совға қилиши, ижарага бериши, ўз ерида завод ва фабрикалар қуриши, қўшма корхоналар очиши ва, умуман, қонунда таъқиқланмаган ҳар қандай фаолиятни олиб бориши мумкин бўлади.

Ерга давлат эгалигини сақлаб қолиб, уни одамларга ижарага бериш (масалан 49 ёки 99 йилга), ватандошларимизни мулкдор қилмайди. Бошқа тарафдан, ҳокимият ва сиёсати ўзгариши билан, давлат истаган пайтда ерни тортиб олиши мумкин.

Ер масаласини узил-кесил ҳал қилишнинг йўли – уни халққа бир умрга беришдир, чунки бу ватаннинг тупроғи ва ундаги барча ерости ва ерусти бойликлар, шу ватанда яшаётган халқнинг ҳаққидир.

Кичик ва ўрта тадбиркорликни қўллаш тизим сифатида амалга оширилади. Тадбиркорларга турли қулайлик ва имтиёзлар берилади.

Ер эгаси ўз ерини эркин тасарруф эта олиши лозим, яънипахта, ғалла, шоли, пилла каби кўп йиллар давомида давлат буютмасига боғлаб қўйилган советча иқтисодни ҳам бекор қиламиз.

Мақсадимиз – давлат тепасида эмас, халқ ичида кўпайсин бойлар. Бунинг ягона йўли – Мулкдорлик тузумидир.

Мухбир: – Бойлар ҳақида кўп гапираётганингиздан, сиз қурмоқчи бўлган жамият фақат бойлар жамияти экан-да, деган фикр туғилмайдими?

Баҳодир Чориев: – Фақат бойлар фаровон яшайдиган жамият бугунги ҳукуматнинг қурган жамиятидир. Аксинча, биз қурмоқчи бўлаётган жамият Оммавий Мулкдорлик жамияти бўлади. Бу жамиятда Ўзбекистоннинг ерости ва ерусти бойликларидан келган даромадлар, халқимизнинг ўз ҳалол меҳнати ортидан топган даромадлари асосида қашшоқлик йўқотилади ва халқимизнинг турмуш даражаси ортади. Иқтисоди ривожланган мамлакатлар, АҚШ, Канада, Германия, Франция, Англия, Италия, Япония, Жанубий Корея, Малайзия ва Туркия каби мамлакатлардаги тараққиётнинг бош омили – хусусий мулк омилидир, яъни мулкдорлик тузумидир. Биз эса бу тажрибани Ўзбекистонда амалга оширамиз.

Мухбир: – Булар жуда катта ваъдалар. Уларни қайси йўл билан амалга оширмоқчисиз?

Баҳодир Чориев: – Бу саволингизга юқорида қисман жавоб бериб ўтдим. Умумлаштириб шуни айтишим мумкинки, бу мақсадларга бемалол эришиш мумкин, бунинг учун аввало ички ва ташқи резервларни ишга солиш лозим, мамлакат ичидаги ва хориждаги тадбиркорларнинг эркин фаолият юритишига халал берувчи барча тўсиқларни олиб ташлаш лозим. Қачонки Ўзбекистонда давлатнинг иқтисод ва тадбиркорликка аралашуви минимумга туширилсагина, мамлакатимизда эркин ва либерал иқтисодни йўлга қўйиш мумкин бўлади.

Мухбир: – Дастурингизда мамлакат чегараларини очиб ташлаш ҳақида ҳам айтилади. Бундай сиёсат хавфсизлигимиз нуқтаи назаридан қанчалик ўзини оқлайди?

Баҳодир Чориев: – Чегаралар шусиз ҳам мустаҳкам. Бирор жиддий хавф туғилгудек бўлса, масалани бир неча соатда ҳал қилиш мумкин. Биз, аксинча, шаффоф чегаралар тарафдоримиз. Биз биринчи навбатда қўшни давлатлар билан сиёсий алоқаларни яхшилашимиз лозим, улар билан иқтисодий ва, айниқса, маданий алоқаларни кучайтиришимиз лозим. Мамлакатда саноат ва қишлоқ хўжалиги махсулотларининг импорти ва экспорти учун кенг йўл очиб бериш лозим.

Мухбир: – Сизда бу ишларнинг конкрет механизми борми?

Баҳодир Чориев: – Механизми шундан иборатки, ҳар бир вазирлик ўз соҳасидаги ислоҳотларни ўзи ўтказади. Масалан, Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг қарор ва кўрсатмаларида фермерларга халқаро нормалар даражасидаги эркинликлар берилади. Фермерлар ўз ерларини қандай тасарруф қилиш, нима экиш, кимга ва қанчага сотишда мутлақо эркин бўлади.

Саноат соҳасидаги ислоҳотларни ўтказиш ҳам ушбу соҳадаги мутахассисларига юклатилади. Айни мутахассислар ёрдамида СССР давридаги завод ва фабрикаларни бугунги стандартларда қайта тиклаймиз ва янгиларини қурамиз. Бир неча йилда фермерлар, фабрикантлар ва бизнесменлар орасида катта бойлар пайдо бўлади.

«Халқ бойиса мамлакат ҳам бойийди», деган гап тўғри, аммо бугун фақат қоғозда қолмоқда.

Аслида бундай бўлмаслиги керак, одамларимиз ўта ақлли, ишбилармон, улар орасидаги бизнесменлар, фермерлар, банкирлар бор, фақат уларнинг фаолият юритиши учун нормал шароитлар яратиб берсангиз, иш соғлом кетаверади.

Мухбир: – Сиз мамлакат ичкарисидаги тадбиркорлар ҳақида гапиряпсиз. Хорижда ҳам Ўзбекистонга ачинадиган, бу мамлакатнинг манфаатларига ўгай кўз билан қарамайдиган табдиркорлар борми?

Баҳодир Чориев: – Бор! Улар биринчи навбатда Ўзбекистондан, собиқ Туркистон тупроқларидан турли йилларда хижрат этишга мажбур бўлган тадбиркорлар, фабрикантлар, банкирлардир! Биз уларга Ўзбекистонга келиб, қонун доирасида иш юритишлари, фабрика ва заводлар, банклар қуришларига йўл берамиз. Уларнинг аксарияти ватанпарвар инсонлардир. Ана улар мамлакатимиз ва халқимизнинг бойишига ҳисса қўшадилар… Улар орқали мамлакатимизга жонли инвестициялар кириб келган бўлади.

Мухбир: – Ўзингиз ҳам ўз даврида тадбиркор, кейин акционерлик жамияти раҳбари бўлгансиз. Эҳтимол, шунингиз учун ҳам кўпроқ моддий бойликларга эътибор қаратаётгандирсиз. Чет эллик инвестицияларни Ўзбекистонга келтирсангиз, улар эртага аҳоли маънавиятига салбий таъсир ўтказмайдими? Ахир улар бутунлай бошқа бир муҳитда тарбия топишган ва бошқа бир шароитда тадбиркор бўлишган-ку?

Баҳодир Чориев: – Улар қайси шароитда униб-ўсган бўлмасин, барибир ўзбеклардир! Аксинча, чет элдаги ўзбеклар, ва умуман туркистонликларни келтириш орқали мамлакатимизга янги бир маданият, янгича бир маънавият, янгича яшаш тарзи, янгича иш юритиш ва бошқариш кириб келади. Улар янги сармоялар жалб қилади, янги корхоналар очади, халқимизга янги иш ўринлари яратилади.

Биз келажакда дунёдаги барча ўзбекларга Ўзбекистон фуқаролигини олиш имконини берамиз, бунинг учун миллати ўзбек бўлиши ҳамда ўзбек тилини билиши кифоядир.

Мухбир: – Булар келажакда. Аммо бугун хориждаги мардикор ўзбеклар масаласи-чи?

Баҳодир Чориев: – Мулкдорлик тузумида чет элга ишлаш учун чиқадиганлар фақат юқори малакали мутахассислар бўлиб, улар катта маошлар эвазига ишлайдиган профессионаллар бўлади. Биз қурадиган давлат фуқароларнинг оммавий мулкдорлигига таянган бўлади. Давлат уларни дунёнинг ҳар бир бурчагида ҳимоя этади ва уларнинг ўсиб-униши, таълим олиши, ва етук мутахассислар бўлиб етишиши учун барча шарт-шароитлар яратиб беради.

Ўзбекистон аҳлининг ижтимоий-иқтисодий ҳимояси, билим олиши, тиббиёт хизматидан фойдаланиши, нуфузли касбларни эгаллаши ва ўз малакаларини давомли ошириб бориши учун имкониятни фақат мулкдорлик тузуми таъминлаб беради.

Мухбир: – Қизиқарли суҳбатингиз учун раҳмат! Кўзлаган режаларингизда омад тилаймиз .

“Туркистон тонги”

Copyright © 2018 Birdamlik.Info