Кўмак марказининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди

"Кўмак маркази" гуруҳининг навбатдаги йиғилиши
«Кўмак маркази» гуруҳининг навбатдаги йиғилиши

Жорий йилнинг 21 август куни Тошкент шаҳрида «Кўмак маркази» гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда марказ гуруҳи аъзолари ва унинг беминнат хайрихоҳлари иштирок этди.

Йиғилишни «Кўмак маркази» гуруҳи етакчиси, «Бирдамлик» Халқ Демократик ҳаракатининг аъзоси Дилором Исҳоқова олиб борди. Йиғилишда марказ фаолиятига оид фикр-мулоҳазалар тингланди, гуруҳ фаолиятини янада жонлантириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди, жойларда ўтказилган учрашувлар ҳақида гапирилди. Шунингдек, йиғилиш иштирокчилари томонидан марказ хатқутисига келиб тушган ва бевосита мурожаат қилган шахслар, мухолифат фаолларининг хатлари ўрганилиши билан бирга, ҳисоботлар тингланди.

«Кўмак маркази» гуруҳи етакчиси Дилором Исҳоқова Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларига уюштирилган сафарларга оид таассуротлари, мухолифат фаолларининг турмуш тарзи, аҳволи, фаолиятлари ҳақида гапирди.

— Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидаги Алақарға қишлоғида яшовчи Рўзимуродовлар хонадонида бўлдик, – дейди Д. Исҳоқова. — Собиқ депутат, марҳум Шовруҳ аканинг турмуш ўртоғи Рўзиҳол Рўзимуродова ва фарзандлари даврасида Шовруҳ акани хотирладик. Самарқанд вилоятида ҳам бир қатор мухолифат фаоллари, жумладан, Иштихон туманида яшовчи, сиёсий фаолияти учун қамалган ва 6 йиллик қамоқ жазосидан кейин озодликка чиққан мухолифат фаоли Норбой Холжигитов билан учрашдик. Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрига уюштирган сафаримиз давомида режим қурбони бўлган, қамоқхоналарда вафот этган ва айни пайтда қомақхоналарда сақланаётган, шунингдек, темир панжара ортидан чиққан маҳбуслар хонадонларида бўлиб, уларнинг оила аъзолари билан бир пиёла чой устида гурунглашдик. Озодликка чиққан собиқ маҳбуслар билан дилдан суҳбатлашдик. Сангороддаги қамоқхонада оламдан ўтган қўқонлик Қаҳрамон Ҳамидовни, бир неча марта қамалиб чиққан марҳум Анвар Юнусов, Фазлиддин Низомиддиновларни хотирладик. Сиёсий фаолияти учун озодликдан маҳрум этилган Ҳамдам Сулаймоновнинг бошдан ўтказган воқеаларини эшитдик.

IMG_0026

IMG_0037

Йиғилишда, шунингдек, тажрибали мухолифатчи Искандар Худойберганов, Санжарали Назаров ва бошқа беминнат хайрихоҳлар ҳамда фаолларнинг «Кўмак маркази»га оид фикр-мулоҳазалари тингланди. Йиғилиш иштирокчилари АҚШ Давлат департаментидан Ўзбек мухолифатига грантлар ажратиш тажрибасини қайта тиклаш, ўзбек мухолифати учун ажратилган, аммо ўзлаштирилмай қолган маблағни ўзлаштириш йўлида қилинаётган саъй-ҳаракатларнинг таҳсинга лойиқ эканини таъкидладилар.

Зеро, Ўзбекистонда демократик ислоҳотлар ўтказиш учун курашиб жабрланган, соғлигини йўқотган мухолифатчиларга соғликларини тиклашда ёрдам бериш, мухолифат сафида фаолият юритаётган сиёсатчилар, инсон ҳуқуқлари фаоллари, мустақил журналистлар ва хайрихоҳларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарздир.

«Кўмак маркази» матбуот бўлими

Copyright © 2018 Birdamlik.Info