МУХОЛИФАТНИНГ ТАРҚОҚЛИГИ ЭНГ КАТТА МУАММО

noname

Искандар ХУДОЙБЕРГАНОВ:

МУХОЛИФАТНИНГ ТАРҚОҚЛИГИ ЭНГ КАТТА МУАММО

Искандар Худойберганов 1942 йил 29 сентябрда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўрта мактабни тугатгандан кейин 1960 йилда Ўрта Осиё давлат университети (кейинчалик ТошДУ, ҳозирги кунда ЎзМУ)нинг география факультетига ўқишга кириб, уни1966 йилда битирган. Иш фаолиятини талабалик йилларидан бошлаган И. Худойберганов 1965 йилда Тошкентдаги Геология институтига лаборант бўлиб ишга жойлашган. 1967 йилдан то 1994 йилгача Тошкент Давлат Университетида фаолият юритган. 1994-1998 йилларда Космик табиатшунослик миллий марказида ва Геоахборот ва кадастр миллий марказида фаолият юритган. 1996 йилдан бери мухолифат сафида.

— Искандар ака, аввало, «Кўмак маркази» гуруҳи ишларига хайрихоҳлик қилаётганингиздан, фаолиятларига яқиндан ёрдам бераётганингиздан беҳад миннатдор эканимизни билдирамиз. Кенг жамоатчилик яқинда мазкур гуруҳ Тошкентда ўзининг биринчи йиғилишини ўтказганидан, унда Сиз ҳам иштирок этганингиздан хабардор. Умуман айтганда, «Кўмак маркази» гуруҳининг ўз олдига қўйган мақсад ва вазифалари ҳақида қандай фикрдасиз?

— Гарчи «Кўмак маркази»нинг ташкил топганига унчалик кўп вақт бўлмаса-да, мазкур гуруҳ нафақат мухолифат вакиллари орасида, балки кенг халқ оммаси ўртасида ҳам танила ва ўзига хос мавқега эга бўла бошлаганини алоҳида эътироф этсак арзийди. Дарҳақиқат, «Кўмак маркази» гуруҳи асосчилари, аниқроғи, таниқли сиёсатчи, «Бирдамлик» Халқ демократик ҳаракати лидери, ўзбек мухолифатчилари орасида ўз овози ва ўрнига эга Баҳодир Чориев етакчилигидаги жамоа ўз олдиларига аниқ ва пухта мақсад-вазифалар қўйган. Хабарингиз бор, «Кўмак маркази» гуруҳи ўзларининг асосий эътиборини Ўзбекистонда демократик давлат пойдеворини янада мустаҳкамлаш йўналишларига оид ишларда иштирок этган ва этаётган, аммо бундай ишлари туфайли ҳукумат томонидан турли хил таъқибу тазйиқларга учраган ва учраётган шахслар, жумладан, сиёсий ҳаракатлар, партиялар, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ишлари билан шуғулланувчи ташкилотлар, марказлар, ҳуқуқбонлар, журналистларга имкониятдан келиб чиққан ҳолда ёрдам беришга қаратган. Демак, «Кўмак маркази» гуруҳининг ўз олдига қўйган мақсад ва вазифалари ҳар томонлама таҳсинга лойиқ, буни мен каби бошқалар ҳам ижобий баҳоласа керак.

— «Кўмак маркази»га турли тоифа вакилларидан аризалар келиб тушмоқда. Улар орасида бошқа мухолиф партиялар вакиллари аъзоларининг аризалари ҳам бор. Сиз бу омилни қандай тушунасиз?

— Ҳа, дарҳақиқат, бугунги кунда Марказга кўмак сўраб ариза билан мурожаат қилаётган шахслар орасида ҳар хил партияга аъзо бўлган вакиллар бор. «Кўмак маркази» гуруҳининг улар томонидан ёзилган аризаларни холисона тарзда ўрганаётгани, имкониятдан келиб чиққан ҳолда ёрдам кўрсатаётгани ҳар томонлама таҳсинга лойиқ. Бу омил, нафақат «Кўмак маркази» гуруҳининг нуфузи ошишига, балки келгусида «Бирдамлик» ХДҲнинг сафи кенгайишига, қолаверса, бугунги кунда ниҳоятда тарқоқ бўлган мухолиф партия ва ҳаракатларнинг жипслашиши ва уюшишига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Менимча, таъсисчилар бу каби ҳаракатлари орқали ўзларининг инсонпарварлик, одамийлик, бағрикенглик, тушунувчанлик ҳислатлари нақадар устунлигини баҳоли қудрат намойиш эта олди, десам муболаға бўлмас.

— Кўпчилик қатори Сиз ҳам ўзбек мухолифатчиларининг бугунги кунда ниҳоятда тарқоқ эканини тилга олдингиз. Ҳақиқатанан мухолифатдаги сиёсий ташкилотлар ўртасида уюшқоқлик йўқми?

— Бугунги кунда Ўзбекистоннинг амалдаги ҳукуматига бир неча партия ва ҳаракатлар, жумладан, «Бирдамлик» ХДҲ, «Эрк» ва «Бирлик партиялари мухолиф эканини, ана шу ҳаракат ва партияларга аъзо бўлган, улар билан ҳамкорлик қилган ва қилаётган бир неча шахсларнинг ҳаёти, фаолияти, тақдири, турмуш тарзини эндиликда кўпчилик яхши билади, десак хато қилмаймиз. Фурсати келганда, мазкур партия ва ҳаракатлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик, ҳамжиҳатлик, уюшқоқлик деярли йўқлигини айтиб ўтишни хоҳлардим. Масалан, «Эрк» «Бирлик»нинг, «Бирлик» «Бирдамлик»нинг фаолиятини, сиёсий позицияларини танқид қилиш билан овора, улар ўртасида бир-бирларининг ишларига тўғаноқ бўлиш каби омиллар ҳам йўқ эмас. Бу жуда нотўғри. Менимча мухолифатнинг тарқоқлиги энг катта муаммо ҳисобланади. Мазкур муаммонинг ечими фақат ва фақат юқорида номлари зикр этилган сиёсий ташкилотлар лидерларига боғлиқ. Бу борада «Бирдамлик» ХДҲ томонидан озми-кўпми ҳаракат қилинаяпти. Аммо бу каби ҳаракатлару уринишлар камлик қилади. Улардан ўз сафларини мунтазам равишда ягона мақсадга хизмат қиладиган, Ўзбекистонимиздаги мавжуд муаммолар ечимига ёрдам берадиган зиёлилар, оқу қорани яхши тушунадиган сиёсатчилар, бир сўз билан айтганда, ақлли инсонлар билан тўлдириб бориши тақозо этилади. Бунинг учун халқ ичига кўпроқ кириши, халқнинг қалбига қулоқ тутиши, оммага ўзларининг сиёсий йўналишлари моҳиятини дадил тарзда тушунтириб бориши керак.

— Искандар ака, сир бўлмаса, ўзингиз мухолифат сафига қай тариқа киргансиз?

— Ёшлигимдаёқ ҳар қандай адолатсизликларга бардош бера олмасдим. Ноҳақликларга рўбарў келсам индамай туролмасдим. Университетда таҳсил олиб юрган чоғимда ҳам домлалар томонидан бирор адолатсизликка йўл қўйилса жаҳлим чиқарди. Мана шундай характерим туфайли факультетимиздаги кафедра ўқитувчилари билан келишолмасдим. Аслида география соҳасидан геология соҳасига ўтиб кетишимга ҳам ноҳақликларга «душман»лигим сабаб бўлган. Мухолифат сафига киришимга балки шу «қилиқларим» туртки бергандир. Аслида амалдаги ҳукумат сиёсатига қарши чиқувчилар кеча ёки бугун пайдо бўлмаган. Бу каби ҳаракатлар азалдан мавжуд. Қамчисидан қон томиб турган совет даврида ҳам, СССР парчаланиши арафасида ҳам мухолифатчилар бўлган. Бунга Михаил Горбачёвнинг сиёсатига қарши чиққанларни мисол қилиб айтсак бўлади. Айниқса, М. Горбачёвнинг 1987 йилда газеталарда «К новому демократическому социализму» мақоласи эълон қилинган чоғда бу яққол кўзга ташланган. Шундан келиб чиққан ҳолда айтмоқчиманки, ҳамма замонларда бўлган мухолифат бугунги кунда ҳам керак ва зарур. Ҳукумат мухолифатчиларга душман сифатида эмас, дўст сифатида қараши лозим. Чунки мухолифат бўлмаса тараққиёт, ривожланиш бўлмайди. Бироқ, афсуски, бизнинг замонимизга келиб мухолифатчиларга «халқ душмани», «ватан хоини», «сиёсатга қарши аксилтарғиботчи» деган тамғалар босиш авж нуқтага чиқиб кетди. Бу тўғри эмас. Бизда сиёсий маданият етишмаётгани бу каби салбий ҳолатларнинг юзага қалқиб чиқишига туртки бермоқда. Агар диққат билан эътибор бериб қарасак, аслида мухолифат сизу бизга эмас, балки кўпроқ давлатга керак. Давлатимиз раҳбарлари мухолифатчилар фикрларидан ўринли хулоса чиқара олса мамлакатимиз тараққиёт сари юз тутади. Борди-ю мухолифатчилар томонидан халқ манфаатларига зид саъй-ҳаракатлар илгари сурилган тақдирда ҳам ҳукумат бундай омилларга дипломатик нуқтаи назардан ёндошиши шарт. Ҳозирги кунда нафақат мухолифатчилар, балки давлат билан мухолифат ҳам бир-бирлари билан ҳамкорликда иш қилмоқлари лозим, бир-бирларининг хатоларини тўғрилаб, фақат халқ манфаати, юрт келажаги, эл фаравонлиги учун олдинга томон интилмоқлари керак.

Искандар ака суҳбатимиз жараёнида сиёсат, иқтисодиёт, қишлоқ хўжалигига оид ўз фикрларини очиқ-ойдин айтдилар. Сиёсатнинг санъат эмаслигини, унинг алоҳида фан эканини, иқтисодиётни либераллаштириш ва эркинлаштириш муҳим аҳамиятга эгалигини, иқтисод чегара ичида яшай олмаслигини, мамлакатимизда иқтисодиётни ривожлантириш учун қулай вазият яратилмаганини, бу борада глобализация ва интеграция бўлиши кераклигини, ишбилармонларга, ерга, ердорларга, фермерларга нисбатан муносабат мутлақо талабга жавоб бермаслигини, ер деҳқонларга тўлиқ берилиши лозимлигини, нафақат оддий ишчи-ю деҳқон балки соҳа мутахассислари ҳам классификация, систематиканинг нималигини билмаслигини куюниб гапирдилар.

Суҳбатдош: Рўзибой Азим

Copyright © 2018 Birdamlik.Info