МУХОЛИФАТЧИЛАР ФИКРИ ИНОБАТГА ОЛИНИШИНИ ТАЛАБ ҚИЛАЙЛИК!

“Бирдамлик” халқ демократик ҳаракатининг раиси Баҳодир Чориев
“Бирдамлик” халқ демократик ҳаракатининг раиси Баҳодир Чориев

Қадрли ватандошлар, ҳурматли мухолифат фаоллари, азиз маслакдошлар! Биз, «Бирдамлик» ХДҲнинг етакчиси ва барча аъзолари жорий йилнинг 4-декабрь куни бўлиб ўтажак Президент сайлови демократия тамойилларига асосан, халқаро андозаларга мос равишда, адолатли ва ҳаққоний ўтказилиши тарафдори эканимизни, шу билан бирга, Сиз азиз мухолифат фаоллари ва барча маслакдошларимиз билан мамлакатимиз тақдири ва келажаги йўлида бирлашишга тайёрлигимизни расман билдирмоқчимиз.

Ҳурматли юртдошлар! Сизга яхши маълумки, айни пайтда Ўзбекистон синовли кунларни бошдан кечирмоқда. Биз барчамиз марҳум президент Ислом Каримовнинг бевосита ва билвосита жабрдийдалари, унинг агрессияга асосланган, демократияга хилоф, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини поймол қилувчи сиёсати қурбонларимиз. Сизу биз шу кунгача мамлакатимизни 25 йилдан кўп узлуксиз ва Конституцияга хилоф равишда бошқариб келган И. Каримов ва каримовчилар сиёсатига қарши ўз иқтидоримиз ва салоҳиятимизга яраша курашиб келдик. Мамлакатимизда ҳуқуқий, адолатли демократик давлат барпо этишга ҳисса қўшиш мақсадида астойдил ҳаракат қилдик. Гарчи бизнинг барча ҳаракатларимиз мавжуд тузум таъсирида самарасизликка учраган бўлса-да, биз бир сония ҳам курашдан тўхтамадик ва бу йўлда чиниқиб бордик. Бугун давр, замон сизу бизнинг бирлашишимизни, поймол бўлаётган Конституциямиз устида қайғуришимизни тақозо қилмоқда. Ҳа, дарҳақиқат, Бош Қомусимиз — Конституциямиз шу кунгача топталди, кимларнингдир манфаатига мослаштирилган ҳолда ўзгаришларга юз тутди. Мен шу ўринда фурсатдан фойдаланиб, Ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн биринчи сессиясида 1992 йил 8-декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ҳаётда ўз ифодасини тополмаётган айрим моддалари хусусида тўхталсам.

Сизга яхши маълумки, Конституциямизнинг II боби «Халқ ҳокимиятчилиги» деб номланади. Ана шу бобнинг 7-моддасида: «Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир», дейилган. Аммо реал ҳаётимизда қандай? Ҳақиқатанан халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаими? Мен бу саволга баралла «йўқ» деб жавоб бера оламан. Бундай жавоб беришимга давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи бўлмиш халқнинг ҳамиша эътибордан четда қолаётганини, давлатни бошқарув ишларида халқнинг хоҳиш-иродаси, фикри, қарашлари инобатга олинмаётганини ва бошқа сон-саноқсиз омилларни сабаб сифатида кўрсатсам хатога йўл қўймайман. Менимча, Бош қомусимизга мувофиқ ҳолда халқни давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаига айлантириш учун, энг аввало уларга, уларнинг фикри-зикрига, хоҳиш-иродасига қонун доирасидан четга чиқмаган ҳолда жиддий тарзда эътибор қаратиш керак. Билъакс, бора-бора халқнинг фиғони фалакка кўтарилиши мумкин. Ҳокимият биринчи навбатда халқ билан ҳисоблашиши лозим. Ахир алломаларимиз: «Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир», деб бежиз айтмаган бўлса керак.

Қадрдон ватандошлар, агар ижозат берсангизлар, эътиборингизни Конституциямизнинг 12-моддасига қаратмоқчиман. «Ўзбекистон Республикасида ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланади». Қомусимиздаги 12-модданинг, яъни ижтимоий ҳаётимизни тараққий топтиришга оид тушунчаларнинг Сизу биз осон тушунадиган қисқа ва лўнда тилда ифода этилганига бир қаранг! Кишини чунон руҳлантиради. Бироқ биз яшаётган ҳаётда аниқ вазият қандай? Ҳаммаси Конституциядагидайми? Йўқ, ундай эмас! Афсуски, мавжуд тузум 25 йил давомида ижтимоий ҳаётни сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожлантиришга ҳар хил усуллар орқали, ноқонуний равишда қарши бўлиб келди. Сиёсий институтлар фаолияти, мафкуралар мамлакатни бошқарган яккаҳокимнинг фикрига таянган ҳолда илгари сурилди. Шафқатсиз тузум хилма-хил фикрларнинг «урчиши»га асло йўл қўймади.

Адашмасам, «Конституция ва қонуннинг устунлиги» деб номланган III бобнинг 15-моддаси барчамизни бирдек қизиқтирса керак. Унда «Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар», дейилган. Аммо бу моддага оид яна юқоридагидек ҳолатларга дуч келамиз. Яъни Ўзбекистонда Конституция ва қонунлар устувор кучга эга эмас, деб бемалол айта оламиз. Ҳозирги кунда ҳукмрон доира вакилларининг Конституциямизнинг ҳар қандай моддаларини ҳам, қонунларимизни ҳам хоҳлаганча буза олиши, қонунларимизнинг амалдорлар қўлида ўйинчоққа айлангани ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Демак, Ўзбекистон Республикасида Конституция ва қонунларнинг устунлиги сўзсиз тан олинмайди!

Келинг, энди «Фуқаролик» деб номланган VI бобнинг 22-моддаси ижроси билан ўртоқлашамиз. Унга кўра: «Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарасида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди». Қаранг, модданинг халқпарварлигини. Бироқ аслидачи? Аслида ундай эмас! Ўзбекистон Республикаси ўз фуқароларини она-ватанимизда ҳам, чет давлатларда ҳам етарли даражада ҳуқуқий ҳимоя қилмайди, ҳомийлик кўрсатишни кафолатламайди.

Албатта, мен бундай кескин фикрга осонликча келмадим. Бундай фикрлашимга хорижда оғир шароитларда ишлаётган юртдошларим билан уюштириб борадиган суҳбатларим туртки берди. Агар менинг бу фикрларимга эътирозингиз бўлса, у ҳолда ўз ватанимизда ҳуқуқий ҳимояси таъминланмагани туфайли чет элларда мажбурият тақозаси туфайли ишлаётган меҳнат мигрантлари фикрларини ўзингиз ҳам холисона ўрганишингиз мумкин.

Мен Сизларнинг ижозатингиз билан шу ўринда Ўзбекистонимизда оила аъзоларидан бирининг сиёсий фаолияти учун оила аъзоларининг иккинчи бир аъзосини жазолаш устунлиги хусусида тўхталиб ўтмоқчиман. Бунга оид ҳаётга ҳамда шахсан ўзим билан кечган сон-саноқсиз воқеаларга таянган ҳолда мисоллар келтириш мумкин. Масалан, раҳматли отам Ҳасан Чориев билан кечган воқеага ҳам айнан менинг сиёсий фаолиятим сабаб бўлди. Шу тариқа фарзанд учун ота айбсиз айбдор сифатида, туҳмату бўхтонлар билан озодликдан маҳрум этилди. Мен бу мисолни беҳудага келтирмадим, албатта. Бундан кўзланган мақсад, Конституциямиздаги 22-модданинг аниқ ҳаётда нечоғли аҳамиятга эгалигини билдиришдир. Мен ва худди менга ўхшаш сон-саноқсиз одамлар билан бўлаётган воқеаларни била туриб «Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарасида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди», деган жумлаларга қандай ишониш мумкин?!

28-моддада «Ўзбекистон Республикаси фуқароси республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга», дейилади. Энди ўзингиз Конституциямизнинг ушбу моддаси реал ҳаётда қандай тасдиқ топганини инсоф билан айтингчи? Мен бу борада узоқ Хоразм, Сурхондарё ёки Андижон вилоятида яшовчи фуқароларнинг Тошкентга кўчиб келиши, яшашига доир муаммолар хусусида айтмай қўя қолайин. Тошкент шаҳри билан ўртада фақат битта, эни бўйлаб атиги 10 сантимерлик тош йўл ажратиб турадиган Тошкент вилоятининг айрим туманларида яшовчи фуқароларнинг ҳолатини сизлардан сўрайин. Айтингчи, улар «йўлнинг нариги бетида – Тошкентда» яшаш ҳуқуқига эгами ва у ерга кўчиб ўта оладими? Йўқ, улар учун Тошкент, ўзлари яшайдиган республика пойтахти ёпиқ зона… Бундай ҳолат, яъни ўз уйида ўз уйининг эгасини ўз ерига сиғдирмаслик ҳолати ҳатто 10 миллиондан кўп аҳолини ўз бағрига сиғдириб келаётган йирик пойтахт шаҳарларда ҳам йўқ.

«Шахсий ҳуқуқ ва эркинлик» деб номланган VII бобнинг 29-моддасига эътибор қаратамиз. «Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир».

Ушбу 29-моддадан ҳеч кимнинг камчилик топа олмаслиги аниқ. Аммо, миямизда бир фикр ғужғон айланади. Ҳатто депутатлар, сенаторлар фикрлаш ҳуқуқига эга бўлмаган жамиятда «ҳар ким» фикрлаш ҳуқуқига эга бўла олармиди? Агар жамиятимизда худди Конституциядагидай сўз ва эътиқод эркинлиги мавжуд бўлганда, ҳақ сўзни айтган қанча-қанча юртдошларимиз, динимга холис эътиқод қиламан, деган фуқароларимиз қамалмаган, ўлдирилмаган бўлармиди?! Диний эътиқод қондан ўтган мурғак фарзандларимиз намоз ўқиш учун масжид эшигидан ичкарига киролмай мўралаб турмасмиди?! Ё менинг фикрим нотўғрими? Назаримда, бу, ниҳоятда аянчли аҳвол. Мамлакатни таназзул ботқоғига олиб борадиган ҳолат…

«Сиёсий ҳуқуқлар» деб номланган VIII бобнинг 33-моддасига эътибор қаратамиз. Унда «Фуқаролар ўз ижтимоий фаолликларини Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ митинглар, йиғилишлар ва намойишлар шаклида амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар…» дейилган. Ривожланган ва ривожланаётган барча давлатларда ҳам шундай. Айрим ривожланган давлатларда ҳатто ҳайвонларни ҳимоя қилиб ҳам митингларга чиқишади. Табиатни муҳофаза қилиш мақсадида уюштирилаётган намойишлар ҳам сон-саноқсиз. Бизда-чи? Бизда аҳвол қандай? Биз Конституциямизга мувофиқ ўз ижтимоий фикрларимизни митинглар, йиғилишлар, намойишлар асосида амалга ошира оламизми? Бу борада биз дунё ҳамжамиятига номаълум бўлган қатлиомлар ҳақида умуман гапирмай қўяйлик, биргина Андижон қирғинини, фожеасини эслашимизнинг ўзи кифоя.

Худди шу бобнинг 34-моддасида «Ўзбекистон Республикаси фуқаролари касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Сиёсий партияларда, жамоат бирлашмаларида, оммавий ҳаракатларда, шунингдек ҳокимиятнинг вакиллик органларида озчиликни ташкил этувчи мухолифатчи шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қадр-қимматини ҳеч ким камситиши мумкин эмас», дейилган.

Мазкур модданинг мазмун-моҳияти халқаро қонун ҳужжатларига ҳар томонлама мос келади. Бироқ бизнинг Ўзбекистонимиз ҳаётида унинг қоғоздаги нусхаси билан ҳаётдаги ижроси мутлақо тўғри келмайди. Юртимиздаги мавжуд партияларнинг ҳаммаси, гарчи ўзларининг мукаммал дастурларига эга бўлса-да шу кунга қадар хўжакўрсинга иш юритади. Мухолифатдаги партиялар, ҳаракатлар атрофида уюшиш истагида бўлганлар таъқибу тазйиқлар исканжасига олинади. Бизнинг «Бирдамлик» Халқ Демократик ҳаракатимиз ўз фаолияти давомида бунга иқрор бўлди. Бир неча аъзоларимиз Ўзбекистондаги куч ишлатар тизими, МХХ ходимлари ва бошқа органларнинг шафқатсиз ҳаракатлари туфайли аъзоликдан чиқиб кетишга мажбур бўлди. Мухолифатдаги бошқа партиялар аъзолари ҳам бундай кўргуликлардан мустасно эмас. Уларга мамлакат ичида «хоин», «ватанфуруш», «нонкўр», «халқ душмани», деган айблар қўйилиб, кенг жамоатчилик билан ишлашишлари тақиқланибгина қолмай, ҳар бир қадамлари назорат остига олинди. Қамалди, қувғин қилинди, ўлдирилди, фуқароликдан мосуво қилинди…

«Иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар» деб номланган IX бобнинг 36-моддасида «Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли» дейилган. Ниҳоятда ажойиб ва ҳар томонлама кўнгилга монанд, ҳар бир инсоннинг кўнглидаги гап. Бироқ юртимизда бу борада ҳам камчиликлар, қонунга хилофликлар кўп. «Бирдамлик» ХДҲ, шахсан мен, ҳар доим мулкдорликни қўллаб-қувватлаб келганман ва бундан кейин ҳам ўз фикримдан қайтмайман. Мен Ўзбекистонимизнинг келажакда мулкдорликка асосланган демократик давлат бўлиши тарафдориман. Адашмасам, Сизлар ҳам мулкдор бўлишни сидқидилдан хоҳлайсиз!

Ушбу бобнинг 41-моддасида «…Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади», дейилган жумла бор. Бундан ўзларингиз ҳам хабардорсиз. Бироқ реал ҳаётимизда Конституциямизнинг ушбу моддаси қўпол равишда бузилаётгани айни ҳақиқат. Гарчи қонунга биноан мамлакатимизда умумий таълим олиш бепул бўлса-да, умумтаълимга пул аралаштириш авж нуқтага чиқиб бораётгани бугун ҳеч кимга сир эмас. Мактабгача таълим муассасалари, мактаб, лицей, коллежларда тарбияланувчилар, ўқувчиларнинг ота-оналаридан синф фонди, мактаб фонди, ҳомийлик фонди учун пул ундириш одатий тусга айланган. Сизлар бу ҳолатдан туман, шаҳар, вилоят, республикадаги раҳбарлар бехабар деб ўйлайсизларми? Улар хабардор! Бундай ҳаракатлар айнан юқори бошқарув органлари ташаббусию дўқ-пўписалари билан амалга оширилаётир. Демак мамлакатимизда уюшган жиноятчилик, порахўрлик, коррупцияни эмин-эркин ривожлантириш учун кенг йўл очиқ. Бундай жамиятда ривожланиш, тараққиёт суст кечади, ҳатто депсиниш ҳолатига ҳам тушиб қолади.

Ҳурматли ватандошлар! Оммавий ахборот воситалари ҳақида шу пайтгача ҳар хил доираларда бетиним гапирилиб келинди. Ўзбекистон матбуотининг нечоғли «эркинлиги» халқаро ҳамжамият томонидан ҳам бир неча юз марта «эътироф» этилди. Бироқ И. Каримов даврида ўзбек матбуоти том маънода инқирозга учради. Сўз, матбуот эркинлиги тамомила бўғилди. Ёлғон ва сохта хабарлардан мадори қуриган халқ алал-оқибат Ўзбекистонда яшаб туриб ўзбек матбуотидан воз кечишга мажбур бўлди. Республикада чоп этиладиган барча газета ва журналлар, телевидение ва радиоэшиттиришлар ягона шахсни, яккаҳокимни алқаш, кўкларга кўтариш билан андармон бўлиб қолиши натижасида омма ҳақ сўзга эҳтиёжманд бўлиб қолди. Конституциямиздаги «Оммавий ахборот воситалари» рукни остида ёритилган «Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ ишлайди. Улар ахборотнинг тўғрилиги учун белгиланган тартибда жавобгардирлар. Цензурага йўл қўйилмайди», дейилган 67-модда илдизига зарб билан болта урилди.

Бош қомусимизнинг «Ўзбекистон Республикасининг Президенти» деб номланган XIX бобига Конституция қабул қилинган кундан бери бир неча марта қўшимчалар ва ўзгартишлар киритилди. Бундай қўшимча ва ўзгартишлар халқ фойдаси учун эмас, Президентнинг манфаати учун киритилди. 90-моддага кўра «…Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти бўлиши мумкин эмас», бўлса-да, бу ерда ҳам Конституция сурункасига бир неча марта бузилди. Ўзбекистоннинг марҳум Президенти ноқонуний сайловлар уюштириш, ўтказилган деярли барча сайловларда 90-99% овоз тўплаш орқали 1992 йилдан то умрининг охиригача Ўзбекистонни ноқонуний равишда бошқариб келди. Бунинг натижасида Ўзбекистонда қонунларга нисбатан ҳурматсизлик, итоатсизлик кучайди. Давлат раҳбари Конституцияга амал қилмагандан кейин оддий халқ конституцияга заррача ишонмай қўйди. Натижада Ўзбекистон тараққиётдан орқада қолди…

Жорий йилнинг 2-сентябрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов вафот этгач ва 8-сентябрь куни Бош вазир Шавкат Мирзиёев Президентнинг вақтинча вазифасини бажарувчи деб тайинлангач Конституциямизнинг 96-моддаси кенг жамоатчилик ўртасида кенг кўламда муҳокама қилина бошланди. Бунга 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган одамларнинг барчаси учун тушунарли бўлган Конституциядаги «Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Президенти ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сенати Раисининг зиммасига юклатилади, бунда уч ой муддат ичида, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонунга тўлиқ мувофиқ ҳолда мамлакат президенти сайлови ўтказилади», дейилган жумлани амалдорларнинг тушуна олмагани сабаб бўлди. 96-модданинг моҳиятини айнан амалдорларнинг тушуна олмагани халқ ўртасида турли хил норозиликларни вужудга келтирди. Ижтимоий тармоқларда 96-модданинг қўпол равишда бузилгани эътироф этилди. Дунё сиёсатчилари, тадқиқотчилари ва бошқа соҳа вакиллари Ўзбекистон Конституциясининг яна такроран амалдорлар томонидан бузилгани ҳақида жар солди. Бироқ Ўзбекистон ҳукумати пинагини бузмади. Улар на дунё ҳамжамияти фикрини ва на ўзбекистонликларнинг фикрини инобатга олди, шу тариқа халқни менсинмаслигини яна бир карра намойиш этди. Конституциянинг 96-моддаси бузилганига қарши норози томон ҳамон ўз фикрларини айтиб келмоқда…

Ҳурматли ҳамюртларим! Шуни билишингизни истардимки, менинг бу ерда асосий мақсадим Конституциямизнинг амалдаги ижросини шарҳлаш эмас. Қонунларимизнинг кимлар томонидан, нечоғли бузилаётганини яна бир карра ёдингизга туширишдан иборатдир. Биз, ўзбекистонликлар, бундан кейин Асосий қонунимиз бузилишига қарши бир ёқадан бош чиқариб курашишимиз керак.

Қадрли мухолифатчи биродорлар! Мен хориждаги ва юртимиздаги барча мухолифатчи дўстларимга, маслакдошларимга, ҳамюртларимга, «Эрк» партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳга, «Бирлик» партияси раҳбари Абдураҳим Пўлатга ва мазкур партия аъзоларига, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ишлари билан шуғулланадиган халқаро ташкилотлар раҳбарларига юқорида таъкидлаган таклифларим бўйича такроран мурожаат қилмоқчиман. Зеро, биз юртимизда ҳуқуқий-демократик давлат барпо этишда иштирок этиш ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимиз эканини асло унутмаслигимиз керак. Шунинг учун биз айни пайтда ҳар қандай гина-кудуратларни, ўрталаримизда бўлиб ўтган жамики хафагарчиликларни, келишмовчиликларни тамомила унутган ҳолда, мамлакатимиз, она-юртимиз тақдири, келажаги учун жипслашишимиз, баҳамжиҳатликда иш кўришимиз ва ягона қарорга келишишимиз лозим, деб биламан.

Қадрли маслакдошлар! Жорий йилнинг 4-декабрида бўлиб ўтажак Президент сайловига ҳам ниҳоятда оз вақт қолди. Демак, қимматли фурсатни қўлдан бой бермай, шу бугуннинг ўзидаёқ ҳақиқатни юзага чиқариш учун, адолатни тиклаш учун бир ёқадан бош чиқариб курашайлик. Агар бундан кейин мамлакатни 25 йилдан ортиқ Конституцияга хилоф равишда бошқариб келган Ислом Каримовнинг сиёсати яна такрорланмасин десак, «Бирдамлик» ХДҲ, «Эрк», «Бирлик» партиясининг барча аъзолари ягона сиёсий кучга айланиб, ҳар қандай адолатсизликларга қарши дадил ҳаракат қилайлик. Биз навбатдаги Президент сайлови адолатли ва демократия тамойилларига амал қилинган ҳолда ўтиши тарафдори бўлсак, яна бир бор таъкидлайман, бирлашайлик, жипслашайлик, ўз фаолиятини Бош Қомусимиз — Конституциямизни поймол қилиш эвазига бошлаган кучларга қарши бонг урайлик, ўз ҳақ-ҳуқуқларимиздан фойдаланган ҳолда барча имкониятларимизни ишга солайлик! Ҳамма нарсадан устун турувчи инсон ҳуқуқлари бундан кейин поймол бўлишини истамасак, сергак бўлайлик! Ҳукуматдан мухолифатчиларнинг фикри инобатга олинишини, хориждаги мухолифат фаолларининг Ўзбекистонга қайтишига рухсат беришини, керак бўлса, уларнинг сайловда иштирок этишларини таъминлашини дадил тарзда талаб қилайлик!

Ҳурмат ва эҳтиром билан,

Баҳодир ЧОРИЕВ,

«Бирдамлик» Халқ Демократик Ҳаракатининг етакчиси.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info