ЯХШИЛАРНИ ЁД ЭТИБ…

xw_960420

Биз миллий қадриятларимиздан, минг йиллар давомида шаклланган ва муҳим маънавий ҳодиса шаклини олган урф-одатлар, расм-русумлар, анъаналар, ота-боболаримиз, аждодларимиздан қолган таомилларимиздан ҳеч қачон воз кеча олмасак керак. Шунданми, биз ўзбеклар учун ўтган инсонларни хотирлаш, тирикларни қадрлаш, бошига кулфат тушган инсонга далда бўлиш, кўнгли ўксик одамга меҳр бериш азалдан келаётган одат бўлибгина қолмай, хайрли ва эзгу амал ҳисобланади. Хотира – муқаддас туйғу. Хотирлаш орқали биз аждодларимизнинг исми-шарифини келгуси авлодларга етказамиз, ўтганлар руҳини шод айлашга чоғланамиз.

Иш сафари билан Фарғона вилоятидаги қадимий Қўқон шаҳрига борганимизда бир неча инсонларнинг, шу юрт, шу эл равнақи учун ҳисса қўшишга интилган элпарварларимизнинг хонадонларида бўлдик. Режим қурбони бўлган марҳумларни хотирладик. Айни пайтда қамоқ жазосини ўтаётган, замон зайли туфайли маҳкумга айланган, кўргуликларга гирифтор бўлган жабрдийдаларни уларнинг қариндош-уруғлари, турмуш ўртоқлари, фарзандлари билан бирга эсладик.

1954 йилда Қўқон шаҳрида туғилган Қаҳрамон Ҳамидовлар оиласида бўлиб, марҳумни оила аъзолари даврасида хотирларканмиз, унинг ўтмишига, бошидан ўтказган кўргуликларига қулоқ тутдик. Аянчли тарзда интиҳо топган умрига ачиндик. Билганимиз шу бўлдики, Қаҳрамон Ҳамидов ҳали Совет Иттифоқи парчаланмаган бир пайтда, 1987 йилда Қўқон шаҳрида «Одамийлик ва инсонийлик» деб номланган ҳаракатга асос солиб, амалдаги ҳукуматга мухолиф сифатида иш юрита бошлаган экан. Дастлаб ижтимоий-иқтисодий ва экология соҳасидаги муаммоларга қарши курашган унинг ташкилоти кейинчалик собиқ СССР ҳукуматининг шафқатсиз сиёсати ва жиддий мафкураси таъсири туфайли кенг қулоч ёзган бир қатор муаммолар билан шуғулланибди. Айтишларича, Қаҳрамон Ҳамидовнинг бу каби саъй-ҳаракатлари шубҳасиз, қиличидан қон томиб турган совет иттифоқининг ҳукмрон доира вакилларига мутлақо ёқмаган. Шу тариқа ҳар хил таъқиб ва босимлар исканжасида қолган.

1991 йилда Ўзбекистонда мустақиллик эълон қилингач, Ҳамидовлар хонадони ҳам барча ўзбекистонликлар қатори чексиз қувонади. Аммо афсуски, уларнинг шодлиги-ю қувончи узоққа чўзилмайди. Чунки амалдаги ҳукумат 1993 йилда Қўқондаги «Одамийлик ва инсонийлик» ташкилотига қарши ҳужум бошлайди. Ташкилот асосчиси Қаҳрамон Ҳамидовни қамоққа олишади. Ундан орқама-орқа укалари Баҳодир, Фарҳод, Равшан, Ҳабибуллоҳлар ва мазкур ташкилотда фаолият юритган барча шахслар озодликдан маҳрум этилади. Ўша пайтларда ҳали Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси бўлмагани учун «жиноятчилар» устидан Совет Ўзбекистони давридаги жиноят кодекси моддаларига биноан жиноят иши очилади. 1995 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистонда янги кодекс амалиётга жорий этилгач, шу пайтгача қамалган Ҳамидовлар оиласи ва бошқа маҳкумлар оғир аҳволга тушиб қолади. Сабаби шундаки, уларнинг жиноий иши қайта ўрганилиб, янги моддаларга алмаштирилади.

1999 йилда Тошкентда рўй берган портлашлардан кейин қамоқхонада жиддий назорат остида сақланаётган, нафақат ташқаридагилар, балки маҳбуслар билан ҳам алоқа ўрнатиши мутлақо чекланган «Одамийлик ва инсонийлик» ташкилоти вакилларига нисбатан янги шубҳа ва гумонлар пайдо бўлади. Бунинг натижасида улар яна қайта тергов қилинади. Олиб борилган тергов натижасида маҳкумларга Жиноят кодексининг 159-, 241-, 244-моддалари белгиланади ҳамда 20 йилга озодликдан маҳрум қилинади. Ушбу моддалар билан Қ. Ҳамидов билан бирга жами 20 киши айбдор деб топилиб судланади.

Энг ачинарли томони шундаки, маҳкумларга жазо тайинлашда уларнинг 1990-1993 йиллар орасидаги фаолиятлари учун янги жиноят кодекси бўйича моддалар белгиланади. Ваҳоланки, бу омил қонунга ҳам, халқаро мезонларга ҳам мутлақо мос келмас эди. Аниқроғи, соғлом ақлга хос бўлмаган ҳодиса эди. Мазкур ҳодиса янги қабул қилинган кодексдаги моддаларда кўрсатилган жиноятларни содир этмаган маҳбусларга оғир ботади. Аммо, орада бир неча йил ўтгач, Ҳамидов ва унинг шерикларига тегишли жиноят иши қайта ўрганилади. Ўзбекистон Олий суди суднинг «Одамийлик ва инсонийлик» ташкилоти аъзоларига тегишли, дея иддао қилган моддаларни суд жараёнида етарли далил ва исботлар билан тасдиқланмагани учун олиб ташлайди ҳамда маҳкумларга тайинланган жазо муддати қисқартирилади.

1998 йили Ҳамидовлар хонадонига Сангороддаги қамоқхонадан «қора хат» келади. Эндигина 44 ёшга тўлган, тоғни урса талқон қиладиган, жисмонан бақувват, исми жисмига мос Қаҳрамон Ҳамидовнинг оламдан ўтгани эл ичида овоза бўлади. Ҳамидовлар хонадони мотамга бурканади. Унинг ўлими Ҳамидовлар оиласини қаттиқ ташвишлантиради. Чунки Ўзбекистон қамоқхоналарида уларнинг Қаҳрамондан ташқари яна бошқа жигаргўшалари — Ҳабибуллоҳ, Равшан, Баҳодир ва Фарҳодлар ҳам сохта айбловлар билан сақланаётган, уларнинг бошига ҳам Қаҳрамоннинг «куни» тушишдан хавотирда эди… Сўровларимиз жараёнида маълум бўлишича, бугунги кунда Қаҳрамон Ҳамидовнинг укалари Баҳодир ва Фарҳод ҳамон қамоқда, Ҳабибуллоҳ ва Равшан Ҳамидовлар эса озодликка чиққан экан. Аммо Равшан Ҳамидовнинг 25 ёшли ўғли Шоҳруҳнинг АҚШдаги Гуантанамо қамоқхонасига қандай йўл билан тушиб қолгани, ҳеч қандай жиноятга алоқаси бўлмаган яна бир жиян Хуршиднинг қамалиши сабаби ҳамон сирлигича қолаётган экан.

Қаҳрамон Ҳамидовнинг юртдошлари унинг эзгу ишларини, айниқса, у раҳбарлик қилган «Одамийлик ва инсонийлик» ташкилоти талаби билан Қўқон хони қурдирган ва шу пайтда музей вазифасини ўтаган Ҳовақанд жоме масжидининг орадан бир неча йил ўтгач қайта жоме масжид сифатида диндорлар ихтиёрига топширилганини фахр ва ифтихор билан эслашаркан. Қўқонликларнинг айтишича, мазкур жоме масжид бугунги кунда яна музейга айлантирилган.

***

Биз сафар давомида айни пайтда Қўқон шаҳрининг обод маҳаллаларидан бирида истиқомат қилиб келаётган Анвар Юнусовлар хонадонида ҳам бўлдик. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, шаҳар экологиясининг бузилишига жиддий таъсир кўрсатаётган кимё заводини ёпиш учун курашган Анвар аканинг яқинлари билан суҳбатлашиш жараёнида аниқ бўлдики, марҳум А. Юнусов 1958 йилда Қўқонда туғилган. Айни 33 ёшга тўлган пайтида, яъни 1991 йилда 6 йилга озодликдан маҳрум этилади. Аммо орадан 2 йил ўтгач, айбсизлиги тўла исботлангач озодликка чиқарилади. Бироқ 1994 йилда мухолифат сафида фаолият юритгани, инсон ҳақ-ҳуқуқлари билан жиддий шуғуллангани боис яна 4 йилга қамоққа маҳкум этилади. Жазони тўлиқ ўтаб чиққан Анвар Юнусов меҳнат оғушига шўнғиган бир пайтда яна шубҳа қурбонига айланиб, бунинг натижасида 1999 йилда такроран темир қафас ортига қайтади. 2004 йилда озодликка чиққан Анвар Юнусов 2007 йилда 49 ёшида оламдан ўтади. Билаги кучга, бели қувватга тўлган дамларини қамоқхонада ўтказган А. Юнусовнинг яқинлари, гарчи оила устунининг тақдир чигалликларига, бошига тушган кўргуликларига тан берган бўлса-да, кўз ёшлари ҳамон қуримаганига амин бўлдик.

***

Биз марҳум Фазлиддин Низомиддиновнинг хонадонида бўлиб, унинг яқинлари билан суҳбатлашдик. Қалбимизни хонадон бекасининг, яъни Фазлиддин аканинг жуфти ҳалолининг хотиралари, ўтмиши чунон жунбушга келтирди. Умр йўлдошининг бошига тушган кўргуликларидан кейин 7 нафар қизларини ёлғиз ўзи тарбиялаб вояга етказган муштипар аёлнинг, онаизорнинг аҳволи-руҳияси юрак-бағримизни тиғлади. «Фарзандлари бирин-кетин вояга етаётган, ҳаммаси ичаман-ейман, деб турган бир чоғда оиланинг таянчи ва суянчидан бир умрга айрилишни ҳеч бир аёлга раво кўрмайман», дейди онаизор.

Айни пайтда набиралар оғушида яшаётган она суҳбатимиз давомида умр йўлдоши Ф. Низомиддиновнинг 1993 йилда 1 ярим йилга қамалганини, аммо ҳар сафар муддати тугашга яқин қолганда унга яна бир неча йиллик жазо муддати тайинланаверганини, бунинг натижасида фақат 2004 йилга келиб озодликка чиққанини, озодликка чиққандан кейин ҳам таъна-ю дашномлар, таъқибу босимлар остида яшаганини ва ниҳоят қамоқхонада ҳамда қамоқхонадан кейин орттирган хасталикларнинг юзага бўртиб чиқиши натижасида 2007 йилда 50 ёшга ҳам тўлмай бу ёруғ оламни тарк этганини кўзида ёш билан гапириб берди.

Биз ҳар қандай қийинчиликларни, умр йўлдошига ёғдирилган туҳмату бўхтонларни аёл боши билан кўтара олган волидаи ожизанинг сабр-тоқатига, чидамига қойил қолдик…

***

Биз сафаримиз давомида «Бирлик халқ ҳаракати» партиясини ташкил этишга ҳамда унинг Фарғона водийсида янада кучайишига катта ҳисса қўшган, мазкур партия раиси ўринбосари Ҳамдам Сулаймонов билан учрашдик. Ҳ. Сулаймоновни мухолифатчилар инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида ҳам яхши биладилар. У Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз этиш ҳамда давлат раҳбарига туҳмат ва ҳақорат қилиш айби билан айбланиб, шартли икки йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилган ва соғлиги ёмонлашгани инобатга олиниб, 6 ойдан кейин озодликка чиқарилган.

Хонадон эгалари биз билан хайрлашаркан, йўқлаганимиз учун ўз миннатдорчиликларини билдирди.

«Кўмак маркази»

Матбуот бўлими

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info