ӮЗБЕКИСТОНДА ХАЛҚ ҲУКУМАТГА, ҲУКУМАТ ЭСА ХАЛҚҚА ИШОНМАЙДИ!

Нуриддин Жуманиёзов

Ӯзбекистонни янги раҳбар бошқараётганига 10 ой бӯлди. Ӯтган ӯн ой ичида мамлакатимизда қандай ӯзгаришлар рӯй берди? Марҳум президент Ислом Каримов ботқоқликка ботириб кетган иқтисодиётимиз қисман бӯлсада ӯнгландими? Мамлакатда ижобий ӯзгаришлар ясашга интилган ва алал-оқибат ҳар хил жабру ситамлар туфайли Ӯзбекистонни ташлаб кетишга мажбур бӯлган мухолифат вакиллари, сиёсий муҳожирларнинг она-Ватанимизга қайтишларига изн берилдими? Сиёсий фаолияти, диний қарашлари туфайли сохта айбловлар билан қамoққа маҳкум этилган маҳбуслар тӯлиқ озодликка чиқарилдими? Инсон ҳуқуқлари масалалари билан шуғулланган маҳкум ҳуқуқ фаоллари, журналистларнинг ҳаётида қандай ӯзгаришлар рӯй берди? Саволлар кетидан саволлар ёғилаверади, аммо жавоб мавҳум…

Яқинда 2003 йилда ташкил топган «Мазлум» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маркази таъсисчиси ва аъзоларидан бири Нуриддин Жуманиёзовнинг ҳаёти аянчли интиҳо топди. Мазкур марказ давлат рӯйхатидан ӯтиш учун ҳар қанча уринсада, қиличидан қон оқиб турган Каримов тузуми бунга йӯл бермади. Бунинг натижасида «Мазлум»чилар давлат рӯйхатидан ӯтмаган ҳолда фаолият юрита бошлади. Мардикорлар ва улар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш илинжида жавлон урган Нуриддин Жуманиёзовнинг боши ташвишдан чиқмай қолди. Ҳукумат уни таъқиб остига олди. Ҳар бир қадамини назорат қилди. Шундай бӯлсада, мазлумларга, ҳақ-ҳуқуқлари поймол бӯлганларга кӯмак қӯлини чӯзишдан қайтмади. Бунинг натижасида бирн-кетин жарималарга тортилди. Нуриддин Жуманиёзовга 2012 йил 23 сентябрда 7.235 500 сӯм, 2013 йил 9 мартда 238 770 минг сӯм, 2014 йил 21 январда эса 274 590 сӯм жарима солишди. Аммо ӯзгаларга ёрдам беришга шай ва тайёр бӯлган, инсонийликни  олий бурч дея ҳисоблаган Нуриддин ака бундай катта миқдордаги жаримани тӯлашга тамомила имконсиз эди. Қолаверса, жарима ноҳақликларга асосланган ҳолда тайинланган эди.

Эндиликда шафқатсиз тузум инсон ҳуқуқлари масалалари билан шуғулланишни «бас қилмаган» Н. Жуманиёзовга қарши бошқача йӯл тутди. Алал-оқибат 2014 йилнинг 6 март куни Ӯзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 135-моддаси «Одам савдоси» бандига биноан сохта айбловлар билан 8 йилу 3 ойга қамоқ жазосига маҳкум қилди.

Нуриддин Жуманиёзовга қарши Қарши шаҳри яқинидаги Шайхали жазони ижро этиш муассасасида ҳар хил қийноқлар уюштирилди. Унга «инсон ҳуқуқлари масалалари билан шуғулланиш қандай оқибатларга олиб келишини кӯрсатиш» мақсадида жисмоний куч ишлатилди. Натижада Шайхали қамоқхонасида соғлигидан айрилди. Шундай бӯлсада, ҳеч қандай ишга ярамай қолган маҳбусни инсонпаврварлик нуқтаи назаридан ва ёшига доир озодликка чиқармасдан жазо муддатини ӯтаттириш ва даволаш учун Тошкентдаги УЯ-64/18 Сангород муассасасига алмаштирди. Ноҳақликларга гирифтор бӯлган маҳбус Нуриддин Жуманиёзов шу тариқа 2016 йилнинг 31 декабрида 68 ёшида қамоқхонада жон таслим қилди. Аниқроғи, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, мухолифат фаоли гарчи қамоқхонада жисмонан йӯқ қилинган бӯлсада, «қандли диабет» хасталиги туфайли оламдан ӯтди бея ҳисобот берилди.

Эслатиб ӯтамиз Нуриддин Жуманиёзов «Мазлум» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маркази таъсисчиси ва фаоли бӯлиш билан бирга «Эрк» партияси тузилгандан то умрининг охиргача ушбу партияга содиқ аъзо бӯлди. Бироқ, надоматлар бӯлсинки, «Эрк» партияси ва унинг раҳбари Салай Мадаминов Нуриддин Жуманиёзов каби ӯзининг бир неча аъзолари тақдирига бефврқ қаради. Уларни «Эрк» партияси равнақи учун жонини жабборга бериб ишлаган  фаоллар қисмати заррача қизиқтирмади ва бу одатларини бугунги кунгача давом эттириб келмоқда. Бунинг натижасида халқнинг нафақат «Эрк» партиясига, балки мухолифатга нисбатан ишончи пасаймоқда.

Айни чоғда сиёсий фаолияти туфайли ҳукумат томонидан жисмонан йӯқ қилинган раҳматли Нуриддин ака Жуманиёзовларнинг оила аъзолари оғир иқтисодий аҳволда яшамоқда. Ҳукумат улардан Нуриддин акага тайинланган жарималарни тӯлашларини талаб қилмоқда. Акс ҳолда Н. Жуманиёзовга тегишли бӯлган хонадон давлат фойдасига мусодара қилиниши пӯписа қилинмоқда. Нуриддин аканинг яқинлари 8 миллиондан кӯп сумма ва устама ҳақни тӯлаш илинжида жавлон урмоқда. Бу сизу биз ишонаётган, шахсига атаб қӯшиқлар куйлаётган, умидлар қилаётган, «қадамингизга ҳасанот» дея қадам ранжида қиладиган жойларини ӯз ҳисобимиздан ободонлаштираётган янги раҳбар даврида рӯй бермоқда. Мухолифатни илдизи билан йӯқотиш учун астойдил ҳаракат қилаётган ҳукумат қаттиқ адашади. Зеро,  халққа ишонмаётган ҳукуматга ҳам халқ аллақачон ишонмай қӯйган. Халқ мухолифат томонда!

Copyright © 2018 Birdamlik.Info