«ХХ асрнинг буюк кишилари. Ганди, Лев Толстой, Мартин Лютер Кинг»


Марина-Викторовна-Колтипина-

Марина Викторовна Колтипина
Фалсафа фанлар номзоди, доцент
лекция

«ХХ асрнинг буюк кишилари. Ганди, Лев Толстой, Мартин Лютер Кинг»

Колтипина. Ассалому алайкум. Суҳбатимизни бошлаймиз. Бугунги мавзуимиз: «ХХ асрнинг буюк кишилари. Ганди, Лев Толстой, Мартин Лютер Кинг».

Бу қаторда турли замонларда яшаган турли одамларнинг номлари келтирилади: буюк рус ёзувчиси Лев Николаевич Толстой, Ҳиндистон озодлик ҳаракати раҳбари МохандасГанди ва Америка Қўшма Штатлари сиёсий арбоби Мартин Лютер Кинг. Бу одамларнинг исми бежиз келтирилмади, мен сизларга уларнинг ҳаёти ва ХХ аср учун ўта муҳим бўлган ғоя – нозўравонлик ғояси нуқтаи-назаридан туриб олиб борган фаолиятлари тўғрисида гапириб бермоқчиман. Айнан Ганди, Кинг ва Толстойларни том маънода «нозўравонлик авлиёлари», деб аташ мумкин. Бу одамлар ўз фаолиятларида, ҳаётларида барча динларда мавжуд бўлган, инсониятнинг барча устозлари – Масиҳ, Лао-Цзи, Будда, Муҳаммад ва Зардушт эътироф этган ҳамда кўпроқ абстракт ҳисобланган нозўравонлик тамойилини амалий ҳаётнинг нозўравонликка асосланган маданий тамойилига айлантира олдилар. Бу одамлар бу диний аҳлоқий принципни ХХ асрнинг тарихий фактига айлантирдилар, нозўравонлик уларнинг сиёсий кураш шакли бўлди.

Демак, нозўравонлик. Болалар, «нозўравонлик» сўзини орангизда биринчи бор эшитаётганлар борми ёки бу сўз ҳаммага маълумми? Мени мана шу савол қизиқтиради.
Залдан овоз. Масалан, мен эшитмаганман.
Колтипина. Қўлингизни кўтарсангиз, шунчаки қизиқяпман. Қолганлар эшитганми? Жуда яхши. Мен худди шундай лекцияни 3-4 йил олдин турли аудиторияларда, жумладан, талабалар ва гуманитарлар орасида ўқиганимда, бу сўзни кўпчилик эшитмаган, маъносини тушунмаган эди. Бугун биз мана шу сўзнинг маъноси тўғрисида суҳбатлашмоқчимиз.
Бизнинг цивилизациямиз шундай тартибда қурилганки, зўравонлик одатий ҳолат бўлиб қолган. Бизнинг цивилизациямиз учун зўравонлик ҳокимият ва давлат каби заруратдир. ХIХ ва ХХ аср маданияти аста-секинлик билан зўравонлик ғоясини қабул қилди ва буни оқлай бошлади. Зўравонлик фалсафа билан оқланади, масалан, ХVIII аср охири ХIХ аср бошларида яшаган, лекин ХХ асрда оммалашган Маркиз де Сад роҳат принципи тўғрисида гапиради ва буни зўравонлик ғояси билан боғлайди. Яъни, исталган тарзда роҳат олиш зўравонлик орқали кучлироқ бўлади. Карл Маркс социалистик инқилоб тўғрисида гапирар экан, уни зўравонлик ғояси билан асослайди. Инқилоб жамиятни зўравонлик билан ўзгартиришдир.
Бу анча қўрқинчли ҳолатдир.. Тарихда факт қатори қабул қилинган зўравонлик маданиятга сингади, маданият зўравонликни тасвирлайди ва оқлайди, бунинг натижасида зўравонлик дунёда яна кенгроқ тарқалади. Ажойиб француз ёзувчиси ва файласуфи Альбер Камю китобларидан бирида мана бундай ёзганди: “Зўравонликка фалсафа доктринаси кўмак кўрсата бошлар экан, ўзини-ўзи асослай бошлар экан, у фикр каби тез тарқалади. Шунинг учун ҳам разилликлар авваллари ёлғиз қичқириқ каби кам бўлса, замонавий оламда у фан каби универсалдир”. ХIХ аср охири ХХ аср бошларида маданият зўравонликнинг тарихдаги тараққиёти, маданиятдаги асосланиши оқибатида унинг мавжуд оламда кўпайиши билан тўқнаш келди. Бизнинг олам зўравонликнинг мўллигидан нобуд бўлиши мумкин. Биз ўзимизни-ўзимиз ўлдирмоқдамиз. ХХ аср бошларида одамлар зўравонликка қарши тура оладиган муқобил ғояни фаол излай бошладилар. Бу интеллектуал изланишлар маданиятни яна бир бора инсонга ёмонлик қилиш мақсадида жисмоний куч ишлатишни таъқиқлаган нозўравонлик тамойили қайд этилган диний ҳақиқатларга даҳлдор қилди.

Мен бу ғоя барча динларда мавжудлигини ва бу ҳақда инсониятнинг барча устозлари гапиргани ҳақида айтиб ўтдим.
ХIХ аср охири ХХ аср бошлари бу ғояга нафақат дин, балки адабиёт, фалсафа яна бир бор мурожаат этган давр бўлди. ХХ асрда нозўравонлик ғояси диний ва аҳлоқий тамойилгина бўлиб қолмасдан, амалий ғояга, сиёсий кураш ғоясига айланди. Мен иккинчи марта такрорлайманки, бу энг асосийсидир. Бу бизнинг бугунги суҳбатимизнинг асосий мавзусидир. Мен бу суҳбатни буюк рус ёзувчиси Лев Николаевич Толстойдан бошламоқчиман. Унинг асарларини мактабларда ўқитадилар, унинг таржимаи холи яхши маълум, у бизнинг маданиятимиз фахридир. Лекин бизнинг уникал ва ғамгин Россия маданияти бу шахсга ёвуз ҳазил қилди. Албатта, Лев Николаевич Толстой буюк ёзувчи, лекин у оригинал рус файласуфи сифатида дунёда жуда кам танилган. Гап шундаки, Толстойнинг фалсафий асарлари ХХ асрдаги инқилобдан кейинги Россияда бирор марта ҳам чоп этилмаган. Унинг “Менинг иймоним нимада?”, “Қалбимиздаги Худо салтанати” каби ажойиб асарлари 20-йиллардан бошлаб бутун ХХ аср мобайнида номаълум бўлиб келди. Толстой асарларининг академик тўплами нашр этилган пайтда бир марта бу асарлар чоп этилган. Бироқ, бу китобни топиш анча қийин. Мактабларда ёзувчи сифатида ўқитилган Толстой Россияда файласуф сифатида танилмай қолди. Фақат 1982 йилда Толстойнинг “Менинг иймоним нимада?” асари ўқувчиларга етарли бўлган нусхада нашр этилди. Бугунги кунда Толстой бизга буюк рус ёзувчиси сифатидагина эмас, буюк файласуф қаторида ҳам қайтмоқда.

Толстой ҳаётини икки қисмга бўлиш мумкин. Унинг биринчи қисми ҳаммамизга маълум.

Қозон университетида ўқиш ёки ўқишнинг бошланиши, Кавказдаги ҳарбий хизмат, Европа бўйлаб саёҳат, адабиётдаги биринчи тажрибалар, Толстойнинг ёзувчи сифатида шаклланиши ва тан олиниши.
Толстой ҳаётининг биринчи қисмини ташкил этган 50 йилни анча шовқин-сурон билан ўтказди: уруш, адабий шуҳрат, муҳаббат, оила, фарзандлар. Унинг ҳаёти руҳий жиҳатдангина эмас, дунёвий жиҳатдан ҳам ранго-ранг эди. Орангиздан биров Ясная Полянада бўлганми?

Залдан овоз. Кўпчилигимиз бўлганмиз.
Колтипина. Ажойиб жой, масофаси ҳам унча узоқ эмас. Мен у ерга боришга маслаҳат бераман. Қизиқарли музей, қизиқарли маскан.
Болалар, Ясная Полянада Толстой яшаган уйни биринчи бор кўрганларингизда сизларни ҳеч нарса ажаблантирмаганми?
Толстой насл-насаби тоза, бой одам бўлган. Ясная Поляна деб аталадиган катта мулкка келамиз. Ҳиёбонлардан юриб бориб, Толстой оиласи ва 12 фарзанди билан яшаган уйга кўзимиз тушади. Биринчи бор Ясная Полянага борганимда “Мен ҳаётда ниманидир тушунмасам керак”, деган хаёлга борганман. Ясная Полянага борганларда бундай хаёл туғилмаганми? Граф қандай қилиб шундай уйда яшаган? Менга тушунтиришларича, графнинг ҳашаматли уйи бўлган, лекин оилали бўлганидан сўнг Толстой уйни қартага ютқазиб қўяди. Уйни Ясная Полянадан олиб чиқиб кетадилар, қолган флигелга эса Толстой оиласи ва болалари билан кўчиб ўтади. Унинг ҳаёти мана шундай ранго-ранг бўлган.
50 ёшида унинг ҳаётида кескин бурилиш содир бўлади. Толстой ҳаётининг асосий      мазмуни “Ҳаётнинг маъноси нимада?”, деган савол бўлиб қолади. Бу унинг учун ўта оғриқли, қийноқли эди. Унда мавжуд бўлган нарсалар (жуда кўп нарсаси бор эди) ҳеч нарса эмас экан, ҳамма нарса маъносини йўқотган. Асосийси, ҳаёт мазмунини англаш.
Шу дақиқадан бошлаб ёзувчининг руҳий изланишлари бошланади ва Толстой файласуф сифатида қайта туғилади. Толстой бу масалада динга, насронийликка мурожаат қилади, у Инжилни мустақил ўқишга киришади. Толстойга Черковнинг муносабати унинг Инжилни мустақил ўқишга қилган дадил уриниши билан изоҳланади.
Толстой ўзининг асосий фалсафий асарларини, жумладан, “Менинг иймоним нимада?” ва “Қалбимиздаги Худо салтанати”ни ёзади. Бу асарларда у ўқувчига Муқаддас битикни қандай ўқиб чиққанини, насронийликни қандай тушунганини кўрсатишга ҳаракат қилади. Толстой ўз асарларида насронийлик нуқтаи назаридан асосий нарса муҳаббат экани тўғрисида гапиради. У православ диншунослари, Эски хушхабар ва Янги хушхабар нималарни маън қилганини кескин ажратиб кўрсатади ва айтадики, Эски хушхабарнинг ўз қабиладошларига нисбатан асосий аҳлоқий қонуни “қонга қон, жонга жон”дир. Янги хушхабарнинг асосий фарқи шундаки, унда шахсан Масиҳ биринчи марта одамларни ўзаро муҳаббатга чорлайди, унда биринчи марта муҳаббат тамойили изоҳланади ва Толстой асарларида Тоғолди масаласидаги “Сизларга қонга қон, жонга жон дейилган, мен эса ёвузликка қаршилик кўрсатманглар, дейман”, сўзлари тез-тез такрорланади. Агар муҳаббат қонуни, деб ҳисоблайди Толстой, Муқаддас битикнинг асосий фикри, асосий маъноси бўлса, бунга қарама-қарши нарса, инсонга муҳаббат қонуни асосида яшашга нима ҳалақит беради? Толстой жавоб беради: зўравонлик. Зўравонлик муҳаббатга зиддир. Кейинги хулоса. Зўравонлик муҳаббатнинг зидди ҳисобланар экан, демак, зўравонлик инсон ҳаётидаги асосий ёвузликдир. Шунинг учун кимки Масиҳ йўлини, муҳаббат йўлини танлаган бўлса, у албатта ёвузликка қарши курашмоғи шарт.
Шу аснода Толстойнинг асосий назарияси туғилади. Толстой уни “ёвузликка зўравонлик билан жавоб бермаслик”, деб атайди. Бу жуда муҳим масала ва буни барчангиз эшитишингизни истайман. Ёвузликка зўравонлик билан жавоб бермаслик насронийликнинг асосий қонуниятларини амалга оширишдир ҳамда ёвузликка қарши курашнинг асосий йўлидир. Ёвузликка зўравонлик билан жавоб бермаслик кураш йўлидир. Бу асосийдир. Буни онгингизга муҳрлаб олинг. Ёвузликка қарши курашиш албатта зарурат, инсоннинг вазифаси шу, лекин ёвузликка қарши турли йўллар билан курашиш мумкин.
Ёвузликка қарши унинг услублари, зўравонлик услуби билан курашиш мумкин. Лекин биз ёвузликка қарши зўравонлик билан курашадиган бўлсак, ёвузлик миқдорини дунёда кўпайтиришга ҳисса қўшган бўламиз. Қаердадир локал тарзда биз ғолиб бўлишимиз ҳам мумкин. Бироқ шу билан бир қаторда биз ёвузликни кучайтирамиз. Агар биз ҳақиқатан ҳам ёвузликка қарши курашмоқчи бўлсак, энг аввало зўравонлик ишлатишдан бош тортишимиз лозим. Агар мен ҳаётда зўравонлик қилмасам, бу билан мен дунёдаги ёвузлик оламини қисқартираман. Ҳар ҳолда уни кўпайтирмайман. Агар мен, сен, у ва бошқалар шундай йўл тутсалар, аста-секинлик билан ёвузлик оламни тарк этади, ёвузлик камаяди, бу ҳақиқатан ҳам ёвузликка қарши курашнинг самарали шаклидир.
Толстой ёвузликка қарши зўравонлик билан жавоб бермаслик жараёни Россиядан бошланишини таъкидламаганида рус файласуфи бўлмас эди. Рус фалсафасининг асосий ҳислати ҳамма яхши нарсалар Россиядан бошланишини орзу қилишдир. Толстой зўравонлик кўрсатмаслик ғояси Россиядан дунёга тарқалишига ишончи комил эди.
У бу ғояни адабиётда ҳам кўтарди. Тўғри, ҳали бу унча аниқ эмасди. Масалан,«Уруш ва тинчлик»даги Платон Каратаев образи. Бу образ учун у кўп танқид эшитганди. Пьер Безуховни Москвага ўт қўйганликда айблаб қамоққа олганларида бу рус барини жуда қийналади ва бир вақтнинг ўзида рус халқи билан бирлашаётганини ҳис қилади. Қамоқдан чиқар экан, у ғалати бир солдатни, собиқ деҳқон Платон Каратаевни кўради. Платон Каратаев тимсолида, ўзи ва ноҳақ жазоланган савдогар тўғрисидаги ҳикоясида, Толстой биринчи бор зўравонсизлик ғоясини ёзишга ҳаракат қилади. Бу лекцияга тайёрланиш жараёнида «Уруш ва тинчлик»даги Платон Каратаев иштирок этган эпизодларга яна бир карра кўз югуртирдим. Мен уруш тугаб, тинчлик даври бошланганида, Пьер урушни ғира-шира эслагани, Пьернинг хотирасида қолган ягона тимсол Платон Каратаев бўлгани, бу тимсол барча рус ҳислатларига эга бўлгани, бу рус одамининг тимсоли экани тўғрисидаги гапларни ўқидим. Толстой нозўравонлик ғоясини яратишга ҳаракат қилар экан, уни рус одами Платон Каратаев сиймоси билан боғлайди. Яна такрорлайманки, Толстой ёвузликка зўравонлик билан жавоб бермаслик ғояси дунёга Россия орқали тарқалишига ишонган эди. Бунга асослар бор эди. Чунки рус маданияти бу тасдиқлашга тайёр эди ва кўпинча, Авлиёлар ҳаётидан мисоллар келтириларди. Россияда қонунлаштирилган биринчи рус авлиёлари кимлар эди? Биласизларми? Православие Россияга Византиядан келганди. Табиий равишда Россия юнон авлиёларини қабул қилди. Биринчи рус авлиёлари эса, жуда тўғри, Борис ва Глеб эдилар. Нега? Жуда тўғри.
Қаранг, болалар, Россия юнон авлиёларини қабул қилади. Улар эътиқод учун қилич билан курашган одамлар эдилар. Эндигина чўқинтирилган Россия эса биродарларига қўл кўтармаган князларини биринчи бўлиб авлиёлар мақомига кўтарди.Ота ўлади, мерос тақсимланади ва оға-инилардан бири Святопляк ҳамма меросни – ҳокимиятни ҳам, пулларни ҳам ўзлаштириб олади. У иниларини ўлдирмоқчи бўлади. У дружина жўнатади. Борис ва Глеб буни билган бўлсалар ҳам алоҳида-алоҳида ерда эдилар. Улар акаларига қўл кўтармадилар, қаршилик кўрсатмадилар. Ва уларни биринчи марта сабрлилар, деб эълон қилдилар. Мана, рус авлиёлигининг бошланиш нуқтаси. Флоровский биринчи авлиёлар сабрлилар бўлгани, улар зўравонликка зўравонлик билан жавоб қилмаганликлари, ҳаётини ҳам тортиб олмоқчи бўлган оғаларига қаршилик кўрсатмаганликлари тўғрисида ёзганди.
Толстой бу ҳолат халқ орасида унутилмаганини, қаршилик кўрсатмаслик ғояси бизники бўлмаса-да, дунёга бунинг қандай ғоя эканини кўрсатишимиз тўғрисида ёзади. Бизнинг Россия тарихи, ўзингиз билганингиздай Толстойга иккинчи бора қалтис хазил қилди. Айнан Россияда Толстой ғоялари қабул қилинмади, уни ҳамма танқид қилди, рус черкови уни дуоибад қилди, уни нуфузли рус файласуфлари танқид қилдилар. Иван Ильин, ҳозир ундан жуда кўп иқтибос келтирадилар, айниқса, Никита Михалков ундан иқтибос келтиришни яхши кўради, ёвузликка зўравонлик билан жавоб қилмаслик тўғрисида катта асар ёзди ва бу ғояни фалсафий, диний жиҳатдан танқид қилди. Мен ҳали рус инқилобчилари тўғрисида гапирганим йўқ.. Лениннинг бир қатор мақолалари бор. Ҳозир билмадиму, авваллари бу мақолалар Толстойга қараганда кўпроқ эътибор билан ўқитиларди. «Лев Толстой рус инқилобининг ойнаси сифатида» мақоласида, Ленин «Эй, Худойим, бу граф Толстой нималар демоқда. У сиёсатга қандайдир аҳлоқий тамойилларни киритмоқчи. Қандай бемаънилик, у ҳеч нарсани тушунмайди», деб ёзганди.
Менинг тенгдошларим тасдиқлай оладилар, биз «Уруш ва тинчлик»ни ўқиётганимизда Толстойнинг ноҳақ экани ва сиёсатда аҳлоқий тамойиллар бўлмаслигини айтган Ленин мақолаларини ёддан билардик. Сиёсатда синфий манфаат бор ва тамом.
Толстой ёвузликка зўравонлик билан жавоб бермаслик ғояси танқид қилингани, энг ёмони, Россияда бу ҳақда эсланмагани учун ҳам буюк рус ёзувчиси сифатида танилди ва файласуф сифатида унутилди. Бирдан тарих ва маданиятда тез-тез такрорланиб турадиган мўъжиза юз беради. Толстой ғоялари Толстой тириклигидаёқ дунёнинг бошқа бир минтақасида қабул қилинади.
Толстой ғояларининг қабул қилиниши ва ривожланиши Ҳиндистон сиёсий арбоби Мохандас Ганди билан боғлиқ. Уни кўпинча Махатма Ганди, деб аташади. “Махатма” санскритдан таржима қилинганда “буюк қалб”, деган маънони беради.
Ганди 1869 йили диндор оилада туғилди. У отасидан эрта ажралди ва тоғасининг уйида тарбия топди. У Ҳиндистонда ўша даврдаги одатга биноан жуда эрта уйланди. Менга бу аудиторияда бу рақамни айтиш ҳам қўрқинчли, ўша даврларда 13 ёшда уйланардилар. У Англияда таълим олишга қарор қилди. Ҳиндистон ўша пайтларда Англиянинг мустамлакаси эди ва шунинг учун бу орзу ушалиши мумкин эди. Тўғри, Ҳиндистон каста (табақа) тизими қатъий бўлган давлат эди ва каста аъзолари унга Англияда ўқиш учун розилик беришлари лозим эди. Унга рухсат бермадилар. У биринчи ва сўнгги марта бу ҳинд одатига қарши чиқди ҳамда оиласининг қўллаб-қувватлашидан марҳум бўлган ҳолда мустақил равишда Англияга кетди.
Ганди жуда ақлли ва истеъдодли инсон эди. У университетга кириб ўқиди ва ҳуқуқшунослик дипломини олди. Иш муаммоси пайдо бўлади. Ганди Англияда ишлай олмас эди, унга Жанубий Африкада юристлик лавозимини таклиф қиладилар. Гап шундаки, Жанубий Африка ҳам Британия мустамлакаларининг бир қисми эди ва у ерда ўтган аср сўнгида олмос конлари топилганди. Бу вилоятга турли баҳоналар билан, жумладан, ҳиндистонликлар ҳам жўнатиларди.Уларга «Агар Жанубий Африкага борсангиз, ер улуши оласиз», дейишарди. Ҳақиқатан ер бериларди, чунки бу ер ҳеч кимга керак эмасди. Бу ерга кўплаб аҳоли кела бошлади. У ерда бурлар– ЖанубийАфриканинг оқ танли аҳолиси яшарди. Империянинг бу қисми тез ривожланар, кўп ишчи ўринлари яратилганди. Гандига юристлик ўрнини таклиф қилдилар ва у Жанубий Африкага жўнаб кетди.
Шу ўринда режиссёр Аттенбронинг «Ганди» фильми тўғрисида гапирмоқчиман. Бу ажойиб фильм, уни лекция аввалида муҳокама қилгандик, лекин афсуски, кўра олмаймиз. Бу фильмнинг бу ердаги тақдири жуда мураккаб, уни топиб кўриш жуда қийин. Бундан беш йил аввал Аттенбро билан Англияда суҳбатлашганимизда, у бу фильмни бизда телевидение орқали кўрсатилишини жуда истаганди. Бироқ, тамоман бошқа фильмларни кўрсатишган. Бу фильмни кинотеатрларда жуда кам кўрсатишади. Мен уни бу ердан унча узоқ бўлмаган Ҳиндистон элчихонасида кўрганман. Жуда ажойиб фильм. Бу фильмнинг ўзига ҳослиги шундаки, Ганди ролини ижро этган актёр даҳони ўйнаган. Бетховен, Паганини, Горький тўғрисидаги фильмлар бор. Биз уларни кўрганимизда актёр ўша одамнинг сўзларини талаффуз қилаётганини сезамиз, холос. Менинг нуқтаи назаримча, бу фильмда даҳо кўрсатилган. Мен Ганди ҳақида кўп ўқиганман ва мен фильмга ишонганман. Буларнинг ҳаммасини билганим учун эмас, фильмда ҳақиқат кўрсатилгани учун ишонганман. Бу фильмни ҳозир мана бу сабабга кўра эсладим. Мен фильмнинг биринчи кадрлари ҳақида гапирмоқчиман. Тасаввур қилинг, ёш Мохандас Ганди. Адл қоматли йигит. Аслзода, маърифатли одам, юрист дипломига эга, чиройли кийинган, қора костюмда.. Қора чарм жомадонлар. У Жанубий Африка Республикасига кириб келмоқда. Иш жойига етиб олиши учун йўлнинг бир қисмини поезд босиб ўтиши керак. У поездга ўтиради. Поезд ўрнидан қўзғалади, у пардани очади, табиат гўзал, бирдан купенинг эшиги очилиб, кондуктор киради. Кондуктор ниманидир сўрамоқчи бўлиб оғиз жуфтлайди-ю, бироқ жимлик чўкади. Кондуктор нима бўлаётганини тушунмайди. Кондуктор «Сиз бу ерда нима қилаяпсиз?», деб сўрайди. Ганди «Мен кетяпман», дейди ва ўзининг қимматбаҳо ҳамёнини очиб, чиптасини кўрсатмоқчи бўлади. Кондуктор яна: «Сиз қандай қилиб кириб қолдингиз бу ерга?» деб сўрайди. У чиптасини кўрсатиб, тушунтиришга ҳаракат қилади. Эшик ёпилади, Ганди елка қисади ва табиатни томоша қилишда давом этади. Яна эшик очилиб, кондуктор поезд бошлиғи билан ҳозир бўлади. Поезд бошлиғи Гандига рангли бўлгани учун биринчи класс вагонида кета олмаслигини тушунтиради. Ганди:«Нега? Мен билет олдим-ку.Мен мана бундай мана бундай лавозимда ишлайман, мен мана бу жойданман, мен фуқароман», дейди. Унга:«Бу мумкин эмас, тезда биринчи класс вагонни тарк этинг», дея жавоб берадилар. Ганди нега бундай қилиш кераклигига тушунмайди. Кейинги кадрда поезд тезликни камайтиради ва қимматбаҳо костюмдаги Гандини қимматбаҳо жомадонлари билан поезддан улоқтирадилар. У биринчи класс вагонида кета олмайди.

Гандининг Жанубий Африкадаги фаолияти бошланади. Бу жой ирқий камситишлар кучли бўлган давлат экани аниқ бўлади. Олмос конларига аҳоли кўп келгани учун, бу ерда ҳиндистонликлар ҳам кўп. Лекин улар аҳолининг озчилик қисмини ташкил этардилар ва ҳар қандай ҳақ-ҳуқуқлардан маҳрум қилингандилар. Лекин улар империянинг бу қисмига бошқалардан олдинроқ келганликлари учун анча бой бўлганлар, улар савдогарлар, ер эгалари бўлганлар. Уларнинг ўз банклари, ўз юридик хизматлари ва мактаблари ҳам бор. Лекин уларнинг ҳеч қандай ҳуқуқлари йўқ. Бундан ташқари, йўл бўйлаб махсус йўлаклар ҳам борки, бу йўлакларда рангли одамлар юра олмайдилар. Ким бўлишингдан қатъий назар, агар йўлакдан кетаётганингни полициячи кўрса, калтаклаши мумкин. Ганди бунинг ҳаммасига шўнғиб кетади. Аввалига у даҳшатга тушади, кейин эса (у Жанубий Африкада 1891 йилда иш бошлаган), 7 йилдан сўнг, 1896 йилда “Қора қонун”, деб аталувчи қонун қабул қилинади. Қонунга кўра, Жанубий Африканинг оқ танли бўлмаган аҳолиси мунтазам тарзда рўйхатдан ўтиши ва ўз ёнларида рўйхатдан ўтганлик тўғрисида қоғоз олиб юришлари шарт бўлган. Ранглини исталган пайтда тўхтатишлари мумкин эди. Агар қоғозинг бўлмаса ҳолингга вой.
Ганди фаолияти давомида анча обрў-эътиборга эга бўлди. У ҳақиқатан ҳам саводли ҳуқуқшунос эди. У бу камситишларга, ижтимоий адолатсизликка қарши курашиш ҳақида қарор қабул қилади. Қандай курашиш керак? Мана шу пайтда маданий мўъжиза юз беради. У Толстойни ўқий бошлайди. У “Қалбимиздаги Худо салтанати” китобини ўқиб чиқади ва ижтимоий адолатсизликка қарши курашнинг ягона йўли Толстойнинг «ёвузликка қарши зўравонлик билан жавоб бермаслик» ғояси эканини тушуниб етади. Ганди Толстойга мактуб ёзади, Толстой ҳам унга жавоб беради. Толстой 1910 йилда вафот этади. Унинг вафотигача бир неча йил улар ўзаро хат ёзишиб туришади.
Ганди Толстой фермасини ташкил этиб, бу ерда Толстой ғояларини амалга оширмоқчи бўлади. Тасаввур қиляпсизларми, ХХ аср бошлари, Россияда Толстойни сўкаётирлар, Черковдан четлатганлар, уни ҳамма танқид қилмоқда, ЖАРда, Иоханнесбург атрофида эса Ганди Толстой фермасини ташкил этади. Ўзининг ҳиндча урф-одатлари, жумладан, каста тизимига қарши кураш бошлайди ҳамда ижтимоий адолатсизликка қарши кураш ғояларини шакллантиради. У бу курашда кўп нарсага эришади. У билан аста-секин муроса қила бошлайдилар. Гандида қаршилик кўрсатмаслик ижтимоий ёвузликка қарши курашнинг ягона йўли бўлмаган тақдирда ҳам, асосий йўл экани тўғрисидаги ишонч мустаҳкамлана боради. Айтиш жоизки, ҳозир сиз билан муҳокама этаётганимиз нозўравонлик сўзини таомилга биринчи бўлиб Ганди киритади. Санскритда «химса» зўравонлик деганидир. Ганди бу сўзга «а» зидловчисини қўшади ва «нозўравонлик» деган атамани яратади. Европа тилларида мавжуд бўлган бу сўз Гандининг «ахимса»- нозўравонлик термини калькасидир. Биз уни русчалаб ненасилие деймиз, ҳолбуки, бу сунъий ясалмадир. Бу сўзнинг калькаси «ахимса»дир. Инглизчада «nonviolence» – нозўравонлик. «Violence» – зўравонлик, «nonviolence» – нозўравонликдир.

1915 йилда Ганди Ҳиндистонга қайтади ҳамда нозўравонлик сиёсий кураш тактикаси ва стратегиясини ишлаб чиқади. Мен ҳозир буни таъкидлаб ўтмоқчиман. Қаршилик ғояси тарафдорлари тушунмаган Толстой учун қаршилик кўрсатмаслик ёвузлик билан кураш ғояси сифатидагина маъно касб этарди. Толстой учун бу ғоя менинг ичимдаги курашдир. Ҳар бир одам ўзидан бошлаши керак ва бу ғоя оламга тарқалади. Ганди эса мана бундай деган: “Нозўравонлик – дунёда мавжуд бўлган ижтимоий ёвузликка қарши сиёсий кураш шаклидир”.
У 1915 йилда Ҳиндистонга келади. 1920 йилда “Ҳиндистон миллий конгресси” партиясига раҳбарлик қилади ва мустамлакачиларга қарши зўравонликсиз курашга асосланган партия платформасини ишлаб чиқади. Ҳиндистон Англия билан умуман тенг мақомга эга бўлмаган давлат эди, буни сиз Жюль Верннинг мустамлакачиларга қарши курашга ҳаракат қилган капитан Немо тўғрисидаги асарлари орқали биласиз. Исёнчилар қўлга қурол олиб, мустақилликни қўлга киритишга ҳаракат қилардилар, бироқ уларга қараганда кучлироқ ҳарбий салоҳиятга эга бўлган инглизлар исёнчиларни қириб ташлардилар. Капитан Немонинг эса халқига кўмак кўрсатиш учун сув остига кириб кетишдан бошқа йўли қолмаганди.
1920 йилда Ганди нозўравонлик кураш тактикасини ва энг муҳими, нозўравонлик сиёсий кураш услубларини ишлаб чиқади. Бу энди нафақат қуруқ сўз, қуруқ чақириқ, балки нозўравонлик сиёсий курашнинг аниқ усуллари эди. Булардан биринчиси –ҳамкорликдан бош тортиш, иккинчиси эса фуқаровий бўйсунмасликдир. Ҳамкорликдан бош тортиш ва фуқаровий бўйсунмаслик.
Ҳамкорликдан бош тортиш сиёсий кураш шаклидан бир намуна. 1921 йилда Ҳиндистонга Уэльс шаҳзодаси, бўлғуси қирол Эдуард келади. Бу катта воқеа эди. Тасаввур қила оласизми, тахт меросхўри мустамлакалардан бирига келди. Кутиб олиш тантанали, расмий тарзда ва хурсандчилик билан ўтиши керак. Бу катта байрам. Ўшанда Ганди айтганди: “Биз бугун зўравонсизлик курашининг биринчи усулини қўллаб кўрамиз. Уэльс шаҳзодасининг келиши инглизлар учун байрам. Лекин ҳиндистонликлар бу байрамни қўлламайдилар”. Байрам ҳам бошланди. Кўчалар тозаланган, гуллар, ҳарбийлар… Лекин шаҳарнинг бирор фуқароси Уэльс шаҳзодасини кутиб олишга чиқмади. Ҳамма уйида ўтирибди. Бу тахтга отилган биринчи тош эди. Айни пайтда Англия жуда қонунпарвар мамлакат. Инсонни маълум бир куни (бу кун дам олиш куни эди) кўчага чиқмагани учун қандай жазолаш мумкин?
Кўчалар бўм-бўш, сукунат. Бу ҳокимият учун катта зарба эди. Бундан кейин ҳам нозўравонлик кураши мана шу тамойиллар асосида олиб борилди. Ганди айтганди: “Биз ўз заминимизда мустамлакачилар билан ҳамкорлик қилмаймиз. Биз ўз фарзандларимизни инглиз мактабларига бермаймиз, биз ўз пулларимизни Англия банкларига омонатга қўймаймиз, биз инглиз судларида иштирок этмаймиз”.
Иштирок этмаслик, ҳамкорлик қилмаслик. Бу ғоя мамлакат бўйлаб тарқала бошлади. Ганди давом этади: “Инглизларнинг иқтисоди менинг мамлакатимда кўплаб маҳсулотларга нисбатан монополияни эгаллаб турганлари учун ривожланмоқда. Жумладан, улар газлама сотадилар. Барча ҳиндистонликлар инглиз маҳсулотларини харид қилишдан бош тортадилар. Англия газламаларини сотиб олишдан бош тортадилар”. Агар Ганди ҳаётининг сўнгги йилларида тушган суратларини кўрган бўлсангиз, у жуда хароб кийимда бўлганига гувоҳ бўласиз, ҳолбуки, у ёшлигида инглизча кийинарди. У барча талабаларни бир йилга ўқишдан четланишга чақирди. Томларда қўлбола газлама тўқувчи ускуналар топилди. Бутун мамлакат Ганди чақириғи билан қўлда газлама тўқишга киришди.
Қўл газламачилиги тарғиб этилди, ҳаракат аъзолари намойишкорона равишда қўлбола газламалардан тикилган кийимларни кийишди, Англия иқтисоди хонавайрон бўла бошлади. Одамлар маҳсулотларни сотиб олмас, мактабларда ўқимас, инглиз банкларга омонатга пул қўймас эдилар. Инглиз судларига ариза бермасдилар, аҳолининг кўпчилиги эса ҳиндлар эди. Ҳамма нарса вайрон бўла бошлади. Бу кураш осон кечмаган. Ҳиндларни кўпинча тўқнашувларга ундардилар. Ганди учун бу энг оғриқли дақиқалар эди. У ҳар қачон одамларни бундай ундовларга учмасликка даъват этарди. Бу жуда қийин эди.
Бу нозўравонлик курашида Ганди ундан аввал ҳам, ундан кейин ҳам ҳеч ким муваффақ бўла олмаган бир нарсага эришди. У ҳиндийлар ва мусулмонларни бирлаштира олди. Ҳиндлар ва мусулмонлар инглизларга қарши нозўравонлик курашида бирлашдилар. Ганди бу вазият унинг дунёқараши учун ўта муҳим бўлганини таъкидлаганди: “ Мен урушмайман, мен конкрет одамларга, ҳатто инглизларга қарши ҳам курашни истамайман. Мен ижтимоий ёвузликка, менинг еримни босиб олинишига қарши курашмоқдаман”.
Ва сиз биласизки, бу доҳиёна топилдиқ эди. Англия Германияга қарши уруш бошлаганида Ганди Ҳиндистон аҳолисини инглизларга қарши курашни тўхтатишга чақирди. «Ҳозир инглизлар фашизмга қарши курашмоқдалар ва биз инглизлар билан курашни уруш даврида тўхтатамиз».
Нозўравонлик қаршилик кўрсатиш, нозўравонлик кураш асослари диний бўлгани, диндан томир отгани Ганди ва нозўравонлик кураши иштирокчилари учун муҳим аҳамиятга эга эди. Ганди учун барча динлар баробар ҳурматли эди. У Ҳақиқат ва Худо бир, деб ҳисобларди. Ҳақиқат ҳар бир одамнинг қалбида бордир. Агар биз мухолифларимизни жисмонан йўқ қилсак, ҳақиқатнинг бир бўлагини йўқ қилган бўламиз. Бу эса биз ҳеч қачон ҳақиқатга етолмаймиз, ҳақиқат ҳеч қачон бизники бўлмайди, деганидир. Биз одамлар билан эмас, ижтимоий ёвузлик билан курашмоқдамиз. Биз рақибимиз ўрнида бўлиб, унинг кечинмаларини ҳис этмоқчимиз.

Ганди нозўравонлик кураш ҳақиқатига айланган яна бир гапни айтди.
Нозўравонлик кураши анча оғир ва қўлга қурол олиб курашишдан кўра кўпроқ мардлик талаб қилади. Мен рақибни кўраман, қўлимга қурол оламан, уни ўлдиришим кераклигини биламан, ўзимни ҳимоя қилишим кераклигини тушунаман. Мен нозўравонлик курашсам, рақибимга қарши курашда қўлимга ҳеч қачон қурол олмайман ва исталган пайтда унинг қурбони бўлишим мумкин, мен қурбон бўлишимни англаган ҳолда курашга кираман ҳамда менинг ортимдан ҳаракатларимни такрорловчи, муваффақиятга эришувчи иккинчи, учинчи, тўртинчи, бешинчи саф борлигини биламан.
Шундай қилиб, Ганди курашни инглиз маҳсулотларини бойкот қилишдан бошлади. Кейин эса фуқаровий бўйсунмаслик бошланди.

Ганди инглиз ҳукумати рўйхатида турарди, унинг инглизлар билан жиддий кураш бошлагани тушунарли эди, унга матбуотда чиқишни таъқиқладилар. У ўзининг бир қатор мақолаларини ёзади, кичгинагина хусусий босмахонада катта нусҳада чоп этади ва ўз китобларини ўзи сота бошлайди. Бу фуқаровий бўйсунмасликнинг дастлабки намунаси эди. Бу ерда ҳуқуқ билан зиддиятга киришилди – унга нашр этилишни таъқиқлаган эдилар, уни қамоққа оладилар, лекин Гандининг бу китобларини ҳамма сотиб олаверади. Инглизларда эса Ганди китобларини сотиб олган ҳар бир одамни қамоққа олиш учун жисмоний куч ва қамоқхоналар етишмайди. Фуқаровий бўйсунмаслик билан курашиб бўлмаслиги аниқ бўлиб қолади. Китоб сотиб олган кишига қандай муносабат билдириш мумкин ахир? У таъқиқланган китобни сотиб олди. Сотиб олди, холос. Халқни қамоқхоналарга сиғдириб бўлмайди. Лекин биринчи сафдаги фаолларни қамоқларга олишарди, ҳар ҳолда. Гандини қамоқда узоқ вақт сақладилар.
Ганди томонидан ўтказилган энг сўнгги ва энг йирик фуқаровий бўйсунмаслик тадбири “туз юриши”, деб номланди. Бутун мамлакат бўйлаб океан қирғоғига рамзий юриш қилинди, сув буғлатилиб, туз олинди ва Ганди “Ҳиндистонликлар энди инглиз тузини сотиб олмайдилар”, деб эълон қилди.
Туз монополия эди. Тасаввур қилинг, сизнинг мамлакатингизда биров “Биз энди дўконлардан спиртли ичимликлар харид қилмаймиз”, деб эълон қилса? Ўшанда деярли ҳудди шундай ҳолат содир бўлганди. Ганди “Биз туз сотиб олмаймиз, ҳеч ким туз сотиб олмайди”, деди. Англия иқтисоди таназзулга учрай бошлади. 1948 йилда Ҳиндистон мустақил давлатга айланди. Инглизлар мамлакатни тарк этдилар. Бу нозўравонлик ғояси, ёвузликка нисбатан нозўравонлик қаршилиги амалда қўлланилган ХХ аср тарихининг энг ёрқин саҳифасидир.
Аммо ҳамма нарса силлиқ кўчмаган. Мен айрим воқеаларнигина эслаб ўтаяпман, мен ғоя тўғрисида гапирмоқдаман. Ортга чекинишлар, провокациялар кўп бўлган. Лекин факт фактлигича қолади. Мен, Ганди бу кураш оғир, мураккаб эканини ва бу кураш йўлига кирган ҳар бир одам унинг мақсади ўз ватанини мустамлакачилардан озод қилиш эканини тушуниши кераклиги тўғрисида гапирганини юқорида айтиб ўтдим.
Лекин у 1948 йилда террорчилар томонидан ўлдирилди. Ҳиндистон мустақилликка эришгач, иккига бўлинади, мусулмонлар ва ҳиндлар бирга яшолмадилар. Бу муаммолар, Покистон муаммоси шу кунгача Хиндистон кун тартибида турибди. Шунга қарамай, у ҳамма нарсани қила олмаган бўлса ҳам, асосий ишни бажарди.

Мен яна бир карра Ричард Аттенбронинг “Ганди” фильмидаги ажойиб кадрларга қайтмоқчиман. Ҳиндистон мустақилликни қўлга киритди, инглизлар мамлакатни тарк этдилар, биринчи миллий ҳукумат ташкил этилмоқда, айни шу пайтларда мусулмонлар ва ҳиндлар ўртасида низолар келиб чиқа бошлади. Нима қилмоқ керак? Душман ҳайдаб чиқарилди, бироқ мамлакатни уюштириб бўлмаяпти. У миллий жиҳатдан бўлинаяпти.
Фуқаролик уруши бошланиши сезилиб қолди, ўт қўйишлар, талончиликлар, низолар… Ўшанда Ганди мана бундай эълон берди: «Низолар тўхтамагунигача, динлараро зиддият бартараф этилмагунича, мен очлик эълон қиламан». Бу ерда жуда муҳим ҳолат бор. Зўравонликсиз кураш унга фақат харизматик лидер раҳбарлик қилган тақдирдагина муваффақиятли бўлади. Обрўли харизматик лидерсиз нозўравонлик кураш мумкин эмас. Ганди мана шундай харизматик раҳбар эди. У бутун мамлакатга «Низолар тўхтамагунича, мен очликни тўхтатмайман», деб эълон қилди.

Ҳар ҳолда, у ёш йигит эмасди, у узоқ вақт қамоқда сақлангани учун соғлиғи ҳам ёмонлашганди ва Ричард Аттенбронинг фильмида газеталар ҳар куни унинг соғлиғи тўғрисида маълумот берганлари кўрсатилган. Унинг олдига парламент депутатлари келадилар ва айтадилар: «Сен ҳозир миллатга кераксан, сен ўзингни ўзинг ўлдираяпсан. Бу тартибсизликлар ўз-ўзидан бартараф бўлади». У: «Йўқ», деб жавоб беради. Ҳақиқатан у заифлашади, тўшакка ётиб қолади, энди ҳар бир соатда унинг соғлиғи тўғрисида хабарлар пайдо бўла бошлайди ва аста-секин мамлакатда низолар тўхтаб, фуқаролик уруши олови сўнади. Ганди ўз шахсий намунаси, ўз ишининг ҳақлигига ишончи комиллиги билан ўшанда фуқаролик урушини тўхтатиб қолди.
Ҳиндистонда нозўравонлик кураши кўплаб муаммоларга дуч келди ва ҳозир ҳам дуч келмоқда. Шунга қарамай, Махатма Ганди бошлаб берган ҳаракат дунёнинг бошқа бир мамлакатида давом этди. Бу ҳаракат Америкада сиёсий кураш сифатида давом эттирилди. Нозўравонликнинг кейинги фариштаси, нозўравонлик курашини амалда татбиқ қила олган кейинги инсон Мартин Лютер Кингдир. У Америка қора танлиларининг ҳақ-ҳуқуқлари учун кураш раҳбарларидан биридир.
Бу ном анча машҳур ва талаффузи, ёзилиши унча қийин эмас.

Мартин Лютер Кинг 1929 йилда туғилган. У Американинг қора танли фуқароси эди. У шимолда туғилган. Болалигиданоқ ирқий камситишларни кўп кўрган бўлса ҳам, яхшигина таълим олган. У Ку-клукс-клан нималигини, ирқий сегрегация нима эканлигини яхши билган. 50-йиллар Америкаси Жануб ва Шимолга бўлинган эди. Америка Жанубида ирқий камситишлар авжига чиққанди. Шимолда эса бир оз эркинлик бор эди. Мартин Лютер Кинг яхши билим олади, университетда фалсафа билан қизиқади.
Унинг Ганди билан танишуви юз беради. Мен ҳали буни айтмадим, шекилли, ҳозир айтиб ўтай, Гандининг «Менинг ҳаётим» китоби рус тилига таржима қилинган. Умуман олганда, Гандининг асарлари унча кўп эмас. Улар эндигина таржима қилинмоқда ва унча катта бўлмаган нусхада чоп этилмоқда. «Менинг ҳаётим» таржима қилинган ва чоп этилган. Бу китобда у ўз ҳаётини тасвирлайди, ўз таржимаи ҳолини, бошидан ўтган ишларни ёзади. Агар имкон бўлса, мана шу китобни топиб ўқишга маслаҳат бераман, жуда қизиқарли китоб.
Университетда ўқир экан, Мартин Лютер Кинг Ганди асарлари ҳамда унинг таржимаи ҳоли билан танишади, бу унда катта таасурот қолдиради. У Толстойни ўқийди, фалсафани яхши билади, Маркс билан ҳам қизиқиб кўрган, бу ғояларнинг барчаси унинг қалбида туғён уради. У фалсафадан докторлик диссертациясини ёқлайди, у фалсафа доктори ва бир вақтнинг ўзида баптист черкови руҳонийсидир.
Университетни тамомлаган, докторлик мақомига эга Кингни черков Жанубга, Алабама штатининг Мантгомери шаҳридаги баптист черкови роҳиблигига жўнатади. Алабама ва Мантгомери ирқий камситишлар маркази ҳисобланарди. «Негрлар ва итларга кириш мумкин эмас». Бу ўз вақтида анча машҳур бўлган огоҳлантирувчи ёзув эди. Мактаблар сегрегацияланган, транспорт, дўконлар, жамоат жойлари сегрегацияланган эди. Ҳолбуки, қора танлилар Мантгомери шаҳри аҳолисининг 75 фоизини ташкил этарди.
Мана шу шаҳарга ёш фалсафа доктори, баптист руҳоний келади. Баптист черкови қора танлилар черкови эди, ўша пайтларда ҳатто черков ҳам сегрегация қилинган эди. Бу ёш роҳиб Мантгомерига келиб адолатсизликларга дуч бўлади. Қора танли аҳоли исён арафасида, қаршилик кўрсатиш арафасида эди. Албатта улар барча аламларини черковда, ўз тенглари орасида очиқ-ойдин гапирардилар. Кинг аста-секин қаршилик кўрсатишга раҳбарлик қилиши лозимлигига ишона бошлайди, чунки бу қаршилик уюштирилган ҳолда олиб борилмаса, навбатдаги қонли тўқнашув юз бериши мумкин эди. Бундан ташқари, Кинг ирқий камситилишга қарши курашнинг асосий йўли нозўравонлик кураши бўлишини тушунади. Инглизчада бу «Non violence» бўлади. Яъни Махатма Ганди амалга оширган ва гапирган ҳаракат. Кингнинг ҳам инглиз тилида ёзган ажойиб китоби бор, энг яхши китобларидан бири, у “Нозўравонликка йўл”, деб аталади. Яъни, у бутун ҳаётини нозўравонликка йўл, деб қабул қилган. Ниҳоят, кунлардан бир куни унинг сабр косаси тўлиб тошади. 1955 йил, Кинг 5 йилдан бери Мантгомерида ишламоқда. Ўшанда мана бундай воқеа содир бўлади.

Мантгомери жамоат транспорти қатъий сегрегацияланган. Олдинги ўриндиқларда фақат оқ танлилар ўтириши мумкин, орқа ўриндиқларга эса қора танлилар ўтирадилар. Лекин автобусга оқ танли чиқиши билан улар ўринларидан туриб, жой бўшатишлари зарур.
Бу воқеа анча машҳур. Роза Паркс тўқимачилик фабрикасидан ишдан чиқиб уйга кетаётир. У ҳомиладор, қаттиқ чарчаган, ишдан келмоқда. У орқа ўриндиққа ўтиради. Кўпинча мана бундай бўларди, қора танлилар билет олиш учун автобуснинг олдинги эшигига ўтишлари ва ҳайдовчидан билет сотиб олгач, орқа эшик томонга ўтиб, автобусга чиқиқиши зарур эди. Агар автобус уларни кутмай ўрнидан силжиб кетса, қўрқинчли эмасди, одатий ҳол эди. Паркс ишдан келаётиб автобусга ўтирди-ю, йўлда оқ танлиларга жой бермади. Воқеа худди Ганди билан содир бўлган ҳолатга жуда ўхшайди. Ҳайдовчи автобусни тўхтатади ва уни автобусдан итқитиб ташлайдилар. Бу воқеа бутун шаҳарнинг қулоғига етиб борди. Кечқурун одамлар черковга келадилар, улар ғазабланган ва ҳаяжонланган эдилар. Бу «маъносиз ва шавқатсиз исён»нинг бошланиши эди. Исён фақат Россиядагина маъносиз эмас. Ўшанда Кинг мана бундай деган: «Биз бу йўлдан бормаймиз, биз бошқа йўлдан борамиз. Эртадан бошлаб биз барча жамоат транспортини бойкот қиламиз (Мантгомери аҳолисининг 70% қора танлилар эди). Кимнинг ўз транспорти бўлса, қўшниларини ишга ола келади, кимда йўқ бўлса, ҳўкизларни аравага қўшсин, велосипедлардан фойдалансин. Пиёда юрамиз, лекин ҳеч биримиз жамоат транспортидан бошқа фойдаланмаймиз».

Кингнинг ютуғи ва балки муаммоси шунда эдики, у ўз мамлакатида яшарди. У оқларга қарши жанг қилолмасди. Гандининг ҳаракатини тушуниш мумкин эди. Ҳиндистон ва уни босиб олганлар бор эди. У босқинчиларга қарши курашди. Кинг эса бундан маҳрум эди. Оқлар ҳам, қоралар ҳам аҳоли эди. Мен «фуқаро» деган сўзни ишлата олмайман, чунки қора танлилар қарийб фуқаро эмасдилар, лекин шу мамлакат аҳолиси эдилар ва оқлар-қоралар урушининг маъноси йўқ эди.
Кингнинг даҳоси шундаки, у Америка қора танлиларининг нозўравонлик курашини қора танли аҳоли ҳақ-ҳуқуқлари учун курашга айлантира олди. У: «Оқлар ҳам, қоралар ҳам Америка фуқароларидир. Мен оқларга қарши курашмайман ва уларга қарши курашга ҳам даъват этмайман. Мен асосий америкача тамойиллар – озодлик тамойили эса ҳақиқатан ҳам ўта қадрлидир – Американинг барча фуқароларига нисбатан қўлланиши учун курашмоқдаман», деганди.
Кинг америкача сиёсий тамойиллар бутун мамлакат принципига, қора танлилар учунгина эмас, оқ танлилар учун ҳам принципга айланиши учун курашди. Бу борада у муваффақиятга эришди. У фақат шунинг учун ғалаба қилди. Шундай қилиб, эртаси куни шаҳар транспортини бойкот қилиш бошланди. Бу жуда қийин эди, лекин одамлар бирлаша олдилар.
Кунлар ўтса ҳам одамлар жамоат транспортидан фойдаланмадилар. Ширкат сина бошлади. Орадан бир йил ўтиб (Роза Паркс воқеаси 1955 йил декабрида бўлганди), 1956 йил 20 декабрида штатда жамоат транспорти десегрегация қилинди. Бу муваффақиятли амалга ошди. Бу орада Мартин Лютер Кингга таҳдидлар бўлди. Унинг уйига бомба ташланди. У оиласини ва фарзандини Шимолда яшайдиган ота-онасининг уйида яширишга мажбур бўлди. У уйида яшолмасди, унга таҳдидлар қилинарди, унга нисбатан фитналар уюштирдилар, қамоққа олишга ҳаракат қилдилар, лекин шунга қарамай, бир йилдан сўнг Америкада жамоат транспорти десегрегация қилинди.
Кураш давом этарди. Мартин Лютер Кинг қора танли аҳолининг ҳақ-ҳуқуқлари учун курашига раҳбарлик қилди.
1963 йилда АҚШ Олий Суди сегрегацияни ноқонуний, деб топди. Айни мана шу 1963 йилда АҚШ президенти конгрессга сегрегацияни қораланган ва сегрегацияга қарши чоралар кўриш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тақдим этди.
1964 йилда Мартин Лютер Кингга Нобель тинчлик мукофоти берилди. Бу ҳаракат Жанубий Штатлардан Шимолий Штатларга ҳам кўчди. Жуда катта норозилик тадбирлари, тарғибот кампаниялари уюштирилди. Энг муҳими, Мартин Лютер Кинг Америка оқ танли аҳолисини ҳам ўз тарафдорига айлантира олди.
Ўзининг «Нозўравонликка йўл» китобида Мартин Кинг Лютер нозўравонликни қандай тушуниши тўғрисида ёзади. Мен унинг китобидан сатрларни ўқиб бермоқчиман: «Нозўравонлик курашдир (бу энг асосий вазифа), кучли одамларнинг йўлидир. Зўравонсизлик ақл ва рақибнинг виждонига асосланади. \Нозўравонлик ёвузликка қаршидир, ёвузликни қилган одамларга эмас. Нозўравонлик қасос олмаслик шарти билан қийноққа тушмоқликдир.
Рақибни енгиш учун ташқи зўравонликдангина эмас, қалб зўравонлигидан ҳам сақланиш зарур. Нозўравонлик иймон ва дунё адолатидан келиб чиқади”.
Агар тарихдан бохабар бўлсангиз, 1968 йили Мартин Лютер Кинг ку-клукс-клан террорчиси томонидан ўлдирилади.
Мен Мартин Лютер Кинг тўғрисидаги ҳикояни бир мисол билан тугатмоқчиман. Бу ерда менинг тенгдошларим ўтирибдилар. Болаликда менинг энг севимли китобим «Том тоғанинг кулбаси» асари эди. Мен қора танлиларнинг қай тарзда ҳақоратланишларини ўқиб, йиғлар эдим. Яқинда мен Америкага бориб келдим, у ерда ҳамкасбларим билан танишдим. Ҳамкасбларимдан бири икки йил аввал Москвага келди. Уни институтга таклиф қилиб, талабаларга лекция ўқиб беришни илтимос қилдим. Бу ҳамкасбим ижтимоий фаолият кафедрасига раҳбарлик қилади, ҳозир бизда ижтимоий фаолият янги таълим сифатида анча оммалашган. Мен ундан ижтимоий фаолият нима, деган мавзуда гапириб беришни илтимос қилдим.
Бу лекцияни таржима қилиш учун инглиз тили кафедрасидан ўқитувчи таклиф қилдик. Ҳамкасбим ижтимоий соҳа вакиллари олдида турган муаммолар тўғрисида гапирар экан, этник аспектни алоҳида таъкидлаб кўрсатди. У Америкада жуда оммалашган «Afro-Americans» сўзини ишлатди. Инглиз тили ўқитувчиси бўлган ва тилни жуда яхши билган ҳамкасбим бу сўзни таржима қила олмади, гап нима тўғрисида кетаётганини тушунмади. Тушунтиришга тўғри келди. Гап шундаки, замонавий Америкада турли одамлар яшайдилар. Университет доирасида, зиёлилар орасида black, color –қора, негр деган сўзни ишлатиб бўлмайди. Шунинг учун кейинги йилларда «Afro-Americans» – «келиб чиқиши Африкадан бўлган америкалик» сўзи пайдо бўлди. Муаммони назарий жиҳатдан муҳокама қилиш жараёнида одамлар негр, рангли деган сўзларни ишлатмайдилар. Замонавий Москвада, мен Россия ҳақида гапирмоқчи эмасман, замонавий Москвада ҳамкасбим бу сўзни таржима қила олмаяпти, бизда бундай сўз йўқ. Бизнинг мамлакатда мана бу миллатга тааллуқли одам, қора, оқ, қизил, яшил, деб бемалол гапириш мумкин, исталган газетада ўқиш мумкин. Чунки Толстой ғоялари, нозўравонлик ғоялари ҳеч кимга керак эмас, ҳар доим халқлар дўстлиги тўғрисида гапирар эдик ва бугунги кунда жамиятнинг ҳар бир аъзоси бу тўғрида бемалол гапира олиши мумкин. Нозўравонлик кураши оқибатида ўз ҳуқуқларини қўлга киритган америкаликлар эса, «Afro-Americans» атамасини ўйлаб топдилар. Ўзини ҳурмат қилган ҳеч бир америкалик бир инсоннинг миллатини таъкидлаб айтмайди. Ҳолбуки, Америка турли-туман қарашлар мамлакати, у университетлар ва университет ўқитувчилари билангина чегараланиб қолмайди.

Албатта, нозўравонлик курашининг амалда қўлланилиши мана шу уч ҳаракат билан чекланиб қолмайди. Скандинавия давлатларида фашизмга қарши нозўравонлик кураши олиб борилаётгани тўғрисида кўп ёзилмоқда.
Нозўравонлик кураши намуналарини бизнинг лагерларимизда ҳам топиш мумкин. Сизларнинг кутубхонангизга олиб келган китобларимизда мана шу тажриба ҳақида маълумотлар бор. Мен сизларининг саволларингизга жавоб бериш учун махсус вақт ажратдим. Мен суҳбатимиз давомида нозўравонлик ғояси сизга тушунарли ва таниш бўлиб қолганига умид қиламан. Ҳар ҳолда мен “нозўравонлик” сўзини ҳар бир одам эшитганига ишончим комил бўлади. Шу билан мен нутқимни якунлайман, саволларга ўтамиз. Марҳамат.

Залдан овоз. Сиз лекциянгиз аввалида ХХ аср зўравонлик ва ваҳшийлик авжига чиққан даврга айланди, дедингиз. Мен наҳотки шундай бўлса, деб сўрамоқчиман? Ахир тарихда жуда кўп мисоллар бор. Масалан, ўрта асрлардаги бидъатга қарши кураш, салиб юришлари, ҳамма нарсани вайрон қилиш иштиёқидаги мутаассиб… Ҳа, ХХ асрда атом бомбаси, атом қуроллари ўйлаб топилди, лекин бунга технологиялар йўл очиб берди. Агар бу қурол қанча одамнинг ёстиғини қуритишини ҳисобга олмайдиган бўлсак ва унинг инсон тараққиётидаги аҳамиятини ҳисобга олсак, бошқача тасаввур пайдо бўлмайдими? Бундан аввалги асрларда содир бўлган воқеалар анча даҳшатлироқ эмасми?
Колтипина. Катта раҳмат. Сиз ўз саволингизга жавоб ҳам бериб бўлдингиз. Жуда тўғри, зўравонлик инсон жамиятининг барча даврларида бўлган. Лекин ХХ асрда техника ва технологияларнинг ривожланиши инсониятни ўлим ёқасига келтириб қўйди. Зўравонлик шу қадар тарқалиб кўпайдики, инсоният у билан муроса қила бошлади ва бугунги кунда ҳаёт -мамот масаласи кўндаланг турибди. Агар шундай давом этаверса, биз ўзимизни-ўзимиз йўқ қиламиз. Инсоният ўзини йўқ қилади. Бу борада ХХ аср уникалдир – биз бирон нарсани ўзгартирамиз ёки қурбон бўламиз. Яна нозўравонлик тўғрисида саволлар борми? Бу жуда яхши ғоя, шундай эмасми? Унда менга сизнинг тенгдошларингиз кўпинча берадиган саволлардан бирига сиздан жавоб олмоқчиман.

Менга кўпинча мана бундай савол берадилар. Мана сиз бизга нозўравонлик тўғрисида гапириб бердингиз. Бизнинг вақтимиз чегараланган эди. Мен балки нозўравонлик абсолют (мутлақ) принцип бўлиб, ҳар қандай ҳолатда ҳам зўравонлик ишлатилмаслиги керак, деган Толстой тўғрисида тўла маълумот бера олмагандирман. Ва кўпинча менга мана шундай аудиторияларда мен ҳозир сизга берадиган саволга жавоб сўрайдилар. Тасаввур қилинг –нозўравонликажойиб ғоя. Мен уни жуда яхши кўраман. Мен бу ғояни муҳим ва қутқарувчи ғоя, деб ҳисоблайман. Шундай ҳолатда талабаларим мендан сўрайдилар. Тасаввур қилинг, жиноятчи сизнинг фарзандингизга пичоқ ўқталиб турибди. Сизга савол. Нозўравонлик ажойиб ғоя. Лекин бундай ҳолатда сиз нима қиласиз?

Залдан овоз. Мен аниқ эслай олмайман, менимча Толстой айтган эди, бу жиноятчи болани ўлдиришга журъат қиладими ёки йўқми, ҳали номаълум, деб.

Колтипина. Савол Толстой ҳақида эмас. Бу савол сизлар тўғрингизда.
Залдан овоз. Билмадим.

Залдан бошқа овоз. У болани пичоқлаши аввалдан маълумми? Зўравонлик ишлатиб жиноятчини ўлдириш мумкин, лекин у болани ўлдириш ниятида бўлмаса-чи? Балки қўрқитиш керакдир. Бу ҳолатда тенг бўлмаган жанг бўлиши аниқ.
Колтипина. Раҳмат. Бу саволга яна қандайдир жавоблар бўладими? Менга жавобларни эшитиш жуда қизиқ.

Залдан овоз. Мана бу ёшлар балки жиноятчи пичоқни ишлатмас, деган фикрни билдирдилар. Лекин гап бола ҳақида кетар экан, ҳар бир она фарзандини болта билан ҳимоя қилишга тайёр.

Колтипина. Менимча, ҳар бир иккинчи ота ҳам шундай қилади.
Залдан овоз. Ўз боланг бўлса, сенинг бир қисминг бўлса. Мен бу масалани нозўравонлик билан ҳал қилиш мумкинлигига ишонмайман.
Колтипина. Рахмат. Яна кимларда жавоблар бор?
Залдан овоз. Сиз нозўравонлик ғояси диний ақидаларга асосланган, шу билан бирга, ҳар бир динда қонунлар бузилгани учун қасос олиш, жазолаш бор, табиийки, олам ҳуқуқий жазоларсиз яшай олмайди, дедингиз. Чунки ҳар доим қонунларни бузган одамлар бўлган ва уларни жазолаш шартдир.

Колтипина. Савол шахсан сиз ҳақингизда. Жиноят ва жазо борлиги тушунарли. Сиз шахсан нима деб ўйлайсиз? Менга бу саволни нозўравонлик тўғрисида гапирганимда жуда кўп марта берадилар. Мен бу саволни атай бердим.

Залдан овоз. Мен бундай вазиятда қандай ҳаракат қилишимни тасаввур этолмайман. Мен ҳатти-ҳаракатимни назорат қилолмайман, деб ўйлайман.
Колтипина. Раҳмат. Марҳамат, яна жавоблар борми?

Залдан овоз. Менимча, нозўравонлик ғояси биз учун янги тушунча. Мен ишонаманки, 99% одамлар бу жиноятчига онгли тарзда қўл кўтарадилар. Чунки уларда ўйлашга вақт йўқ. Агар уларда ўйлашга вақт бўлганида, улар бошқа бир йўлни топган бўлардилар. Лекин тезкор қарор қабул қилиш шарт бўлган пайтларда бизга мақбул бўлган ягона ҳаракатни амалга оширамиз.

Залдан овоз. Амалда психологик босим кўрсатиш мумкин, лекин буни қандай қилишни билиш керак, ҳамма ҳам билавермайди.
Залдан овоз. Менимча.ҳар қандай ҳолатда ҳам боланинг ота-онаси жиноятчига қаршилик кўрсатади. Бу ерда рефлекс, ҳимояланиш ғаризаси ишга тушади. Бу масалада ҳеч қандай бошқа фикр бўлмаган ва бўлмайди ҳам.
Залдан овоз. Менимча бу рефлекс ва инстинктлардир. Лекин рефлекс ва инстинктларни ҳам енгиш мумкин. Лекин жиноятчини болта билан чопиб ташламаслик учун, унга нисбатан зўравонлик қилмаслик учун одамнинг маънавияти бой бўлиши лозим. Яъни инсоннинг мақоми бизнинг жамиятда имкониятсиз бўлган даражада юқори бўлиши шарт. Лекин бу инсон потенциали учун ҳеч гап эмас.
Колтипина. Раҳмат.

Литинский. Саволга аниқлик киритсам майлими? Нозўравонлик ижтимоий-аҳлоқий давлат ғояси билан уйғунми? Давлат деганда инсониятнинг умумий ҳамжамияти назарда тутилмоқда. Одамлар худди кичик-кичик қўтонларга ҳайдаб кирилгандай – Америка, Франция, Англия… Давлат у ёки бу шаклда зўравонликни татбиқ қилишга мажбурдай кўринади. Менинг саволим тушунарлими?
Колтипина. Катта раҳмат. Мана шу савол билан якунлаймиз. Бу саволлар мавзунинг яна бошқа қирраларини очиб берди. Бу саволни мен сизларга бердим ва фарзанд бизнинг келажагимиз эканини яхши тушунаман. Лекин талабалар бу саволни менга беришганда, мен ҳеч иккиланмай фарзандимни ҳар қандай йўллар билан ҳимоя қиламан, дейман, бошқача бўлиши мумкин эмас, бу оналик ҳиссидир. Улар унда нега сиз бизга бир ярим соат мобайнида зўравонсизлик ғояси тўғрисида гапирдингиз, деб қайта савол беришади. Мен ҳозир айни мана шу масалага тўхталмоқчиман.
Нозўравонлик ажойиб ғоя. Нозўравонлик амалиёти катта ҳурматга сазовор. Мен бу лекцияни бизнинг амалий ҳаётимизда нозўравонлик тамойилини бажариш қийин эканини, мутлақо мумкин эмаслигини тушунишингиз учун ўқидим. Балки буни авлиёлар бажара олар. Мен ҳозир сизларга нозўравонлик тўғрисида (афсуски, бу биз учун янги ғоя) гапиришимдан мақсад, шахсий психологик, ижтимоий даражада зиддиятлар келиб чиққанда, масалани ҳал этишнинг икки йўли борлиги тўғрисида тушунча беришдир. Зўравонлик йўли бор. Айрим пайтларда бу ягона йўл бўлиб қолади ва биз бу билан муроса қилмоғимиз керак. Лекин шу билан бирга нозўравонлик йўли ҳам борлигини билмоғимиз лозим. Афсуски, биз исталган зиддиятни зўравонлик йўли билан ҳал қилиш мафкураси жорий бўлган давлатда яшамоқдамиз. Давлат – зўравонликдир, мактаб ҳам кўпинча зўравонликдир. Вертикал ва горизонтал зўравонликдир. Мен бу биринчи танишув лекциясини сизлар зиддиятларни бартараф этишнинг турли йўллари борлигини билишингиз учун ўқидим. Кўпинча биз нозўравонлик нима эканини билмаганимиз учун зиддиятларни бартараф этишда бу ғоядан фойдалана олмаймиз. Бу тажриба ёзиб қолдирилган, нозўравонлик кураши услублари ҳам батафсил ёзилган ва мен сизларни улар билан танишиб чиқишга даъват этаман. Сўнгги саволга келсак, реал ҳаётда давлат ва зўравонлик бор. Лекин биз давлат ичидаги, фуқаро ва давлат ўртасидаги, давлат билан бошқа давлат ўртасидаги зиддиятларни бартараф этишда зўравонликдан ташқари бошқа усуллар борлиги билан ҳам муроса қилишимиз керак.

Ва энг сўнгги нозик жиҳат. Менимча, фуқарони фуқаро қиладиган кўп масалалар бор. Биз қандай қилиб фуқарога айланамиз? Биз ўз давлатимизнинг амалий ҳаётида иштирок этиш, давлат учун долзарб бўлган муаммоларни муҳокама этиш орқали фуқаро бўламиз. Мен мутахассислигим бўйича кўп бора дуч келган яна бир муҳим муаммо бор – ўлим жазоси масаласи. Ҳар доим бизнинг қонунчилигимизда, кичик танаффусларни ҳисобга олмаганда, ўлим жазоси бўлиб келган. Кейин эса Европа ҳамжамиятига тезроқ қўшилиш мақсадида юқори раҳбарият томонидан «ўлим жазосига мораторий эълон қилинди». Бу муаммо муҳокама қилиниши, тушунилиши лозим. Мен кўпинча талабаларга «Болалар, ўлим жазоси муаммоси бор. Сиз нима деб ўйлайсиз, ўлим жазоси давлатимизда қўлланилиши керакми ёки йўқми?», деб сўрайман. Талабалар менга жавоб ёзадилар. Талабалар жуда эркин бўлишади ва уларнинг 80% ўлим жазосини қўллайдилар. Нозўравонлик зиддиятларни бартараф этиш усулларидан бири бўлибгина қолмасдан, катта маънавий қадрият ҳамдир. Бу маънавий қадрият ва фуқаровий қадриятдир. Агар сиз бу тўғрида биладиган бўлсангиз, ҳеч бўлмаганда ўлим жазоси керакми, деган саволга жавоб ёзаётиб, бу жазо уни қўллайдиган давлат томонидан амалга оширилаётгани ҳақида бир ўйлаб қўясиз.

Вақтимиз тугади. Агар саволлар бўлса, жавоб беришга тайёрман.

Шекотова. Сизга катта раҳмат.

Манба: www.sakharov-center.ru

Copyright © 2018 Birdamlik.Info