Маълумки, 22 мартда ВСКнинг сайловчилар овоз бериши учун мўлжалланган махсус Ҳисоблагич дастурига хакерлик ҳужуми бўлди.
27 мартгача мазкур сотиб олинган Ҳисоблагич дастурни қайта тиклаш учун ВСК олиб бораётган барча ҳаракатлар самарасизлигича қолмоқда. Бу ҳақда 26 мартда, матбуотда нашр қилинган ВСК фаолиятига доир Оралиқ Ҳисоботда батафсил ёзилган.
Лекин шунга қарамасдан, овоз бериш жараёнини давом эттириш мақсадида, ВСК 26 мартда янги бир Ҳисоблагич дастурни ишга туширди. ВСК моддий ресурс базасига эга бўлмаганлиги сабабли, қайтадан янги Ҳисоблагич дастурни сотиб олишга имкон тополмади. Янги дастур бепул хизмат кўрсатиш учун мўлжаллангани боис, ВСК сайлов талабларига тўла жавоб бермаслиги аниқланди. Яъни, 22 мартда йўқотилган Ҳисоблагич дастурдан бу янги дастур мутлақо кескин фарқ қилиши, техник жиҳатдан ҳимоя тизими мавжуд эмаслиги, шаффоф сайлов ўтказишнинг имконияти йўқлиги ва сохта овозларни текшириш ҳам мумкин эмаслиги ҳамда бошқа бир қатор сифатлари йўқлиги учун ВСК мазкур янги Ҳисоблагич дастуридан воз кечишга қарор қилди.
26 мартдан 27 мартга ўтар кечаси Париж вақти билан тунги соат 03:00 гача янги Ҳисоблагичда берилган янги овозлар ВСК қарорига асосан ғайриқонуний деб топилди ва ҳисобга олинмади. Ушбу Ҳисоблагич ВСКнинг расмий веб-саҳифасидан тез вақт ичида олиб ташланади.
1 мартдан 22 мартгача олинган овоз бериш натижаларини ВСКнинг барча аъзолари қайтадан кўриб чиқади ва сайлов бўйича якуний хулоса 30 март куни матбуотда эълон қилинади.
ВСК Матбуот Хизмати
27.03.2015 йил
соат: 03:00