ЗЎРАВОНЛИКДАН ХАЛОС БЎЛИШ

Жак Семлен
ЗЎРАВОНЛИКДАН ХАЛОС БЎЛИШ
ИНСОННИНГ ЗУЛМГА ҚАРШИ ТУРИШ САЛОҲИЯТИ

ЗЎРАВОНЛИКДАН ХАЛОС БЎЛИШЗиддиятли вазиятларда индивидуум олдида бўйсуниш керакми ёки қаршилик кўрсатиш, деган танлов имконияти пайдо бўлади. Бу танлов энг аввало индивид онгида содир бўлади, мухолиф томоннинг бунга ҳеч қандай алоқаси бўлмайди. Бўйсунишни танларкан, инсон рақиби олдида тиз чўкади, шахс сифатида ўлади, кейин у жисман ҳам нобуд бўлади. Қўрқув унинг иродасини синдиради, инсон ҳақиқий ҳаётдан касбий, маиший жабҳалар ортига яширинишга уринади, уни ўраб турган даҳшатни унутишга ҳаракат қилади, ҳақиқатни инкор қилади. Ўзини ҳеч кимга тобе эмас, дея ҳисобларкан, аслида у тузоққа тушади: уни ижтимоий мақом, иш жойи, уй-жой, оила билан шантаж қилиб, индивидуумни «ушлаб турувчи» давлатга тўлалигича қарам бўлиб қолади. Бундай вазиятларда кўпчилик ўз ҳаёти ва осойишталигини сақлаб қолишга уриниб, қаршилик қилиш ҳақида ўйламайди.
Истибдод инсон онгида бўйсуниш ва қаршилик кўрсатиш ўртасидаги зиддиятни келтириб чиқаради.
Бу зиддиятнинг шиддати индивидга кўрсатилажак босим кучига боғлиқ, аммо унинг табиати зиддият шиддатига боғлиқ эмас. Истибдод қаршисида турган индивид уч йўлдан бирини танлайди: у ё ҳамкорликка тайёр эканини намойиш қилиб, тўлалигича мустабидлар томонига ўтади; ё охиригача бир нимани танлашни истамасдан, тизимга мослашади, қутқарувчи қадриятларга бурканиб олади ва ўзини ёлғондакам ҳавфсизликда ҳис қилади; ёки у ниҳоят бошини кўтариб ва бу иш унинг бутун ҳаётини тўла ўзгартириб юборишига ишонган ҳолда мустабидга қарши туриш йўлини тутади. Шу тариқа у инсоний қадр-қимматини сақлаб қолади. У бу йўлнинг машаққатли эканини ва ўлимга олиб бориши мумкинлигини билади, аммо қанчалик парадоксал бўлмасин, бу ўз ҳаётини ва бошқалар ҳаётини сақлаб қолишнинг энг мақбул йўлидир. Мазкур йўл инсонпарварлик, сиёсий ва диний идеалга жавоб берувчи, озодлик ва адолатни ҳимоя қилувчи қадриятларга ишонишни тақазо этади. Ҳимоя қилиниши керак бўлган озодлик ғояси, курашиб қўлга киритиш лозим бўлган адолат ғояси ўлим олдидаги қўрқувга қарши курашда дастлабки психологик ва аҳлоқий таянчга айланади. Ишонч ҳавфни бартараф этиш ва изтироблардан устун келишга ёрдам беради. Бунинг аксича, агар кимда-ким қадни рост тутишга ёрдам берувчи ички таянч устундан маҳрум бўлса, таҳликали вазиятларда инсоний қиёфасини йўқотади, мустабид олдида хўрланади, аҳлоқий жиҳатдан таназзулга юз тутади ва охир-оқибат жисман ҳам ўлади.
Врачлар руҳий ҳолат организмнинг касалликка қарши туриши ва унинг тузалишида катта ижобий роль ўйнайди, деб ҳисоблайдилар. Мен эса руҳий ҳолат зулм-зўрлик касаллигига қарши туришга ҳам ёрдам беради, дея таъкидлайман.
Индивиднинг таҳликали вазиятларда ўзини тутишини таҳлил қилиш унинг ички кучи ҳақида янада ёрқин тасаввур ҳосил қилиш имконини беради. Агар индивид таҳликали вазиятларда энг бузғунчи зулм-зўрликка ҳам қарши туришга қодир бўлса, бу унинг зўравонликка қарши зўравонсизлик усуллари билан кураша олишига далил бўла олади. Қуролланмаган киши зўравонлик олдида мутлақо ҳимоясиз эмас. Унинг қуроли кўринмайди, холос. Зўравонлик юки остида инсон эгилиб-букилиши мумкин, лекин у синмайди, агар унда ички қаршилик кучи бўлса, у чекинмайди. Индивиднинг чуқур ишончи, унинг аҳлоқий, сиёсий ёки диний идеалга содиқлиги унинг ички эркин ҳаракатни сақлаб қолиш, зўравонлик зарбалари олдида унинг автономлигини (мухторлигини) сақлаб қолиш имконини белгилаб беради. Зўравонликка қарши туриш бу қалбда бир чимдим мустақилликни, ички эркинликни сақлаб қолиш, нима қилиш ва нимани ўйлаш ҳақида инсоннинг ўзи ҳукм чиқариши демакдир.
Мустақиллик, мухторият (киши ихтиёрининг ўз қўлида бўлиши) қонунга нисбатан специфик (ўзига хос) шахсий муносабат ўлароқ тушунилади. Этимологик жиҳатдан автономия – autonomos – сўзи ўз қонунини ўзи чиқариш ҳуқуқи маъносини англатади. Қуролланган ва қуролланмаган индивид ўртасидаги ҳақиқий қарама-қаршилик мустақиллик (бировга қарам бўлмаслик) қонунининг зўравонлик қонунига нисбатан қаршилигидир. Таъқиб қилувчи ўз қурбонини таъқибчининг қонунларига бўйсунишга мажбур қилиб, унга ўз ҳукмини ўтказиши мумкин. Аммо агар қурбоннинг ўзи бўйсунмаса, таъқиб қилувчи унга бу қонунларни ичдан мажбуран қабул қилдира олмайди. Агарда таъқиб қилувчининг қонунлари қурбоннинг ўз қонунларига айланиб қолса, қурбон ҳар қандай мустақилликни йўқотган ва шахс сифатида тамом бўлган киши ҳисобланади. У ҳолда қурбон таъқиб қилувчининг қўлидаги ўйинчоққа айланади ҳамда ўзини тўла тобелик ва ўлимга гирифтор қилади.
Бу каби таҳлил поғонавий тизимнинг функционал босқичларидан бири сифатида таъқиб қилувчига ҳам дахлдор. Таъқиб қилувчи ҳам масъулият ҳиссидан маҳрум бўлгандир, у ҳам қўғирчоқ, тоталитар давлат механизми хоҳиш-иродасини кўр-кўрона бажарувчи шахсдир. Баъзан бу ижрочиларда «виждон ҳуружи» бўлади ва улар ҳам ўз навбатида зўравонликка қарши чиқа бошлайдилар. Бу улардаги мустақилликнинг юз кўрсатишидир. Шундай қилиб, автономия (мухторият) шундай воситаки, у орқали киши қурбон бўладими ёки жаллодми – зўравонликка қарши чиқади. Агар ҳокимиятга бўйсуниш зўравонликка олиб борса, мухторият бу зўравонсизликка олиб борадиган йўлдир. Зўравонлик шахсий ҳаётга тантанали ғалаба билан ёриб киради, аммо у тезда кучсизланади, ҳайбат-салобатини йўқотади ва ёлғон ортига яширинишга ҳаракат қилади. Ёлғон зўравонлик қочиши мумкин бўлган ягона жойдир ҳамда фақат зўравонлик ҳисобига яшовчи ёлғон ҳам мавжуд. Зўравонлик ўзининг зил-замбил қўлларини ҳар куни ҳам елкаларимизга қўявермайди: у биздан фақат ҳар куни ёлғонда иштирок этиш, ёлғонга бўйсунишни талаб қилади, холос. Озод бўлиш учун энг жўн очқич ҳар бир индивиднинг ёлғонда иштирок этмаслигида ётади.
Ёлғон ҳамма нарсани яширади, ҳар жойда юзага келади, аммо агар ундан халос бўлинса, ёлғонга ёрдам беришдан бош тортилса, у пассив кишиларнинг ёпиқ доирасини ёриб ўта олади, холос. Махатма Ганди ёлғонда иштирок этмасликни нозўравонликка қўйилган биринчи қадам эканини назарда тутаркан, нозўравонликни «ҳақиқат кучи» деб атаганди.
Очиқлик ва тўғрилик ҳиссини инсонпарварлик ёки диний нуқтаи назардан қараш ҳамда шахс жавобгарлиги ва мустақиллигига хос бўлган энг жўн психологик хусусият деб қараш мумкин. Зўравонлик ўзининг доимий таъсирида бўлган қўғирчоқ кимсада эмас, фақат масъулиятни ҳис қиладиган шахсдагина айбдорлик ҳиссини юзага келтириши мумкин. Аниқки, масъулиятлилик ва мухторият меҳнат билан эришиладиган хусусиятлар бўлиб ҳисобланади. Кунларнинг бирида индивид ўзининг адолатсизлик қурбони бўлганини, бўйсуниш уни шахс сифатида емираётганини англаб қолади. Ўша ондан бошлаб у ўз тақдири учун масъул бўлиб қолади, ўзини тутишида эса мустақиллик пайдо бўлади. Масъулиятлилик ва мухториятга ўрганиш осон эмас, аммо улар инсоннинг шартлилик фатализмидан халос бўлишига ёрдам беради. Фақат шу йўл билан индивид ўз ичидаги конформизм ва бўйсуниш занжирларини узиб ташлайди. Шу маънода мухторият ва масъулиятлилик зўравонсизлик ҳаракатларининг асосий тушунчалари бўлиб ҳисобланадилар. Бу хусусиятлар инсонни қаршилик кўрсатишга тайёр шахсга айлантиради. Индивид ўз қадр-қиммати, ҳаракатга қодирлигини англаш йўлида катта руҳий амалларни бажариши керак бўлади. Ҳаракат ва ўзини шахс сифатида англаш ўртасида диалектик алоқа мавжуд: ҳаракат инсонни шахс сифатида юксакликка кўтарар экан, ўзликни англашнинг ўзи ҳаракат бўлиб ҳисобланади.
Аммо инсоннинг ўзини шахс сифатида англаши ҳаммада бир хил кечавермайди, айрим кишилар адолатсизлик қарши, озодлик ва тинчлик-осойишталик учун курашга мутлақо қодир эмаслар. Ҳамма одамлар бирданига зўравонликни тугатиб, нозўравонлик йўлига ўтиб оладилар, дея кутиб бўлмайди. Фақат индивиднинг тузалишигагина умидвор бўлиб ўтириш боши берк кўчага олиб кириб қўяди. Нозўравонликка бағишланган кўплаб ишлар инсоннинг аҳлоқий ёки руҳий жиҳатдан қайта туғилишга чорлайди. Мен дунёни ўзгартиш учун, қанчалар муҳим бўлмасин, тарбиянинг ўзи кифоя эмас, деб ўйлайман. Нозўравонлик фақат пассивлик ва бўйсуниш каби психологик механизмларини йўқ қилишга йўналтирилган бўлмаслиги керак. У зўравонлик замон ва маконда ҳукмронлик қилаётган, инсонлар мустақилликдан кўра, тобеликка мойилроқ, масъулиятлиликдан кўра масъулиятсизроқ бўлган мавжуд ҳаётимизда илдиз отиши керак. Фақат шундай шароитдагина зўравонсизликнинг Тарих зиддиятларни ҳал этиш воситаси сифатидаги характери синалиши керак.

ЎЗИНИ ЎЛДИРМАСДАН ҲИМОЯЛАНИШ
Ҳар қандай нозўравон ҳаракатининг манбаи зиддият (конфликт) бўлиб ҳисобланади. Нозўравонлик ҳақида фақат зиддиятли вазиятни кўзда тутган ҳолдагина гапириш мумкин. Европадаги нозўравонлик назарияси асосчиси Ланса дель Васто: «Осойишта турмуш шароитида нозўравонлик юзага келмайди. Инсон ўзининг қандай қарашда эканини билмаслиги мумкин. Бу зиддият юзага келганида аниқланади», дея таъкидлаганди. Урушмай юрган одамларни зўравонликсиз тамойиллари бўйича яшаяптилар, дея билдириш бемаъниликдир. Кўпинча ташқи олам ортида зиддиятни ниқоблаб турган зўравонлик яширинган бўлиши мумкин. Тинч ҳолатдаги зўравонлик худди зиддиятлар мавжуд эмасдай таассурот қолдиради. Аммо мустабид ҳукмдорга қарши тўсатдан бошланган кураш аллақачон пишиб етилган зиддиятни юзага олиб чиқади.
Тарихга зиддиятлар хос, зўравонлик эмас. Бу икки тушунчани, уларнинг принципиал фарқларига эътибор қилмай, кўпинча аралаштириб юборадилар. Зўравонлик бу бир-бирини йўқ қилиш йўли билан зиддиятни ҳал қилишнинг муҳтамал усулларидан биридир. Зўравонлик низони бостиришга ҳаракат қилади, чунки у рақибни жисмоний жиҳатдан йўқ қилишга қаратилгандир. Зўравонлик восита, зиддият (низо) ҳолатдир. Тарих кишилар манфаатлари, зиддиятнинг турли шаклларида намоён бўлувчи уларнинг қарама-қарши фикрлари тўқнашувини ўзида акс эттиради. Зиддиятли вазиятларда, деб ёзганди Ланса дель Васто, индивид реакцияси беш хил бўлиши мумкин: нейтралитет (ҳар икки тарафга ҳам холис бўлиш), тўқнашув, қочиш, капитуляция (таслим бўлиш) ва нозўравонлик.
Нозўравонлик зиддиятли вазиятлардаги муҳтамал реакциялардан бири сифатида бўй кўрсатади; зўравонликдан бош тортиш нозўравонлик тамойилларнинг қабул қилинганини англатмайди, у нафратга лойиқ қўрқоқлик ёки уятли келишув ҳақида гувоҳлик бериши мумкин. Шунингдек, зўравонликнинг йўқлиги, ундан бош тортиш ҳали зўравонсизлик дегани эмас.
Индивид кўпинча зўравонликни зиддиятни ҳал қилишнинг ягона йўли, деб ҳисоблайди. Агар қарама-қарши томон билан бўладиган сўзлашув мақсадни ҳосил қилмаса ва рақибни ишонтиролмаса, зўравонлик куч ишлатишнинг шаклларидан бири бўлиши мумкин. Лекин «куч ишлатиш» зўравонликни англатиши мутлақо шарт эмас. Нозўравонлик ҳам зиддиятни бошқаришга янги мазмун берувчи ўзига хос куч намойиши бўлиб ҳисобланади.
Нозўравонлик кураши мўъжизакор қарор бўлиши мумкин эмас, ҳар бир зиддиятли вазиятни диққат билан таҳлил қилмоқ керак.
Зўравонликни тўсиб бўлмаслиги ҳақида дарров қарор чиқаришга йўл қўйиб бўлмайди. Вужудини қўрқув ва нафрат эгаллаб олган киши, одатда, вазиятни ҳамда ўзидаги мавжуд кучни тўғри баҳолай олмайди, шунинг учун ҳам ҳаммасини тарозига солиб кўриш ва зиддиятга имкон борича кўпроқ маъно бериш, ақл ва тасаввурни ишга солиш керак. Зиддиятда рақиблар томонидан бир-бирларига нисбатан яратган стереотиплар катта роль ўйнайди. Салбий мазмундаги стереотиплар муайян даражада жаллод ва қурбонни бир-бирига яқинлаштирадилар, чунки қарама-қарши гуруҳлар ўз рақибларини мавжуд барча камчиликларини кўрсатадилар ва шу тариқа уларни йўқ қилиш зарурлиги ҳақида хулосага келадилар.
Зиддиятли вазиятларда муносабатлар стереотиплар даражасида эмас, индивидлар даражасида белгиланиши керак. Нозўравон курашининг асосий тамойили рақиб шахсини тан олишдан иборат. Зўравонликни йўқ қилувчи биринчи механизм бу рақибни янчиб ташлаш керак бўлган ёвуз маҳлуқ деб эмас, шахс деб тасаввур қилишдир. Бундан маълум бўладики, нозўравонлик тарафдорлари бу каби қотилликни рад этадилар. Аммо ўзаро ҳурматга қарамай, нозўравонлик зиддиятида ҳам рақиблар бўлади.
Нозўравонлик ҳаракати рақибнинг ижтимоий (сиёсий, ҳарбий, иқтисодий) функцияси ҳамда унинг ижтимоий гуруҳда тутган шахсий позицияси ўртасидаги фундаментал фарққа асосланади. Нозўравонликнинг мақсади рақибни ҳаракат қилишга мажбур қилаётган нарсаларни чеклаш ҳамда унинг инсоний моҳиятини яшириб турган ташқи омиллар ва ижтимоий мақомини чеклашдир. Ланса дель Васто «шахс аслида инсоннинг ўзи, унинг роли эса ўша кишининг кимни тамсил этиши билан белгиланади», дея таъкидлаганди. Агар зиддиятли вазиятларда инсон ўз эътиборини рақибининг ижтимоий ролига қаратар экан, бу билан у чиқиб кетиш қийин бўлган зўравонлик йўлига тушиб олади. Бунинг аксича, рақибини шахс сифатида қабул қиларкан, индивид стереотиплар ва нафратга асосланган зўравонлик механизмларни тўсиб қўяди. Зўравонликни юзага келтирувчи механизмларни бартараф қилиш учун нозўравонлик амалиёти юмордан фойдаланади. З. Фрейд юмор зерикишни йўқ қилувчи ҳимоя механизми бўлиб ҳисобланади, деган эди. Юмор симпатия (ёқтириш) уйғотади, ортиқча ҳиссиётларни бартараф қилади, нафрат оловини ўчиради. Мартин Лютер Кинг Инжилдаги «Ўз душманингни сев» тамойилини рақибнинг ижтимоий ролидан четлашиб, унинг тимсолидаги шахсни ҳурмат қилиш талаби сифатида шарҳлайди. Шундай қилиб, нозўравонлик золим ва мазлумни яраштиришга уринмайди, чунки бу ярашиш фақат мазлумларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳурмат қилиниши ҳамда золимлар томонидан адолат қилиниши асосидагина мумкин бўлади, холос.
Нозўравонлик тушунчаси иккиёқлама характерга эга: у бир томондан рақиб шахсига нисбатан ҳурматга чорлайди, бошқа томондан эса унга қарши курашга чақиради. Нозўравонлик ҳаракатларининг бошланғич нуқтаси рақибни объектив тарзда қабул қилиш ҳамда рақиб тан олишни истамаган ҳақ-ҳуқуқлар ва қадриятларга астойдил интилиш бўлиб ҳисобланади. М. Л. Кинг нозўравонлик «қатъиятли руҳ ва юмшоқ қалб»ни тақазо қилишини айтганди. Бундан зўравонликнинг «перманент қатъийлик» деган янги тавсифи келиб чиқади. Нозўравонлик бир мақсадга олиб борувчи икки вазифани бажаради: зўравонликни бартараф қилади ҳамда индивидуумни ундаги курашчанликни бузғунчи кучга айлантирувчи психик механизмлардан халос этиш йўли билан кишидаги курашчанликни ривожлантиришга кўмаклашади.
Нозўравонлик курашчанлиги индивиддаги зўравонлик қоришмаси аралашмаган тоза кучни ўзида акс эттиради. Бу куч рақибни ҳурматлаш ва шахс сифатида (жамиятдаги) ўз мақомини белгилаб олишга асосланади. Нозўравонлик курашчанлиги собит, ҳаракатчан бўлиб, қўрқув ва нафратдан юзага келган стереотипларни парчалаш имкониятига эга. Нозўравонлик ғолиб қўл остида бўлган рақибни бартараф қилишга йўл бермайдиган ички тўсиқни ҳосил қилади; рақибни охиригача хўрлаб-ҳақоратламаслик учун унга чекиниш учун жой қолдиради.
Рақибдаги шахс ва ижтимоий функцияни бир-биридан ажратар экан, зўравонсизлик курашчанлиги турли шакллардаги кўринишга эга бўлади. Биринчи навбатда бу индивид устидан ҳукмронлик қилувчи ижтимоий шартларни бартараф қилиш йўли билан шахс сифатида ўзлигини англаш ҳамда ўз шахсида мустақиллик ва масъулиятни ривожлантиришдир. Рақибнинг ижтимоий функцияси норасмий муносабатларни йўлга қўйиш воситаси билан йўқ қилинади. Нозўравонлик ҳаракати биринчи навбатда ижтимоий адолатсизликни қўллаб-қувватловчи тузилмаларга (структураларга) қарши қаратилгандир. Зўравонликнинг моҳияти инсонни маҳв қилишга олиб келади, зўравонсизлик эса рақибнинг золимлик вазифасига қарши курашади.
Шахс ва унинг вазифаси (функцияси) ўртасидаги фундаментал фарқ нозўравонлик тушунчасининг ўзида мавжуддир.
Рақиб функцияси сиёсий институтлар, иқтисодий тузилмалар, қатағон аппарати доирасида бўлади. Нозўравонлик зулм-зўравонлик тузилмаларига қарши чиқади, у мазкур структураларни тўлдириб ўтирган одамларга қарши эмас. Бу фарқ фуқаро қаршилиги стратегиясининг асосида ётади, бу стратегиянинг асосий тактик усули ҳамкорликдан бош тортиш бўлиб ҳисобланади. Нозўравонлик ҳаракатининг принципи одамларни ўлдириш эмас, тузилмаларни таъсирини йўқотиш ва фалаж қилиб қўйишдир. Фуқаро қаршилигининг самарадорлиги унинг иштирокчилари сонига боғлиқ. Нозўравонликнинг кучи курашчилар миқдорининг кўплигидадир. Нозўравонлик индивид учун идеалга айланиши шарт эмас, у сиёсий чиқишларда стратегик чизиқ бўлиб қолса ҳам майли. Аммо зўравонсизлик тамойили сўзсиз муайян қадриятлар билан боғлиқ. Уни фақат тактик восита сифатидагина қабул қилиш ярамайди, чунки у ҳолда қатағон аппарати ҳам ундан ўз мақсадлари йўлида фойдаланиши мумкин бўлиб қолади. Нозўравонликни инсонпарварлик ва диний идеалларни тасдиқловчи аҳлоқдан ажратиб бўлмайди. Аммо нозўравонлик этикаси тарихан мутлақ нозўравонлик мавжуд бўлганлигини тасдиқламайди, балки ўз ҳақ-ҳуқуқлари учун кураш, адолат ва озодлик қадриятларига интилишни англатади.
«Зўравонлик-нозўравонлик» муносабатини таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, нозўравоннолик бостириш усули сифатида зўравонликка хос бўлган ўзининг бузғунчи кучи ва бошқа хусусиятларини йўқотган билвосита зўравонлик ўлароқ намоён бўлади. Ж. М. Мюллер «зўравонлик ҳаракати зулм-зўрликнинг юзага келиши ёки унинг қайта пайдо бўлиши бўлгани ҳолда, агар нозўравонлик ҳаракати ҳам қисман зўравонликнинг кўриниши бўлиб ҳисобланса, бу йўқолиб-йитиб бораётган зўравонлик бўлади», деганди. Бошлиқни ўлдириш билан уни бойкот қилишни солиштириб бўлмайди. Нозўравонлик курашида доимо зиддиятнинг очиқ тарзда ривожланишига ҳалақит берувчи ҳамда зўравонликка билвоситалик характерини юкловчи учинчи предмет ёки индивид мавжуд бўлади.
Бунинг аксича, зўравонлик курашида тиш-тирноғигача қуролланган рақиблар ҳар қандай воситачиликни рад этган ҳолда ва курашга жўн, ҳайвоний характер берган ҳолда юзма-юз тўқнашадилар.
Нозўравонлик кураши анча ўсган ижтимоий етукликка мувофиқ келади.

НОЗЎРАВОНЛИКНИНГ КЕЛАЖАГИ
Кўпчилик одамлар ўзлари билмаган ҳолларида анчадан бери нозўравонликда иштирок этадилар. Зўравонлик усулларини қўлламаган ҳолда зулм-зўрликка қарши чиқар эканлар, одамлар нозўравонлик йўлини тутадилар. Аммо нозўравонлик расмий мақомга эга эмас, шунинг учун нозўравонлик ҳаракати усуллари ва тамойилларини шакллантириш, улар ҳақидаги билимларни ёйиш зарур. Нозўравонлик инсоният тарихи ва маданиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаши, яширинликдан чиқиб очиқ фаолиятга айланиши ҳамда тадқиқот ва баҳс-мунозара предметига айланиши лозим. Тарихни қайта варақлар эканмиз, ўринсиз равишда эътибордан четда қолдирилаётган фуқаро қаршилиги тарихига ҳам алоҳида тўхталишимиз зарур. Нозўравонлик турли фанлар – биология, психология, социология, этнография, иқтисодиёт, антропология нуқтаи назаридан ёритилиши керак. Нозўравонлик барча офатлардан қутқарувчи восита эмас. Зўравонлик сингиб кетган ва муайян даражада зўравонликка асосланган дунёда мутлақ нозўравонликка эришишнинг имкони йўқ. Гап нозўравонлик аҳволи ҳақида эмас, нозўравонликка қараб ҳаракат қилиш ҳақида бораяпти.
Зўравонлик ва нозўравонлик ўртасидаги диалектик боғлиқлик нозўравонликнинг энг ашаддий тарафдори бўлган индивиднинг ҳам қалб тубида зўравонликка мойиллик сақланиб қолишида ўз аксини топгандир. Умуман олганда, нозўравонликни ривожлантириш, қаршиликнинг ва зўравонликни назорат қилишнинг янги механизмларини топиб пишитиш керак.
Нозўравонлик эзгу мақсадга етишиш учун, масалан, адолатли ва тенг ҳуқуқли дунё қуриш учун «ҳар қандай восита»ни қўллашни рад этувчи самарадорликнинг сиёсий мазмуни ташувчиси бўлиб ҳисобланади. Ўз ҳатти-ҳаракатлари оқибатини келажакда эътиборга олмаслик инсон учун хос хусусиятдир. Бундан тинчлик-осойишталикни зўравонлик воситалари билан сақлаб қолиш, озодликни бошқалардан тортиб олиб, унга эришиш каби аҳмоқона уриниш келиб чиқади.
Воситалар шунчаки расмиятчилик учун белгиланадиган мақсаддан устун келмоқдалар. Дунё осойишталик ва адолат шиорлар ортига яширинган зўравонлик ва истибдод воситалари салтанатига айланди. Динга бўлган эҳтиёж, диндорликнинг даражасининг ортиб бориши мақсадга қайтишни, мазмун-моҳиятдан узилган моддий оламда мақсаднинг воситалар устидан ғалаба қилишини ифода қилади. «Нозўравонлик» тушунчаси икки ёқлама тушунчадир. У сиёсий самарадорлик билан боғлиқ, аммо айни пайтда унинг ўзи мазмун ташувчи тушунча бўлиб ҳисобланади. У аҳлоқ ва сиёсатни аҳлоқнинг амалий ҳаракатга хизмат қилиши шаклидаги идеал бирикмаси сифатида бирлаштиришга ҳаракат қилади. Аҳлоқ инсон ҳавфсизлиги шартларидан биридир, шунинг учун ҳам зўравонсизлик ҳар қандай сиёсий мақсадларга хизмат қилиши мумкин эмас. Мустабидлик ва зўравонлик одатда бир-бирига боғлиқ бўлади. Нозўравонлик эса инсонда масъулият ҳиссини уйғотиб, уни истибдоддан, марказлашган давлатдан халос қилади. Нозўравонлик ҳокимиятдан бош тортишни келтириб чиқармайди, жамиятни ижтимоий консенсусни (келишувни) жорий қилувчи инстанция бўлган ҳокимиятсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Аммо нозўравонлик жамиятни фуқароларнинг ўзлари бошқаришига имкон берувчи марказлашмаган ҳокимият билан бирлашади. Бошқача қилиб айтганда, зўравонсизлик ўз-ўзини бошқарувчи жамиятга мос тушади. Бизнинг замонамизда нозўравонлик тарихий заруратга айланмоқда ва эҳтимолки, у воқеалар юки остида юзага келар. Ўшанда сиёсий жанглар тўхтайди, сиёсий лагерларга бўлиниш ўз мазмунини йўқотади. Ядро ҳавфи олдида фақат инсониятнинг тирик қолиш лагеригина қолади. ХХ аср мобайнидаги зўравонлик мутацияси инсониятни коллектив ҳалокатга қарши сайёрамиздаги ҳаётни сақлаб қолиш учун биргаликда кураш олиб боришга мажбур қилади. Нозўравонликда янги тарих куртаклари мавжуд, у инсониятни янги йўналишга йўналтириб юборишга қодирдир. XXI аср зўравонсизлик асри бўлади ёки умуман бўлмайди.

ИЗОҲЛАР
‘ Semelin J. Pour sortir de la violence. Paris, Editions ouvrieres, 1983, 202 p.
Китоб муаллифи — Ж.Семлен — социопсихолог, «Нозўравонлик альтернативалари» журналининг бош муҳаррири. У Лоренц, Фрейд, Фромм, Миль-грамнинг якка тажовузкорлик ва оммавий зўравонлик бўйича асосий ишларига таянган ҳолда кўп йиллар зўравонлик муаммолари, унинг механизмлари, фуқаро қаршилиги стратегиясининг самарадорлигини ўрганган. Гарчи зўравонлик инсон табиатига хос бўлса-да, Семлен барибир нозўравонлик амалиётини жорий қилиш мумкин, деб ҳисоблайди.
Нозўравонлик сусткашлик ёки бағрикенглик эмас. У рақибни жисмонан йўқ қилмасдан ҳам ўзни мудофаа қила олишни таъминловчи ҳаракат учун қўлланмадир. Нозўравонлик курашчанлигини аниқлаш учун муаллиф Бруно Беттельхейм, Рене Жирар, Франке Форнари ва бошқалар томонидан баён қилинган нозўравонлик ҳаракатлари механизмларини ўрганади. Ж. Семлен нозўравонликни балолардан халос қилувчи восита, деб ҳисобламайди, у зўравонликдан қутулишнинг реал йўли сифатида тасаввур қилинади. – Изоҳлар тарж.

Глобал ва умуминсоний қадриятлар. – М. «Прогресс» нашриёти, 1990. 76-95 бетлар.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares