ФУҚАРОВИЙ БЎЙСУНМАСЛИК ҲАҚИДА

Г.Д.Торо
ФУҚАРОВИЙ БЎЙСУНМАСЛИК ҲАҚИДА
“ON THE DUTY OF THE CIVIL DISOBEDIENCE”
by Henry David Thoreau, 1849 from Walden and Other Writings:
Bantam Books, New York, 1962.

Henry David ThoreauМен: «Энг яхши ҳукумат иложи борича камроқ ҳукмронлик қилган ҳукуматдир», деган фикрга тўлалигича қўшиламан ҳамда бунинг тезроқ ва мунтазамроқ амалга оширилишини истардим. Амалга оширилиб борар экан, у охир-оқибат мен ёқлаган яна фикр – «Энг яхши ҳукумат умуман ҳукмронлик қилмаган ҳукуматдир» шиорига олиб келади, одамлар бунга тайёр бўлганларида эса уларнинг ҳукуматлари айнан шундай бўлади. Ҳукумат нари борса бор-йўғи бир восита бўлиб ҳисобланади, лекин ҳукуматларнинг кўпчилиги – баъзан эса уларнинг барчаси – одатда бирор иш қилмайдиган восита бўлиб ҳисобланадилар. Доимий армияга қарши билдирилувчи эътирозлар ҳам – улар бўлса кўп сонли, салмоқдор ва ғолиб бўлишлари керак – ҳукуматга қарши фикр сифатида кўтарилиши мумкин. Доимий армия ўзи бу шунчаки доимий ҳукуматнинг қўли, холос. Халқ иродасини амалга ошириш шакли бўлган ҳукуматнинг ўзи ҳам халқ у орқали бирор ишни амалга оширгуни қадар балои офатга айланиб қолиши мумкин…
Агар ҳар қандай ҳукуматни рад қилувчи кимса сифатида эмас, фуқаро сифатида гапирадиган бўлсам, мен зудлик билан ҳукуматларни бекор қилинишини эмас, уларнинг зудлик билан тузалишларини талаб қилаяпман. Марҳамат қилиб, ҳамма қандай ҳукуматни ҳурмат қилишга тайёр эканини изҳор қилсин ва бу иш ана шундай ҳукумат ташкил этишга томон ташланган бир қадам бўлади.
Ҳокимиятни қўлга олган халқ уни кўпчилик қўлига тутқазиб, узоқ вақт ҳукмронлик қилишига имкон берар экан, бу ўша ҳукуматнинг адолатлироқ ҳукмронлик қилган учун эмас, бу унинг озчиликка нисбатан адолатлироқ муносабатда бўлгани учун эмас, унинг жисмоний жиҳатдан кучлироқ экани сабабли шундай қилади. Аммо кўпчилик ҳукмронлик қилувчи ҳукумат одамлар ўйлаганларидай чекланган маънодаги адолатга асосланиши ҳам мумкин эмас. Наҳотки ҳақиқат ва ёлғон ҳақида кўпчилик эмас, виждон ҳакамлик қилувчи, кўпчилик фақат у ёки бу ишнинг мақсадга нақадар мувофиқлиги масалаларинигина ҳал қиладиган ҳукуматни тузиш мумкин бўлмаса? Наҳотки фуқаро ўз виждонини бир сонияга бўлса-да, оз миқдорда бўлса-да қонун чиқарувчилар қўлига бериши шарт бўлса? Мен биз аввало инсон бўлишимиз, шундан кейингина ҳукуматга қарам киши бўлишимиз керак, деб ҳисоблайман. Одамларда қонунларга ҳурмат ҳиссидан кўра, адолатга нисбатан ҳурмат ҳиссини тарбиялаш жоиз. Мен зиммамга олишга ҳақли бўлган ягона мажбурият бу менинг доим ўзим тўғри деб ҳисоблагандай иш тута олишимдир… Қонун ҳеч қачон одамларни адолатлироқ қилмаган; унга ҳурматан эса ҳатто виждонли кишилар ҳам ҳар куни адолатсизлик қуролига айланиб қолмоқдалар… Кўпчилик давлатга айнан одамлардай эмас, машина сифатида хизмат қиладилар. Улар доимий армия, милиция, турмадагиларни, шериф гувоҳлари ва ҳ. ларни ташкил этадилар. Кўпинча улар бундай ҳолларда мулоҳазакорлик ёки аҳлоқий тамойилларни мутлақо қўлламайдилар: улар оғоч, ер ва тошлар даражасига туширилганлар; балки кейинчалик ёғоч одамларни ясаш мумкин бўлар. Бундайлар похол тулуплар ёки лойдан қилинган бутлардан ортиқ ҳурматга сазовор бўлмайдилар. Улар отлар ёки кўппаклардан ортиқроқ эмаслар. Бироқ улар, одатда, ҳатто яхши фуқаролар бўлиб ҳисобланадилар. Бошқалар эса, масалан, қонун чиқарувчилар, сиёсий арбоблар, ҳуқуқшунослар, руҳонийлар ва амалдорларнинг кўпчилиги давлатга асосан миялари билан хизмат қиладилар; улар камдан-кам ҳолларда аҳлоқий фарқларни кўра олганлари учун ўзлари билмаган ҳолда шайтонга ҳам, Раҳмонга ҳам хизмат қилишлари мумкин. Жуда озчилик – қаҳрамонлар, ватанпарварлар, жафокаш инсонлар, ислоҳотчилар ва ҳақиқий инсонлар – давлатга виждон билан ҳам хизмат қиладилар, шунинг учун ҳам уларга кўп ҳолларда қаршилик қилинади ва давлат одатда уларни ўз душмани деб билади… Ҳар қандай овоз бериш бир қадар аҳлоқий хоссага эга бўлган шашка ёки триктрак ўйинига ўхшайди ва табиийки, унга дов тикилади. Ўйинчилар обрў-эътибори ўртага қўйилмайди. Балки мен ўзим тўғри деб ҳисоблагандай овоз берарман, лекин адолат ғалаба қозониши учун жон-жаҳдим билан тиришмайман. Мен буни кўпчилик ҳукмига ҳавола қилишга тайёрман. Шунинг учун иш мақсадга мувофиқликдан нарига ўтмайди. Ҳатто адолат учун овоз бериш ҳам унинг учун ҳаракат қилишни англатмайди. Сиз шунчаки унинг ғалаба қозониши учун ўз истагингизни жимгина билдирасиз, холос. Оқил одам адолатни тасодиф ҳукмига ҳавола қилмайди ва унинг кўпчилик кучи билан ғалаба қозонишини истамайди. Кишилар оломони ҳатти-ҳаракатларида куч кўп эмас. Кўпчилик қулликнинг тугатилиши учун овоз берган чоғида, қулликка нисбатан бефарқ бўлгани учун ёки тугатилиши лозим бўлган қулликнинг жуда кам миқдорда қолиши учун овоз беради. У ҳолда ягона қул унинг ўзи бўлиб қолади. Қулликни йўқ қилишга фақат ўзининг озод эканини тасдиқлаётган овоз берувчигина яқинлашиши мумкин – Инсон ўзини ҳатто энг катта ёвузликни бартараф қилишга ўзини бағишлашга мажбур эмас, албатта: у бошқа ишларга ҳам ҳақли; аммо бурч уни ҳеч бўлмаганда ёвузликдан четланиш ва у ҳақда ўйламаган тақдирда ҳам, уни қўллаб-қувватламасликка амр этади.
Агар мен бошқа машғулотлар ва мулоҳазаларга киришсам, бу ишларга киришишдан аввал бу ишга жилла қурса кимнингдир елкасида ўтириб олган ҳолда киришмаётганимни билишим шарт. Мен ўзга киши ҳам бунёдкорликка берилиши учун аввало унинг елкасидан тушишим лозим. Кўрдингизми изчилликнинг йўқлигини? Мен баъзи бир юртдошларимнинг: «Мени қуллар исёнини бостириш ёки Мексикага юборишга ҳаракат қилиб кўрсинлар – бориб бўпман!» – деганларини эшитгандим. Бироқ уларнинг ҳар бири бевосита ҳукуматни қўллашлари билан ёки камида ўз пуллари билан билвосита ўз ўринларига ўринбосар юборилишини таъминлайдилар. Адолатсиз урушда иштирок этишдан бош тортган аскарларни мақтайдилар, ўзлари эса бу урушни олиб бораётган адолатсиз ҳукуматни қўллаб-қувватлашдан бош тортмайдилар; уларнинг ўзини тутиши ва обрў-эътиборига қарши чиқаётганларни мақтайдилар.
Шундай қилиб, Тартиб ва фуқаровий бўйинсуниш ниқобида биз ўз разиллигимизни қўллаб-қувватлашимизга ва уни ҳурматлашимизга тўғри келади. Дастлаб гуноҳкор қизариб-бўзаради, кейин эса ўз айбига нисбатан бефарқ бўлиб қолади, бу аҳлоқсизликнинг эса аҳлоққа алоқаси қолмай, биз яратган турмуш учун фойдалидай бўлиб қолади…
Киши муайян фикрга эга бўла туриб, қандай қилиб шу билан тинчланиши мумкин? Агар сиз ўзингизни ҳафа қилинган деб ҳисобласангиз, тинч ўтира оласизми? Агар қўшнингиз сизни бир долларга алдаб қўйган бўлса, буни англагач, хурсанд бўлмайсиз, албатта: сиз дарров уни тўлалигича қайтариб олиш ва бундан буён алданмаслик учун амалий чоралар қўллайсиз. Адолат ва унга эришишни тушуниш тамойилидан келиб чиққан ҳаракат нарса ва муносабатларни ўзгартиради; у моҳиятан инқилобийдир ва ўзигача бўлган ҳеч нарса билан мувофиқ кела олмайди. У фақат давлат ва черковларни парчалаб ташламасдан, оилаларни ҳам ажратиб юборади; бунинг устига у шайтоний хоссадан Раҳмоний хоссани айирган ҳолда алоҳида олинган қалбда ҳам ихтилоф уйғотади.
Адолатсиз қонунлар мавжуд; биз уларга мутеларча бўйинсунамизми, уларга буйинсуниб туриб, бу қонунларни ўзгартиришга ҳаракат қиламизми ёки бирданига бу қонунларни буза бошлаймизми? Бизнинг ҳукуматимиз каби ҳукумат ҳукмронлиги пайтида одамлар кўпинча кўпчиликни қонунларни ўзгартишга инонтирмагунча кутиб туриш лозим, деб ҳисоблайдилар. Улар бунга қаршилик қилиш катта офатни келтириб чиқариши мумкин, деб ўйлайдилар. Лекин агар бу ҳақиқатан ҳам икки офатдан каттароғи бўлса, бунда ҳукуматнинг ўзи айбдор бўлади. Уни катта офатга айлантирган айнан ҳукуматдир. Нима учун у ислоҳотларга сари боролмайди? Нима учун оқил озчиликни етарлича баҳоламаслик керак? Нима учун қаршилик қилиш ва уни калтакламасларидан туриб қичқириш керак? Нима учун ўз камчиликларига нисбатан хушёр бўлган ва бошқалардан кўра тўғрироқ иш қилаётган фуқароларни рағбатлантирмаслик керак? Нима учун у доим Исони топтайди, Коперник ва Лютерни сазойи қилади ҳамда Вашингтон ва Франклинни исёнчи деб эълон қилади?
Афтидан, пухта ўйлаган ва буни амал билан қувватлаган ҳолда ҳукуматни тан олмаслик ҳукумат назардан қочирган ягона иш бўлса керак; бўлмаса нима учун унга нисбатан муайян жазо кўзда тутилмаган? Агар мол-мулки бўлмаган инсон бирор марта бўлса ҳам ҳукумат учун тўққиз шиллинг ишлаб беришдан бош тортса, бу кишини менга маълум бўлмаган ва қамовчи кишиларнинг ўзлари белгилаб берадиган муддатга қамоқхонага тиқадилар; агар у давлат хазинасидан тўқсон марта тўққиз шиллингдан ўмарса, уни тезда озод қилиб юборадилар.
Агар адолатсизлик ҳокимият машинасининг сўзсиз ейилиб борадиган қисмини ташкил қилса, майли, айланаверсин; у аста-секин ейилиб тугаса ва албатта машина ишдан чиқса ажабмас. Агар адолатсизлик қандайдир бир пружина ё мурват, трос ёки дастакка боғлиқ бўлса, ёвузликни ёвузлик билан тузатиш янада ёмонроқ бўлмасмикан, дея ўйлаб кўриш керак; лекин у агар сизнинг бошқа бировга нисбатан адолатсизлик қилишингизни талаб қиладиган бўлса, у ҳолда мен сизга «бундай қонунни бузиш керак», деб айтаман. Майли, сенинг ҳаётинг тўхтатувчи куч бўлиб, машинани тўхтатиб қолсин. Ҳар ҳолда, мен ўзим қоралайдиган ёвузликка берилиб кетмасликнинг ҳаракатини қилишим керак.
Давлат томонидан таклиф этилаётган ёмонликни тузатиш воситаларига келсак, менга бундай воситалар маълум эмас.
Улар жуда кўп вақт талаб қиладилар, бунга бутун умр сарф бўлади. Менинг эса бошқа ишларим ҳам бор. Мен дунёга уни яшаш учун қулай жойга айлантириш учун эмас, унинг яхши-ёмонлигидан қатъий назар – унда яшаш учун келганман. Инсонга ҳаммасини эмас, фақат ниманидир қилиш имконияти берилган, холос: айнан ҳамма нарсани қила олмагани учун ҳам у қиладиган ишини нотўғри қилмаслиги керак. Губернатор ёки қонун чиқариш муассасаларига арзнома юбориш менинг ишим эмас, худди улар менга арзнома юборишлари уларнинг ишлари бўлмагани каби; агар улар менинг аризамга эътибор қилишмаса, мен нима қилишим керак? Бундай вазиятда давлат ҳеч қандай чора-тадбирни кўзда тутмаган: айнан унинг конституцияси ёмонликнинг ўзи бўлиб ҳисобланади. Балки бу қатъий оҳангда ва қайсарона эшитилар, аммо мен буни тушуна оладиган ва бунга лойиқ бўлган инсон табиатига нисбатан айнан шу шаклдаги катта ҳурмат ва аёвчанликни намоён қиламан. Одам баданини титратиб-қақшатувчи туғилиш ва ўлим каби бу яхши ўзгаришларнинг ҳаммаси ана шундай кечади…
Америка ҳукумати ва унинг вакили бўлган штат ҳукумати билан мен кўп эмас – йилда бир марта – солиқларни йиғиб олувчи тимсолида рўбарў келаман; менинг ҳолатимдаги киши учун у билан бўладиган ягона мажбурий учрашув ана шундай кечади ва бу учрашувда у аниқ-равшан қилиб: «Мени тан ол!» дейди. У билан гаплашишнинг, сиз ундан нақадар норози эканингиз ва уни яхши кўрмаслигингизни изҳор қилишнинг энг содда ва таъсирли йўли, ҳозирги ҳолатда эса энг зарур йўли бу унга рад жавобини беришдир. Мен рўбарў келишим керак бўлган киши менинг назокатли қўшним – солиқ йиғувчидир, чунки моҳиятан менинг эътирозларим қоғозга эмас, одамларга қаратилгандир, у бўлса ихтиёрий равишда ҳукумат агентига айланган. Ахир у давлат амалдори ва инсон сифатида менга, ўзи ҳурмат қиладиган қўшнисига қандай муносабатда бўлиш кераклигини (қўшнига ва виждонли одамгами ёки осойишталикни бузувчи тентакками) ўйлаб кўрмагунича буни била оладими ҳамда бунда ўйлаб пишитилмаган ва қўпол сўзлар, фикрларга йўл қўймаган ҳолда яхши қўшничилик алоқалари учун мазкур тўсиқни енгиб ўтишга ҳаракат қиладими? Мен эса агар бизнинг Массачусетс штатида санаш мумкин бўлган минг ва ё юз ёҳуд ўн киши – ҳеч бўлмаса ўнта ҳалол одам – ёки ҳатто битта ҳалол одам қулга эгадорлик қилишдан бош тортса, бу ҳамжамиятдан чиқса ва бунинг учун қамоққа ташланса, бу Америкадаги қулликнинг йўқ қилинганини англатишини яхши биламан. Дебоча арзимасдай кўриниши муҳим эмас; бир марта яхшилаб амалга оширилган иш абадий қилинган иш бўлиб ҳисобланади. Лекин биз фақат гапиришни маъқул кўрамиз ва ўз вазифамизни шундан иборат, деб ўйлаймиз, холос. Ислоҳотга хизмат қилаётган ўнлаб газеталар бор, аммо битта ҳам одам йўқ. Агар менинг ҳурматли қўшним, ўз ҳаётини олий судда инсон ҳуқуқлари ҳимояси масаласига бағишлаган штат вакили Каролинадаги қамоқхонани асосий ҳавф манбаи деб ҳисоблаш ўрнига қулдорлик гуноҳини бошқа штатга ағдаришга уринаётган Массачусетс штатини назарда тутганда эди (гарчи улар орасидаги жанжал сабаби ҳали ҳам меҳмондўстлик масаласидаги камчиликлар бўлиши мумкин, холос), қонун чиқарувчи ҳокимият келгуси йил қишда бу масалани кун тартибидан олиб ташламаган бўлардилар. Одамларни ноҳақ қамоққа ташлайдиган ҳукумат ҳукмронлиги пайтида ҳақпараст киши учун энг муносиб жой қамоқхона бўлиб ҳисобланади… Агар кимдир бу ерда ўз таъсиримни йўқотиб қўяман ва менинг овозим штат расмийлари қулоғига етиб бормайди, деб ўйласа, демак, у ҳақиқатнинг залолатдан нечоғли кучли эканини ҳамда буни ҳис қилган кишилардан фарқли равишда адолатсизлик билан курашишнинг нечоғли чиройли ва муваффақиятли бўлиши мумкинлигини билмайди. Овозни қоғоз бюллетень шаклида эмас, ўзининг бори-буд таъсири шаклида бериш керак. Озчилик кўпчиликка бўйсунган пайтда у ожиздир; у ҳолда озчилик ҳатто озчилик ҳам бўлмайди; бироқ у бор кучи билан қаршилик қилганда кучлидир. Агар штат олдида барча ҳақпараст кишиларни қамоқхонада ушлаб туриш ёки уруш ва қулдорликдан воз кечишни танлаш масаласи кўндаланг турса, у иккиланиб ўтирмайди. Агар бу йил минг киши солиқ тўлашдан бош тортганда эди, штатнинг зўровонлик қилиши ва ноҳақ қон тўкишига имкон берувчи солиқлар юзага келтирган зўровонлик ҳам, қон тўкиш ҳам бўлмасди. Бу айнан тинч инқилоб бўлган бўларди. Солиқ йиғувчи ёки бошқа амалдор шахс мендан «Ахир мен нима қила оламан?», деб сўраса, мен: «Агар ҳақиқатан ҳам нимадир қилмоқчи бўлсангиз, истеъфога чиқинг», деб жавоб бераман. Агар фуқаро бўйинсунишдан бош тортса, амалдор эса мансабидан воз кечса, инқилобнинг амалга ошгани шу. Майли, қон ҳам тўкилди, дейлик. Ахир яраланган виждондан қон оқмайдими? Бу ярадан инсоннинг бор жасорати ва шарафи салқиб оқиб чиқиб кетмайдими, ундан қон оқар экан, инсон абадий ўлимга гирифтор бўлмайдими? Бу қон ҳозир ҳам оқаётир…
Мен мана олти йилдан буён сайлов солиғини тўламайман. Бир куни мен бу учун бир тунга қамалгандим; икки-уч фут қалинликдаги тош деворларни, бир фут қалинликдаги темир билан қопланган эшикни кўздан кечирар эканман, гўё мен қафасда сақлаш мумкин бўлган фақат қон, гавда ва суякдан иборатдек муносабатда бўлган бу муассасанинг фаросатсизлигидан танг қолгандим. Мендан фойдаланишнинг айнан шу усулини танлаганлари ва менинг бошқа нарсада нафим тегиши мумкинлигини ўйлаб кўрмаганларига ҳайрон бўлдим. Мен агар мени ўз ватандошларимдан тош девор ажратиб турган бўлса, улар мен эга бўлган эркинликка етишишлари учун бундан-да баландроқ девордан ошиб ўтишлари ёки уни ёриб киришлари кераклигини тушундим. Мен ўзимни бир сония бўлса-да озодликдан маҳрум этилган деб ҳис қилмадим, деворлар эса шунчаки тош ва оҳакни исроф қилишдан бошқа нарса эмасди. Мен ўзимни фақат битта ўзим солиқ тўлагандай ҳис қилдим. Афтидан, улар менга нисбатан қандай муносабатда бўлишни билмасдилар ва ўзларини ёмон тарбия кўрган кишилардай тутардилар. Таҳдидлар каби кўндиришга уринишлар ҳам хато эди; зеро, улар менинг асосий истагимни мазкур тош деворнинг нариги ёғида бўлиб қолиш, деб ўйлардилар. Мен ҳеч бир тўсиқни назар-писанд қилмай, ташқарига чиқиб кетаётган фикрларим ортидан астойдил эшик қулфлаётганларини кўриб, беихтиёр кулиб юборардим, чунки менинг фақат фикрларим хатарли эди-да. Бу ожизлар ўзимга кучлари етмасдан, жасадимни жазолашга қарор қилгандилар; худди аччиқларига теккан бировга кучи етмай, унинг итидан ўч олган болакайлар каби. Мен давлатнинг ақли заифлигини, унинг ёлғиз аёл ўз кумуш қошиқлари сабабли титраб-қақшагани каби қалтираётганини ва дўстдан душманни ажрата олмаслигини тушуниб етдим; мен унга бўлган ҳурматимнинг охирги қолдиқларини ҳам йўқотдим ва ўзимда унга нисбатан ачиниш ҳиссини туйдим.
Шундай қилиб, давлат инсоннинг онги ёки аҳлоқига ҳеч қачон била туриб таҳдид солмайди, фақат унинг танаси ёки беш сезгисига таҳдид қилади, холос. У юксак донолик ёки ҳалоллик билан эмас, фақат жисмоний куч билан қуролланган. Мен зўровонликка бардош бериш учун туғилганим йўқ. Мен ўзим истаганча эмин-эркин нафас олишни хоҳлайман. Кўрамиз ҳали ким кучлию оломоннинг кучи қанча эканини. Мени фақат мендан кўра юқорироқ қонунга бўйсунувчиларгина бирор ишга мажбур қила олишлари мумкин. Улар эса мени ўзига ўхшашга мажбур қилмоқчилар. Мен кўпчиликнинг бирор-бир кишини ундай эмас, айнан бундай яшашга мажбур қила олгани ҳақида эшитганим йўқ. Бу қанақа ҳаёт бўлиши мумкин ахир? Менинг йўлимда учраган давлат «ҳамён азизми ёки жон?» деса, нима учун мен ҳамённи беришга ошиқмоғим керак? Балки у ўлгудек муҳтождир ва балки нима қилишни билмаётгандир; лекин бунда менинг айбим йўқ. У худди мен каби ўз ғамини ўзи есин. Бунинг устида ҳиқиллаб ўтиришнинг ҳожати йўқ…
Мен йўл солиғини тўлашдан ҳеч қачон бош тортмаганман, чунки ёмон фуқаро бўлганим каби яхши қўшни бўлишни хоҳлайман; мактаб солиғига келсак, айнан ҳозир мен ҳамюртларимни тарбиялаш учун ўз улушимни қўшаяпман. Мен солиқ ҳужжатининг у ёки бу банди сабабли тўловдан бош тортаётганим йўқ. Мен шунчаки давлат талабларига бўйсунишдан бош тортаяпман ва уни билишни истамайман, холос. Менинг ўз долларимни нимага ишлатилишини, агар бу мумкин бўлган тақдирда ҳам, унга одам ўлдириш учун киши ёки қурол сотиб олгунларигача кузатиб ўтиришга ҳушим йўқ, долларда айб йўқ – аммо мен учун ўз тобелигим оқибатини кузатиш муҳимдир. Умуман олганда, мен ўзимча давлатга тинч уруш эълон қилдим, гарчи бундай ҳолларда қабул қилинганидек, бундан муҳтамал фойда кўрмоқчи бўлсам-да…
Менинг ҳозирги позициям ана шундай. Аммо бундай ҳолларда инсон ўз ҳатти-ҳаракатига қайсарлик ёки бошқалар фикрига қандай экан, деб ўйлайвериш таъсир қилмаслиги учун эҳтиёт бўлиши керак. У ўз олдидаги ва вақт олдидаги бурчини бажарсин. Баъзан ўйлаб қоламан: ахир бу одамлар ҳам яхши ниятдалар, улар шунчаки билмайдилар, холос; агар улар қандай иш тутиш кераклигини билганларида эди, бундан яхшироқ йўл тутган бўлардилар; ўз яқинларингни улар истамагандай йўл тутишга мажбур қилиб, уларни ҳафа қилишнинг нима кераги бор? Лекин кейин бу менинг ҳам улар каби иш тутишим учун ёки ўзгаларга яна бошқа шаклдаги улкан изтироблар етказишим учун сабаб эмас, деб ўйлайман. Яна баъзан ўзимга ўзим шундай дейман: агар кўп миллионлик оломон аччиқланмай, шахсий ҳиссиётсиз сендан бор-йўғи бир неча шиллинг талаб қилса ҳамда бу талабдан воз кечолмаса ва уни ўзгартиролмаса (унинг табиати шундай), сен эса бошқа миллионларни олқишлай олмасанг, енгиб бўлмас стихияли кучга қарши чиқишнинг нима кераги бор? Ахир сен совуқ ва очлик, шамол ва тўлқинларга қарши бу каби жаҳд билан қаршилик кўрсатмайсан-ку; бошқа кўплаб қочиб бўлмас, муқаррар ҳодисаларга тинчгина бўйсунасан-ку. Бошингни ҳам олов ичига суқмайсан. Аммо айнан шунинг учун ҳам бу куч менга тўлалигича стихияли бўлиб эмас, қисман инсоний бўлиб кўринади ва мен бу миллионлар билан ҳиссиз матоҳлар билан бўлгани каби эмас, миллионлаб одамлар билан алоқада бўлган каби боғланаман, шунинг учун ҳам мен бунда, аввало, уларнинг яратувчиси, иккинчидан эса уларнинг ўзларидан ёрдам сўраш имконини кўраман. Мен онгли равишда бошимни оловга суққан пайтда эса мен оловдан ҳам, оловни барпо қилгандан ҳам шикоят қилолмайман ва бунда мен фақат ўзимни айблашим керак бўлади. Агар мен ўзимни одамлар қандай бўлсалар, уларга шундайлигича муомала қилишим керак, дея ишонтира олсайдим ва улар қандай бўлишлари кераклиги хусусидаги ўз тушунчаларимга мувофиқ эмас, улар қандай бўлсалар шундайлигича муомала қилсайдим, у ҳолда мен марҳаматли мусулмон ва фаталист (тақдирга ишонувчи киши) каби борига қаноат қилган ҳамда Парвардигорнинг иродаси шундай экан, деган бўлардим. Лекин одамларга қаршилик қилиш билан табиий кучларга қаршилик қилиш орасида шундай фарқ борки, биринчисига мен бир қадар муваффақият билан қаршилик қила олишим мумкин, аммо қоялар, дарахтлар ва ҳайвонларнинг табиатини ўзгартиришда Орфейга ўхшашга умид қилмайман. Мен одамлар билан ҳам, халқлар билан ҳам урушишни истамайман. Мен казуистика (бу ерда – чигал масалаларни ечиш илми назарда тутилмоқда – тарж.) билан шуғулланмоқчи, нозик фарқларни кўрсатмоқчи ва ўзимни бошқалардан яхшироқ деб кўрсатмоқчи эмасман. Ундан кўра, мамлакат қонунларига бўйсуниш учун баҳона қидира қоламан. Мен ҳатто уларга бўйсунишга жуда мойил бўлганман. Мен ўзимдаги бу мойилликни ҳар йили солиқ тўпловчи пайдо бўлганида ҳис қиламан ҳамда бўйсунишга баҳона қидириб, мамлакат ва штат ҳукумати ҳатти-ҳаракатию нуқтаи назарини, шунингдек, жамоатчилик кайфиятини қайта кўриб чиқишга тайёр бўлиб қоламан. Ватанга нисбатан ўғиллик ҳурмати бўлиши керак ва агар қачондир бу Муқаддас бурчга нисбатан эътиборсизлик қилсам, бу манфаат қидириш йўлида қилинган иш эмас, менинг қалбим, виждоним ва иймоним буюрган иш бўлсин.
Мен давлат мени яқинда бу каби ишларнинг барчасидан қутқазади ва ўшанда мен ўз ватандошларимдан кўра яхшироқ ватанпарвар бўлмайман, дея тахмин қиламан. Агар унга собит нуқтаи назардан туриб қаралса, шунча камчиликлари бўлишига қарамасдан, конституция (қомус) жуда яхши: қонунлар ва судлар анча эътиборли; ҳатто Америка ва штат ҳукумати ҳам кўп ҳолларда ҳайратга сазовор ишларни қилади, кўпчилик шундай ёзган ҳам ва биз булар учун миннатдор бўлишимиз керак; аммо юксакроқдан туриб қаралса, улар худди мен ёзганимдек, янада юқори ва олий нуқтаи назардан уларнинг қанақалигини ким айта оларкин ҳамда умуман, уларга қараш ёки улар ҳақида ўйлашга арзирмиканлар?
Умуман олганда, ҳукумат билан менинг унчалар ишим йўқ ва улар ҳақида иложи борича камроқ ўйлашга ҳаракат қиламан. Ҳатто бу ҳаётда ҳам мен кўпинча ҳукумат тобеси бўлавермайман. Агар кишининг фикрлари, бирор нимани яхши кўриши ва тасаввури эркин бўлса ҳамда номавжуд нарса мавжуд нарса каби унинг кўз ўнгида узоқ вақт гавдаланавермаса, унга ақлсиз ҳукмдорлар ёки ислоҳотчилар қўрқинчли бўлмайди.
Мен кўпчиликнинг мендан кўра бошқачароқ ўйлашини биламан; лекин ўз умрини шу ва шу каби масалаларни ўрганишга бағишлаган кишилар билан ҳам фикрим бир хил эмас. Бино ичида турган давлат арбоблари ва қонун чиқарувчилар уни ҳеч қачон аниқ-тиниқ кўрмайдилар. Улар жамиятни ўрнидан қўзғатмоқчи бўладилар, аммо ўзлари унинг ҳорижида таянчга эга эмаслар. Балки улар муайян таржиба ва зеҳниятга эгадирлар, балки оқилона ва ҳатто манфаатли тизимларни ўйлаб топгандирлар, бунинг учун биз улардан миннатдормиз; аммо уларнинг бор оқилликлари ва нафлари ҳаммага маълум бўлган, унча кенг бўлмаган чегаралар билан чеклангандир…
Ҳукумат расмийлари, ҳатто мен бўйсунишга тайёр бўлган ҳокимият – зеро мен мендан кўра кўпроқ биладиган ва мендан кўра яхшироқ йўл тутадиганларга, кўпинча эса мендан яхшироқ бўлмаганларга жон деб бўйсунаман – тўлалигича адолатли бўлмоғи учун бошқарилувчиларнинг рухсати ва розилигини олиши керак. Ҳукумат менинг устимда мен тан олган ҳақ-ҳуқуқларгагина эга. Мутлақ яккаҳокимликдан (абсолют монархия) чекланган яккаҳокимликка, ундан эса демократияга ўтиш жараёни бизни шахсга нисбатан ҳақиқий ҳурматга яқин қилади. Ҳатто хитойлик файласуф ҳам шахснинг империя асоси эканини тушунганди. Наҳотки, биз билган демократия охирги муҳтамал муваффақият бўлиб ҳисобланса? Наҳотки, инсон ҳуқуқларини тан олиш ва тартибга солишда яна битта қадам қўйиб бўлмаса?
Агар давлат шахсни юқорироқ ва мустақилроқ куч, ўз ҳукмронлиги ва обрўси манбаи тан олмас ҳамда унга муносиб муносабатда бўлмас экан, чинакам эркин ва маърифатли давлат қуришнинг имкони йўқ. Менга пировардида барча инсонларга нисбатан адолатли бўла оладиган ва шахсни ўз яқинидай ҳурмат қила оладиган, мабодо бир неча киши ундан бегонасираб, четда туриб, фақат ўз яқинларига нисбатан бурчларини адо этсалар-да, бундан ҳатто ташвишга ҳам тушмайдиган давлатни кўз олдимга келтириш ёқади. Бундай мевалар берадиган ва пишганларидан кейин уларнинг дарахтдан тушишига имконият яратадиган давлат мен тасаввур қилгандан ҳам кўра мукаммалроқ, аммо ҳали мен ҳеч ерда кўрмаган Давлат учун замин яратган бўларди.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares