26 ИЮЛЬ КУНИ ПИНҲОНА ТАРЗДА ҲАСАН ЧОРИЕВНИНГ “ЖИНОЯТ ИШИ” ЮЗАСИДАН МАҲКАМА ЖАРАЁНЛАРИ БОШЛАНГАНМИШ…

imagesЎзбекистон Респубилкаси Жиноят Кодексининг 118-моддиси, 1- қисми  – номусга тегиш жинояти билан айбланиб, эҳтиёт чораси 2013 йилнинг 17 июнь куни хибисга олинган Шаҳрисабзлик 72 ёшли Ҳасан Чориевнинг “буюрма жиноят иши”  24 июль куни, бир ярим ой деганда Қашқадарё вилоят прокуратураси катта терговчиси Рустам Новчаев томонидан тугатилиб, Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судига ўтказилганлиги ҳақида хабар тарқатилди.

Гап шундаки, 36 кун тергов хибисхонасида ўтирган Ҳасан Чориевнинг ҳимоя ҳуқуқи хибисхонада ҳадсиз бузилди. Ғирромчи адвокатлардан бошқа хеч ким Х.Чориевнинг ёнига кира олмади.

Қамоққа олинишининг илк куниёқ терговчи олдига “Менга Тошкентлик жамоат ҳимоячим Шуҳрат Рустамовни чақиртиринг. Рустамовдан бошқасининг иштирокида тергов бермайман, бирор бир сўроққа жавоб қилмайман деган талабни қўйган Ҳасан Чориевнинг ҳимоя ҳуқуқи орган ходимлари томонидан қаноатлантирилмади.

Аксинча, қамоққа олиниш жараёнида Ҳасан Чориевга давлат томонидан Убайдулла Жумаев адвокат этиб тайинланди.

Бироқ мазкур адвокат Ҳасан Чориев ишида прокурорларнинг топширикларини бажаришга киришиб кетди.

Қонун талабларига кўра адвокат Ҳасан Чориевнинг хибсга олиниши ва унинг сабаблари  ҳақида Чориевлар оиласига ўз вақтида хабар бермади, чунки у шундай буйрук олган эди.

Натижада, отасининг бедарак кетганлигидан хавотирга тушган фарзандлари 3 кун давомида Қашқадарё вилоятидаги прокуратура борми, Миллий Хавфсизлик хизмати борми, Ички ишлари идоралари борми, барча ҳуқуқ-тартибод идораларига ёзма шаклда мурожаат қилиб, Ҳасан Чориевни дарагини топишга мажбур бўлган эдилар.

Таассуфки, на  Қашқадарё вилоят прокуратураси, на вилоят Миллий хавфсизлик хизмати ва на вилоят ички ишлар бошқармаси Чориевлар оиласи вакилларига оила бошлиғининг қеарда эканлиги ва айни дамдаги тақдири хусусида аниқ маълумот беришмади.

Ваҳоланки, шу йилнинг 17 июнь куни Шаҳрисабздаги ўз уйидан икки нафар ички ишлар ходимлари томонидан “Шахрисабз шахар прокурорининг кабулига, Президентга ёзган шикоятларингиз юзасидан суҳбатга” деган алдов билан олиб чиқиб кетилган Ҳасан Чориев ўша куни бедарак кетганди.

Ниҳоят, оила аъзолари орадан 3 кун ўтгач, тунги соат 22.00 ларда Ҳасан Чориевнинг номусга тегиш жинояти билан айбланиб, қамоққа олинганлигидан хабар топдилар.

Оталарини ҳимоя қилиш мақсадида фарзандлар давлат томонидан тайинланган адвокат Убайдулло Жумаевнинг адвокатлик хизматидан воз кечиб, не-не умидларда донғи кетган ҳуқуқшунос Мели Ҳолмирзаевни шу йилнинг 25 июнь куни Ҳасан Чориевга ҳимоячи этиб ёллашганди.

Таассуфки, июль ойининг 22 санасига келиб ҳам Мели адвокат Ҳасан Чориев ҳимояси учун ўз ваколати доирасида бирор бир ишни амалга ошира олмади.

– Терговчи Рустам Новчаев ордеримни расмийлаштирмаяпти. Ордеримга муҳир уриб, имзо қўйиб берсагина тергов ҳибисхонасига кириб Ҳасан ака билан учрашиш имкониятига эга бўламан. Бироқ, терговчи менинг бундай имкониятни қўлга киритишимга негадир монелик қилиб, қочиб юрибди, – дея Мели Ҳолмирзаев ҳам  нолишдан нарига ўта олмади.

Бир сўз билан айтганда, Мели Ҳолмирзаев бир ой давомида Ҳасан Чориевнинг жиноят иши матреаллари билан таниша олмади, Ҳасан Чориев билан кўриша олмади, ўз ҳимоясидаги одамга ҳуқуқий маслаҳат бериш йўлини топа олмади.

Алал оқибат Чориевлар оиласи вакиллари шу йилнинг 22 июль куни Ҳасан Чориевнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ёлланган адвокат Мели Ҳолмирзаев билан тузилган шартномани ҳам бекор қилишга мажбур бўлдилар.

Қисқаси, юқорида айтиб ўтганимиздек, хибисдаги Ҳасан Чориевнинг ҳимоя ҳуқуқи бузилди, қонун билан қўрқиқланаётган ҳуқуқлари терговчи-ю прокурорлар томонидан беаёв топталди.

Хўш, нега шундай бўлди? Қашқадарёнинг Миллий хавфсизлик хизмати-ю, прокурорларининг Ҳасан Чориевдек 72 ёшли кекса қарияда қандай қасдлари бўлиши мумкин? Хибсдаги отахонни бунчалар хўрлашмаса?

Ҳамма гап мана шунда-да.

Масаланинг моҳияти шундаки, илгариги хабарларимизда таъкидлаганимиздек, Шаҳрисабзлик Ҳасан Чориевнинг 7 ўғли АҚШдан сиёсий бошпана олишга мажбур бўлган Ўзбекиcтон фуқароларидан.

Янаям муҳимроғи, ўғилларнинг тўнғичи Баҳодир Чориев “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг етакчиси сифатида Каримовнинг ноинсоний бошқарувига мухолиф саналади.

Қолаверса, июнь ойи бошларида Баҳодир Чориев билан россиялик мухбир  ўртасида бўлиб ўтган сухбат акс этган мақолада ёш сиёсатчининг фикр-ўйлари, дунёқараши, сиёсий фаолияти борасидаги сермазмун суҳбатнинг интернет сайтларида пайдо бўлиши Каримовнинг қахрини келтирди.

Бу мақоланинг эътиборли жиҳати шундаки,  Баҳодир Чориев Каримовнинг зўравонликка асосланган ҳукукматига қарши кескин фикрларини очиқлади, Каримовнинг ноинсоний тузумини емиришда нозўравон кураш усулининг самарадорлиги ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.

Ёш мухолифатчининг бу каби кескин чиқишлари Каримовни дарғазаб қилади-да, албатта.

Ёш мухолифатчи баҳодир Чориевнинг сиёсий фаоллигидан қасд олиш ўтида ёнган Каримовга эса унинг Шаҳрисабзда истиқомат қилувчи 72 ёшли отаси Ҳасан Чориев “хўрак” вазифасини ўтади.

Усталарига бировни бепичоқ сўйиш, айбсиз айбдор қилиш иш эканми? Енг ичидаги оғзаки кўрсатмалар иш берди. 72 ёшли содда қария ҳаш-паш дегунча Қашқадарё вилоят Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан тўқилган туҳмат тўрига тушиб қолди.

Нима эмиш, кекса касалманд қария 19 ёшли қизалоқни мажбурлаб қўйганмиш.

Бу чўпчакка қонун идораларидаги “эртакчи” акаларнинг ўзларидан бошқа ҳеч ким ишонмайди, албатта.

Лекин Ўзбекистонда Миллий Хавфсизлик хизмати ходимларига, прокуратура идоралари вакилларига, қўйингчи қонунчиларга ҳадсиз имкониятлар берилган.

Ҳ-а-а-а, қонунчиларнинг қўллари узун. Истасалар, фуқароларни бир гап билан бор қиладилар, агар ҳоҳласалар, биргина имо билан таг-туги билан йўқ қиладилар.

Шундай ҳам бўлди.

Ҳасан Чориевга нисбатан очилган сохта жиноят иши юзасидан Қашқадарё вилоят прокуратурасида адвокатлар иштирокисиз пинҳона тарзда бир ойдан ортиқроқ вақт мобайнида  тергов ҳаракатлари “олиб борилди”. (Агар ростдан хам олиб борилган бўлса?!).

Биз бугунги кунда комил ишонч билан Ҳасан Чориевга нисбатан провокация йўли билан жиноят иши очилган дейишга ҳақлимиз.

Мабодо жиноят иши сохта бўлмаганида прокуратура ходимлари, терговчилар  ишларининг хомлигидан хавотирга тушмаган, иш матреалларини, тергов жараёнларини сир тутмаган, Ҳасан Чориевни ҳимоя қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмаган бўлишарди. Адвокатга Чориев билан кўришишга изин берган бўлишарди.

Айнан туҳматдан уюштирилган “жиноят иши”нинг сохталиги прокуратура ходимларини саросимага солганди.

Масаланинг яна бир қизиқ жиҳати шундаки, гарчи Ҳасан Чориевнинг айни дамдаги собиқ адвокати Мели Ҳолмризаевнинг иддаосига кўра “номаълум қўйилган”лигига қарамасдан, 23 июлда – бир кун ичида тергов ишлари якунига етказиб қўя қолинган.

Янаям ажабланарлиси, гарчи Чориевлар оиласи вакиллари 22 июль куни адвокат Мели Ҳолмирзаев билан тузилган шартнома бекор қилиш тўғрисида арзнома берган бўлишларига , адвокат хизматидан воз кечганларига қарамасдан, 23 июль куни Мели Ҳолмирзаев негадир яна тўсатдан бошланиб қолган тергов жараёнларида Ҳасан Чориев ҳуқуқларини        “ ҳимоя қилишга” чоғланиб қолган.

Натижада, рад этилган адвокат Ҳолмирзаев иштирокида 23 июль куни Ҳасан Чориевга нисбатан қўзғатилган “жиноят иши” тугатилиб, 24 июль куни  негадир шошилинч равишда Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят  судига юборилган ва 25 июль куни Қарши шахар судига юборилган.

Орадан икки кун ўтгач, 26 июль куни Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судида Ҳасан Чориевнинг “жиноят иши” юзасидан маҳкама жараёнларини бошланиб ктегани қизиқ.

Биринчидан, жиноят иши  25 июль куни кечга яқин судга оширилганди. Ва ўз навбатида шаҳар суди раиси томонидан бу иш бирор бир қозига бириктирилиши ҳам лозим бўлади. Ҳасан аканинг ишини раис қачон кўриб чиқишга улгурди, қачон бирор бир қозига беркитишга улгурди экан, буниси энди менга қоронғу. Бир жиноят иши материаллари билан танишиб чиқиш учун судьяга қанча муддат керак бўлади? Камида 3 кун керак бўлади, адашмасам. Ҳали бирор бир  суд тарихида жиноят иши ҳужжатлари келиб тушиши билан маҳкама жараёнлари бошланиб кетган ҳолатга дуч келмаганман. Одатда судга жиноят иши материаллари юборилгач, камида бир ойдан кейин кўриларди. Лекин Ҳасан Чориевнинг маҳкама ишини тезлатишга судьялар бунчалар иштиёқманд бўлиб қолдилар, ана шунинг сирини билиш мен учун қизиқ. Буни қарангки,  Ҳасан Чориевнинг иши 24 июль куни прокуратурадан судга копток қилинган, 26 куни эса узатилган тўпни қабул қилиб олган қозилар коптокни тепкилашга тушиб кетишган. Бунақаси энди биринчи марта.  Бунисиям майлику-я, лекин, мени ажаблантирган нарса шу бўлдики, Зулайҳо Чориева Ҳасан Чориев ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида ёллаган адвокати Мели Ҳолмирзаев билан тузилган шартномани   22 июль куни бекор қилганди. Мели  адвокат хизматидан фойдаланишдан воз кечганди. Бироқ, 26 июль куни Ҳасан Чориев устидан бошланган суднинг илк мажлисида, қарасам, яна рад этилган Мели Ҳолмирзаев Ҳасан аканинг адвокати сифатида иштирок этиб ўтирибди. Бу қанақаси бўлди тағин? Шунақаси ҳам бўлиши мумкинми?

Аслида, Мели Ҳолмирзаев ишончдан чиққанлиги учун ҳам Чориевлар хонадони вакиллари унинг хизматидан воз кечишган эди….  Буни қарангки, рад этилган Мели Ҳолмирзаев суд биносига кириб кета туриб, “Ҳимоямдаги Ҳасан Чориев қизларига новвот, асал, сариёғ, саримсоқ пиёз каби егуликларни келтиришларини сўраб, 23 июль куни хибсхонадан мен орқали хат чиқаргандилар.  Қизлари бу хатни олишмаганди. Мана, сеткамни кўринг, охийри Ҳасан ака айтган нарсаларни ўзим ўз пулимга харид қилиб, у кишига элтиб беришга қарор қилдим. Ҳозир судда кўришсам, бериб қўярман” дея, Мели адвокат суд  мажлисига кириб кетди. Кўп ўтмай “Бугун жабрланувчи келмаганлиги сабабли суд мажлиси қолдирилди” дея ортига қайтиб чиқди.

Ажабо, бир ойдирки Ҳасан Чориев ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида бирор бир амалий ишга қўл уришга қурби етмаган, ҳамон ордери расмийлаштирилмаганлиги сабабли, хибсхонага кириб, Ҳасан Чориевга ҳуқуқий кўмак бера олмаган, иш ҳужжатлари билан танишишга, даъвогар Матлуба Абдураимованинг даъво аризасини ва жиноят иши қўзғатиш тўғрисидаги қарор нусхасини олишга бир бора  қизиқиб кўрмаган  собиқ ҳимоячи  хизмати рад этилганлигини била туриб намунча Ҳасан Чориевга меҳрибон бўлиб қолмаса? Бирданига-а? Бир ойдан бери бу каби куюнчаклик қаерда эди? Меҳрибончилигини саҳал эртароқ бошласа бўлмасмиди?

Адвокатнинг ҳимоясидаги мижозига ўз чўнтагидан озиқ-овқат харид қилганини ҳеч эшитганмисиз? Шахсан мен бунинг гувоҳи бўлмаганман. Рад этилган адвокатнинг бу каби ҳатти-ҳаракатларида қандайин синоат яширин эканлигини ҳамон англолмай ҳалакман.

Нима бўлган тақдирда ҳам Мели Ҳолмирзаевнинг нияти ҳолис эмаслиги ойнадек равшан. Акс ҳолда адвокат Чориевлар оиласи вакилларини аллақачон прокуратуранинг “Айблов хулосаси” билан таништирган бўларди. Қолаверса, бугун шошилинч равишда пниҳона ўтказилаётган суд жараёнини сир тутмаган бўларди, шундай эмасми?

Қисқаси, Мели Ҳолмирзаевнинг норасмий хабарига таянган ҳолда айтадиган бўлсак, демакки, Ҳасан Чориевнинг жиноят иши юзасидан бугун, 26 июль куни маҳкама жараёнлари жадал суратларда бошланиб кетганмиш….

Бироқ Чориевлар оиласи вакилларига на айблов хулосаси нусхаси берилди ва на улар иш материаллари билан таништирилди…..

Негадир Ҳасан Чориевнинг маҳкама иши пинҳона тарзда жадаллик билан  бошлаб юборилган.

Бу ҳолат ҳам Ҳасан Чориевга алоқадор “жиноят иши” буюртма эканлигидан далолатдир.

               Шуҳрат РУСТАМОВ

              Ҳасан Чориевнинг жамоатчи ҳимоячиси

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares