“БИРДАМЛИК” ҲДҲ ХОРАЗМ ВИЛОЯТ БЎЛИМИ ЕТАКЧИСИ ВАЛЕРИЙ НАЗАРОВ ҲАМОН БЕДАРАК…

 

 

Валирей Назаров

Ўзбекистоннинг Бош Қомуси – Конститутция кунини муносиб кутиб оламан, байрам қиламан деган “Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати Хоразм вилоят бўлими етакчиси Валерий Назаровдан  мана, 20  кундирки, хабар йўқ. Телефон алоқалари узилган. Ҳатто Ҳаракатнинг Хоразм вилоят бўлими Матбуот хизмати раҳбари Бахтиёр … нинг ҳам вилоят етакчисининг тақдиридан бехабар.

 

– Мен Валерий оғани қидираяпман. Ҳатто уйидагилар ҳам қаерда эканлигини билишмас экан, – дейди  Бахтиёр ака телефон орқали биз билан бўлган мулоқотда, – Айримлар В. Назаровни МХХ “подвал”ида дея тахмин қилишмоқда.  Бироқ, айни дамда,   вилоят етакчисини  Хоразмдаги нотаниш бир уйда уй қамоғида сақланмоқда деган узун-қулоқ гаплар ҳам йўқ эмас.  Нима бўлган тақдирда ҳам Янги йилга қадар кутиш керак. Шундан кейин ҳам бирор бир дарак бўлмаса, Валерий Назаровни қидирувга беришга мажбурмиз….

Эслатиб ўтамиз, Ҳаракатнинг Хоразм вилоят бўйича етакчиси Валерий Назаров 8 декабрь куни Тошкентнинг Олой бозорида ўтиши режалаштирилган “Оммавий Шодлик” тадбирида иштирок этиш мақсадида 3-4 кун олдин поеъздга чипта олган. Етакчимизнинг Пойтахт шаҳарга отланаётганлигидан хабар топган Хоразм вилоят МХХ ва ИИБ хизмати ходамлари томонидан 7 декабр куни В. Назаровнинг уйи  қуршовга олинган. Ўша куниёқ  Ички ишлар формасидаги икки ходам В. Назаровга “Сизни Хива туман Ички ишлар бўлими бошлиғи чақиртирмоқда. Сиз билан суҳбатлашиши лозим. Биз билан бирга юришингизга тўғри келади” деган бўлишига қарамасдан, “Бирдамлик” етакчиси “Мени олиб кетиш учун ё суднинг санкциясини кўрсатинг, ёки ИИБ бошлиғининг расмий чақирув қоғозини келтиринг. Ана ундан кейин сизлар билан ички ишлар идорасига бирга бораман” дея жавоб қайтаришга журъат этган.

Ўз уйи Ҳукуматнинг куч ишлатар тизимлари томонидан қуршовга олинганлиги ҳақида В. Назаровнинг ўзи 7 декабр куни эрталаб Ҳаракaтнинг Ўзбекистон бўлими етакчиси Малоҳат Эшонқуловага телефон орқали хабар бераркан: “Айланма йўллар орқали Тошкентга кетиб юборсаммикин? Агар улар уйга бостириб кирадиган бўлишса, энг аввало, қўл телефонимни олиб қўйишади”  дея маслаҳат солган. Ва Эшонқулова вилоят етакчисига: “Қочиб қаерга ҳам борардингиз. Мамлакат уларнинг қўлида бўлса… Яхшиси, қаршиларига чиқиб, “Мендан нима хизмат? Сизларга қандай ёрдамим тегиши мумкин?” дея сўранг, сўз қотиб қўрингчи?”, деган мазмунда  гап қотган.

Бу – Ҳаракатнининг Хоразм вилоят бўйича етакчиси Валерий Назаров билан бўлган сўнги мулоқот эди. Шу-шу Валерий Назаров бедараклигича қолмоқда. Унинг соғлиғи, қаерда эканлиги хусусида бирор бир маълумот топишнинг имкони бўлмаяпти.

Бироқ, Хоразмлик айрим манбаларга кўра, “Айни дамда мухолифат вакили В. Назаров Хоразм вилоят ички ишлар бошқармасининг ертўласида – хибсхонада сақланмоқда. Куч ишлатар тизимлари ходамлари “Бирдамлик” етакчисини йўлидан қайтаришга, синдиришга уринмоқда. Назаровга нисбатан шавфқатсиз даражада қийноқ усуллари қўлланилмоқда.  Шундай бўлса-да, диктаторлик режимининг қонун “поспон”лари ўз мақсадларига эришган эмас. Валерий оғани таслим қилолмасдан жонлари ҳалак” деган мазмундаги маълумотлар ҳам мавжуд.

Биз дунё ҳамжамиятидан Ўзбекистонлик мухолиф ташкилот фаоли Валерий Назаровнинг тақдирига бефарқ бўлмасликни сўраймиз. Барча ҳуқуқбонларни мухолифат жонкуярининг ҳаётига қайғуришга чақирамиз.

 

“Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими Матбуот Хизмати

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares