БАҲОДИР ХОН ТУРКИСТОН

ЛИДЕР БАҲОДИР ХОН ТУРКИСТОННИНГ ТАРЖИМАИ ҲОЛИ, МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАР

Баҳодир Хон Туркистон (исми-шарифининг инглизча намунаси — Bakhodir Khan Turkistоn, исми-шарифининг олдинги ва бошқа намуналари — Bahodir Xon Turkiston, Bakhodir Choriyev, Bahodir Choryiev, Бахадир Чариев, Баҳодир Чориев, Бoҳодир Чориев) Ўзбекистон “Бирдамлик” Халқ-Демократик ҳаракатининг асосчиси ва етакчиси. Сиёсий фаолияти туфайли ҳар хил хавф-хатарларга ва таҳдидларга учрагандан кейин мажбуран Ўзбекистондан АҚШга кўчиб борган. Оилали, 6 нафар фарзанди бор.

Алоқа учун маълумотлар:

Манзил: 1813 Peach St Sait Peters MO 63376 U.S.A.

Телефон рақами: +1.314.600.2889 Электрон почта: birdamlik@gmail.com Вебсайт: http://birdamlik.info/ , http://mulkdor.com .

Шахсий ҳаётидаги муҳим босқичлар ва муҳим саналар:

Баҳодир Хон Туркистон 1969 йил 31 октябрда Ўзбекистон Республикаси Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида ишчи оиласида туғилган. 1986 йилда Россия Федерациясидаги Томск Политехника институтининг кечки бўлимига ўқишга кирган ва бир вақтнинг ўзида Томскдаги 17-сонли касб-ҳунар техника билим юртининг кундузги бўлимида радиомонтажчи ихтисослиги бўйича таҳсил олган.

Мазкур билим юртини 1987 йилда тугатгандан кейин ўз иш фаолиятини радиомонтажчи касби бўйича бошлаган. Сўнгра ҳарбий хизматга чақирилган. Баҳодир Хон Туркистон ўқишини тугатгандан ва ҳарбий хизмат бурчини ўтаб қайтгандан кейин оилавий шароитига кўра Ўзбекистонга қайтган ва Тошкент Давлат техника университетининг АСУ факультетида таҳсилини давом эттирган.

1994 йилда ўқишни тамомлагач ўзининг профессионал касбий ва тадбиркорлик фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Илмий тадқиқот институтида кичик илмий ходим сифатида бошлаган. У 1995 йилда республикада биринчи бўлиб «Сувжиҳозгаз» Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасининг асосчисига айланди. 1996 йилда «Янги таъминот» хусусий корхонасини ташкил қилди.

Баҳодир Хон Туркистон 1999 йилда қимматбаҳо қоғозлар бўйича Тошкент фонд биржасида «Кеш» очиқ акциянерлик жамияти акцияларининг 60,5% ини сотиб олди ва катта улушни сотиб олгандан сўнг 2000 йил 25 февраль куни «Кеш» ОАЖ (очиқ акциянерлик жамияти)нинг вақтинча ижро этувчи раиси лавозимига тайинланди.

Ёш мутахассис ўзининг тинимсиз изланишлари, саъй-ҳаракатлари, билимлари ва истеъдоди туфайли «Кеш» ОАЖни қисқа вақт ичида довруқли компанияга айлантира олди ва шу билан бирга, ўзи ҳам миллионерга айланди (АҚШ долларида).

Баҳодир Хон Туркистон «Кеш» ОАЖда фаолият юритиши жараёнида туман ва вилоят ҳокимлигидаги мутасадди раҳбарларни янгиликлар ихтирочиси эканлиги ҳамда кутилмаган қарорларга интилиши билан тамомила ҳайратга солди.

Ҳокимият томонидан таъқибларнинг бошланиши

Дарҳақиқат, Баҳодир Хон Туркистонга шу пайтларда советларча иш юритиш усулидан фориғ бўлмаган амалдорлар билан бирга ишлашга тўғри келди. Ундай амалдорлар эскича режалаштирилган бошқарув асосига таяниш, ўз хоҳиш-истакларига қарши иш олиб бориш билан чекланиб қолмасдан, бозор иқтисодиёти тушунчасидан ҳам тамомила узоқ ҳамда ишлари коррупцияга асосланган эди. Шунинг учун Баҳодир Хон Туркистон бир вақтнинг ўзида компанияни ривожлантириш ишлари билан бирга замондан орқада қолган, қонун муҳим эмас, пора ундириш муҳим бўлган амалдорлар билан ишлашга ҳам мажбур бўлади. Бу эса, шубҳасиз, катта жасорат талаб қиларди.

Баҳодир Хон Туркистон инқироз ёқасига келиб қолган «Кеш» акциянерлик жамиятининг рентабеллик даражасига эга бўлиш учун ўзининг иқтисодий режаларини ишлаб чиқди. Ушбу режа гарчи давлат амалдорлари томонидан амалиётга тадбиқ этилиши қийин бўлса-да, давлат буюртмаси ва пахта монокультурасидан халос бўлишга, донли экинларни давлат режасига мувофиқ эмас, балки корхонанинг эҳтиёжлари ва бошқа иқтисодий қарорларга мувофиқ равишда етиштирилишига қаратилган эди.

2000 йилда Баҳодир Хон Туркистон пахта ва ғалла бўйича давлат режаларини бекор қилиш учун туман ва вилоят маъмурияти билан кураш олиб борди, натижада 2000 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистонда илк маротаба туман ва вилоят ҳокимияти «Кеш» ОАЖни пахта ва ғалла учун давлат буюртмаларидан озод қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга мажбур бўлди.

«Кеш» ОАЖ ўз мулкига эгалик қилган ва давлат мулозимларига бўйсунмаган ҳолда амалдаги қонунчилик доирасида ўз акциядорлари ва жамият манфаатлари йўлида фаолият юритади. Ўзбекистон расмийлари акциянерларнинг давлат устидан устунлигини таъминлаш фактини қабул қила олмадилар. 2000 йилнинг май ойида, «Кеш» ОАЖ акциядорларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши қарорига биноан Баҳодир Хон Туркистон «Кеш» ОАЖ Бошқаруви раиси лавозимига сайланади. Шу йили Ўзбекистон Республикаси Давлат Мулк қўмитасининг вилоят филиали «Кеш» ОАЖ акциядорларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши қарорини тез орада бекор қилади. Кейин сентябрь ойида Баҳодир Хон Туркистон, «Кеш» ОАЖ акциядорларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши қарори билан «Кеш» ОАЖ Бошқаруви раиси лавозимига қайта сайланади.

2000 йил сентябрь ойида ҳукумат мулозимлари Баҳодир Хон Туркистонга нисбатан сиёсий аҳамиятга йўғрилган жиноят ишини очди ва уни 2001 йилнинг 2 январида ҳибсга олди. Вилоят прокурорининг рухсатномасисиз ва амалдаги қонунларга итоат этилмаган ҳолда вилоят ва туман раҳбарияти шошилинч равишда Баҳодир Хон Туркистоннинг ўрнига компания раиси лавозимига бошқа шахсни тайинлайди. Тез орада янги раҳбар давлат билан шартнома имзолади ҳамда акциянерлик жамияти пахта ва ғалла етиштириш мажбуриятини ўз зиммасига олди ва корхонани давлат ихтиёрига топширди. Бу каби ҳаракатларга «Ўзгўштсутсаноат» давлат компанияси Қашқадарё вилоят бўлими бошлиғи Ботир Амирқулов ташаббускор ва ташкилотчи бўлди.

2001 йил март ойида Шаҳрисабз туманида Баҳодир Хон Туркистон иши бўйича биринчи суд мажлиси бўлиб ўтди. Суд маҳкамаси маҳкумнинг айбсизлигини билган ҳолда, уни озод қилиш ўрнига, жиноий ишни қўшимча терговга жўнатди.

Иккинчи суд маҳкамаси шу йилнинг июнь ойида Китоб туманида ўтказилди. Жиноят иши кўриб чиқилгандан кейин туман судьяси Баҳодир Хон Туркистонни оқлаш ўрнига уни гаровга озодликка чиқариб, ишни қўшимча терговга жўнатди.

Кейинги суд иши Қамаши туманида бўлиб ўтди. Суд ўз ишини Баҳодир Хон Туркистон ва «Кеш» ОАЖ ходимлари устидан жиддий босим ва таъқиблар ўтказган ҳолда олиб борди.

Адолатсиз судлов натижасида Қамаши туман жиноят ишлари бўйича суди Баҳодир Хон Туркистонни 6 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этишга доир ҳукм чиқарди. Лекин амнистия актини қўллаш тўғрисидаги қарорга биноан уни 3 йил давомида раҳбар лавозимида ишламаслик шарти билан жазодан озод қилди.

Баҳодир Хон Туркистон ва унинг «Кеш» ОАЖдаги шериклари ўз ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш ва адолатни юзага чиқариш ҳамда компаниянинг бошқарув тизимига қайтиш учун 2002-2003 йилларда бир неча марта суд ишларида иштирок этдилар. «Кеш» ОАЖ иши катталашиши ва овозага айланиши натижасида низолар Тошкентга кўчди. «Кеш» ОАЖ бошқарувини ноқонуний равишда қўлга киритган давлат амалдорлари тарафкашларидан иборат гуруҳ катта пора эвазига Ўзбекистон Республикаси Давлат Мулк қўмитаси раиси М. Асқаровни ўз томонига оғдиришга муваффақ бўлдилар. М. Асқаров Баҳодир Хон Туркистон тарафдорларига тўғридан-тўғри босим ўтказа бошлади. «Акционерлик жамиятлари ва акционерларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун-қоидаларни бузган ҳамда эгаллаб турган мансабини суистеъмол қилган ҳолда М. Асқаров Баҳодир Хон Туркистон бошқарувига тегишли қўшимча улушларни чиқариб ташлади ва унинг сармоядорларини 60,5% дан 15% гача сармоялашга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга оширишни бошлади. Даъвогарларнинг шикоятлари бўйича ўнлаб суд ишлари кўриб чиқилди.

Баҳодир Хон Туркистон ва унинг тарафдорлари Ўзбекистон Республикаси Давлат мулк қўмитаси раиси М. Асқаровнинг истеъфосини талаб қилиб, кўплаб норозилик намойишларини ўтказишди. Адолатни тиклашга доир тинимсиз саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ суд мажлисида «Кеш» ОАЖ акционерлари фойдасига қарор қабул қилингач, мазкур ишга Миллий Хавфсизлик хизмати (МХХ) кучлари аралаша бошлади. Натижада Баҳодир Хон Туркистон қаттиқ адолатсизлик ва босимлар қурбонига айланди. Вазиятдан чиқиш ва курашларда ғалаба қозониш мақсадида у инсон ҳуқуқлари ташкилоти аъзоси бўлди.

2003 йилда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари ва мухолифат кучлари билан яқиндан танишиб, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун бир неча пикетлар ва норозилик намойишлари ўтказди. Оиласини боқиш, рўзғорини тебратиш учун у ўз шахсий машинасида киракашлик қилди, гарчи ноқонуний бўлса-да, шаҳар кўчаларида турмуш ўртоғи билан бирга газета ва журналлар сотди.

Мухолиф сифатида сиёсий фаолиятининг бошланиши

2004 йил март ойида «Кеш» ОАЖни қайтариб олиш учун мавжуд қонунлар доирасида узоқ давом этган курашлардан сўнг Баҳодир Хон Туркистон махсус баёнот билан чиқди ва демократик мухолифат сафига қўшилди.

2004 йил 10 апрель куни Баҳодир Хон Туркистон дастлаб «Бирдамлик» ҳаракатига асос солди, кейинчалик эса мазкур ҳаракатни нозўравон курашларга асосланган «Бирдамлик» Халқ Демократик ҳаракати дея ўзгартирди. У фаолияти давомида катта митинглар ва норозилик намойишлари ўтказишга ҳаракат қилди. 2004 йил 21 майда унга ҳужум уюштирилди, Миллий хавфсизлик хизматининг вакиллари унинг бошига қоп кийдириб, қўл ва оёқларини боғлаб, номаълум томонларга ўғирлаб кетишди ва унга жиддий тан жароҳат етказишди. Сўнгра шафқатсизларча калтакланган Баҳодир Хон Туркистонни Тошкент вилоятидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёси қирғоқларида жойлашган ташландиқ корхонанинг ҳудудига ярим-яланғоч ва чалажон ҳолда, фақат ички кийимларида ташлаб кетишди. МХХчилар худди шу куни унинг шу пайтларда ягона даромад манбаи бўлган машинасини ёқиб юборишди.

Баҳодир Хон Туркистон 2004 йил 1 июнда, Халқаро Болаларни ҳимоя қилиш кунида катта митинг ўтказди. Митинг катта резонанс яратди.

Баҳодир Хон Туркистон сиёсий жиҳатдан фаоллаша борди. Шу билан бирга, сиёсий фаолияти туфайли унга нисбатан босим ва таъқиблар ҳам ўсиб борди. Алал-оқибат оилани моддий жиҳатдан таъминлаш мумкин бўлмай қолгач, 2004 йил июнь ойида оила аъзолари билан бирга Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлди.

Мажбурийликдан АҚШга кўчиб кетиш ва сиёсий курашларни давом эттириш

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Москвадаги Қочоқлар бўйича Олий Комиссариати ёрдамида 2005 йил 10 февралда у ва унинг оиласи Америка Қўшма Штатларидан сиёсий бошпана олди. Баҳодир Хон Туркистон АҚШда ҳам Ўзбекистондаги каби бир қатор йирик норозилик намойишларини уюштиришга муваффақ бўлди. Ана шундай норозилик намойишларидан бири 2005 йил 3 май куни уюштирилди. У нозўравон сиёсий курашларга бағишланган бир неча китобларни таржима қилдириш ишларини ташкиллаштирди.

Баҳодир Хон Туркистон таниқли олим Джин Шарп билан учрашди ва унинг қаламига мансуб «Диктатурадан демократияга» ва «Ҳақиқий алтернативлар бор» деб номланган китобларини ўзбек тилига таржима қилиш ишларини ташкиллаштирди. Бундан ташқари, яна бир олим Роберт Хелви билан учрашишга муваффақ бўлиб, олимнинг «Стратегик нозўравон тўқнашув» китобини ҳамда «Отпор» гуруҳининг Югославиядаги фаоллари томонидан нашр эттирилган «Нозўравон курашларга доир 50 та муҳим мавзу» номли китобларини таржима қилди. Шунингдек, Баҳодир Хон Туркистон бир неча илмий мақолалар, монографиялар таржималарини ҳам ташкиллаштириб, мазкур китобларни мунтазам равишда Ўзбекистондаги ўз фаолларига етказиб берди.

2008 йилда режиссёр Мартин Шиннинг «Диктаторни ағдариш» фильмини инглиз тилидан ўзбек тилига таржима қилиб, ушбу фильмни сифатли дубляж қилишга эришди.

2009 йил ноябрь ойида Баҳодир Хон Туркистон Ўзбекистонга қайтишига оид Баёнот билан чиқди ҳамда сиёсий фаолиятини давом эттириш учун Ўзбекистонга қайтиб келди. Қайтган куниёқ уни Тошкент халқаро аэропортида ҳибсга олди ва унга қарши жиноий иш очилди. У шартли равишда Ўзбекистондаги ўз уйига қайтарилди. Баҳодир Хон Туркистон ҳар хил таъқиб ва босимларга қарамай «Бирдамлик» Халқ Демократик ҳаракатининг Ўзбекистон бўлими бошлиғи Дилором Исҳоқова билан бирга мамлакатнинг аксарият минтақаларида бўлиб, «Бирдамлик» ХДҲнинг қурултойини ўтказишга ҳаракат қилди. Бироқ ҳукмрон доира вакиллари Ўзбекистон вилоятларидаги вакиллар иштирокида республика қурултойини ўтказишга қаттиқ қаршилик кўрсатишди. Натижада Қурултойда фақат Қашқадарё вилояти вакиллари иштирок этди, бу эса қурултой мақомига таъсир кўрсатди. Шу туфайли мазкур қурултойга Ҳаракатнинг ҳудудий конференцияси мақоми берилди. Баҳодир Хон Туркистон 2009 йил декабрда АҚШга қайтиб келди ва сиёсий фаолиятини давом эттирди.

2010-2014 йиллар оралиғида «Бирдамлик» ХДҲ ўнлаб катта ва кичик норозилик намойишларини ўтказишга муваффақ бўлди. 2013 йилда Баҳодир Хон Туркистоннинг овозини ўчириш мақсадида ўзбек ҳукумати отаси Ҳасан Чориевга қарши фитна уюштирди. Бу фитналар натижасида Ҳасан Чориев қамоққа маҳкум этилди ва озодликка чиққач қамоқхонада орттирган касалликлари туфайли 2 ойдан кейин вафот этди.

Ҳасан Чориев вафотидан кейин Каримов режими Баҳодир Хон Туркистон ва унинг оиласига қарши ғайриинсоний ҳаракатларни амалга оширди. Дастлаб ҳокимият марҳумни дафн этадиган қабр учун ер ажратишга рухсат бермади. Миллий хавфсизлик хизмати вакиллари жоназа маросимига келганларни қўрқитиши натижасида уларнинг кўпчилиги маросимни тарк этишга мажбур бўлишди.

Миллий хавфсизлик хизматининг кўрсатмаларига кўра вилоят ва қўшни туманлардаги барча тобутлар гўёки «дезинфекция» учун йиғиштирилиб олинди (қабр учун ер ажратмаслик, барча тобутларни бир вақтнинг ўзида йиғиб олиш, жоназа намозини таъқиқлаш каби ҳолатлар Ўзбекистонда мисли кўрилмаган ҳолат эди). Жоназа намозини ўқиш ҳуқуқига эга барча имом ва муллалар қаттиқ назорат остига олинган ҳолда Ҳасан Чориевнинг дафн маросимига киритилмади. Ҳасан Чориевнинг энг яқин дўсти, имом Омонхон дафн маросими якунлангунча туман Миллий хавфсизлик хизмати биносида мажбуран сақланди.

Қабр учун қабристондан ер берилмагач Баҳодир Хон Туркистон кичик укасига қўнғироқ қилиб, отаси Ҳасан Чориевни ўзига тегишли бўлган уй ҳовлисига дафн қилиш бўйича маслаҳат беришга мажбур бўлди. Шундан кейин ҳокимият марҳумга қабр учун ер ажратишга қарор қилди. Жоназа намози эса Баҳодир Хон Туркистоннинг яқин қариндошларидан бири томонидан ўқилди.

«Бирдамлик» Халқ Демократик ҳаракати иккита тўлиқ метражли анимацион фильм яратди. Қозоғистонда рўйхатдан ўтган, қозоқ ва ўзбек тилларида нашр этилган «Туркистон овози» газетасига асос солди. Онлайн радио ва «Турон» телеканали ишга туширилди.

2006 йилда www.birdamlik.info сайти ва 2013 йилда www.mulkdor.com сайти ишга туширилди. Ҳаракат ташкил этилган кундан то бугунгача ўз фаолиятини Баҳодир Хон Туркистонни ўзининг ва бошқа фаолларнинг ихтиёрий моддий ёрдами ҳамда кўмагида олиб бормоқда.

«Бирдамлик» Халқ Демократик ҳаракати ўз фаолиятини ҳар қандай давлат ва ташкилотлардан ҳеч қандай моддий ва амалий ёрдамлар олмаган ҳолда давом эттирмоқда. Ҳаракат етакчиси Баҳодир Хон Туркистон шахсий даромадларининг 60%ини Ҳаракатнинг сиёсий фаолияти учун сарфламоқда. Шундай қилиб, у 2004-2017 йиллар оралиғида «Бирдамлик» ХДҲ фаолияти ва мақсадлари учун шахсий даромадидан 650 минг доллар маблағ ажратди. Баҳодир Хон Туркистоннинг ака-укалари, қариндошлари ва «Бирдамлик» ХДҲнинг бошқа фаоллари ушбу йиллар давомида 250 минг АҚШ доллари миқдорида ўзларининг даромадларидан молиявий ёрдам кўрсатдилар.

2014 йилнинг 26-27 апрель кунларида «Бирдамлик» ХДҲ АҚШнинг Сент-Льюс шаҳрида биринчи қурултойини ўтказишга муваффақ бўлди. Қурултойда Қурултой Низоми, Ҳаракат дастури, Қўлланма I ва Қўлланма II ҳамда бошқа ҳужжатлар қабул қилинди ва тасдиқланди.

Ўзбекистонда 2015 йил март ойида бўлиб ўтган Президент сайловида Ўзбекистоннинг ўзида сайловда қатнаша олмасликлари сабабли Баҳодир Хон Туркистон ташаббуси билан Муқобил Онлайн Президент сайловлари ўтказилди. Муқобил Онлайн сайловда 9 нафар номзод иштирок этди. Муқобил Онлайн сайлов натижасига кўра Баҳодир Хон Туркистон ғалаба қозонди ва Ўзбекистон президенти деб эълон қилинди.

Замонавий сиёсий фаолият: янги мақсадлар ва вазифалар

Ўзбекистоннинг собиқ диктатори, президент Ислом Каримов Баҳодир Хон Туркистонни шахсан фуқароликдан маҳрум қилди. Баҳодир Хон Туркистон бу қарорни тан олмайди ва ўзини ўзбек халқининг муносиб фарзанди деб ҳисоблайди.

Баҳодир Хон Туркистон Ўзбекистонда сиёсий ислоҳотларни амалга ошириш имкониятига эга эканлигига ишонади. Кейинги қадамлардан бири «Бирдамлик» ХДҲ негизида «Бирдамлик» сиёсий-демократик партиясини ташкил этиш ҳамда келгуси беш йил ичида Президент ва Парламент сайловларида иштирок этишдан иборат.

Ўзбекистон Республикасининг иккинчи президенти Шавкат Мирзиёев ва унинг сиёсий жамоаси аслида ўтиш даври ҳукумати ва диктатор Ислом Каримов томонидан ўрнатилган ички ва ташқи сиёсатнинг давомчиси саналади.

Амалдаги президент Шавкат Мирзиёев ҳукумат тепасига келган дастлабки кунларидаёқ Ўзбекистонда бир неча муҳим сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни амалга оширишини эълон қилди. Бироқ, унинг икки йиллик бошқарувига доир илк таҳлиллардан Мирзиёев ҳукумати барибир ўтиш даври хусусиятига эга ҳукумат экани ҳамда мамлакатда кучли, адолатли, иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ислоҳотлар олиб боришга қодир эмаслиги аён бўлиб бормоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, Ўзбекистон ва ўзбек халқи айни пайтда ҳақиқий, мустақил, янги сиёсий демократик мухолифатга, собиқ диктатор ҳокимиятига барҳам бера оладиган мухолифатга муҳтож. Баҳодир Хон Туркистон ва унинг жамоаси ана шундай кучга, қобилият ва тажрибага эга ҳамда бу каби лаёқатларини келгуси 5 йил ичида Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Парламент ва Президент сайловларида иштирок этиш орқали исботлашга тайёр!

Бизнинг асосий мақсадимиз — ёпиқ Ўзбекистонни очиқ мамлакатга айлантириш, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, технологик, маърифий ва бошқа ислоҳотларни амалга оширишдан иборат.

Иқтисодий ислоҳотларнинг асосий йўналишлари қимматбаҳо қоғозларни чиқариш, барча давлат корхоналарини хусусийлаштириш, солиқ ва божхона тўловларини йиғиш тизимининг янги, такомиллаштирилган даражасига ўтиш, халқаро тадбиркорлар ва инвесторлар учун Ўзбекистон эшикларини кенг очиш орқали барча объектларни хусусийлаштиришдир. Халқ Демократик ҳаракатининг энг катта мақсади — хусусий мулкка ҳурмат тамойилига асосланган демократик жамият барпо этишдир!

Copyright © 2018 Birdamlik.Info