СИНОВЛАРДА ТОБЛАНАЁТГАН ҚАҲРАМОН

Бугун “Бирдамлик” Халқ демократик партиясининг котиби, таниқли сиёсатчи Қаҳрамон Маҳмуднинг таваллуд айёми!

Қаҳрамон Маҳмудни ушбу қутлуғ сана билан муборакбод этишдан олдин унинг табиати, характери, раҳбарлик қобилияти хусусида қисман тўхталиб ўтсак мақсадга мувофиқ бўлади. Қаҳрамон Жўрақуловичнинг тўғрисўзлиги, исмига монанд қаҳрамонлиги, ташкилий ишларга уддабуролиги, каттаю кичикнинг кўнглини бирдек ола олиш салоҳиятига эгалиги ва камтарлиги алоҳида эътирофга сазовор. Қаҳрамон Маҳмуд гарчи сиёсат оламига яқиндагина кириб келган бўлса-да табиатан сиёсатга мойиллиги билан, сиёсат оламида ҳар хил нохушликлар, кўнгилсиз ишлар рўй бериб туришини қалбан ҳис қила олиши билан ва мана шундай сиёсий қусурларга ҳамиша тайёр тура олишлиги билан алоҳида ажралиб туради. Шу боисдан сиёсий фаолияти туфайли бошига тушаётган ҳар хил кўргуликларга сабр-бардош билан ёндашади, сиёсий майдонда тобланишдан ўзини орқага олиб қочмайди. Унинг ноҳақликларга чидай олмаслиги, адолатсизликларга тоби йўқлиги ҳам сиёсий позициясига янада фусункорлик бахш этади. Сафдошимизнинг ушбу хислати ибратга арзигулик, ўзгаларга намуна бўладиган фазилатдир.

Биз Қаҳрамон Маҳмуднинг хислатларини беҳуда тилга олаётганимиз йўқ. Буни сиёсий фаолияти туфайли Қаҳрамон Жўрақуловичдан “жиноятчи” ясашга уринаётган ҳукмрон доира вакилларига билдирги бўлсин деган мақсадда тилга олаётирмиз. Бундан зора унга ўтказилаётган босимлар, таъқибларга барҳам берилса…

Қадрли сафдошимиз Қаҳрамон Маҳмуд! Сизни таваллуд кунингиз билан чин юракдан табриклаймиз. Сизга мустаҳкам соғлик, метин ирода тилаймиз. Омад, бахт, муваффақият ҳамиша ҳамроҳингиз бўлсин. Севимли оила-аъзоларингиз, суюкли фарзандларингиз ва ҳаммамизнинг бахтимизга омон бўлинг.

“Бирдамлик” ХДП раҳбарияти ва фаоллари

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info