Бу кун, 15 январ “Бирдамлик” Халқ Демократик партияси учун оғир жудолик куни. 2008 йилдан Бирдамлик Халқ Демократик ҳаракатининг Ҳайъати Кенгаши аъзоси, 2018 йилдан Бирдамлик Халқ Демократик партиясининг фахрий фаоли, фидойимиз, довюрак устозимиз, халқимизнинг асл фарзанди, шоира Гулчеҳра Нуриллаеванинг вафот этганлиги ҳақида ташвишли хабар келди.
Гулчеҳра опа Нуриллаева ўзининг ҳаракати, фаоллиги меҳнати билан партиямизда ўчмас из қолдирди. Гулчеҳра опа ўз элини, халқини ардоқлаган, севган ҳақиқий ватанпарвар эдилар. 2018 йилдаги партия қурултойида Гулчеҳра Опа Нуриллаева ушбу мактуби билан бизнинг руҳимизни анча кўтариб, кучимизга куч қўшган эдилар:
«Бирдамлик» Халқ Демократик ҳаракатининг ҳурматли фаоллари!
Сиз аҳд айласангиз машаққатлардан,
Иқбол деб аталмиш сарой қурмоққа.
Мен ёниб фидойи муҳаббатлардан
Шеърим билан келгум Сизни кўрмакка!
Сиз баҳс даврасида экансиз мезбон,
Халқ меҳрини жойлаб танти юракка
Мен эриб қўшиқдан сархуш дилсимон,
Шеърим билан келгум Сизни кўрмакка!
Сиз қолиб қай таъқиб, қай изтиробда,
Таъсирчан қалбингиз мунғайса якка.
Йўқ, якка қолмассиз мен ўшал тобда,
Шеърим билан келгум дардни олмакка!
Азиз дўстлар, Сизларнинг ҳар бирингиз халқни ўйловчи, чин маънодаги қаҳрамонларсиз! Халқимиз эса 27 йил Президент бўлиб, кўпгина муаммолар яратган И. Каримов тузумининг сарқитларидан ҳали ҳамон азият чекиб келмоқда. Негаки, собиқ президентдан мерос қолган муаммолар уюми шу қадар улкан эдики, уларни қисқа муддат ичида бартараф қилиш анчайин қийин. Мен Сизларнинг ҳар бирингиздаги фидойиликни англар эканман, қай бир таъқибу тазйиқларни ҳам ҳис қилиб турибман. Йўқса ушбу анжуманларингиз ўз она тупроғингиз бағрида ўтмасмиди?! Сиз каби ватанпарвар, элпарварлар бошга кўтарилмасмиди?! Нима бўлганидан қатъий назар, мен бу англашилмовчиликларни илойим вақтинчалик бўлсин дегим келади. Сабаби халқини ўйловчи давлат маъмурлари учун айни Сизлар каби ватанпарварлар керак. Ҳаммангиз доимо бор бўлинг, омон бўлинг, Сизларга куч-қувват, муваффақиятлар тилаб Гулчеҳра Нуриллаева.
https://birdamlik.info/news/41350/
Биз “Бирдамлик” Халқ Демократик партияси жамоаси Гулчеҳра опа Нуриллаеванинг вафоти муносабати билан, марҳумнинг фарзандларига, яқинларига таъзия изҳор қилган ҳолда сабр-тоқат тилайди. Гулчеҳра опанинг жойлари жаннатда, охиратлари обод бўлсин. Аллоҳ раҳматига олсин!
Ҳамдардлик ила “Бирдамлик” партияси жамоаси.