BahsOnline: Фермерлар ерларини “мақбуллаштириш”га эҳтиёж борми?

A7EF428E-D58B-412F-B4BF-BDEF1F668846_w640_r1_s_cx0_cy12_cw0

Садриддин Ашур
03.11.2015

BahsOnlineнинг бу галги сонида Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида амалга оширишга киришилган янги тадбир – фермер хўжаликлари тасарруфидаги ер майдонларининг ҳажмини кичрайтириш масаласи мунозара қилинди.

Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича республика комиссияси йиғилишининг қарорига кўра:

“Аҳолиси зич жойлашган Андижон вилояти, Фарғона, Наманган, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Хоразм ва Тошкент вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг жанубий туманларидапахтачилик ва ғаллачилик йўналишидаги фермерларнинг экин ер участкалари ўлчамлари 70-80 гектаргача;

Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё, ва Сурхондарё вилоятларидаги пахтачилик ва ғаллачилик йўналишидаги фермерлардаги экин ер майдонлари ўлчамлари 80-100 гектаргача;

Мамлакат бўйлаб боғдорчилик-узумчилик ва сабзавот-полизчилик йўналишидаги фермерларнинг экин ер майдонлари ўлчамлари 15-20 гектаргача қилиб белгилаб қўйилди”.

▶0:00:00⇱

Бунга эса, қарорда ёзилишича, “сўнгги йилларда вилоят ва туман ҳокимлари бошчилигида қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича ҳудудий комиссиялар томонидан фермер хўжаликлари ер участкаларидан самарали фойдаланиш, уларнинг таъминоти ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлардан бўлган қарзларини қисқартириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини янада кўпайтириш ҳамда давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш бўйича тузилган шартнома мажбуриятларини бажарилиши борасида амалга оширилаётган бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермаслиги”, сабаб қилиб кўрсатилган.

Бир оғиз гап билан айтганда, Вазирлар Маҳкамаси қарори билан 2010 йилдан бошлаб фермер хўжаликлари ерларининг ҳажмини кўпайтириш, яъни “оптималлаштириш” тадбири наф бермаган.

Ва энди кун тартибига фермер хўжаликлари ерларини кичрайтириш масаласи қўйилди.

Жиззах туманидан олинган хабарга кўра, куни кеча 862 фермернинг ҳаммасидан “еримни ўз ихтиёрим билан давлат захирасига топшираман” мазмунидаги ариза ёздириб олинган.

Фермерлар ерларининг ҳажмини яна кичрайтириб, “мақбуллаштириш”дан наф борми ёки йўқ?

Баҳсни қуйида тингланг:

BahsOnline: Фермерлар ерларини “мақбуллаштириш”га эҳтиёж борми?

Файллар рўйхатиЮклаб олиш

Хабар, фото ва видеоларни ОЗОДЛИКка +420 724 971 539 WhatsApp ва Telegram орқали юборинг!

Озодликнинг жонли мулоқотларида душанба ва чоршанба кунлари Тошкент вақти билан соат 19:00да OzodOvoz, OzodSkype ва Ozodlik Online Skype манзиллари воситасида қатнашинг!

Озодлик шахсингиз сир қолишини кафолатлайди.

Xabar, foto va videolarni OZODLIKka +420724971539 WhatsApp va Telegram orqali yuboring!

Ozodlikning jonli muloqotlarida dushanba va chorchanba kunlari Toshkent vaqti bilan 19:00da Ozodovoz, Ozodlikonline va Ozodskype Skype manzillari vositasida qatnashing!

Ozodlik radiosi shaxsingiz sir qolishini kafolatlaydi.

Чоп этиш
Шарҳлар (5)
Ўртоқлашинг
Қайта чоп этиш
0
Pin It
Шарҳларни саралаш
Бу форумда шарҳ қолдиринг (5)
Шарҳлар
муаллиф: Асрор
04.11.2015 23:33
Жавоб ëзиш
Акромжон:фермерларимиз конунларниуз хак-хукукларини билишмайди.Акромжон жуда конунларни биларкан.Акромжон: мафия катта пул ташлади.Демак айтмакчисизки «мафия» олдида давлатни хар кандай конуни пулга сотилади.Гапингизданшуни тушушндим.Менимча эски бригада усулини куллаб хар ойда ишчиларга маьлум микдорда ойлик маошбериб хосил йигиб сотилгандан сунг умумий фойдадан харажатлардан ташкариси булиб берилса яхши буларди.Фермер хам,ишчилар хам яхши хосил олиш учун астойдил ишлашади.Барибир фермер хужаликлари конунлар асосида давлат химоясида булиши шарт.Яна билмадим.
муаллиф: FOZIL
04.11.2015 20:27
Жавоб ëзиш
Баҳсда қатнашаётганлар айни бир пайтда ўз гапларига ўзлари қарши чиқишяпти, қизиқ. Очил Ака бошида ўғит вақтида бермайди деб танқид қилди, кейинги чиқишларида фермерлар қонунни билмайди, талаб қилмайди, мен ҳамма нарсани вақтида талаб қилиб оламан дейди. Хўш, фермерлар қонунни билмас экан, лекин Ҳокимиятдагиларчи? Улар қонунни билсалар, қонун асосида фермер талаб қилмасада,ўз вазифаларини қонун асосида, вақтида амалга оширишлари керак эмасми? ёки қачон фермер қонунни билиб талаб қилиб келса, кейин ўғитни вақтида бераман ва ҳоказо ишларни қиламан дейиши керакми? Акмал Ака фермерлар қонунни билмайди дейди, хўп, Алишер Сиддиқ айтганидек, Сиз шунчалик қонунни билсангиз ҳам нега фермер хўжалигини ташлаб кетдингиз? Қонунни билганингиз барбир ёрдам бермабтику. Қонун ишлаганда ўша Сиз айтган Сенатор жавобгарликка тортилиши керак эдику. Кейин Баҳодир Чориев ерни хусусийлаштиришни таклиф сифатида келтирмоқда, бу дегани у биздаги қонунларни билмайди дегани эмаску. У киши амалдаги қонунларга альтернатива сифатида айтаётган бўлиши мумкин. Хўш Очил Ака, Мухтор Ака булар деҳқон, миришкор, соҳибкорлар ва балки ҳар бир қонунни билиш, ўрганишга имконлари йўқдир. Сизлар АҚШда бўлиб дунё кўриб мантиқий бир фикр билдиришларингиз керак менимча. Бу оптималлаштириш ва мақбуллаштириш қайси бир қонун талаблари асосида қилинмоқда? Ҳамма гап бориб ўша эркинлик, деҳқонга ерга бўлган мулк ҳиссини уйғотишга бориб тақалмоқда. Бозор механизми тўғри ишласа ва уни шундай ишлашини давлат таъминласа, ўшанда ҳақиқий фермер ютиб чиқади, ким уддалай олмаса четга чиқади. Биздаги сиёсат бошидан ҳақиқатда ер таниш-билишчилик билан бўлиб берилди, албатта ҳақиқий деҳқонлар ҳам маълум даражада ерга эга бўлганлар, кейинги босқичда бозор муносабатларини жорий этиш ўрнига фермерлар аввалги тузумдан ҳам қаттиқ маъмурий йўл билан бошқаришга ўтилди, Прокуратурани бир қисми Қишлоқ хўжалиги бошқармасига айланиб кетган. Шартномадан ортиб қолган маҳсулот зўрлик билан тортиб олинади, эркин сотишга умуман имкон йўқ, ташқи савдо монополлаштирилган, сув муаммоси бўладими, қурғоқчиликми ёки бошқа табиий офат юз берса ҳеч ким фермерга ёрдам бермайди. Қисқаси, ҳеч қандай бозор иқтисодиётига хос муносабатлар мавжуд эмас. Хўш, Ҳукуматнинг нияти шунча холис бўлса, фермернинг қонунларни ўрганиши учун барча имкониятларни ишга солиши керак эмасми? Менимча, бу ерда ёки Ҳукуматдаги мутассадилар ҳақиқатда соҳани қандай бозор шароитидан келиб чиқиб бошқаришни билмайдилар, иккинчидан ёки улар қилаётган ишлар фермерчиликни ёки қишлоқ хўжалигини ҳақиқий ривожлантиришга қаратилмасдан, қандайдир бошқа шахсий манфаатларга қаратилган. Фермерлар томонидан келсак, ҳа улар орасида ишнинг кўзини билмайдиганлар ҳам бор, ҳақиқий деҳқонлар ҳам бор.Аммо биз қилаётган чоралар ишлаб чиқариш кучларини ривожлантириш, ишлаб чиқариш муносабатларини такомиллаштириш ўрнига фақат маъмурий йўл билан соҳани бошқариш бўлиб қолмоқда.
Жавобан
муаллиф: Bahodir Choriyev қаердан: Birdamlik XDH raisi
05.11.2015 23:23
Жавоб ëзиш
Fozilbek yaxshi fikrlarni bildiribsiz. Kelajakda erni xususiylashtirish uchun bor imkoniyatimni solib siyosiy kurash olib boraman. O’zbekistonda erlar 100% xususiylashib, o’z egasini topmas ekan, biz nafaqat qishloq xo’jaligini, balki iqtisodiyotning boshqa sohalarida ham rivojlanolmaymiz. Bizda iqtosodiyotning rivojlanishida asosan pul kredit siyosatini tubdan o’zgartirish, erlarni xususiylashtirish, davlat sektorini iqtisodiyotga, biznesga ta’sirini imkon qadar cheklashdir. O’zbekistonda bozor iqtiosodiyotiga o’tishi uchun imkon qadar qulayliklar yaratilishi lozim.
муаллиф: Dr. AlimSalimovich
04.11.2015 01:09
Жавоб ëзиш
Davlatpanohimiz hamma yoqda oq paxtani qora, soz yerni tuz qildi, qishloq xojaligini abgor qildi!
муаллиф: FOZIL
04.11.2015 00:15
Жавоб ëзиш
Олдинги оптималлаштириш компанияси бошланганида ҳам турли-туман фикрлар баён қилинган эди. Оптималлаштириш оқибатида фермерларнинг бирикиши, яъни олдинги 2-3 та фермер битта фермер хўжалигига айлантирилди ва бу ҳолат уларнинг давлат сиёсатига нисбатан ишончини камайтирди. Энди бу мақбуллаштириш номли “янги аграр сиёсат” фермерларнинг ерга бўлган эгалик ҳиссини янада сусайтиради деб ўйлайман. Бу қилинаётган чора-тадбир бозор муносабатларига қарама-қарши бўлган маъмурий-буйруқбозлик усули орқали соҳани бошқаришдир. Бутун дунё давлатларида қишлоқ хўжалиги давлат Ҳукумати томонидан мазкур соҳани барқарор иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш учун ҳуқуқий-иқтисодий база яратиш орқали бошқарилади. Бизда ҳозир қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун Ҳукумат бошқаришнинг бозор муносабатларига мос келувчи иқтисодий дастакларни, яъни ер солиғи, нарх-наво, суғурта, кредит, субсидия, ер кадастри, инвестиция кабиларни қўллаши керак. Қишлоқ хўжалигида иқтисодий базага эътибор бермасдан, фақат маъмурий йўллар билан назоратни амалга ошириш самарали бўлмайди. Хўш, мақбуллаштириш билан фермерлар сони икки бараварга кўпаяди ва маълум иш ўринлари яратилади дейлик,кейинчи нима ўзгаради? Мақбуллаштириш қанчалик меҳнат унумдорлигини, маҳсулот ҳосилдорлигини оширишга таъсир кўрсатади? Мақбуллаштириш билан фермерлар замонавий техникалар сотиб олишга имкониятлари кўпаядими? Шу йўл билан деҳқон бойиб кетадими? Оптималлаштиришу-мақбуллаштиришларни ўтказаётганлар бу ишларини қилишдан олдин шуларни ҳисоблаб кўрадиларми? Ҳар қандай ислоҳот, тадбир охир-оқибатда халқнинг фаровонлигига олиб келиши керакку. Мамлакат раҳбари “Деҳқон бой бўлса-давлат бой бўлади” деган шиорни ўртага ташлаган эди, хўш бу тадбирлар қанчалик шиорнинг амалга ошишига хизмат қилади? Қишлоқ хўжалигида йирик, ўрта, майда, оилавий, яъни кўп укладли ва ҳар хил хўжалик юритиш шакллари бўлишлиги мақсадга мувофиқ, аммо булар табиий ҳолда бозор муносабатлари унсурлари асосида юзага келиши керак. Давлат ҳалол рақобат муҳитини яратиб бериши керак, рағбатлантирувчи ва ўрни келганда қаттиқ солиқ сиёсатини жорий этиш ҳамда эркин нарх-наво орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришига таъсир кўрсатиши керак.

http://www.ozodlik.org/content/article/27343002.html

Copyright © 2018 Birdamlik.Info