СУРХОНДАРЁДА АДОЛАТ ШАБАДАЛАРИ ҚАЧОН ЭСАДИ?

Сурхондарё вилояти Музробод туман ҳокимлиги мен, Дилором  Зайниева раҳбарлик қилаётган «Зебо Ситора» фермер хӯжалигимизни ноқонуний, ҳаётга тадбиқ этилган қонун ҳужжатларига мутлақо зид равишда олиб қӯйганига ҳам мана 7 йил бӯлмоқда. Ӯтган йиллар давомида адолат излаб бормаган жойим қолмади. Лекин туманда ҳам, вилоятда ҳам менинг арз-додимни эшитадиган бирор киши топилмади. Чунки «Зебо Ситора» фермер хӯжалигимизга ҳужум ва товламачилик ҳамда қонунбузарлик ҳуружлари фермерларни ҳимоя қилувчи, керак бӯлса, уларга мадад беришга тайёр турувчи ҳокимият томонидан содир этилган эди. Шу пайтгача туман ҳокимининг кирдикорларига Сурхондарё вилоят ҳокимлиги панжа орқасидан қаради ва қараб келмоқда. Вилоят раҳбарларининг гап-сӯзлари туман ҳокимлигидаги мутасаддилар билан бир жойдан чиқиши, «қарға қарғанинг кӯзини чӯқимаслиги» биз каби жабрдийдаларнинг азият чекишимизга, ҳақиқатни юзага чиқара олмаслигимизга жиддий сабаб бӯлаётир. 

Мен мазкур муаммони вилоят, ҳатто республика миқёсида ҳал қила олмаганимдан кейин шу пайтдаги «Бирдамлик» Халқ демократик ҳаракати, ҳозирги Ӯзбекистон «Бирдамлик» Халқ демократик партиясига мурожаат қилганман. «Бирдамлик»чилар мурожаатимни инобатга олишиб, менга тегишли бӯлган фермер хӯжалигига доир муаммолар юзасидан суҳбат уюштириб, партиянинг «Mulkdor» сайтида эълон қилишди. 2018 йилнинг 15-16-ноябрь кунлари «Бирдамлик» ХДҲнинг Қозоғистон Республикаси Чимкент шаҳрида иккинчи қурултойи ӯтказилиши керак эди. Мазкур Ҳаракат аъзоси сифатида мен ҳам қурултойда иштирок этиш, партия етакчиси Баҳодир Хон Туркистон билан учрашиш учун 13-ноябрь куни Тошкент шаҳрига қараб йӯлга чиққандим. Менинг бу ҳаракатларимни билиб қолган туман ҳокимлиги мутасаддилари ва ички ишлар органи ходимлари уяли телефонимга қӯнғироқ қилиб, Чимкент шаҳрига бормаслигимни, Қурултойда иштирок этмаслигимни, бунинг эвазига ӯзимга тегишли бӯлган фермер хӯжалиги майдонини тӯлалигича қайтариб олиб беришларини билдириб, мени йӯлдан, Қашқадарё постидан қайтаришди. Аммо ҳар доимгидек туман ҳокими ва туманимиздаги менинг ишим бӯйича жавобгар раҳбарлар берган ваъдаларининг устидан чиқмади, ҳатто улар эндиликда мен билан гаплашгилари ҳам келмайди. Энди туманимиздаги куч ишлатар тизимлари ва ҳокимият вакиллари мени Чимкентга боришдан ҳар хил алдов ва фириб йӯллари билан қайтарганларига иқрор бӯлаётирман. Айни пайтда адолатсизликларга қарши қандай курашишни билмайман. Сурхондарё вилоят ҳокими ва Музробод туман ҳокимида адолат ва виждон деган туйғу заррача қолмаган десам хато бӯлмас. Улар мен каби одамларнинг нафратини қӯзғатиб, президент топшириқларига мутлақо тескари иш қилмоқда. Ачинарлиси, Сурхондарёда адолат ҳақида гапиришнинг ӯзи кейинги пайтларда ортиқча бӯлиб қолди. Вилоятимизда фуқароларнинг дарди ва ҳасратларини эшитадиган, уларга қонунан ёрдам берадиган ташкилотлар мутлақо қолмади ҳисоб. Шахсан мен Сурхондарёда адолат шабадалари қачон эсишини интиқлик билан кутиб яшаяпман. Бизда адолат қарор топадиган вақт келармикин?

Дилором Зайниева,

Сурхондарё вилояти, Музробод тумани, Анорзор маҳалласи, Ӯзбекистон «Бирдамлик» ХДП аъзоси

Copyright © 2018 Birdamlik.Info