ӮЗБЕКИСТОН ҲУКУМАТИ МУХОЛИФАТГА ҚАРШИЛИГИНИ «БИРДАМЛИК» ТИМСОЛИДА НАМОЁН ҚИЛДИ

«Бирдамлик» Халқ демократик ҳаракатининг иккинчи Қурултойи ӯтказилиши хусусидаги, мазкур Қурултойда Ҳаракатни партияга айлантириш масалалари ва Партиянинг янги лойиҳаси, Дастур ва Низомлари тасдиқланиши ҳақидаги хабарни эшитгач барча сафдошларим қатори мен ҳам беҳад хурсанд бӯлдим. Лекин ӯз навбатида Ӯзбекистон ҳукумати Қурултойни ӯтказишга изн берармикин, деган ҳадик ҳам ӯртага қалқиб чиқди. Шундай бӯлса-да, Қурултой ӯтказилиши керак бӯлган санани орзиқиб кутдим. Чунки Қурултойнинг ӯтказилиши фақат «Бирдамлик»нинг фаолиятини оммага кенг ошкор қилиш, Ҳаракатнинг ҳисоботини тинглаш билан чекланиб қолмасдан, Ӯзбекистон ҳукуматининг мухолифатга муносабатини, давлатимизнинг янги раҳбарининг Ӯзбекистонимизни демократлаштиришга иштиёқи нечоғлилигини ҳам намоён қиларди.

Қурултойга икки кун қолганда, 2018 йилнинг 13-ноябрь куни Навоий шаҳридан қизим Камола Суннатова билан бирга йӯлга чиқдик. Биз ВА 797 давлат белгили Ласетти русумли такси ҳайдовчиси билан бизни тӯғри Қозоғистон чегарасигача олиб бориб қӯйишига келишдик. Бунинг учун ҳайдовчига 260 минг сӯм тӯладик. Қозоғистон чегарасидаги Черняевка чегара божхона постига яқинлашганимизда биз минган машинани ДАН ходимлари тӯхтатишди. Уларнинг ёнида 3-4 нафар фуқаро кийимидаги шахслар ҳам бӯлиб,  ҳужжатларимизни биргаликда текшира бошлашди. Текширувчилар менинг яроқсиз ҳолга келган паспортимнинг ӯрнига вақтинча фойдаланиш учун берилган Маълумотномага жиддий эътироз билдиришди. Бу ҳужжатни давлат чегарасидан хатлаб чет элга ӯтиш учун яроқсиз деб топишди. Қизимнинг паспортига эса қалам билан чизилган деб баҳона қилишди. Ваҳоланки қизимнинг паспортида текширувчилар текширгунга қадар ҳеч қандай чизиқ йӯқ эди. Бундай чизиқ кейин пайдо бӯлиб қолибди.

Хуллас, биз ортга назорат остида қайтарилдик. Йӯлдаги асаббузарликлар туфайли касалхонага тушиб қолдим ва у ерда бир неча кун даволандим.

Партияга айланган «Бирдамлик» ХДП доирасида юз берган воқеа ва ҳодисалар Ӯзбекистон ҳукуматининг сиёсий мавқеини тушириб юборди деган фикрдаман. Чунки мухолифатга бундай қалтис муносабат ҳеч қайси давлатга обрӯ-эътибор олиб келмаган. 

Дилдора Боймуродова

Copyright © 2018 Birdamlik.Info