“Бирдамлик” Халқ демократик партиясининг фаоли Зафар Хандамов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига хат юборди.
Хатда Зафар Хандамов Навоий кон-металлургия корхонасидаги ноҳақликлар, кўзбўямачиликлар ҳақида дастлаб Бош вазир Виртуал қабулхонасига, сўнгра Президент Виртуал қабулхонасига бир неча марта мурожаат қилгач иқтисодий сиқувга олингани, корхонада ишлаб юрган чоғида соғлигини йўқотгани, бунинг натижасида ўз ихтиёрига кўра ишдан кетишга мажбур бўлгани ва 2017 йилнинг декабридан буён ишсиз эканини ёзишган. Партия фаоли ўз хатида Самарқанд вилоят Қўшработ туман Бандликка кўмаклашиш марказига бир неча марта иш сўраб мурожаат қилганини, аммо ҳеч қандай натижа чиқмаганини алоҳида таъкидлаган.
– Тегишли муассасаларга мурожаатларим эътиборсиз қолавергандан кейин Facebook ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифам орқали менга нисбатан қилинаётган ноҳақликлар ҳақида ёзишга мажбур бўлдим. Бундан кўзланган мақсад муаммоларимга масъул органлар эътиборини қаратишдан иборат эди. Аммо менинг шикоятларимга ҳеч қайси орган эътибор қаратмади, ҳатто пинагини бузмаган бир пайтда “Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати раиси Баҳодир Хон Туркистон муаммоларимни матбуот орқали ёритишда яқиндан ёрдам беражагини билдириб, “Бирдамлик” ХДҲнинг «mulkdor.com» сайтида менга тегишли муаммоларни мақола тарзида ёритишди. Шу тариқа мен “Бирдамлик” ХДҲнинг дастур ва лойиҳаларини батафсил ўқиб чиқиб, Ҳаракатга ўз ихтиёрим билан аъзо бўлдим – дейди Зафар Хандамов.
Ижтимоий тармоқларда ўзининг танқидий чиқишлари билан кўпчиликка яхши таниш бўлган, мавжуд муаммоларни очиқ-ойдин оммага билдириб келаётган ёш сиёсатчи Зафар Хандамов Президентга йўллаган мактубида Ўзбекистонда ишсизлик, инфляция даражаси қизил нуқтага етганлигини, ўзи яшаётган ҳудудда Шавкат Мирзиёев президент бўлгандан бери ҳеч қандай ўзгаришлар рўй бермаганини, биронта инвестор келиб, иш ўринлари яратмаганини ошкора баён қилган.
Зафар Хандамовнинг Президентга мурожаатида: Мен Ўзбекистоннинг чекка ҳудудида яшовчи бир ватандошингизман. Сизнинг телевидение орқали чиқишларингизни кўриб, халқ олдида берган ваъдаларингизни эшитиб, бундан бағоят илҳомланган, коррупцияга қарши ошкора курашаман деб ишсиз қолган юртдошингизман!
Ҳадемай давлатимиз раҳбари бўлганингизга уч йил тўлади. Аммо шу йиллар оралиғида бизнинг туманимизда биронта янги иш ўрни яратилгани, биронта фабрика ёки завод қурилгани йўқ, дейилади.
Мурожаатчи сансоларликлар, қоғозбозликлар, буйруқбозликлар ҳамон давом этилаётганига урғу бераркан, бунга ўзининг Қўшработ туман ҳокимига деҳқончилик билан шуғулланиш учун ер ажратиб беришини сўраб ёзган аризасига туман кадастр бошлиғи рад жавоби берганлигини, бундай бетайин жавоблар Шавкат Мирзиёев раҳбарликка келгач кенг қулоч ёзганини мисол сифатида алоҳида қайд этади. Шунингдек, ўтган йили ўзи яшайдиган маҳалла “Обод маҳалла” дастурига киритилганда ҳар куни ҳокимликдан уч-тўрт маҳал вакиллар келиб, оиланинг иқтисодий аҳволини, ўзининг ишсизлигини инобатга олмаган ҳолда, банкдан кредит олиб, кўча деворларини таъмирлаш бўйича буйруқ бериб ўзи ва оила аъзоларига маънавий ва психологик зарар етказганини урғулайди.
Мухолифатдаги “Бирдамлик” партияси фаоли Зафар Хандамов Президентга ёзган хатида “Бирдамлик” партияси раисининг 2018 йилда Президент номига ёзган хатига ҳанузгача ҳеч қандай жавоб берилмаганини билдиради. Партия раиси Баҳодир Хон Туркистоннинг республикадаги битта туман миқёсида ислоҳотларга ёрдам беришга оид таклифи жавобсиз қолганини эслатади.
– “Бирдамлик”нинг 2018 йил 15 ноябрь куни ўтиши режалаштирилган қурултойда қатнашиш учун Қозоғистон республикаси Чимкент шаҳрига боргандим. Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг махсус хизмат вакиллари ташаббуси билан қурултойимиз ўтказилмади. Бироқ,Тошкентга қайтгач қурултой онлайн тарзда бўлиб ўтди. Биз барча фаоллар Қурултойга Телеграм тармоғи орқали иштирок этдик. Ҳаракатнинг партияга айлантирилиши бир овоздан қўллаб-қувватланди.
Жаноб Президент, агар сиёсий соғлом рақобатга тайёр бўлсангиз “Бирдамлик” партиясининг мамлакатимизда рўйхатдан ўтиб, эмин-эркин фаолият юритишига имкон беринг! Ўзбекистонимизни ривожлантириш, аҳолимизни ўзга юртларда эмас, ўз уйида меҳнат қилиши учун кўпчилик бўлиб ҳаракат қилайлик! Барибир бир ўзингиз ҳеч қандай натижаларга эриша олмайсиз. Буни юртдошларимизнинг хорижга иш қидириб кетиши кейинги икки йилда икки бараварга ошиб кетгани ҳам исботламоқда. Юртимизда иш топа олмасам, эркин сиёсий фаолият билан шуғуллана олмасам, у ҳолда мен ҳам хорижга иш излаб кетишга мажбур бўламан. Оилаларимиз, юртдошларимизнинг келажаги Сиз олиб бораётган сиёсатингизнинг натижаларга боғлиқ. Сўнгги пайтларда чиқаётган қарорлар халқни янада қийин аҳволга солмоқда! Жарималар, коммунал тўловларнинг бот-бот оширилиши аҳолининг тинка-мадорини қуритмоқда, дейди фаол Зафар Хандамов.
Айни чоғда эски Nexia автомашинасида киракашлик қилиб, оиладаги 8 нафар киши учун сарф-харажатларни зиммасига олган Зафар Хандамов ўзининг Президентга мурожаати қуйи органларга юборилиб, алал-оқибат маҳалла оқсоқолига етиб келмай, шахсан Президентга етиб боришидан умидвор.
“Бирдамлик” ХДҲнинг Матбуот хизмати